Norma.uz

Компания автомобилга эга бўлса...

 

Ҳар қандай компания, гарчи у профессионал жиҳатдан юк ва йўловчиларни ташиш билан шуғулланмаса-да, ходимларни ташиш, ўз хўжалик фаолияти давомида бир марталик оператив вазифаларни бажариш ёки бошқа мақсадларда автотранспорт воситасига эга бўла олади.

Компания номига рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаси корхонани қонуннинг айрим қўшимча талабларига риоя қилишга мажбур этади.

Шунинг учун амалиётда айрим саволлар туғилиб қоладики, уларга «Norma» МЧЖ экспертлари жавоб берадилар.

 

Хизмат автотранспортини бошқариш учун кимлар мажбурий малака оширишдан ўтиши керак?

– Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун транспорт воситаларининг эгалари:

► техник жиҳатдан соз транспорт воситаларидан фойдаланиши;

► транспорт воситаларини тегишли малакага эга бўлган ва тиббий кўрикдан ўтган шахслар бошқаришига ижозат бериши;

► йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва экологик хавфсизлик талабларига риоя этиши шарт («Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Қуйидаги шахслар малака оширишдан ўтиши шарт:

юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар – 2 йилда бир марта. Уларга автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслар кирмайди;

► автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар – маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача (ВМнинг 23.02.2018 йилдаги 139-сон қарорининг 3-банди).

► Бундан ташқари, ташкилотларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари 3 йилда камида бир марта ўз малакасини ошириши керак (Қонуннинг 21-моддаси).

► Ҳайдовчиларнинг малака оширганлик тўғрисидаги сертификатини ёнида олиб юриши, шунингдек уни ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шартлиги Йўл ҳаракати қоидаларида (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илованинг ­7-банди) белгиланган.

Юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларда малака оширишдан ўтганлик тўғрисидаги сертификатининг мавжуд бўлмаслиги учун жарима қўлланилади. Жорий йил 4 августдан бошлаб бунинг учун қўлланиладиган санкция 1 ЭКИҲ этиб белгиланган. Бунда «ҳайдовчилик гувоҳномаси» олинган пайтдан эътиборан 2 йил мобайнида жавобгарликка тортмайдилар, уларни алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳоллари бундан мустасно (МЖТК ­135-моддаси; 2.05.2019 йилдаги ЎРҚ-534-сон Қонун 3-моддасининг 5-банди).

Хизматлар бозорини шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда автомобилда ташишлар соҳасида хавфсизлик масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш учун махсус ваколатли давлат органи бўлиб «Ўзавтотранс» агентлиги ҳисобланади (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 9.06.2018 йилдаги 434-сон қарорига 1-илова).

Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолияти билан ҳар қандай давлат таълим муассасалари (давлат рўйхатидан ўтган) ва нодавлат таълим муассасалари (лицензияга эга бўлган) шуғулланишга ҳақли (139-сон қарорнинг 1-банди).

 

Хизмат автомобили аварияга учради. Компания ходими ЙТҲ содир этганда зарарни ким қоплайди?

– Автомобиль эгалари транспорт воситаларидан фойдаланаётганда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини қонунчиликда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт («Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

Транспорт воситасининг эгаси – транспорт воситасининг мулкдори, шунингдек транспорт воситасига хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқида ёхуд бошқа қонуний асосда (мулк ижараси шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома, тегишли органнинг мазкур шахсга транспорт воситасини топшириш тўғрисидаги фармойиши ва шу кабилар) эгалик қилувчи шахс. Бу ўринда ўз хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши туфайли транспорт воситасини бошқарувчи шахс унинг эгаси ҳисобланмайди.

Суғурта ҳодисаси – мажбурий суғурта қилиш шартномасига кўра транспорт воситасидан фойдаланишда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган, суғурталовчининг суғурта товонини амалга оширишига сабаб бўладиган зарар бўйича жавобгарлиги суғурта қилинган, суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахснинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши.

Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда (суғурта ҳодисаси содир бўлганда) агар зарар ўз меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажараётган компания ходими томонидан етказилган бўлса, зарарни юридик шахс қоплайди. Айни дамда ишни меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида бажараётган фуқаролар компаниянинг ходими ҳисобланади.

Суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган юридик шахс) ёки унинг вакили:

► жабрланувчига (унинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) 3 календарь кундан кечиктирмай суғурта полисининг нусхасини топшириши;

► дарҳол, мажбурий суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган муддатдан кечиктирмай, содир бўлган ҳодиса ҳақида ёзма шаклда, суғурта полисининг нусхасини илова қилган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига) йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган жойдаги ДЙҲХ хизматига билдириши керак;

► суғурталовчига суғурта ҳодисаси муносабати билан унга нисбатан қўйилаётган барча талаблар тўғрисида дарҳол хабар қилиши;

► зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриши керак (Қонуннинг 19-моддаси).

Етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун суғурта пули етишмаган тақдирда, мажбурий суғурта тартибида жабрланувчи фойдасига ўз жавобгарлигини суғурталаган юридик шахс суғурта пули ва зарарнинг ҳақиқий миқдори ўртасидаги фарқни тўлайди (ФКнинг 992-моддаси).

Ўз ходими учун зарарни тўлаган компания:

► товонни регресс тартибида қайта талаб қилишга (ФКнинг 1001-моддаси);

► ходим томонидан етказилган зарарни ундиришдан воз кечишга (МКнинг 200-моддаси);

► ходим зарарни қоплашдан воз кечган тақдирда судга даъво қилишга ҳақли (МКнинг 209-моддаси).

ЙТҲни содир этган ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

► етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш (МК 206-моддасининг 1-қисми);

► зарарни қоплаш муддатини кечиктириш тўғрисида илтимоснома билан чиқиш (МК 206-моддасининг 3-қисми);

► зарарни ундириш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилиш;

► етказилган зарарни ундириш миқдорини пасайтириш ҳақида юридик шахсга ёки судга илтимоснома билан мурожаат қилиш.

 

Прочитано: 1405 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика