Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 34 / Биз яшайдиган уй

Ноқонуний тарзда эълон ёпиштирувчилар билан курашиш мумкинми?

 

Пойтахтдаги кўп квартирали уйларда эълонларни ноқонуний ёпиштириш яшовчилар учун ҳақиқий балога айланди. Бу бебошликни кимдир назорат қиладими? Улар билан қандай курашиш ва кимга шикоят қилиш мумкин?

 

Дарҳақиқат, бошдан оёқ эълонлар ёпиштирилган йўлаклар яшовчиларни анча безовта қиляпти, ноқулайликлар туғдиряпти, уй ва йўлакнинг ташқи кўринишини бузяпти. Эълон қоғозларини ҳатто таъмирланган ва бўялган йўлак эшикларига, электр считлари эшиклари, деворлар, лифт кабиналарига ҳам ёпиштириб кетишяпти. Елим ювилиши қийин бўлади. Баъзида ўзбошимчалар деворларга штамплар босиб, фломастерларда ўз алоқа маълумотларини ёзиб кетадилар. Эълонларни йўлакларда махсус ажратилган тахтачаларга (агар мавжуд бўлса) эмас, хоҳлаган жойларига ёпиштирадилар. Ҳатто ҳовлидаги дарахт ва устунларга ҳам бошдан оёқ эълонлар ёпиштириляпти. Болалар уларни йиртиб, оёқ остига ташлашади. Ҳовли қанча тозаланмасин, барибир кечга бориб ҳамма ёқда «сотиб оламан», «сотаман», «хизматлар кўрсатаман» деб ёзилган қоғозлар тўлиб кетади.

Жавобгарлик мавжудлигига қарамай, ҳеч бир кимса бунга қарши курашмаяпти. Йўлакларга кириш эшиклари, деворлар, электр считлар, лифтлар – турар жой биноларидаги мулкдорларнинг умумий мулки ҳисобланади. Уларни шикастлаганлик, ҳолатини ёмонлаштирганлик учун жарималар назарда тутилган. Демак, эълонларни ёпиштирувчиларни тутиб, ҳуқуқбузарликни қайд этган ҳолда уларни тегишли жойга топшириш керак. Бироқ бунда эълон ёпиштириш ташаббусини илгари сурган тадбиркор ҳам жавобгар бўлади. У ОАВда эълон бериши учун пул сарфлашига тўғри келади. Бунинг устига якка тартибдаги тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиши, солиқ тўлаши керак. Оддийгина эълон учун шунга сарф-харажат қилгандан кўра бегоналар мулкига зиён етказган ҳолда эълонларни ёпиштириш осон-да, бунинг устига ҳеч қандай жавобгарлиги йўқ. Қоидага кўра, хизматлар ижрочиси бунинг учун четдан одамларни ёллайди. Улар эса келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмайдилар.

 

Нима қилиш ва кимга мурожаат этиш керак?

Қоғоз-эълонларни ўчириш, уларни йиртиб олиш, ноқонуний эълон ёпиштирувчиларга қарата мурожаат қилиб, огоҳлантирув хатларини ёзишдан фойда йўқ. Бунда мажбурий бадаллар киритадиган умумий мол-мулкингизни сақлаш ва бутлигини таъминлаш учун масъул бўлган ХУМШга мурожаат қилиш керак вассалом. Бироқ ширкатлар бунга панжа орасидан қараб, буни квартира мулкдорларининг зиммасига юклашяпти. Уйда сиз яшайсизми, ўзингиз масъул бўлинг, йўлакларда тартиб бўлишини ўзингиз кузатиб боринг, ширкатнинг бунга вақти йўқ, дейишяпти.

Бу нимаси – ХУМШ ушбу мулкни кредит олиб таъмирлайди, уни сўндириш учун пулларимизни сарфлайди, кейин эса нима бўлса, бўлаверсин дейди. Бегона одамлар умумий мулкимиз бўлган уйнинг ташқи кўринишини бузаётганларига кўз юмади. Юридик шахс ҳисобланган ширкатга эълон ёпиштирувчилар билан курашиш, уларни қўлга тушириш оддий фуқарога нисбатан осонроқ бўлади. Аввало йўлаклар эшиклари кодли қулфлар билан ёпилган бўлиши лозим. Барча ширкатлар ҳам эшикбонни ёллашга қодир эмас. Бироқ ҳар бир йўлак ёки уйларда эълонлар тахтачаси бўлишини таъминлай оладилар. Камералар бўлиши керак, ахир уларни ўрнатиш учун кредит олинган-ку.

Яшовчилар эълон ёпиштирувчилар ва раҳнамоларининг таъзирини бериб қўйиш учун ХУМШ бошқармасини фаолликка чақириб, ўзлари ҳам ёрдам бериши лозим. Уларни тутиш қийин албатта. Лекин эълон ёпиштирилаётган жараённи суратга тушириш ёки видеога олиш мумкин. Видеокамералар ишлаётган жойда бу иш осон кечади. Эълонларни ҳам уларда кўрсатилган телефонлар рақамлари билан суратга олиш лозим. Кейин ариза ёзиб, фото- ёки видеоматериалларни уларга илова қилиш керак.  

Эълонларни ноқонуний тарзда ёпиштириш Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидаларининг (ВМнинг 9.03.2009 йилдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган) 47-бандини бузиш ҳисобланади. У ушбу мақсадлар учун рухсат этилмаган ва  мўлжалланмаган жойларда эълонларни осишни тақиқлайди. Бу қоидаларнинг бузилишини ИИВ (ИИВ таянч пунктларининг катта инспекторлари ва профилактика инспекторлари) кўриб чиқади (МЖТКнинг 161, 248-моддалари).

Эълонларни ноқонуний тарзда ёпиштириш МЖТКнинг бегона мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикаст етказиш тўғрисидаги 61-2-моддасига тушади. Бу ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишлар маъмурий судда кўриб чиқилади (МЖТКнинг 245-моддаси).

 

Шаҳар ҳокимияти бу ҳақда нима деб ўйлайди?

Ҳеч нарса ўйламаётганга ўхшайди. Эълонлар жамоат биноларининг ташқи кўринишини бузаётганлигига қарамай, улар улкан режалар ортида кўринмай қолиб кетяпти. Уларни таъмирлаш учун тадбиркорлар ҳисобидан эмас, шаҳар бюджети маблағларидан сарфланади. 2015 йилда пойтахт ҳокимининг устунлар, бино ва иморатларда жойлаштириладиган реклама ва хусусий эълонларни тартибга солиш тўғрисидаги қарори чиқди. Бу ҳужжатни кўриб, хоҳ кулинг, хоҳ куйинг. Ўша пайтда 5 та идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузишга, уларга юқорида кўрсатилган жойлардаги эълонлар ва рекламани имло хатолари юзасидан  мониторинг қилиш, уларнинг ёзилишини муаллифларга тушунтириш вазифалари топширилган эди. Бундай чоралардан наф йўқ. Хусусий эълонларни ёпиштириш учун етарли миқдорда тахтачалар ўрнатиш назарда тутилган. Улар қаерда? Ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

 

Амалиёт

Эълонларни ноқонуний тарзда ёпиштирувчилар билан курашда ширкат ғолиб бўлган бир вазият ёдимда қолган. Ўша пайтда пойтахтда санитария милицияси (Экотоз батальони) фаолият юритарди, ХУМШ у билан мулоқотга киришган эди. У ёпиштирилган эълонларда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, у ёки бу хизматларга буюртма берган эди. Ижрочилар пайдо бўлиши билан уларни ХУМШ раиси ва санитария милицияси вакили кутиб олганлар. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарлар жарима тўлашдан ташқари, йўлак эшиклари ва деворлари, устун ва дарахтларни эълонлардан тозалашга, ҳатто улар ижоди оқибатида зарар етган девор ва эшикларни бўяб беришга мажбур этиларди. Ширкат шу тариқа яшовчиларни эълонлардан халос қилган эди.

 

 

Эълонларни ноқонуний тарзда ёпиштирганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган

 

Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидалари:

Зарур даражада бўлмаган ва белгиланган стандартларга жавоб бермайдиган реклама воситаларини ўрнатиш, шу жумладан, эълонлар ва афишаларни ушбу мақсадлар учун рухсат этилмаган ва мўлжалланмаган жойларда осиб қўйиш тақиқланади (47-банд).

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс:

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (161-модда).

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни ташкил этса энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Оз миқдор деганда энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваригача бўлган доирадаги, кўп бўлмаган миқдор деганда эса, энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади (61-2-модда).

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

 

 

Бошқа мамлакатларда муаммо қандай ҳал этиляпти?

1

Автоқўнғироқдан фойдаланиш. Фуқароларнинг шаҳар муниципалитетига мурожаатлари асосида унинг сайтида маълумотлар базаси шакллантирилади (телефон рақамлари билан эълонлар сурати, жойлашган жойи). Кўрсатилган рақам бўйича маълумотлар текширилгандан кейин ҳар 8–10 дақиқа ичида робот қўнғироқ қилиб, абонентни «қора» рўйхатга киритилганлиги ва ноқонуний эълонни олиб ташлаши ҳақида хабардор қилади. Шаҳар маъмурияти ходими эълон олиб ташланганлигига ишонч ҳосил қилгач, уни автоқўнғироқдан ўчиради.

 

2

Кўп қаватли уйларнинг устунлари, эшиклари, деворларини эълонни ушлаб туролмайдиган аксилелимлар билан қоплаш. Уни ёпиштиришнинг иложи бўлмайди, ёхуд у ёпиштирилгандан кейин 5 дақиқа ўтгач тушиб кетади.

 

3

Гонконгда эълон ёпиштираётганда қўлга тушган одам 3 йилга қамоққа жўнатилади.

4

Эълонларнинг юқорисида «Бекор қилинди», «Эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар!», «Яхши иш қилишмайди» каби қайдлар ёзилади.

5

Акциялар ўтказилади, улар доирасида иштирокчилар йиртиб ташланган эълонларни қопга терадилар. Ким кўп йиғса, пул мукофоти берилади.

6

Ўйинлар уюштирилади, бундан мақсад эълон ёпиштирувчиларни тутиш, эълон ёпиштириш жараёнини мобиль телефонга туширишдир. Эълон ёпиштирувчини олиб келган ёки унинг ташқи кўринишини маълум қилган ҳар бир ташаббускорга ҳуқуқбузар тўлаган жариманинг 10%и ваъда қилинади.

7

Қўлга тушган эълон ёпиштирувчилар шаҳарни ноқонуний эълонлардан тозалашга юборилади.

8

Шаҳар маъмурияти эълонларни ёпиштириш учун бепул майдончалар ажратади.

Прочитано: 137 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика