Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 17 / Кадрлар бўлими

«Декрет таътили»: ностандарт вазиятлар

 

Кадрлар иши амалиётида ғайриодатий вазиятлар учраб туради: болани парваришлаш таътилини бувиси ёки бошқа қариндоши номига расмийлаштириш; ходимани декретдан чиқмасдан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиб, унинг ўрнига бошқа ходимни вақтинча қабул қилиш ва ҳ.к.

 

Аввал атамалар хусусида тўхталсак. Кадрлар бўйича мутахассислар кўп қўллайдиган «декрет таътили» ёки «декрет» аслида норасмий оғзаки ифода эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бунда одатда 2 давр: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда бола 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар назарда тутилади. Амалдаги меҳнат қонунчилигида айнан ушбу номлар қайд этилган. Норасмий манбаларга кўра, «декрет таътили» узоқ 1917 йилда Халқ комиссарлари кенгашининг ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўғрисидаги декрети қабул қилинганидан кейин оғизда қолган. Матнни соддалаштириш учун оғзаки ифодадан ҳам фойдаланамиз. Бироқ кадрларга оид ва бошқа расмий ҳужжатларда албатта «қонуний» вариантлардан фойдаланиш зарур.

Меҳнат кодексининг 233-моддасига мувофиқ, ишлаётган аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади. Жами 126 кун ёки 4 ойдан бироз кўп. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, норасмий тилда «касаллик варақаси» ходимага декрет таътилини расмийлаштириш учун асос бўлади (Йўриқнома, АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган). У ҳомиладор аёлга тегишли даволаш муассасаси (одатда, оилавий поликлиника) томонидан берилади.

«Касаллик варақаси»да кўрсатилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик муддати тугаганидан кейин ходима боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бу давр учун нафақа тўланган ҳолда болани парваришлаш учун таътилга, ундан кейин эса боласи 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътилга чиқиши мумкин.

Ходима декретда бўлган вақтда у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Бундай ҳолларда мазкур ходималарни ишга жойлаштириш билан маҳаллий меҳнат органи шуғулланади.

Энди ходима декретга кетаётганда учрайдиган бир нечта қизиқ вазиятларни кўриб чиқамиз.

 

Декрет бувига расмийлаштирилганда

Баъзан она бўлган аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин у ёки бу сабабга кўра болани парваришлаш учун таътилга чиқиш имконига эга бўлмайди. Бу ҳолда қонунчилик боланинг отаси, бувиси/буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошларига бундай таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Тўғри шажарадаги қариндошлар – болалар, ота-она, неваралар, бобоси/бувиси, эваралар, катта бобоси/катта бувиси ва ҳ.к.

Ён шажара бўйича қариндошлар – ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва ҳ.к.

Кўриб турганимиздек, парваришлаш учун таътил олиш ҳуқуқига эга бўлган қариндошлар доираси анча кенг. У, айтайлик, холаваччаси ёки холаси бўлиши мумкин. Бунда юқорида кўрсатилган «қариндош» сўзининг талқинига амал қилсак, бошқа яқин, бироқ қариндош бўлмаган шахслар декретни расмийлаштира олмайди. Масалан, қариндош бўлмаган бувиси ўгай (фарзандликка олинмаган) қизининг боласини парвариш қила олмайди.

Хуллас, оилавий кенгашда ёш она туққанидан кейин ишга чиқиши, болани эса, мисол учун, ўзининг бувиси парваришлашига қарор қилдилар. Бунинг учун у иш жойида болани парваришлаш учун таътил беришларини сўраб ариза ёзиши керак. Иш берувчи бундай илтимосни қаноатлантиришдан бош тортишга ҳақли эмас, сабаби бу маъмурий жавобгарликка олиб келадиган амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади. Ариза эркин шаклда ёзилади ва қуйидаги мазмунда бўлиши мумкин: «Болани, набирамни (унинг Ф.И.О. ва туғилган санасини кўрсатинг) у икки ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил беришингизни сўрайман».

Қонунда декретни расмийлаштириш учун аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати белгиланмаган. Бироқ бу аризадан бошқа ҳеч нима керак эмаслигини англатмайди. Зеро иш берувчи бола ҳақиқатан туғилганлигига, унинг ота-онаси эса декретни ўз номларига расмийлаштирмаганликларига ишонч ҳосил қилиши зарур. Шу сабабли қуйида кадрлар хизмати ариза берувчидан талаб қилиши мақсадга мувофиқ бўлган ҳужжатлар пакетини эътиборингизга ҳавола этамиз:

1) парваришга муҳтож бўлган боланинг туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

2) ариза берувчи боланинг ота-онасидан бири билан қариндошлик алоқасини тасдиқловчи ҳужжат. Биз кўриб чиқаётган вазиятда бу – ариза берувчи она сифатида кўрсатилган боланинг онаси ёки отасининг туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

3) боланинг отаси ва онасига болани парваришлаш таътили берилмаётганлиги ҳақида уларнинг иш жойидан маълумотномалар.

Кадрлар бўйича ходим ушбу ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишиб чиқиб, улардан нусха олгани ва уларни ходимнинг шахсий йиғмажилдига тикиб қўйгани маъқул. Сўнг болани парваришлаш учун таътил бериш тўғрисида стандарт буйруқ чиқариш зарур.

 

Эътибор беринг! Агар бувиси (ёки «декрет» расмийлаштирган бошқа қариндоши) бюджет соҳасида ишламаса ҳам, иш жойидан болани парваришлаш учун ҳар ой 2 ЭКИҲ миқдорида нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади (Низом, АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

«Декрет» расмийлаштирган шахс бюджет ташкилотида ишласа, Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарори) қоидаларига мувофиқ, бола парвариши бўйича нафақа прописка қилинган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланади. Ишлаётган бувисига бола парвариши бўйича нафақа тўлаш юки иш берувчининг зиммасига тушадиган бўлса, ота-онаси яшаш жойидан ёки иш жойидан нафақа олмаслиги тўғрисида ҳам маълумотнома талаб қилиш ўринли бўлади. Зеро ишлаётган оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки уйда ишлаётган бўлсалар, ҳам иш ҳақи, ҳам нафақа олишлари мумкин (1113-сон Низомнинг 6-банди).

 

Ўз хоҳишига кўра декретда туриб ишдан бўшаганда

Декретдаги ходима болани парваришлаш таътилидан чиқмай туриб, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш истагини билдирадиган вазиятлар учраб туради. Амалиётда кадрлар бўйича мутахассисларда шу муносабат билан кўплаб саволлар юзага келади: ишдан бўшатишни қандай расмийлаштириш керак, декретдаги ходима «ишлаб бериш» учун ишга чиқиши зарур бўладими, ишдан бўшатиш кунида унинг ўрнига қабул қилинган ходим билан қандай йўл тутиш лозим? Қонунда бундай вазиятни тартибга солувчи алоҳида механизм назарда тутилмаган. Шу сабабли кадрлар бўйича мутахассислар амалиётда бундай ностандарт вазият юзага келганда ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун МКнинг 99-моддасида белгиланган оддий тартибга риоя этишлари шарт. Ҳаммасини бирин-кетин кўриб чиқамиз.

Декретдаги ходима ишдан кетиш ҳақида ариза беради. У ёзма шаклда ва стандарт мазмунли бўлиши керак. Кадрлар бўйича мутахассисларда ходима ишдан бўшаш тўғрисидаги буйруқни шахсан тақдим этиши, яъни ташкилотга келиши керакми ёки уни почта орқали юборса бўладими, деган савол юзага келади. Ҳам биринчи, ҳам иккинчи вариантни қўлласа бўлади. Фақат ходимларга аризани почта орқали буюртма хат билан юборишни маслаҳат берамиз, унда иш берувчи уни олганлиги тўғрисида белги қўйган хабарнома бўлади. Ушбу хабарнома ишдан бўшаш тўғрисида ҳақиқатда ариза берганингизни исботлайди.

2 ҳафта «ишлаб бериш». Шу ўринда меҳнат қонунчилигида «ишлаб бериш» деган расмий тушунча йўқ эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Кадрлар бўйича мутахассислар ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида 2 ҳафта олдин иш берувчини огоҳлантириш муддатини ана шундай ифодалайдилар. Ушбу чора иш берувчига бу вақт ичида кетаётган ходим ўрнига одам топиш, ходимга эса барча ишларини якунига етказиш имконини беради. Бироқ декретдаги ходима ишдан бўшаётганда бундай чора кўришга тўғри келмайди, чунки одатда декрет вақтига бошқа ходимни ишга оладилар. Иш берувчи ариза берувчи сўраётган санадан бошлаб меҳнат муносабатларини бекор қилишга розилик билдирса, 2 ҳафта олдин мажбуран огоҳлантириш муддатини қисқартириш мумкин. Раҳбарият ва ходиманинг розилигига кўра ушбу муддатга умуман риоя этмаслик, ариза берилган куннинг ўзидаёқ ишдан бўшатиш мумкин.

Шу билан бирга декретдаги ходима ўзи истаган муддатда ишдан бўшатишини, агар бунинг учун жиддий сабаблар бўлмаса, иш берувчидан талаб этиши эмас, балки илтимос қилиши мумкин. Агар бундай сабаблар бўлса (масалан, доимий яшаш учун хорижга чиқиш, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланиш ва б.), иш берувчи талаб этилаётган муддатда шартномани бекор қилишга мажбур.

Ўз навбатида иш берувчи декретдаги ходимадан ишга чиқиб, 2 ҳафта ишлаб беришини талаб қилишга ҳақли эмас. Ҳар қандай ҳолатда огоҳлантириш муддати ариза берилган пайтдан бошлаб ҳисобланади, ходимани чақириб олишга зарурат йўқ.

Буйруқ чиқариш ва меҳнат дафтарчасини бериш. Шундай қилиб, ходимадан ариза келиб тушди, рўйхатдан ўтказилди ва иш берувчи билан келишилди. Шундан кейин МКнинг 107-моддаси нормаларига мувофиқ ходимани ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш тўғрисида стандарт мазмундаги буйруқни тайёрлаш лозим.

МКнинг 108-моддаси қоидаларига биноан, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимага унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Бироқ ходима таътилда бўлганлиги сабабли ишдан бўшаш кунида ҳам ишга келмаслиги мумкин. Кадрлар бўйича мутахассислар бу ҳолда нима қилишлари керак?

Барча зарур ҳужжатлар ходимага шахсан топширилса, у буйруққа ва меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш дафтарига имзо чекса, нур устига аъло нур бўлар эди, албатта. Бироқ ходима ташкилотга кела олмаса, ишдан бўшатилган кунида буйруқ нусхасини хабарномали буюртма хат билан почта орқали юбориш мумкин. Хат жўнатилганлиги ҳақидаги квитанция ва олинган хабарномани меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларга илова қилиб қўйган маъқул. Бошқа усулни ҳам қўллаш: бир ёки бир нечта ходимни ходима яшайдиган уйга юбориб, тегишли далолатномани расмийлаштирган ҳолда буйруқ нусхасини унинг қўлига топшириш мумкин.

Меҳнат дафтарчаси билан боғлиқ вазият бирмунча ўзгача тусга эга. Ходимнинг розилигисиз уни кўрсатилган манзилга етказиб бериш шарти билан жўнатишга йўл қўйилмайди. Шу сабабли Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3.3-бандига мувофиқ иш кўриш лозим. Яъни почта орқали дафтарчани олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи ёзма хабарнома жўнатиш зарур. Уни ишдан бўшатилган куниёқ жўнатишга улгуриш керак, сабаби бундан кейинги ҳар бир кечиктирилган кун меҳнат дафтарчасини беришни кечиктириш деб ҳисобланади.

Вақтинчалик ходимни қайта расмийлаштирамиз. Декретдаги ходима болани парваришлаш таътилидан чиқмай туриб ишдан бўшаётган бўлса, табиий савол юзага келади: унинг ўрнига қабул қилинган ходим билан нима қилиш керак? Уни ишдан бўшатиш мумкинми ёки меҳнат фаолияти давом этадими? Амалдаги қонунчиликда ушбу долзарб саволларга тўғридан-тўғри жавоб берилмаган. Шунга қарамай, умумий қоидалар ва қонунда мавжуд нормалардан келиб чиқиб иш кўришга уриниб кўрамиз.

Асосий ходим декрет таътилида бўлган даврда вақтинча ходим ишга қабул қилинганда муддатли меҳнат шартномаси расмийлаштирилади. Шу сабабли вақтинча ходимнинг келгуси тақдири шартномада унинг амал қилиш муддати қандай қайд этилганлигига боғлиқ бўлади. Амалиётда унинг бир нечта вариантидан фойдаланилади.

Улардан бири – аниқлаштирилган, яъни асосий ходимнинг боласи 2 (ёки 3) ёшга тўлиши билан шартноманинг амал қилиш муддати тугайди, деб кўрсатилади. Фикримизча, бундай ёзиш унча тўғри эмас, бироқ ана шундай формулировкалаш ҳоллари ҳали ҳам учраб туради. Ҳатто декретдаги ходима ишдан бўшаган бўлса ҳам, унинг ўрнига қабул қилинган ходимнинг шартнома муддати декретдаги ходима боласининг 2 ёшга тўлишига «боғланган» бўлиб чиқади. Ушбу муддат келгач, иш берувчи ходимни МКнинг 105-моддасига биноан ишдан бўшатишга, тарафларнинг келишувига кўра шартномани муайян муддатга узайтиришга ёки номуайян муддатга қайта расмийлаштиришга ҳақли.

Шартнома муддатини кўрсатишнинг бошқа варианти – «асосий ходим болани парваришлаш таътилидан чиққунча». Бироқ юқорида айтилганидек, декретдаги ходима ишдан бўшаганда ишга чиқмаслиги ҳам мумкин. Муддатли меҳнат шартномаси тузилишига сабаб бўлган шарт-шароит энди йўқ бўлиб чиқади. Демак, фикримизча, вақтинча ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос ҳам йўқ. Бу ҳолда у муддатсиз шартномага айланади. Бироқ тарафларнинг розилигига кўра у муайян муддатга қайта расмийлаштирилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшимча келишув тузиб, меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритишингизни маслаҳат берамиз. 

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 569 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика