Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 17 / Паспорт масалалари

Хорижга – қизил паспорт билан

 

Ўзбекистонликлар учун хорижга чиқиш паспортлари янгилик бўлмаса ҳам, уни олиш қоидалари тўғрисидаги ахборот аввалгидек талабгирлигича қолмоқда. «Norma» МЧЖ эксперти Санжар Хўжааҳмедов шу мавзу юзасидан тушунтириш беради.

 

– Хорижга чиқиш паспортини олиш учун қандай ҳужжатлар зарур?

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова) мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар такдим этилади:

♦ белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

♦ биометрик паспорт ёки ID-карта (2021 йилдан бошлаб амалдаги ички биометрик паспортлар ўрнига идентификациялаш ID-карталари бериш тизими жорий этилиши назарда тутилмоқда) ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

♦ илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган такдирда);

♦ ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

♦ ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);

♦ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;

♦ ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги (вояга етмаганлар учун);

♦ фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (вояга етмаганлар учун).

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган такдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.

Ички биометрик паспортни расмийлаштиришда бўлгани каби, бош кийим (юзнинг бир қисмини ёпадиган кийим элементлари) билан, линза ва кўзойнак тақиб суратга тушишга йўл қўйилмайди.

Хорижда турган ҳамда вақтинчалик консуллик рўйхатига олинган ЎзР фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

♦ белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

♦ илгари берилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти (улар мавжуд бўлган такдирда);

♦ туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун);

♦ ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);

♦ фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (вояга етмаганлар учун);

♦ биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги тўғрисидаги маълумотнома (паспорт йўқолган тақдирда);

♦ консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Доимий консуллик рўйхатига олинган фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

♦ белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

♦ илгари берилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти (улар мавжуд бўлган тақдирда);

♦ туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун);

♦ биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги тўғрисидаги маълумотнома (паспорт йўқолган тақдирда);

♦ консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Давлат божи суммаси ЭКИҲнинг 120%ини (1 январга келиб – 243 276 сўм) ташкил этади. 16 ёшга тўлмаган болаларга хорижга чиқиш паспортини олиш учун давлат божи ЭКИҲнинг 80%ини (162 184 сўм) ташкил этади. Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун, ёшидан қатъи назар, давлат божи ЭКИҲнинг 100%ини (202 730 сўм) ташкил этади.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

♦ туғилган кунидан бошлаб 1 ёшгача – 2 йил муддатга;

♦ 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;

♦ 16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.

 

– Хорижга чиқиш биометрик паспорти қандай ҳолларда берилади?

– Паспортни расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

♦ Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда;

♦ илгари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан ҳужжатлаштирилмаган, консуллик рўйхатига олинган фуқаролар хорижда бўлганида;

♦ фарзанд хорижда туғилганида;

♦ паспортнинг амал қилиш муддати тугаганида;

♦ фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганида;

♦ ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

♦ маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида;

♦ хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

♦ хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқотиб қўйилганида;

♦ хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида.

Фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ўзгарганлиги ёхуд ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан паспорт алмаштирилаётганда фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни такдим этади.

Фуқаро Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётганида паспортнинг амал қилиш муддати 1 йилдан кам бўлган тақдирда, ушбу ҳужжат алмаштирилиши мумкин.

 

– Хорижга чиқиш паспорти қанча муддатда берилади?

– Хорижга чиқиш паспорти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказида 10 иш кунида расмийлаштирилади.

 

– Хорижга чиқиш паспорти виза талаб қилинадиган мамлакатларга чиқиш учун керакми ёки виза режимидан қатъи назар унга эга бўлиш зарурми?

– Чиқиб кетаётган мамлакатда виза керак бўлиши ёки керак бўлмаслигидан қатъи назар, бу ҳужжат хорижга, яъни Ўзбекистон ташқарисига чиқиш учун зарур. 2019 йилгача рухсат ёзуви стикери қўйилар эди. 2019 йил 1 январгача расмийлаштирилган стикерларга келсак, уларда кўрсатилган амал қилиш муддатигача ҳақиқий ҳисобланади.

 

– Баъзан ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, киши зудлик билан бошқа мамлакатга чиқишига (хизмат сафари, дафн маросими, даволаниш ва ҳ.к.) зарурат туғилади. Хорижга чиқиш паспортини тез олиш имкони борми? Бунинг учун қандай тасдиқловчи ҳужжатлар (вафот этганлик тўғрисида телеграмма, тиббий маълумотномалар, ташкилот йўллаган хат ва б.) зарур? 

– Фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, шошилинч даволаниш зарурлигини тасдиқловчи вилоят ва республика миқёсидаги давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган такдирда 5 иш кунидан ошмаслиги лозим.

 

– Қандай ҳолларда хорижга чиқиш паспортини олишни рад этишлари мумкин?

– Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

а) агар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса – иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунгача;

б) агар шахс суд ҳукмига кўра ўта хавфли рецидивист деб тан олинган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса – судланганлиги сўндирилгунгача (олиб ташлангунгача) ёки назорат тўхтатилгунгача;

в) агар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса – жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунигача;

г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса – мажбуриятлар ижро этилгунга қадар, вояга етмаган болаларни таъминлаш учун алиментлар олдиндан тўланганлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотномалари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно;

д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни тақдим этган бўлса;

е) агар ИИВ ёки ТИВда шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти, шунингдек хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) мавжуд бўлса – у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб 2 йил ўтгунгача;

ж) агар шахс давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлардан хабардор бўлса ёки унга нисбатан хорижга чиқишига тўсқинлик қиладиган шартнома, контракт мажбуриятлари амал қилаётган бўлса – унга ушбу мажбуриятларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунига қадар;

з) агар шахс чақирув участкасида қайд этилган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлса – ҳақиқий муддатли хизматни ёки сафарбарлик чақирув захирасидаги хизматни ўташ муддати тугагунгача, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ундан озод этилгунгача.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти беришни рад этиш асослари рўйхати батафсил талқин қилинмайди.

 

Прочитано: 1070 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика