Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Муқобил энергетикани ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари
«Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун (21.05.2019 йилдаги ЎРҚ–539-сон) билан давлат сиёсатининг мазкур соҳадаги йўналишлари белгиланди.
Ҳужжатда, хусусан, ваколатли органларнинг ваколатлари, энергия ва қайта тикланувчи манбалар қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ресурслар, ишлаб чиқариладиган энергия ва қурилмаларнинг давлат ҳисоби, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тартиби белгиланди.
Давлат соҳа ривожини, хусусан, имтиёз ва преференциялар билан қўллаб-қувватлайди:
► қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга озод этилади;
► қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 5 йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади;
► амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи (энергия таъминоти ташкилотининг маълумотномаси билан тасдиқланади) шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан 3 йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди;
► амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи (энергия таъминоти ташкилотининг маълумотномаси билан тасдиқланади) шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан 3 йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Фойдаланилиши энергия самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.
Электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Масалан, учала ҳолатда рухсат берувчи ҳужжатларни олиш талаб этилмайди. Муқобил электр энергия ишлаб чиқарувчилар блок-станциялар шартлари асосида, шунингдек танлов асосида ягона электр энергетикаси тизимига уланиши мумкин. Иссиқлик энергияси ва биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларга қурилмаларини ҳудудий ва магистрал иссиқлик тармоқларига улаш тақиқланади. Локал тармоқларни барпо этиш ва қурилмаларни уларга улаш ишлаб чиқарувчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, истеъмолчилар шартнома шартлари асосида локал тармоққа уланадилар.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясига доир тарифлар танлов савдолари асосида белгиланади. Якуний истеъмолчилар учун уларни шакллантиришда барча ишлаб чиқариш манбаларидан, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини харид қилиш бўйича барча харажатлар ҳисобга олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 22.05.2019 йилдан кучга кирди.
Иқтисодий суд ишларини юритишга судгача мажлис жорий этилмоқда
Иқтисодий процессуал кодексга тегишли тузатишлар киритилди (23.05.2019 йилдаги ЎРҚ–541-сон Қонун).
У фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича (соддалаштирилган тартибда кўриладиган ишлар бундан мустасно) даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган кундан эътиборан 10 кун ичида ўтказилади. Судгача мажлис ўтказиш чоғида судья:
► даъвогарни ўзи арз қилган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;
► ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабларига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгарнинг ёзма тушунтиришларни ва далилларни тақдим этмаганлиги, шунингдек суд мажлисига келмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;
► тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;
► ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда суд муҳокамасининг прогноз қилинаётган, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган илтимосномалар ва ҳужжатларни судга топшириш, гувоҳлар мавжуд бўлганда уларнинг рўйхатларини алмашиш муддатларини назарда тутувчи жадвалини аниқлайди;
► суд мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув, ИПКнинг 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.
Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этишни таъминлайдиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.
Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилади. Унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судьянинг ва мажлис котибининг (судья ёрдамчисининг ёки катта ёрдамчисининг) фамилияси ҳамда исми-шарифининг бош ҳарфлари; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ҳақидаги ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар. Тарафлар келмаган тақдирда, судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатларни амалга оширади (ИПКнинг 163-моддаси 1 ва 2-қисмлари), баённома эса тузилмайди.
Судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши (ИПКнинг 101, 102-моддалари) ёки тугатилиши (ИПКнинг 110, 111-моддалари), даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши (ИПКнинг 107-моддаси) мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 24.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга – солиқ ва божхона имтиёзлари, кредитларни қоплаш
Ушбу ва қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид бошқа чора-тадбирлар Президентнинг 23.05.2019 йилдаги ПҚ-4335-сон қарорида назарда тутилган.
Яқин йилларга қатор истиқболли лойиҳалар белгиланди
2019–2021 йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар рўйхати тасдиқланди. Уларни биргаликда молиялаштириш учун халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш кўзланмоқда. Молиялаштириш миқдори импорт орқали келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг қиймати миқдорига тенг бўлади, бироқ лойиҳа бўйича умумий капитал харажатларнинг 70%идан ошмайди.
Тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар
2019 йил 1 июлдан бошлаб:
► маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари «Ўзстандарт» агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;
► тадбиркорлик субъектларининг солиққа тортиш базаси 5 йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига, бироқ энергетика ва транспорт вазирликлари томонидан белгиланадиган нормативларга мувофиқ ҳисобланадиган суммадан ортиқ бўлмаган миқдорга камайтирилади;
► Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қурилиш материаллари саноати соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 2022 йил 1 июлга қадар жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашни бошлайди. Миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз қоплаш миқдори МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошган миқдорида, бироқ 10 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича қоплаш белгиланган ставканинг 40%и миқдорида, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорни ташкил қилади;
бундан ташқари, Давлат жамғармаси томонидан бундай кредитлар бўйича кредит суммасининг 50%игача, бироқ 8 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади;
► тегишли синовлардан ўтган ва белгиланган тартибда мувофиқлик сертификати берилган қурилиш материаллари қурилиш ишларида қўлланилиши мумкин;
► техноген минерал ҳосилаларнинг тури ёки кўриниши, уларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳамда уларни сақлашнинг кон-техникавий шарт-шароитларини тавсифловчи маълумотлар тадбиркорлик субъектларига уларнинг сўровига асосан бепул тақдим этилади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 январга қадар тасдиқланган рўйхат бўйича олиб келинаётган хом ашё божхона божларини тўлашдан озод этилади.
Хом ашё қазиб олиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми оширилади
2019–2025 йилларда:
► геология-қидирув ишларини олиб бориш асосида қурилиш индустриясининг хом ашё базаси ҳажмларини оҳактош бўйича – 13,1 млн тоннага, гипс тоши бўйича – 1,8 млн тоннага, лойсимон компонентлар, ғишт хом ашёси, кварц қуми бўйича – 1 млн тоннага, кўчган тоғ жинслари (базальт) бўйича – 0,1 млн тоннага, тош-шағал материаллар бўйича – 5,6 млн метр кубга;
► ишлаб чиқариш ҳажмларини обойлар бўйича – 47 баробардан ортиқ ҳажмга, йиғилган паркет панеллари ва плиталари бўйича – 19 баробарга, ёғоч қириндили плиталар ҳамда ёғоч ва бошқа ёғочбоп материаллардан тайёрланган плиталар бўйича – 15 баробарга, газбетон блоклари бўйича – 7 баробарга, лок-бўёқ материаллари ҳамда энергия ва иссиқликни тежовчи флоат-технология асосида ишлаб чиқарилган архитектура-қурилиш ойнаси бўйича – 4 баробарга, базальтдан тайёрланадиган композит арматура бўйича – 3 баробарга ва цемент бўйича – 2 баробарга ошириш режалаштирилмоқда.
Янги стандартлар ва ҚНваҚ қабул қилинади
Қуйидагилар:
► 2021 йилнинг 31 декабрига қадар давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали қабул қилинадиган қурилиш материаллари соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати;
► 2019 йилда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қурилиш меъёрлари ва қоидалари рўйхати тасдиқланди.
Лицензия талаблари қатъийлашади ва энергия тежамкорлик мезонлари жорий қилинади
Норуда фойдали қазилма бойликлар мавжуд ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича лицензиялар бериш тартиби такомиллаштирилади. Айнан: мурожаатчилар зарур малакали мутахассисларга эга бўлиши ҳақидаги мажбурий лицензия талаби жорий этилади. Таклифлар бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Энергия тежамкорлик мезонларига мувофиқ келмайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар 2021 йил 1 январга қадар кўмирдан ва табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказилади. 1 сентябрга қадар энергия тежамкорлик мезонларига мувофиқ келувчи меъёрлар ва мезонлар тасдиқланади. Тадбиркорлар мамлакатда қазиб олинадиган кўмирнинг прогноз ҳажмлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги йиллар ва ҳудудлар кесимидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари мумкин.
Диққат марказида – кадрлар ва ташкилий масалалар
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах ва Фарғона политехника институтларида «Қурилиш материаллари, буюмлари ва қурилмаларини ишлаб чиқариш технологиялари», «Йиғма темирбетон, бетон қурилмалар ва буюмларни ишлаб чиқариш», «Материалшунослик ва янги турдаги қурилиш материаллари технологияси (турлари бўйича)», «Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси» таълим йўналишларида кадрлар тайёрлашни бошлайдилар. Ўқув шакллари – кундузги ва сиртқи.
Бундан ташқари, техника йўналишидаги олий таълим муассасаларига 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб қурилиш материаллари саноати соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи ўқув шакли бўйича тўлов-шартнома асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи тақдим этилди. Мазкур соҳадаги корхоналарда ишлаётганлар иш берувчиларнинг тавсияномасига ва ўтказилган суҳбат натижаларига асосан талаба бўлишлари мумкин.
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошида инновацион ривожланиш вазири бошчилик қиладиган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ташкил этилади, шунингдек Уюшма раисининг илм-фан ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.
Нархлар оширилишига йўл қўйилмайди
Монополияга қарши курашиш қўмитасига қурилиш материаллари нархларининг асоссиз равишда оширилишига йўл қўймаслик ва уни кузатиб бориш топширилди. Бунинг учун маҳсулотларнинг биржа савдоларига қўйилиши ва сотилишида шаффофлик таъминланади ва нархлар бўйича кунлик мониторинг олиб борилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 25.05.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.