Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 22 / Биз яшайдиган уй

Блогерлар Тошиссиққувватини қандай қилиб енгдилар

 

«Тошиссиққуввати» ДУК (бундан кейин – Тошиссиққуввати, ДУК) ўзининг teploenergo.uz расмий сайтида квартирада рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) фуқароларнинг сонига қараб иссиқ сув ҳақини асоссиз ҳисоблагани учун истеъмолчилардан узр сўради. Бунда қонунчилик талабларига қарамай, етказиб берувчи ўз вақтида огоҳлантирмагани учун ҳисоблагичларни давлат қиёсловидан ўтказиш муддатини кечиктирган истеъмолчилар ҳақида сўз бормоқда. ДУК фуқароларни барча қўшимча ҳисобланмалар текширилиши ҳақида хабардор қилди. Етказиб берувчи қиёсловдан ўтказиш ҳақида огоҳлантирмаган ҳар бир истеъмолчининг тўлови қайта ҳисоб-китоб қилинади. Тўланган пул маблағлари бўлғуси тўловлар ҳисобига олдиндан тўлов сифатида ҳисобга олинади. Тошиссиққувватининг айбдор деб топилган масъул ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

 

Монополчи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, масалага оқилона ёндашгандек кўринади. Бундан аввал катта идора ва иккита блогер – Максим Черников ва Беҳзод Рустамбеков ўртасида ихтилоф чиқмаганда шундай деса тўғри бўларди. Черников Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак?» ва Telegram даги «Коммуналка» гуруҳларининг маъмури ҳисобланади. Рустамбеков эса «Тошиссиққуввати ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳини ташкил этган, кейинчалик у «Коммуналка» интернет-ҳамжамиятига айланган. Дарвоқе, Беҳзод буни ўз бошидан ўтказган, етказиб берувчи унга тўловни асоссиз ҳисоблаган. Айнан шу боис у ўзининг ва гуруҳдошларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришган. 

Бу масала бир неча ой аввал ўз ечимини топган бўлса ҳам уни ёритишга қарор қилдик, сабаби у бир қатор муҳим муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Бир томондан, у фаол фуқаролик позицияси ва жамоатчилик назорати самара беришини намоён этди. Бошқа томондан қонунчиликда истеъмолчилар ва иссиқлик энергиясини етказиб берувчи ўртасида ихтилоф ва низоларга йўл очувчи нуқсонлар борлиги аён бўлди. Ихтилоф бир қатор идораларнинг муаммога ва фуқароларнинг мурожаатларига қандай муносабат билдиришини: амалдорларнинг жиддий ёки масаланинг моҳиятини англашга ҳаракат қилмай, юзаки ёндашишини ҳам яққол намоён этди.

 

Қиёсловдан ўтказилмаган ҳисоблагични шикастланган деб ҳисоблаш мумкинми?

Томонлар ўртасида ихтилоф чиқишига нима сабаб бўлганини айтиб ўтамиз. Максим Черников «Тошиссиққуввати» ДУКга Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларини (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорга 1-илова) бузаётганлигини баён этиб, ариза берган. «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳига қилинган мурожаат бунга асос бўлган, унда етказиб берувчи истеъмолчиларни қиёсловдан ўтказиш оралиғи охирлаб қолгани ҳақида хабардор қилмай, рўйхатдан ўтказилганларнинг сонига қараб иссиқ сув учун ҳақ ҳисоблаганидан шикоят қилинган. «Тошиссиққуввати ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳида, сўнг «Коммуналка» интернет-ҳамжамиятида ҳам шунга ўхшаш далиллар келтирилган.

Беҳзод Рустамбеков бир қатор идораларга ҳам тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилган, Қоидаларга мувофиқ етказиб берувчи мазкур ҳолда бундай ҳисобланмаларни амалга ошириши мумкин эмаслиги ҳақида гуруҳдошларига маълум қилган.

Блогерлар Қоидаларнинг 61-бандига асосланганлар, унда индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг белгиланган чекланган муддати тамом бўлгунга қадар етказиб берувчи олдиндан (камида 10 календарь кундан олдин) истеъмолчига шартномада қайд этилган индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тамом бўлганлиги тўғрисида белгиланган тартибда билдиришнома юбориши назарда тутилган. Ушбу норма истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилиб, Қоидаларга киритилган.

Тошиссиққуввати масалага бошқача ёндашди. У текшириш муддати тамом бўлганда истеъмолчи бу ҳақда дарҳол етказиб берувчини хабардор қилиши шартлигига ҳавола қилди (Қоидаларнинг 56-банди). Индивидуал ҳисобга олиш асбобининг шикастланганлиги тўғрисида огоҳлантирилмаган ҳолларда, шунингдек у носоз бўлганда иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб иссиқ сувни ҳисобга олишнинг соз ҳолатдаги асбоби кўрсаткичлари охирги марта қайд этилган пайтдан бошлаб текшириш ўтказилгунга қадар рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича амалга оширилади (Қоидаларнинг 57-банди). Етказиб берувчи қиёсловдан ўтказилмаган ҳисоблагични шикастланган дея қабул қилиб, истеъмолчиларга носоз ҳолатдаги ҳисобга олиш асбобидан фойдалангандек: яшовчилар (рўйхатдан ўтказилганлар) сонига қараб ҳақ ҳисоблаган. Ҳужжатни ўз билгича талқин қилган. Ахир НҲҲда бу назарда тутилмаган-ку. Ҳисобга олиш асбобининг шикастланганлиги кўз билан кўриб ёхуд техник воситалар ёрдамида исботланиши ва албатта ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарт.

Монополчининг фикрича, Қоидаларнинг 61-банди қиёсловни ўз вақтида ўтказмаганлик учун фуқароларни жавобгарликдан озод қилмайди. Истеъмолчи етказиб берувчидан билдиришнома олдими ёки олмадими – аҳамияти йўқ. Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби истеъмолчининг мулки, у қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугаши муддатини кузатиб бориши шарт. Вақтида қиёсловдан ўтказмадими, демак, бундай ҳисоблагич кўрсаткичлари ишончсиз деб топилиши, ҳисоб-китоблар эса Қоидаларнинг 43, 57-бандларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилганларнинг сони бўйича амалга оширилиши керак.

Бундан қандай хулосага келиш мумкин? Бир томондан, Қоидаларда етказиб берувчининг қиёсловдан ўтказиш зарурлиги ҳақида истеъмолчини хабардор қилиш мажбурияти белгиланган. Бошқа томондан – фуқароларнинг қиёслашдан ўтказиш муддати тугагани ҳақида етказиб берувчини дарҳол хабардор қилиш мажбурияти – акс ҳолда бошқача ҳисоб-китоб қилинади. Истеъмолчи қандай йўл тутиши керак? Қиёслашдан ўтказиш муддати яқинлашаётгани ҳақида эслатишларини кутиши зарурми ёки огоҳ бўлиб, уни ўтказиб юбормаслиги лозимми? Қиёслашдан ўтказиш муддатини ўтказиб юборганлиги учун киши бошига ҳисоблашларига рози бўлиши керакми ёки уларни асоссиз деб ҳисоблаши лозимми? Қоидалар лозим даражада ишлаб чиқилмагани, нуқсонларга эгалиги яққол кўриниб турибди, бу нормаларни турлича талқин қилишга, жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келмоқда. Етказиб берувчи ҳужжатдаги нуқсонни ўз фойдасини кўзлаб талқин қилган. Блогерлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ёқлаганлар. Зеро айрим ҳолларда таъминотчиларнинг асоссиз ҳисобланмалари бир неча миллионга етган.

 

Ваколатли органлар – истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши тарафдори

Қоидаларнинг турлича ва ноаниқ талқин қилиниши етказиб берувчини ҳам, истеъмолчиларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Блогерлар кўтариб чиққан муаммони ҳал этиш зарур эди. «Тошиссиққуввати» ДУК иссиқлик энергияси истеъмолчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш масаласига ойдинлик киритиш учун қатор идораларга мурожаат йўллади. Максим Черников ва Беҳзод Рустамбеков ҳам худди шундай йўл тутди. Ваколатли органларнинг жавоблари билан масала ечимини топди.

Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги иссиқлик таъминоти ташкилоти истеъмолчига ҳисоблагичдан фойдаланишнинг чекланган муддати тамом бўлганлиги тўғрисида билдиришнома юбормаганлиги оқибатида у ҳисобга олиш асбобини ўз вақтида давлат қиёсловидан ўтказмаганда фойдаланилган иссиқ сув ҳақини квартирада рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) шахсларнинг сони бўйича ҳисоблашни нотўғри деб топди. Адлия вазирлигининг хатида ҳисобга олиш асбобини қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ва етказиб берувчи билдиришнома юбормаган ҳолларда истеъмолчиларга ҳисобланган тўловлар Қоидаларнинг 43-бандига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозимлиги ҳам қайд этилган эди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси истеъмолчиларга билдиришнома юборилмаган ҳолларда ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича ҳисоб-китоб қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади. Ваколатли органлар жавоб хатларида етказиб берувчи Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқиши зарурлигини қайд этдилар.

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг тушунтиришида «Метрология тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш ўлчов воситаларининг белгилаб қўйилган техник талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида бажарилиши ҳам қайд этилган эди. Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларини қиёсловдан ўтказиш муддатининг тугаши уларни шикастланган ва ишлаш қобилиятини йўқотган деб ҳисоблаш учун сабаб бўла олмайди.

Бундан ташқари, етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини чоракда бир марта текшириши, истеъмолчи ҳисоблагич кўрсаткичларини тўғри ёзиб олганлигини текшириш учун уларни ўз маълумотлари билан солиштириши шарт (Қоидаларнинг 58-банди). Бундай текширувларни ўтказиш пайтида етказиб берувчининг вакили индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати яқинлашиб қолганлиги ёхуд тугаганлиги тўғрисида истеъмолчини шахсан хабардор қилиш имконига эга бўлади – деб ёзилган эди тушунтириш хатида.

Вазир ўринбосари етказиб берувчига қуйидагиларни эслатиб ўтган: «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўллаш натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Мазкур Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи … нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши ҳуқуқига эга».

 

Масалани ҳал қилиш ўрнига – компромат излаш?

Блогерларнинг мурожаатларига қатор идоралар бошқача жавоб бердилар. Ё муаммонинг моҳиятини англашни, ёки монополчига қарши чиқишни истамадилар. Шаҳар ҳокимлиги Черниковнинг аризасини Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига йўллади, у эса умумий сўзлар билан жавоб қайтариб қўяқолди. Максим «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан йўл қўйилаётган қонунбузарлик далилларини кўриб чиқишидан умид қилиб мурожаат қилган Бош прокуратура эса аризани шаҳар прокуратурасига жўнатди. У эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, қонуности ҳужжатлар нормаларини уларни қабул қилган органлар расман талқин қилишини айтди. Бироқ блогер аризасида ҳужжатнинг расмий талқин қилинишини эмас, аниқ далилларни қонунийликка риоя этилганлиги борасида кўриб чиқишни сўраган эди. Зеро прокуратура органлари қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қиладилар. Уларнинг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат. Шаҳар прокуратураси Тошиссиққуввати қонунийликка риоя этиши борасида унинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш ўрнига ариза берувчи – Максим Черников иссиқлик энергияси ҳақини қандай тўлаши: қарзи бор-йўқлигини текширди. Яъни амалий ёндашиш ўрнига блогерга қарши компромат излашга тушди.

Баҳсда далил-исбот етишмаса, кўпинча масаланинг моҳиятига бевосита тааллуқли бўлмаган қарши далиллар ишга солинади. Тошиссиққуввати интернет-ҳамжамият маъмури мурожаатларида ариза берувчининг муайян ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор масалаларни ҳал қилиш, поймол қилинган ҳуқуқларини тиклаш ҳақида илтимос қилмаганлигини кўрсатган. НҲҲ нормаларига ҳавола қилган ҳолда ДУКдан амалдаги қонунларни бузмасликни талаб қилган. Иссиқлик таъминотчиларининг фикрича, бу билан блогер назорат органларининг ваколатларини зиммасига олиб, «Тошиссиққуввати» ДУКни лавозим мажбуриятларига совуққонлик қилан ёндашаётганликда, қатор НҲҲни бузаётганликда айбламоқда. Етказиб берувчи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат, табиий монополиялар тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини Монополияга қарши курашиш қўмитаси назорат қилишини кўрсатган. Молия вазирлиги табиий монополиялар субъектларининг нархларини тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади. Бошқача айтганда, иссиқлик таъминотчилари интернет-ҳамжамиятлар маъмури жисмоний шахс сифатида монополчига бундай талабларни қўя олмайди. Улар вакил орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши кераклигини ҳам қайд этганлар. Черников эса бундай ҳужжатларга эга эмас.

 

Жамоатчилик назорати – истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши

Бундай ҳолларда жисмоний шахс қандай йўл тутиши мумкинлигини кўрсатиб ўтамиз.

Республикамизда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун амал қилади, унинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Блогерлар унинг доирасида ҳаракат қилдилар. ЎзР фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган ННТ, ОАВ жамоатчилик назорати субъектларидир (Қонуннинг 3-моддаси). Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг: фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга; ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга; давлат хизматларини кўрсатишга; шартномаларни бажаришга доир фаолияти ва ҳ.к. жамоатчилик назоратининг ­объектидир (Қонуннинг 4-моддаси).

Жамоатчилик назорати субъектлари давлат органларига аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилишга, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга сўровлар юборишга ҳақли (Қонуннинг 7-моддаси). Улар жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органларидан сўраб олишга; фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга; давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилишга; жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақлидир (Қонуннинг 15-моддаси).

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига мувофиқ, фуқаролар ҳам табиий монополиялар субъектларига мурожаат қилишлари мумкин. «Рақобат тўғрисида» ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларга кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари ҳам рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонунлар бузилганлиги тўғрисида ишларни кўришга асос бўлади.

 

Қонунлар ишлаши керак

Сўзимизга хулоса ясаймиз. Қоидаларни «Тошиссиққуввати» ДУК ишлаб чиққан. Ҳужжат 5 йил аввал тасдиқланган. Бу вақт ичида етказиб берувчи ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқиши мумкин эди, бироқ бундай қилмади. Бу ҳолат кишини ўйлантириб қўяди: НҲҲ нормалари лозим даражада ишлаб чиқилмагани сабабли номувофиқликлар юзага келиб, етказиб берувчи билан истеъмолчилар ўртасида ихтилофларга олиб келдими ёки бу ҳужжатдаги нуқсонни ўз манфаати йўлида қўлловчи монополчининг ҳийласими?

Зеро биргина истеъмолчи катта идора ҳуқуқини бузганда ўзини ҳимоя қилиши мушкул. Одатда монополчи жамоатчилик аралашувини хушламайди. Қонунчилик бузилиши унга қўл келади. Оз сонли истеъмолчиларгина ноқонуний ҳисобланмалар юзасидан тортишиш учун етказиб берувчи ҳузурига боради. Кўпчилик қўл силтаб: барибир ҳеч нимага эришмаймиз дейди. Ё компьютер хато қилган, ё ҳужжатлар йўқолган бўлиб чиқади. Навбат кутиш, бир талай маълумотнома йиғиш кўз олдингизга келади. Судларда ҳам қонун талабларидан эмас, кўпинча монополчининг манфаатларидан келиб чиқадилар. Давлат органлари ушбу номаъқулчиликларни тўлақонли назорат қила олмайди. Шу сабабли қонунчиликда жамоатчилик назоратининг роли кучайтирилган, фуқароларга дастаклар ва кенг ваколатлар берилган. Афсуски, уларни кўпчилик қўллай олмайди.

Монополчи ваколатли органлар унинг хатти-ҳаракатларига баҳо берганидан сўнг қонунбузарликка йўл қўйганини тан олишга мажбур бўлди. Бироқ муаммони икки киши кўтариб чиқди. Саъй-ҳаракати, мақсадга эришиш йўлидаги қатъияти, қонунчиликка таянгани, қонунлар ишлаши керак деган позицияда тургани сабабли муваффақиятга эришди.

 

 

 

Шошқалоқлик оқибати

 

Қиёсловдан ўтказиш ҳақида бир йил аввал хабар бериладими?

 

«Тошиссиққуввати» ДУК иссиқ сув ҳисоблагичларини давлат қиёсловидан ўтказиш муддати яқинлашаётгани ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилмаслик билан боғлиқ хатосини тузатишга киришган кўринади. Ўшанда етказиб берувчи қиёсловдан ўтказиш муддатини кечиктирган ва билдиришнома олмаган фуқароларга квартирада рўйхатдан ўтказилганларнинг сони бўйича тўловларни асоссиз ҳисоблаган. Учтепа туманида (фақат ундагина эмас) истеъмолчилар бошқа ҳолатга тўқнаш келдилар. Улар 4 йилни ташкил этадиган қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугашидан анча аввал қиёсловдан ўтказиш зарурлиги ҳақида билдиришнома ола бошладилар. Масалан, 10 ой, бир йил ва ҳатто ундан аввал. Аслида жисмоний шахсларнинг иссиқ сув ҳисоблагичлари 4 йилда 1 марта қиёсловдан ўтказилади. 

 

Таҳририятга мурожаатлардан бирида айтилишича, истеъмолчида ҳисобга олиш асбобини қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугашига анча вақт – 10 ой қолган. Олинган билдиришномада эса қиёсловдан ўтказмаганлиги ва уни ўтказиш учун буюртманома беришни сўраб етказиб берувчига дарҳол мурожаат қилиши зарурлиги кўрсатилган. Истеъмолчи билдиришномани 2019 йил март ойининг бошида олган, иссиқ сув ҳисоблагичини охирги қиёсловдан ўтказиш сертификатининг амал қилиш муддати эса 28.01.2020 йилда тугайди.

«Тошиссиққуввати» ДУК Учтепа бўлинмасида ундан ҳужжатлар пакети: ҳисоблагични охирги қиёсловдан ўтказиш сертификати, иссиқ сув ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги охирги квитанциялар, иссиқлик таъминотчилари ҳисоблагични қиёсловдан ўтказиш учун 2016 йилда ўрнатган пломбани олиш тўғрисидаги далолатноманинг нусхалари, ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари фотосуратини талаб қилдилар. Бунда истеъмолчи узоқ навбат кутишига тўғри келди.

Савол юзага келади: қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугашига ҳали 10 ой қолган бўлса, нега қиёсловдан ўтказиш муддати келди деб чалғитдилар? 10 ойдан кейин охирги қиёсловдан ўтказиш муддати ҳақиқатдан ҳам тугаганда ушбу маълумотлар эскириб, уларни янгилашга мажбур қилсалар, нима учун ҳужжатларни, шу жумладан ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари фотосуратини, охирги квитанцияларнинг нусхаларини йиғди?

Нима учун «Тошиссиққуввати» ДУК неча йилдан бери ҳисобни тартибга сола олмайди? Истеъмолчи мунтазам равишда маълумотномалар, қоғозларни тақдим этса, ҳисоблагич кўрсаткичларини фотосуратга олса (XXI асрда), улар эса иссиқлик таъминоти бўлинмаларида изсиз йўқолиб, кўпинча базада нотўғри маълумотлар пайдо бўлиб қолаверса, унинг ходимлари қандай ишлайди ўзи? Мақталган электрон базалар, замонавий ҳисобга олиш дастурлари қани? Бизга мурожаат қилган истеъмолчи аввалги қиёсловдан ўтказишдан сўнг далолатнома ва сертификат нусхаларини туман иссиқлик таъминоти ташкилотига тилхат олиб топширганини, кейин етказиб берувчи электрон базада қайд этган маълумотларни текшириб, ишонч ҳосил қилганини айтди. Бу ахборотнинг ҳаммаси қаерга йўқолади?

Нима сабабдан етказиб берувчи истеъмолчини 10 ой аввал (бир йил ва ундан ҳам олдин) қиёсловдан ўтказиш ҳақида огоҳлантиришга қарор қилди? Қоидаларда истеъмолчини қиёсловдан ўтказиш ҳақида хабардор қилишнинг чекланган муддати кўрсатилган. Ҳужжатда етказиб берувчи олдиндан, индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишнинг белгиланган чекланган муддати тугашига камида 10 календарь кун қолганда истеъмолчига билдиришнома юбориши қайд этилган. Бироқ хабардор қилиш учун 10 кун озлик қилади. Почта орқали юборилса, истеъмолчига етиб келгунча бир ҳафта ва ундан кўп вақт ўтиши мумкин. Совуқ сув ўлчагичларини қиёсловдан ўтказиш ҳақидаги билдиришнома камида 30 календарь кун олдин истеъмолчига юборилади. Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари учун ҳам худди шундай муддат жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ёхуд етказиб берувчи индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишнинг белгиланган чекланган муддати тугаши ҳақида истеъмолчини қанча вақт мобайнида хабардор қилишини кўрсатиб, формулировкага аниқлик киритиш лозим.

Акс ҳолда навбатдаги қиёсловдан ўтказиш муддати яқинлашганда истеъмолчи буни унутиши, етказиб берувчи эса рўйхатдан ўтказилганлар сони бўйича ҳисобга ола бошлаши мумкин. Бунда истеъмолчини ярим ёки бир йил аввал огоҳлантирганини рўкач қилиши ҳам мумкин. Чунки иссиқлик таъминотчилари билдиришномада уни почта орқали жўнатган ёхуд истеъмолчига тақдим этган санани кўрсатмаганлар. Етказиб берувчи шу тариқа истеъмолчиларни хатловдан ўтказаётган бўлса, билдиришномада айнан шу кўрсатилган бўлиши керак.

Тўғри, етказиб берувчининг фуқаролар яқинлашиб қолган қиёсловдан ўтказиш муддати ҳақида ўзлари қайғуришлари керак дея эътироз билдириши ўринли. Бироқ қонунчиликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида олдиндан хабардор қилиш зарурати белгиланган бўлса, етказиб берувчи ушбу нормаларга риоя этиши шарт.

 

Қиёсловдан ўтказиладими ёки текширувдан?

«Тошиссиққуввати» ДУК ходимлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводсизлигидан кўп шикоят қиладилар, бироқ ўзлари ҳам қўпол хатоларга йўл қўядилар. Хусусан, ҳисобга олиш асбобларини қиёсловдан ва текширувдан ўтказиш турли хил тушунча эканлигига қарамай, уларнинг кўпчилиги бунинг фарқига бормайдилар. «Тошиссиққуввати» ДУК имзолаган билдиришнома ва ҳужжатлар бланкаларида етказиб берувчи текширув ўтказиш зарурлиги ҳақида хабардор қилади, аслида эса ҳисобга олиш асбобини қиёсловдан ўтказиш назарда тутилган бўлади. Бу қўпол хато, НҲҲни бузиб кўрсатишдир, бунинг учун иссиқлик таъминотчилари ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди. Юристлар ёки бундай бланкаларни тарқатишга рухсат бераётган Тошиссиққувватининг масъул ходимлари қаерга қараяпти?

«Метрология тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, ўлчов воситаларини қиёсловдан ўтказиш – ўлчов воситаларининг белгилаб қўйилган техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида давлат метрология хизмати органлари (ваколат берилган бошқа органлар, ташкилотлар) томонидан бажариладиган операциялар мажмуи.

Ҳисобга олиш асбобини текширишга келсак, Қоидаларда бундай тушунча умуман белгиланмаган. Қоидаларнинг 58-бандида назарда тутилишича, етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини чоракда бир марта текшириши, истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбоби ёзиб олинган кўрсаткичларининг тўғрилигини ўз маълумотлари билан текшириши ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши шарт. Бироқ ҳисоблагични бу мақсадда текширишнинг қиёсловдан ўтказишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. НҲҲда бундай формулировка мавжуд бўлмаса, истеъмолчи ҳисобга олиш асбоби текширувдан ўтказилмаганлиги (бунинг учун рўйхатдан ўтказилганлар сони бўйича тўлов ҳисоблангани) учун етказиб берувчининг даъволари юзасидан суд тартибида низолашиши мумкин. Бунда Тош­иссиққуввати ходимлари «текширув» тушунчаси остида нимани назарда тутганларининг аҳамияти йўқ.

 

 

 

Уй бузилганда

 

Ҳокимларнинг кафолат хатлари юридик кучга эга эмас

 

Давлат ва жамоатчилик эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилаётганда фуқароларга тарқатиладиган кафолат хатларига ишонса бўладими? Инвесторлар, қурувчилар, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари турар жойлар бузилаётганда, гаражлар демонтаж қилинаётганда яшовчиларга бузилаётган уй ўрнига янги қурилган уйлардан квартира ёхуд демонтаж қилинган гараж ўрнига замонавий парковкадан жой беришни ваъда қиладилар. Фуқароларга етказилган барча зарар тўлиқ қопланишига ишонтирадилар. Бироқ бундай ёзма мажбуриятлар ҳеч қандай салмоққа эга эмас.

 

«Норма маслаҳатчи» газетаси сонларидан бирида кафолат хатларининг ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлиги масаласини кўтарган эди («Нигерия хати» кафолат бера оладими?», «Норма маслаҳатчи»нинг 4.12.2018 йилдаги 49-сони). Материалда бундай шаклдаги ҳужжат қонунчиликда назарда тутилмаганлиги сабабли ёзма кафолатлар юридик кучга эга эмаслиги ҳақида сўз борган эди.

Фуқаролар қурувчи ва инвесторларнинг кафолат мажбуриятларига ишонмай қўйдилар. Ҳоким ёки унинг ўринбосари имзолаганлари эса бошқа гап, – деб ҳисоблайди фуқаролар. – Улар давлат ҳокимияти органи вакили, демак, масъулият, ҳимоя, умид бор.

ЎзР Адлия вазирлигининг ушбу масала юзасидан, шунингдек турар жойларни бузиш, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан зарарларни қоплаш тартиби ҳақидаги тушунтириши ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган эди. Унда айтилишича, «давлат ва жамоатчилик эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланиши ҳақида ҳокимнинг кафолат хати бериши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бундан ташқари, бундай кафолат хати турар жойга мулк ҳуқуқи юзага келиши ва ўтишини тасдиқловчи ҳужжат деб ҳисобланмайди».

 

 

 

 

Хорижий тажриба

 

Уй-жой соҳасидаги кадрлар: Германияда қандай тайёрланади

 

Ўзбекистонда ислоҳотлар олиб борилаётган УКХ учун кадрларни қаердан топиш масаласи долзарб бўлиб турган бир вақтда Германияда бу муаммо аллақачон ҳал этилган. Соҳа мутахассисларини тайёрлашга оид немис тажрибасидан фойдаланишимиз мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистонда турар жой даҳалари жадал суръатларда барпо этилмоқда. Турар жойни профессионал бошқариш билан боғлиқ қатор масалалар юзага келмоқда. Ҳали хизмат қилиши мумкин бўлган уйлар бузилиб, ўрнига кўп қаватли бинолар қурилмоқда. Германияда эски биноларга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўладилар. Деярли ҳеч бирини бузмай, бундай уйларни реконструкция ва модернизация қилиб, умрини узайтирадилар. Немис мутахассисларининг фикрича, уларни тиклаш арзонроқ ва самаралироқ. Pro House лойиҳаси доирасида ташкил этилган Ўзбекистондан Германияга ўқув сафари иштирокчилари бунга ишонч ҳосил қилдилар.

 

Дастлабки 5 кунда Бохумдаги Европа уй-жой хўжалиги ва кўчмас мулк иқтисодиёти таълим марказида (EBZ) кўп квартирали уйларни уйларни (ККУ) бошқариш бўйича немис тажрибаси ўрганилди. Соҳада таълим тизими яхши йўлга қўйилгани сабабли УКХда кўп натижаларга эришилган. Ўқув маркази – ушбу соҳада профессионалларни тайёрлашга ихтисослашган Германиядаги энг йирик муассасалардан бири. У 1957 йилда ташкил этилган. Урушдан кейинги йилларда Германияни тиклашга киришилганда уй-жой соҳаси мутахассислари: архитекторлар, қурувчилар, кўчмас мулкни бошқарувчилар кабиларга эҳтиёж катта бўлган. Талаб таклифни юзага келтирган – профессионалларни тайёрловчи турли бирлашмалар фаол тарзда тузила бошлаган. EBZ узоқ фаолият юритиб, Европа даражасидаги қудратли таълим тизимига айлана олди. Бу ерда соҳадаги эҳтиёжни имкон қадар ҳисобга олган ҳолда уй-жой хўжалиги учун кадрларни тайёрлашга комплекс, универсал ёндашувни таъминлай олдилар. Молиявий, моддий, интеллектуал ресурслар жамланган мазкур таълим муассасасида мутахассислар тайёрланади, бу ўз натижасини бермоқда. Собиқ совет мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда УКХ учун профессионал кадрлар битта эмас, балки турли ўқув муассасаларида тайёрланади.

Германия уй-жой соҳасида муҳим ўрин эгалловчи 3 та катта бирлашма EBZ муассислари ҳисобланади. У Немис уй-жой компаниялари ва кўчмас мулк компаниялари федерал иттифоқидир. Қарийб 3 000 та тузилма: шаҳар ва федерал даражадаги ерларнинг уй-жой компаниялари унга аъзо. Қарийб 6 млн квартира уларнинг бошқаруви остида бўлиб, уларда 13 млн дан ортиқ киши яшайди. Германияда ижарага олинадиган уйларнинг тахминан 13%и уларга қарашли. Таълим марказининг иккинчи муассиси – Германиянинг ғарбий қисмидаги Немис уй-жой компаниялари ва кўчмас мулк компаниялари иттифоқи. Учинчиси – Турар ва нотурар жойларни бошқарувчи хусусий компанияларнинг федерал иттифоқи. Кўчмас мулк соҳасидаги ушбу ўрта бизнес уюшмаси 1946 йилдан бери федерал ва маҳаллий даражада фаолият юритиб келади. Унинг аъзолари – УКХ учун лойиҳа ҳужжатларини буюртирувчилар ва ишлаб чиқувчилар, кўчмас мулк ва уй-жой мулкдорлари бирлашмаларининг бошқарувчилари, уй-жой хизматларини етказиб берувчилар ва ҳ.к.

Ушбу қудратли учлик EBZ таълим тузилмалари фаолиятини молиялаштирувчи фондга асос солган. 2 410 нафардан ортиқ ўқувчи уларда кўплаб ихтисосликларни ўзлаштиради. Профессионалларнинг ушбу армияси кўп квартирали уйларни бошқариш, иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, молиялаштириш, маркетинг ва менежмент, бинолардан фойдаланиш, уларни модернизациялаш ва санациялаш, хусусийлаштириш, шаҳарлар ва турар жой мавзеларини ривожлантириш дастурларини режалаштириш ва ҳ.к. соҳаларда фаолият юритади.

EBZ таркибига коллеж, бизнес-мактаб – амалий фанлар университети, академия, Бохумдаги Рур университети ҳузуридаги таълим марказининг шуъба бўлинмаси ҳисобланган Уй-жой хўжалиги ва кўчмас мулк илмий-тадқиқот институти (INWIS) киради. ИТИ 1994 йилда ташкил этилган. У уй-жой хўжалиги ва кўчмас мулк бозорининг турли жиҳатлари бўйича хусусий ва давлат корхоналарини қўллаб-қувватлайди ва уларга маслаҳат беради. INWIS илмий фаолияти ва консалтинг йўналишлари сирасига уй-жой бозорларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ижара қиймати, турар жой даҳаларини ривожлантириш, хизматларни баҳолаш, кексалар учун турар жой, уй-жой ва ижтимоий сиёсат ва ҳ.к. киради. Академия таркибида мутахассислар шу жумладан сиртдан ва масофадан туриб малака ошириб, иқтисодчи, кўчмас мулк бошқарувчиси ихтисосликларига эга бўладилар. EBZ ҳузуридаги коллежни сертификатланган иқтисодчилар, кўчмас мулк бўйича ассистентлар битириб чиқади. Амалий фанлар университети олий маълумот олиш имконини беради. Унда кўчмас мулкни бошқариш, бизнес-маъмуриятчиликни ўзлаштирадилар. 

Хусусан, энергия тежамкорлиги бўйича назарий курс шу ернинг ўзида амалиётда мустаҳкамланади. Ўқув комплексининг бир қатор хоналарида энергия самарадор архитектура, муҳандислик, конструктив ечимлардан фойдаланилган, ўзбекистонликлар улар билан танишдилар.

Европа таълим маркази тузилмаларида ўқитиш пуллик. Кўпинча уни ўзи учун мутахассисларни тайёрлаётган давлат муассасалари ва хусусий компаниялар тўлайди.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 1172 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика