Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 17 / Бухгалтерга ёрдам

Иш ҳақи қандай ҳисобланади

 

Иш ҳақи ҳар ойда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими – вақтбай, иш натижаларига кўра ёки вақтбай-ишбай бўлишига қараб ҳисобланади.

 

Бунда қуйидаги қоидаларга риоя этинг:

1) меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Яъни ташкилот раҳбари ходим билан имзоланган меҳнат шартномасини ва корхонада амал қилувчи локал ҳужжатларни бузган ҳолда унинг иш ҳақи миқдори тўғрисида бухгалтерга оғзаки кўрсатмалар беришга ҳақли эмас;

2) меҳнат ҳақи белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва тижорат тузилмаларида унинг энг кўп миқдори бирон-бир тарзда чекланмайди. Ходим меҳнат нормалари ва меҳнат мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса, унга Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган) биринчи разрядидан кам бўлмаган ойлик иш ҳақини ҳисобланг. Президентнинг 13.10.2018 йилдаги ПФ-5553-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан ЯТСнинг биринчи разряди бўйича тариф коэффициенти 2,847 миқдорида белгиланган (ВМнинг 18.01.2019 йилдаги 47-сон қарори). ЭКИҲ 202 730 сўм бўлганда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори 577 172,31 сўмдан (202 730 х 2,847) кам бўлмаслиги керак;

3) меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар меҳнат ва жамоа шартномаларида, иш берувчи томонидан қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади;

4) меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида, пул шаклида тўланади. Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно (МКнинг 153-моддаси).

Иш ҳақини ўзи етиштирган ва қайта ишланган, шартномавий нархларда бериладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан натура шаклида тўлаш мумкин. Улар ходимларнинг ёзма аризасига кўра ЯИТ бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда берилади (ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон қарори 1-банди).

Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-4-моддаси);

5) табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига туман коэффициентлари ва устамалар белгиланади (МКнинг 153-моддаси 4-қисми);

6) меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида ўрнатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 154-моддаси).

Санаб ўтилган қоидалар ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва солиқ солиш тизимидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектлари учун мажбурийдир.

 

Ҳисоблашга асос бўладиган кадрларга оид ҳужжатлар

Ходимнинг иш ҳақини тўғри ҳисоблаш учун қуйидаги ахборот бўлиши зарур:

● ходим ишга тушган сана – янги қабул қилинган ходимлар бўйича. Уни буйруқ, меҳнат шартномасидан билиб олиш мумкин;

● ходим учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими. У меҳнат шартномаси, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатда қайд этилади;

● маош миқдори, тариф ставкаси. Ушбу ахборот штат жадвалида, меҳнат шартномасида бўлади;

● ой давомида ҳақиқатда ишлаган вақт – меҳнатга вақтбай ҳақ тўланганда. У иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттирилади;

● ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар ҳажми, бирлик нархи – ишбай тизимда. Ушбу маълумотлар ишбай иш учун нарядда, меҳнат шартномасида, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда қайд этилади;

● ходим таътилда ёки касал бўлганми, ходим иш жойида бўлмаслигининг бошқа сабаблари. Буни таътил тўғрисидаги буйруқ, касаллик варақаси, иш вақти ҳисобини юритиш табелидан билиб оласиз;

● мукофотлаш ёки ундириш тўғрисида. Моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низом, мукофотлаш тўғрисидаги буйруқ, ундириш тўғрисидаги буйруқда акс этади;

● ходим ишламай қўйган сана – ишдан бўшатилган ходимлар бўйича. Бу ҳақда буйруқдан билиб олиш мумкин;

● иш ҳақини ҳисоблаш учун зарур бўлган бошқа ахборот.

Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларини тасдиқлаш учун ҳам ҳужжатлар зарур. Уларнинг ксеронусхаларини алоҳида йиғмажилдга тикиб, иш ҳақи ҳисоб-китобига илова қилинг. Ҳужжатларнинг асл нусхалари кадрлар бўлими ёки бошқа бўлимларда сақланиши лозим.

Компанияда кадрлар ҳисобини юритувчи дастур ўрнатилган бўлса, кадрлар бўлими ходимлари унга маълумотларни киритадилар, бухгалтерия эса улар асосида ҳисоб-китоб қилади.

 

Меҳнатга вақтбай ҳақ тўланганда

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимларида ходимлар ҳақиқатда ишлаган вақти учун ҳақ тўланг.

Бунда ходимларнинг меҳнатига:

● белгиланган лавозим маошидан келиб чиқиб;

● кунбай ёки соатбай тариф ставкалари бўйича ҳақ тўланиши мумкин.

Ташкилот ходимлари учун лавозим маошлари ёки тариф ставкалари миқдорларини меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда белгиланг ёки штат жадвалида, агар у сизда қўлланаётган бўлса кўрсатинг.

 

Фойдали маслаҳатлар.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун штат жадвалини қўллаш мажбурий эмас. Бироқ у иш берувчи учун бир йўла бир нечта функцияни бажарадиган жуда қулай дастак ҳисобланади:

компаниянинг ташкилий тузилмасини аниқ кузатиш имконини беради;

таркибий бўлинмалардаги штатлар сонини ва ҳар бир лавозимдаги штат бирликлари сонини қайд этади;

таркибий бўлинмалардаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини кузатиш имконини беради;

вакансияларни кузатиш ва ушбу вакансияларга ходимларни олишни осонлаштиради.

Шу сабабли штат жадвалингиз бўлмаса, уни ишлаб чиқиб, раҳбар буйруғи билан тасдиқлаш мақсадга мувофиқдир.

Бунда, қонун ҳужжатларига кўра штат жадвали мажбурий ҳисобланмаслиги боис, назорат қилувчи органлар унинг мавжуд бўлишини талаб қилишга ҳақли эмас.

 

Ойлик меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида

Ойлик лавозим маоши белгиланган ходим календарь ойдаги барча иш кунларида ишлаган бўлса, уни тўлиқ миқдорда ҳисобланг. У тўлиқ ой ишламаган бўлса, фақат ҳақиқатда ишлаган кунлари учун иш ҳақи ҳисобланг.

Бу ҳолда у қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

 

Иш ҳақи = Ходимнинг маоши / Ойдаги иш кунлари сони х Ҳақиқатда ишлаган кунлар сони

 

МИСОЛ. Ходимнинг маоши – 1 700 000 сўм. Ишлаган ой 20 иш кунидан иборат. Ходим 3 иш кунида иш ҳақи сақланмайдиган таътил олган. Бинобарин, бу ойда 17 кун ишлаган. ЖШДС чегирилгунга қадар ҳисобланган иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидагича бўлади: 1 700 000 / 20 х 17 = 1 445 000 сўм.

 

Меҳнатга вақтбай кунбай ёки соатбай ҳақ тўланганда

Кунлик тариф ставкаси (кунбай тўлов) белгиланган ходимга иш ҳақини бир ойда ишлаган кунлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

 

Иш ҳақи = Ҳақиқатда ишлаган кунлар сони х Кунлик тариф ставкаси

 

МИСОЛ. Ходимнинг кунлик тариф ставкаси – 200 000 сўм. У ой давомида 20 кун ишлади. ЖШДС чегирилгунга қадар ҳисобланган иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидагича бўлади: 200 000 х 20 = 4 000 000 сўм.

Ходимга соатбай тариф ставкаси (соатбай тўлов) белгиланган бўлса, иш ҳақини ишлаган соатлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

 

Иш ҳақи = Бир ойда ҳақиқатда ишлаган соатлар сони х Соатбай тариф ставкаси

 

МИСОЛ. Ходимнинг соатбай тариф ставкаси – 10 000 сўм. Ой давомида 168 соат ишлади. ЖШДС чегирилгунга қадар ҳисобланган иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидагича бўлади: 10 000 х 168 = 1 680 000 сўм.

 

Корхонада қабул қилинган мукофотлаш тизимига мувофиқ ходимга қўшимча равишда мукофот ҳисобланг.

 

Байрам (ишланмайдиган) кунларини ҳисобга олиб

Ойлик маош белгиланган ходимнинг иш ҳақи ойдаги ишланмайдиган байрам кунлари сонига боғлиқ эмас. Шу сабабли ходим байрам (ишланмайдиган) кунлари бўлган ойнинг барча иш кунларида ишлаган бўлса, унга тўлиқ маош миқдорида иш ҳақи ҳисобланг. 1 соатга қисқартирилган байрамолди кунларидаги ишга ҳам тўлиқ ҳақ тўланг.

Ходим раҳбарнинг буйруғига биноан байрамолди кунда, айтайлик, 7 соат эмас, балки 8 соат ишлаган бўлса, ушбу ортиқча соат учун иш вақтидан ташқари иш сифатида камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланг. Тўланадиган ҳақ миқдорларини жамоа шартномасида белгиланг (МКнинг 157-моддаси). Агар у тузилмаган бўлса – меҳнат шартномасида.

Байрам ва дам олиш кунларидаги иш учун ҳам худди шу тартибда – камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланг (МКнинг 157-моддаси). Ходим бу кун учун ўз хоҳишига кўра отгул олса, бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланг.

 

ВАЗИЯТ.

Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Иш ҳажми кўплиги боис корхона иқтисодчиси ўз розилигига кўра 2019 йил 23 ва 24 февралдаги дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) буйруқ билан ишга чақирилди. У ойнинг барча иш кунларида ишлаган. Штат жадвалига кўра иқтисодчининг лавозим маоши – 3 500 000 сўм.

2019 йил февралда 5 кунлик иш ҳафтасида 20 иш куни бўлган. Иқтисодчининг дам олиш кунларидаги меҳнат ҳақи икки ҳисса миқдорида ҳисобланган.

2019 йил февралдаги иш ҳақини ҳисоблаймиз: 3 500 000 сўм + (3 500 000 сўм / 20 кун) х 2 кун х 2 = 4 200 000 сўм.

Иқтисодчи отгул (ҳақ тўланадиган дам олиш куни) олганда, дам олиш кунларидаги иши учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланган бўларди: 3 500 000 сўм + (3 500 000 сўм / 20 кун) х 2 кун = 3 850 000 сўм.

 

Соатбай ёки кунбай тариф ставкаси белгиланган ходимларнинг иш ҳақи миқдори ишлаган соатлар ёки кунлар сонига бевосита боғлиқ. Шу сабабли ойда байрамлар (ишланмайдиган кунлар) қанча кўп бўлса, бундай ходимларнинг иш ҳақи шунча кам бўлади.

 

ВАЗИЯТ.

Туризм бўйича менежерга кунлик тариф ставкаси – 150 000 сўм белгиланган. У ишлайдиган корхонада 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.

2019 йил мартда 23 иш куни бўлган. 21 ва 22 март (Наврўз байрами) пайшанба ва жума кунларига тўғри келиб, корхонанинг барча ходимлари дам олдилар.

Март ойи учун туризм бўйича менежер иш ҳақининг ҳисоб-китоби: 150 000 сўм х 23 кун = 3 450 000 сўм.

Байрам кунлари бўлмаганда, туризм бўйича менежер 25 кун ишлаган ва унинг иш ҳақи: 150 000 сўм х 25 кун = 3 750 000 сўмни ташкил этган бўлар эди. 

 

Тунги вақтдаги иш учун

Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун оддий ставканинг камида бир ярим баравари миқдорида ҳақ тўланг (МКнинг 158-моддаси 1-қисми). Аниқ миқдорини жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб ёхуд ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланг.

Соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МКнинг 122-моддаси ­1-қисми).

Тунги иш вақти муддатини 1 соатга қисқартиринг. Агар ходим учун белгиланган иш вақти муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, бу тунги смена ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда, шунингдек 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда тунги иш муддати кундузги иш муддатига тенглаштирилади.

Меҳнат кодексида тунги вақтдаги иш учун ҳақ тўлаш ўрнига отгул ­(яъни ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари) бериш назарда тутилмаган.

 

ВАЗИЯТ.

Ходимнинг маоши – 2 500 000 сўм. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. 2019 йил февралда 5 кунлик иш ҳафтасида 20 иш куни бўлган. Ходим барча иш кунларида, шу жумладан 1 кун – тунги сменада ишлаган. Уни ишлаб чиқариш заруратига кўра соат 20.00 дан кейинги кун соат 3.00 гача бу ишга жалб этганлар. Тунда 5 соат ишлаган.

Ходимнинг иш куни давомийлиги – 8 соат. Тунги смена 1 соатга қисқартирилади (МКнинг 122-моддаси 2-қисми). Шу сабабли у тунги сменада 7 соат ишлаган. Бир ойда 159 соат, шу жумладан тунги сменада 5 соат ишлаган.

Тўланадиган ҳақ қуйидагича ҳисоб-китоб қилинади: 2 500 000 сўм / 159 соат = 1 соатлик иш учун 15 723,27 сўм;

15 723,27 сўм х 154 соат + 15 723,27 сўм х 5 соат х 1,5 = 2 539 308,11 сўм.

 

Энг кам ҳақ тўғрисидаги талаб

Муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи ЯТСнинг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас (МКнинг 155-моддаси 1-қисми). 2019 йил 1 январдан у 577 172,31 сўмни ташкил этади.

Ходим ўриндошлик асосида ёки тўлиқсиз иш вақти шароитида ишласа, ишлаган вақтида мутаносиб миқдорда ҳақ тўланади.

Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузмаслик учун:

1) ходимнинг меҳнат ҳақи фақат маош билан чекланмаслигига қарамай, 2,847 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдордаги ставка ёки лавозим маошини белгиланг. Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори билан бирга қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, нормал иш вақтидан четга чиққан ҳолда бажарилган ишлар учун оширилган миқдорда тўланадиган ҳақлар, шунингдек туман коэффициентларини тўланг (МКнинг ­155-моддаси 2-қисми);

2) башарти ходим бир ойда тўлиқ ишлаган ва барча меҳнат мажбуриятларини бажарган бўлса, унга 2,847 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисобланг. Акс ҳолда ишлаган вақтига мутаносиб миқдорда иш ҳақи ҳисоблашга ҳақли бўласиз. Масалан, иш вақти ойлик норманинг 40%ини ташкил этган бўлса, ходимга 2,847 ЭКИҲнинг камида 40%ини тўлаш керак бўлади;

3) тўлиқсиз иш вақти режимида ишлаганда иш ҳақини ишлаган вақтга мутаносиб миқдорда камида 2,847 ЭКИҲни ташкил этадиган тўлиқ ойлик ставкадан ҳисобланг;

4) энг кам иш ҳақи миқдорини аниқлаш чоғида ЖШДС суммасини чегирманг. Ушбу солиқларни ходим тўлайди. Шу сабабли унга солиқ чегирилган суммани тўлашга ҳақлисиз, у меҳнат ҳақининг энг кам миқдоридан оз бўлади.

 

ВАЗИЯТ.

Ходим ой тугашига бир ҳафта қолганда ишга қабул қилинди. У 21 куннинг фақат 5 кунида ишлади. Маоши 1 000 000 сўм бўлгани ҳолда ойлик иш ҳақи 238 095 сўмни (1 000 000 / 21 х 5) ташкил этади. Бу эса 2,847 ЭКИҲдан оз.

Иш берувчи барибир бундай ходимга 577 172,31 сўм тўлашига тўғри келадими?

Албатта, йўқ. Энг кам иш ҳақи миқдори тўғрисидаги талаб фақат тўлиқ ой ишлаганда амал қилади. Тўлиқсиз иш вақти ишлаганда иш ҳақи миқдори белгиланган даражадан кам – ишлаган вақтга мутаносиб миқдорда бўлиши мумкин.

 

Меҳнат ҳақи иш натижаларига боғлиқ бўлганда

Сарфланган вақтдан қатъи назар, аниқ бажарилган иш учун ҳақ тўламоқчи бўлсангиз, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай ва воситачилик (фоизли) тизимларидан фойдаланинг. Бунда иш ҳақи миқдори:

● ишлаб чиқарилган ёки сотилган маҳсулот, кўрсатилган хизматлар ҳажмига;

● меҳнат натижаларига боғлиқ бўлади.

 

Ишбай ҳақ тўланганда

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида иш ҳақини ҳисоблаш учун қуйидаги формуладан фойдаланинг:

 

Иш ҳақи = Маҳсулот бирлиги учун ишбай нарх х Тайёрланган маҳсулотлар сони

 

МИСОЛ. Тикувчи-мотористка 1 та кўйлак тиккани учун 10 000 сўм олади. У ой давомида 100 та кўйлак тикди. Унинг иш ҳақи 1 000 000 сўмни (10 000 х 100) ташкил этади.

 

Ишбай-мукофот тизимида

Ходим нормаларни ортиғи билан бажарса, хом ашё ва материаллардан оқилона фойдаланса, яроқсиз маҳсулот фоизи оз бўлса, корхона уни мукофотлаши мумкин. Мукофотни буйруқ, меҳнат шартномаси ва мукофотлаш тўғрисидаги низом асосида ҳисобланг.

Ишбай-мукофот тизимида иш ҳақини қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

 

Иш ҳақи = Маҳсулот бирлиги учун ишбай нарх х Тайёрланган маҳсулотлар сони + Мукофот

 

МИСОЛ. Тикув корхонасида 4 та бичувчи ишлайди. Улардан бири буюмларни бичганда чиқиндилар фоизи оз бўлади. Раҳбарият бунинг учун унга мукофот – 400 000 сўм тўлашга қарор қилди. У бир ойда 1 000 та кўйлак бичган, 1 та кўйлакни бичгани учун 1 100 сўм олади. Ҳисобланган иш ҳақи ҳисоб-китоби қуйидагича бўлади:

1 100 х 1 000 + 400 000 = 1 500 000 сўм.

 

Ишбай-прогрессив тизимда

Ходимларни имкон қадар кўпроқ миқдорда маҳсулот тайёрлашга рағбатлантириш мақсадида корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай-прогрессив тизими қўлланилиши мумкин. Бу ҳолда иш ҳақини қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

 

Иш ҳақи = Норма доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулот учун иш ҳақи + Нормадан ортиқ ишлаб чиқарилган маҳсулот учун иш ҳақи

 

Норма доирасидаги маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун иш ҳақини оддий нархларга асосланиб қуйидаги формула бўйича аниқланг:

 

Норма доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулот учун иш ҳақи = Маҳсулот бирлиги учун ишбай нарх (норма доирасида) х Тайёрланган маҳсулотлар сони (норма доирасида)

 

Нормадан ортиқ маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун иш ҳақини (оширилган ставкаларга асосланиб) қуйидаги формула бўйича аниқланг:

 

Нормадан ортиқ ишлаб чиқарилган маҳсулот учун иш ҳақи = Маҳсулот бирлиги учун ишбай нарх (нормадан ортиқ) х Тайёрланган маҳсулотлар сони (нормадан ортиқ)

 

МИСОЛ. Тикувчи-мотористка учун белгиланган кўйлак тикиш нормаси – кунига 5 та кўйлак. 1 та кўйлак тикканлик учун 10 000 сўм тўланади. Нормадан ортиқ тикилган ҳар бир кўйлакка 12 000 сўмдан ҳақ тўланади. Тикувчи-мотористка бир ойда 25 кун ишлади ва 145 та кўйлак тикди. Бир ойда тикилган кўйлаклар сонини ҳисоблаймиз: норма бўйича – 5 х 25 = 125 дона; нормадан ортиқ – 145 – 125 = 20 дона. Иш ҳақи ҳисоб-китоби: 10 000 х 125 + 12 000 х 20 = 1 490 000 сўм.

 

Сотув ҳажмига кўра

Сотиш бўйича менежерлар ёки савдо вакилларини сотиш ҳажмларини оширишга рағбатлантириш учун уларга кўпинча бонуслар тўланади. Қуйидаги формуладан фойдаланинг:

 

Иш ҳақи = Ходимнинг маоши + Бонус

 

МИСОЛ. Сотиш бўйича менежер сотиш режасини 50 000 000 сўм ортиғи билан бажарди. Жамоа шартномасига мувофиқ унга режадан ортиқ сотиш ҳажми учун 3% миқдорида бонус тўланиши керак. Менежернинг маоши 2 000 000 сўмни ташкил этади. Унинг ойлик иш ҳақини ҳисоблаймиз: 2 000 000 + 50 000 000 х 3% = 3 500 000 сўм.

Бундай ходимга дам олиш ёки байрам кунлари ишлагани учун фақат лавозим маошини икки ҳисса миқдорида тўланг (меҳнатга вақтбай ҳақ тўлаш). Бу кунлардаги сотиш ҳажмлари учун қўшимча бонусни оширишга мажбур эмассиз. У бутун ойдаги сотиш ҳажмига боғлиқ.

 

Бундай ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақнинг энг кам миқдори тўғрисидаги талабни бажариш учун уларга ЯТСнинг биринчи разрядидан кам бўлмаган миқдорда лавозим маоши белгилашни тавсия этамиз (МКнинг 155-моддаси 1-қисми).

 

Дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун

Штатдаги ходим меҳнатига ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида дам олиш ва байрам кунларидаги иши учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланг.

Бу кунлардаги иш учун тўланадиган ҳақ миқдорини жамоа шартномасида қайд этинг ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб белгиланг. Корхонада жамоа шартномаси тузилмаган бўлиши ёки касаба уюшмаси қўмитаси бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолда дам олиш ёки байрам кунларидаги иш учун тўланадиган ҳақни ходимнинг ўзи билан келишинг ва буни меҳнат шартномасида қайд этинг.

Отгул (ҳақ тўланадиган дам олиш куни) берсангиз, дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланг. Отгул бериш учун ходимнинг розилиги зарур.

Ходим иш режасига мувофиқ унинг сменасига тўғри келган дам олиш ёки байрам кунида ишга чиқса, белгиланган нархда ҳақ тўланг.

 

ВАЗИЯТ.

Корхона таржимонга 1 400 белгили 1 та саҳифани таржима қилгани учун 16 000 сўм тўлайди. Иш ҳажми катта бўлганлиги боис уни дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада ишга чақирдилар. У ой давомида 100 та саҳифани, шу жумладан мазкур 2 дам олиш кунида 10 та саҳифани таржима қилди. Меҳнат шартномасида дам олиш ва байрам кунларидаги иши учун унга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши қайд этилган.

Таржимоннинг ойлик иш ҳақини ҳисоблаймиз: 16 000 сўм х 90 та саҳифа + 16 000 сўм х 10 та саҳифа х 2 = 1 760 000 сўм.

 

Тунги вақтдаги иш учун

Меҳнатга ишбай ҳақ тўланганда тунги вақтдаги иш учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланг.

Тунги вақтдаги иш учун тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорини жамоа шартномасида қайд этинг ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб белгиланг. Корхонада улар бўлмаса, буни ходим билан келишинг ва меҳнат шартномасида акс эттиринг.

Соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МКнинг 122-моддаси ­1-қисми).

Тунги иш вақти муддатини 1 соатга қисқартиринг. Ходим учун белгиланган иш вақти муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, у тунги смена ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда, шунингдек 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда тунги смена муддати кундузги смена муддатига тенглаштирилади.

 

МИСОЛ. Тикувчи-мотористка смена жадвали бўйича ишлайди. У ой давомида 150 та эркаклар кўйлагини, шундан 40 тасини тунги сменаларда тикди. 1 та кўйлак тикканлик учун ишбай нарх – 10 000 сўм. Корхонада тунги вақтдаги иш учун бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланиши белгиланган. Унинг ойлик иш ҳақини ҳисоблаймиз:

10 000 х 110 + 10 000 х 40 х 1,5 = 1 700 000 сўм.

 

Энг кам иш ҳақидан оз эмас

Ой давомида белгиланган меҳнат нормасини (белгиланган иш ҳажмини) бажарган ходимнинг иш ҳақи ЯТСнинг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас (МКнинг 155-моддаси 1-қисми). 2019 йил 1 январдан у 577 172,31 сўмни ташкил этади.

Ходим ушбу нормани бажармаган бўлса, унга камроқ тўлаш мумкин (бажарилган ишлар ҳажми учун).

Ишбай нарх ва меҳнат нормаси (ишлар ҳажми)ни шундай белгилангки, тўлиқ бир ой ишловчи ва ўз ишини ўртача суръатда бажарувчи ходим ой охирида камида 2,847 ЭКИҲ оладиган бўлсин. Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорига қўшимча равишда мукофотлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, нормал иш вақтидан четга чиққан ҳолда бажарилган ишлар учун оширилган миқдорда тўланадиган ҳақлар, шунингдек туман коэффициентларини тўланг (МКнинг ­155-моддаси ­2-қисми).

Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори «қўлга» бериладиган иш ҳақи эмас, балки ҳисобланган иш ҳақидир. Шу сабабли суммани ҳисоблаётганда ЖШДС суммасини чегирманг.

 

ВАЗИЯТ.

Токарь ҳар бир тайёрланган буюм учун 8 000 сўм миқдорида иш ҳақи олиши белгиланган. Бир ойлик ишлаб чиқариш нормаси – 92 та буюм. Токарь ўртача суръатда ишлайдиган бўлса, бир ойда мазкур ишлар ҳажмини бажаради. Ушбу норма бажарилганда тўланадиган ҳақ:

8 000 сўм х 92 та буюм = 736 000 сўмни ташкил этади.

 

Наталья КЛЕВЦОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг
Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бош мутахассиси.

 

 

Прочитано: 14080 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика