Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 16 / Хўжалик юритиш қоидалари

Тўланмаган улушни сотиб бўлмайди

 

МЧЖ 2018 йил июлда ташкил этилган, муассиси – битта, устав фонди – 10 млн сўм. Муассис 2018 йилдаги тақсимланмаган фойдани (6 681 457,19 сўм) устав фондига йўналтирди. 1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра муассиснинг устав фондини тўлашга доир қарзи 3 318 542,81 сўмни ташкил этди. Муассис ўз улушини бошқа жисмоний шахсга сотиб, МЧЖ таркибидан чиқмоқчи бўлди. Бироқ «ягона дарча»да аввал устав фондига пул ёки бошқа ТМБни тўлиқ киритиш, фақат шундан кейингина улушни сотиш мумкинлигини тушунтирдилар.

Устав фонди тўлиқ шакллантирилмаганини ҳисобга олган ҳолда муассис МЧЖдаги улушини қандай қилиб сотиши мумкин?

 

МЧЖнинг ягона муассиси устав фондини тўлиқ шакллантирмагунча устав фондидаги улушини сотиб, МЧЖдан чиқиб кета олмайди.

Жамият иштирокчисининг улуши тўлиқ тўлангунга қадар бўлган даврда у фақат тўланган қисми бўйича бошқа шахсга ўтказилиши мумкин («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси 3-қисми). Тегишинча, муассис улушнинг фақат тўланган қисмини сотишга ҳақли. Қолган қисмини эса у тўланмагунга қадар бошқа шахсга ўтказиб бўлмайди. Бинобарин, муассис жамият таркибидан чиқиб кета олмайди.

Устав фондини тақсимланмаган фойда ҳисобига тўлдираётганда қонунчилик талабларига ҳам риоя этиш муҳим. МЧЖнинг тақсимланмаган фойдаси – жамиятнинг пул маблағлари. Одатда, муассис дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиш якунларига кўра устав фондини тўлдириш ҳисобига тақсимланмаган фойдани йўналтириши мумкин. Яъни тақсимланмаган фойда муассиснинг мулки бўлиши учун у дивидендларга айлантирилиши зарур. Дивидендлар эса устав фонди тўлиқ тўлангандан кейингина тўланиши мумкин (Қонуннинг 25, 26-моддалари). Шу сабабли сизнинг вазиятда тақсимланмаган фойда ҳисобига устав фондининг шакллантирилиши Қонун талабларига зиддир.

Шу тариқа, муассис ўз пул маблағлари ва (ёки) бошқа товар-моддий бойликларни киритиши шарт.

Бунда устав фонди шакллантирилишини осонлаштириш учун жамият устав фондини минимал миқдоргача камайтиришни тавсия этамиз (Қонуннинг 19-моддаси). Устав фонди жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этилган санада камида 40 ЭКИҲни ташкил этиши керак. Масалан, айни пайтда МЧЖ устав фондининг минимал миқдори 8 109 200 сўмни (40 х 202 730 сўм) ташкил этади. МЧЖ уставини қайта рўйхатдан ўтказиш учун «ягона дарча»га ҳужжатлар тақдим этилганда уставда кўрсатилган устав фонди шу суммадан кам бўлмаслиги керак.

 

Альберт Сафин,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 558 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика