Norma.uz

Пенсия олиш ҳуқуқи

 

Иш ҳақи ва стажни ҳисоблашдаги нозик жиҳатларни билмоқчи бўлсангиз, бунда сизга «Пенсия иши»нинг бугунги сони ёрдам беради. «Норма» эксперти вазиятни тушунтириб, тавсиялар беради.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига йўлланг.

 

 

Расмий жавоб

 

Пенсия олиш ҳуқуқи

 

Холам ишдан кетишга мажбур бўлган, сабаби фарзанди – болаликдан ногирон. Ҳозир у улғайган, лекин барибир парваришга муҳтож. Холамнинг пенсияга чиқишига жуда оз вақт қолди.

Иш стажи кам бўлса, у пенсия оладими?

Хизматуллаев. Тошкент ш.

 

– Ногиронни 8 ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига нафақат иш стажи, балки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш вақти ҳам қўшиб ҳисобланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 38-банди).

МИСОЛ. Аёл 8 йиллик иш стажига эга. Туғилган ногирон болани парвариш қилиш зарурлиги туфайли меҳнат фаолиятини тўхтатган. Пенсия ҳисоблаётганда унга 16 ёшгача қараб туриш вақти (8 + 16 = 24) стажга қўшиб ҳисобланади.

Бола 16 ёшга тўлганда доимий парваришга муҳтож I гуруҳ ногирони деб топилган бўлса, унга қараб турувчи бу йилларни қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқлаши керак:

♦ қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси;

♦ ногиронликда бўлганликни (I гуруҳ ногиронлари ва ногирон болалар учун), ёшни (кексалар ва ногирон болалар учун) тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисида (кексалар учун) даволаш муассасасининг тиббий хулосаси.

Пенсия жамғармаси бўлими текшириш далолатномасини ҳар 12 ойда тузади. Улар I гуруҳ ногиронининг пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади (252-сон Низомнинг 65-банди).

Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни 8 ёшгача тарбиялаган бўлса – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда, охирги иш жойидан қатъи назар, белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «з» кичик банди).

 

Барча даромадлар – ҳисобда

 

Эшитишимча, шу йилдан суғурта бадаллари бекор қилинибди.

Пенсия ҳисобланаётганда иш ҳақи қандай ҳисобга олинади?

 

– Ҳа, 2019 йил 1 январдан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги фуқароларнинг даромадларидан ушлаб қолинадиган фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди (Қонунга ўзгартиришлар 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонун билан киритилган).

Энди пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади.

Давлат ижтимоий суғуртасига тааллуқли бўлмаган шахсларга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ўхшаш пул таъминотининг барча турлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилади.

Ўқиш даврида тўланган стипендия пенсия сўраб мурожаат этувчининг хоҳишига кўра иш ҳақига тенглаштирилади.

Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг (якка тартибдаги тадбиркор ва у томонидан ёлланган ходимнинг, деҳқон хўжалиги ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзосининг) пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори:

♦ 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан;

♦ 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Қонуннинг 32-моддаси).

 

 

Имконият бор

 

Россияга ишлаш учун борсам, пенсияга чиқаётганимда бу вақтни ҳисобга олишлари учун Ўзбекистон Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўласам бўладими?

 

– Ҳукуматнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори билан Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом (1-илова) тасдиқланган.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайди.

Ўзбекистонга келганингизда паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлик тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) асосида мамлакат ва чет элда бўлган вақтингиз ҳақида маълумотнома (белгиланган намунадаги) олишингиз керак бўлади, у Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни қайд этиш учун асос ҳисобланади (Низомнинг 6-банди).

Бадаллар Пенсия жамғармасига тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек сиз пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилашингиз мумкин. Қанча кўп бадал тўласангиз, пенсиянгиз шунча кўп бўлади (Низомнинг 8-банди).

 

Маълумот учун!

Иш СТАЖИ иш, хизмат, ўқиш ёки иш стажига қўшиб ҳисобланадиган бошқа фаолиятни амалга ошириш жойидан, шунингдек АРХИВ муассасалари томонидан берилган ҲУЖЖАТЛАР асосида белгиланади.

 

 

Стажга мутаносиб равишда

 

Пенсия ёшига тўлишимга оз қолди. Афсуски, сўнгги пайтларда ҳеч қаерда ишламаяпман. Зарур 20 йиллик стажга эга эмасман (атиги 18 йил ишлаганман).

Нормал пенсия олишга умид қилсам бўладими?

Мария Р. Тошкент ш.

 

– Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, пенсия олиш ҳуқуқи юзага келади (Қонуннинг 8-моддаси). Шу сабабли 55 ёшга тўлганда пенсияни расмийлаштириш учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Пенсия мавжуд стажингиз – 18 йилга мутаносиб миқдорда тайинланади (Қонуннинг 29-моддаси).

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг бошлиқ ўринбосари.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Ижтимоий ҳимоя – барча учун

 

11.02.2019 йилдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди.

 

Ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирларни шартли равишда 3 та блокка бўлиш мумкин.

Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун:

1) 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;

2) банклар кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитларини ажратадилар (шу жумладан, ушбу тоифадаги 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларга). Бунда ёш оилалар учун назарда тутилган шартларда маблағ берилади. Дастлабки бадал Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун имтиёзли кредитлар расмийлаштирилади.

3) тарбия муассасаларини тамомлаганларнинг ишга жойлаштирилиши устидан тизимли мониторинг механизми ўрнатилади. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририда ушбу йўналишда қўшимча кафолатларни назарда тутиш вазифаси топширилди.

4) 2019 йил 1 апрелга қадар тутинган ота-оналар доимий прописка қилинган уй-жой майдонига Тошкентда ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинишини таъминлаш бўйича таклифлар киритилади.

«Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларини ижтимоий ҳимоя қилиш режасида:

1) 2019 йил 1 мартдан санаб ўтилган ходимларнинг базавий тариф ставкаси 1,5 баробарга оширилади ва у умумтаълим мактабларининг тегишлича раҳбар ва педагогик ходимлари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгиланади. 1 октябрдан эса уларнинг миқдорлари бир-бирига тенглаштирилади, бунда айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбиячилари учун кўзда тутилган устама бекор қилинади.

2) 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75%и миқдорида тўланади.

3) васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 000 сўм миқдорида компенсация тўланади. Кейинчалик компенсация инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

4) болалар уйлари, ногирон болалар учун «Мурувват» интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорлари қўлланилади.

5) оилавий болалар уйлари тарбияловчи ота-оналарининг базавий тариф ставкаси «Меҳрибонлик» уйлари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкасининг икки баробари миқдорида ҳисобланади. Тегишинча, меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун амалдаги устама ҳақи бекор қилинади. Бироқ «Меҳрибонлик» уйлари тарбиячилари учун белгиланган ҳар йилги таътиллар, имтиёзлар ва кафолатлар бериш тартиби сақлаб қолинади.

«Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган:

бир ой муддатда 1 та психолог штат бирлиги, тарбияланувчилари сони 200 нафардан ортиқ бўлган муассасаларга 2 та психолог штат бирликлари киритилади;

2019 йил давомида замонавий компьютер синфлари очилади, тарбияланувчиларни замонавий компьютер дастурлаш кўникмаларига ўқитиш ташкил қилинади. Электрон ўқув материалларидан фойдаланиш мақсадида муассасалар «ZiyoNET» таълим тармоғига уланади;

«Меҳрибонлик» уйлари босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказилади (2019–2023 йилларда «Меҳрибонлик» уйларини ноинституционаллаштириш дастури ишлаб чиқилади);

1 июнгача мазкур муассасаларнинг ҳудудлари ва хоналари видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Видеоёзувлар махсус архивда камида 1 ой давомида сақланади.

Бундан ташқари, васийлик ва ҳомийлик органлари, «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйлари ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бошқа тарбия муассасалари:

давлат нотариал идоралари, Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ ва ички ишлар органлари, давлат тиббиёт ва бошқа муассасалар орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Экспертга савол

 

Стаж, бадаллар ва ҳисоб-китоб ҳақида

 

Меҳнат дафтарчасида ходим ташкилотга 2005 йилда ишга қабул қилиниб, 2015 йилда ишдан бўшатилганлиги тўғрисида ёзув қайд этилган. Иш ҳақи тўғрисидаги архив маълумотномасида эса у 2013 йилда ишга қабул қилиниб, 2015 йилда бўшатилганлиги тасдиқланган. Пенсия ҳисоблаётганда 2005–2013 йиллар иш стажига қўшиб ҳисобланмаяпти, яъни ёзув ҳақиқий эмас бўлиб чиқмоқда. Бироқ охирги 10 йиллик ўртача иш ҳақини ҳисоблаётганда 2013–2015 йиллардаги иш ҳақини 60 ойга, яъни 2010–2015 йиллардаги ойларга бўлаяптилар. Шу тўғрими?

Стаж иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома билан тасдиқланмаса, демак, стаж ҳисобга олинмайдими?

Бу даврдаги стаж ҳисобга олинмаса, меҳнат стажи бўлмаган даврдаги иш ҳақини бўлиш мумкинми?

Ч.С. Тошкент ш.

 

– Иш стажи ва охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги иш ҳақи тушунчаларини фарқлаш зарур.

2019 йил 1 январгача ходим, фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаган бўлса, давлат ижтимоий суғуртаси тўланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига киритилади.

Суғурта бадаллари тўланганлиги далили архивлар ёки фуқаро ишлаган ташкилотлар томонидан бериладиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар асосида аниқланади.

Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома мавжуд бўлмаганда, айнан сизнинг ҳолатда иш стажини аниқлаш муаммосини қуйидагича ҳал қилиш мумкин.

Маълумки, 2005 йилдан мажбурий жамғарилиб бориладиган пенсия тизими жорий этилган. Иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда, иш ҳақи миқдорини аниқлаш 2005 йилдан кейинги давр учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади (252-сон Низомнинг 85-банди).

Тегишинча, Халқ банки филиали орқали жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этсангиз, тушумлар келиб тушган даврлар иш стажига қўшиб ҳисобланиши керак. Тушумлар келиб тушмаган бўлса, бу даврлар иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.

Энди ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш тартибига келсак.

Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (252-сон Низомнинг 86-банди).

Юқорида кўрсатилганидек, жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўланганда унинг миқдори 2005 йилдан кейинги давр учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиқиб белгиланади.

 

МИСОЛ. 2005 йилда бадал ставкаси ҳисобланган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланган иш ҳақининг 1%ига тенг бўлган. Тегишинча, ойлик иш ҳақи қуйидагича ҳисобланади (бадал суммаси 1 000 сўмга тенг бўлса): 100 х 1 000 сўм = 100 000 сўм.

 

Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим этилмаганлиги ёки уларнинг ишончлилиги ва асослилигини текшириш мумкин эмаслиги муносабати билан иш стажига киритилмаган даврлар, шунингдек иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш даврлари меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даври учун иш ҳақини ҳисоблаб чиқишдан чиқариб ташланмайди (252-сон Низомнинг 88-банди).

Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (252-сон Низомнинг 101-банди).

Баён этилганлардан келиб чиқилса, Пенсия жамғармаси ходимлари 2013–2015 йиллардаги иш ҳақини аниқлашда (олинган иш ҳақи суммасини 60 га бўлишда) қонун ҳужжатларига қатъий амал қилганлар.

Бундан ташқари, сизнинг ҳолатда 2005–2012 йиллардаги меҳнат фаолияти ҳақидаги ёзувлар ҳақиқий эмас деб топилган. Қонунга кўра меҳнат дафтарчасидаги суд тартибида сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) деб топилган ёзувлар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди (252-сон Низомнинг 88-банди).

Шу сабабли 2005–2012 йиллардаги иши тўғрисидаги ёзувлар суд тартибида сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) деб топилса, ўртача ойлик иш ҳақини 1998–2004 ва 2013–2015 йиллардаги (ушбу даврлар, ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти сифатида тан олинади) иш ҳақидан ҳисоблаш мумкин бўлади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Уй бекалари ўзгартиришларни кутмоқдалар

 

Эшитишимча, ҳозир ишловчи эр уй бекаси бўлган хотини учун ҳар ой қўшимча суғурта бадалларини тўлаши мумкин экан, ана шунда кейинчалик у пенсия олиш имконига эга бўлармиш.

Шу тўғрими?

Д.Абдуллаева.

 

– Афсуски, ҳозирча йўқ. Бу Пенсия жамғармасининг Пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси доирасидаги таклифларидан бири.

Концепцияни 2019 йил давомида тасдиқлаш назарда тутилмоқда. У тасдиқланишига қараб қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар (шунингдек янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунни тасдиқлаш режалаштирилмоқда), шу жумладан ишловчи эрнинг уй бекаси бўлган хотини учун ҳар ой қўшимча бадаллар тўлаши тўғрисидаги таклиф ҳам киритилади.

Бунда мазкур таклиф рад этилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

 

Маълумот учун!

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлик ПЕНСИЯЛАРИ иш стажидан ­ҚАТЪИ НАЗАР ТАЙИНЛАНАДИ.

 

 

 

Хато учун тўлов

 

Пенсия жамғармасидагиларнинг айтишича, пенсия ҳисобланаётганда хатога йўл қўйилганлиги сабабли ортиқча тўланган пулларни уларга қайтаришим керак эмиш.

ПЖ ходимлари ҳақлими? Мен қанча тўлашим керак?

А.Розунова. Тошкент ш.

 

– Дарҳақиқат, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда пенсиялардан чегирмалар қилиниши мумкин (Қонуннинг 65-моддаси).

Ҳисоблашдаги хато деб пенсия ва нафақаларни ҳисоблашдаги арифметик ҳаракатлар (қўшиш, айириш, бўлиш, кўпайтириш) билан боғлиқ хато, дастурий таъминотга маълумотларни киритишдаги механик хато, шунингдек, дастурий таъминот ишидаги бузилиш оқибатидаги хато тушунилади.

Техник хато деб дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилади. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади (АВ томонидан 26.10.2016 йилда 2835-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 11-банди).

Пенсионер Пенсия жамғармаси бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан 3 йил учун суд орқали ундирилади (Йўриқноманинг 13-банди).

Йўриқномада пенсиялардан чегирмалар миқдорлари ҳам аниқ белгиланган:

♦ ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10%;

♦ қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш натижасида – 30%;

ЭКИҲнинг 2 баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича – 5% (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш ҳолатларидан ташқари) (Йўриқноманинг 12-банди).

Шу билан бирга Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020–2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарори (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон) билан республика Молия вазирлигига 2019 йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш вазифаси топширилган (ПҚ-4086-сон қарорнинг 28-банди). Ҳужжатда ҳисобдан чиқариш учун муайян шартлар (пенсионернинг ёши, пенсия тайинланган сана ёки б.) назарда тутилмаган.

Илгарироқ Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ-5291-сон Фармони билан 1.01.2018 йилдаги ҳолатга кўра:

♦ 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан;

♦ пенсия ёки нафақа 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган бўлса, ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаларини ҳисобдан чиқариш назарда тутилган эди. Афсуски, аниқроқ жавоб беришимиз учун пенсияни қачон тайинлаганларини, ёшингиз нечадалигини ва бошқа маълумотларни кўрсатмагансиз. Вазиятга ойдинлик киритиш учун прописка қилинган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганингиз маъқул.

 

 

 

Йиллар соатлардан ҳисоблаб чиқарилганда

 

Авиация соҳасида ишлайман.

Учувчилар таркибида ишловчилар пенсияга чиқаётганда хизмат муддати қандай ҳисобланади?

Сергей Т.

 

– Мурожаатингизда учувчилар таркибидаги ходимларнинг айнан қайси тоифасига киришингизни кўрсатмагансиз. Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар тоифаси Ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-рўйхати (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) III қисмида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, авиация соҳасида ишловчилар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бунда улар хизмат муддатини ана шу лавозимларда: эркаклар – камида 25 йил ва аёллар – камида 20 йил адо этишлари керак (Қонуннинг 10-моддаси «в» кичик банди).

Хизмат муддати учиш соатига қараб ҳисобланади. Масалан, самолётларда учишларнинг ҳар 20 соати – белгиланган хизмат муддатининг 1 ойига ўтади.

Вертолётларда, махсус қўлланиладиган авиациядаги (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофото­съёмкалар, патруллик қилиш, атмосферани текшириш ва ишларнинг бошқа турлари), чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳ таркибидаги лавозимларда (бошловчи сифатида), командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларда, шу жумладан, авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар 12 соати – белгиланган хизмат муддатининг 1 ойига ўтади.

Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) ҳаво кемалари экипажи таркибида 1 йил ишлаш – белгиланган хизмат муддатининг 1,5 йилига ўтади. «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларининг учувчилар таркибидаги лавозимларда 1 йил ишлаш, тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажарган тақдирда – белгиланган хизмат муддатининг 1,5 йилига, мураккаб ва олий пилотаж элементларини бажарган тақдирда эса – 2 йилига ўтади (252-сон Низомнинг 42-банди, ушбу Низомга 4-илова).

Бу бир нечта мисол холос, улардан кўриниб турганидек, хизмат муддатини ҳисоблаб чиқараётганда 1-рўйхатда кўрсатилган ҳар бир лавозим муайян учиш соатига ва бир қатор шартларга (сакрашларнинг йиллик нормаси, синовларда иштирок этиш, олий пилотаж фигураларини бажариш ва ҳ.к.) мувофиқ келиши керак.

Баъзан киши бир йил давомида синов учишларида иштирок этмаган, бироқ транспорт самолётида учган, учишга тайёргарлик тартибида шуғулланган бўлиши мумкин ва ҳ.к. Унинг белгиланган хизмат муддати фуқаро авиацияси учувчилари таркибига кирувчиларга пенсия тайинлаш учун белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Ходим йил давомида учмаган бўлса, бу вақт белгиланган хизмат муддатига кирмайди. Бироқ ушбу йил умумий меҳнат стажига қўшилади.

Учишларда иштирок этмаслик синов парвозларини бажаришдаги меҳнат шикастланиши билан боғлиқ бўлса, белгиланган хизмат муддати ҳақиқий учиш даври бўйича ҳисобга олинади.

Шуни ҳам қўшимча қилиб ўтиш жоизки, қуйидагилар ҳам белгиланган хизмат муддатига киради:

♦ Ўзбекистон Қуролли Кучларида учувчилар таркиби лавозимларидаги хизмат вақтлари, авиацияда ишлаш даври;

♦ 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элларда хорижий авиация учувчилари таркибидаги лавозимларда ишлаш вақти – бунда хизмат муддати бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ҳисоблаб чиқилади;

♦ учувчилар таркибидаги ходимлар учун – авиация олий ўқув юртларидаги ўқиш вақти (ҳақиқий ўқиш вақти бўйича) – агар ўқишга киришдан олдин учиш лавозимларида ишлаган бўлса.

1992 йилнинг 1 январигача бўлган иш давридаги белгиланган хизмат муддати ана шу санагача бўлган қоидалар асосида ҳисоблаб чиқилади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Ўзбекистонда доимий яшайдиган ХОРИЖИЙ фуқароларга ва ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН шахсларга чет элдаги иш стажига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3 дан ортиқ бўлмаган доирада КИРИТИЛАДИ.

 

 

Буни билган маъқул

 

3 йилдан ортиқ эмас

 

Болани парваришлаш таътили – пенсия тайинлаш чоғида ҳисобга олинадиган иш стажи сингари давр. Уни қўшиб ҳисоблашлари учун қуйидаги қоидаларни билиш зарур.

 

Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил қўшиб ҳисобланади.

 

МИСОЛ: Агар 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл иш стажининг 8 йили мобайнида жами 3 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил иш стажи ҳисобланади (30 йил – 8 йил + 3 йил = 25 йил).

 

Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти қуйидаги маълумотномалар билан тасдиқланади:

♦ болани парваришлаш вақти тўғрисидаги. У болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда ташкилот томонидан берилади;

♦ ойлик иш ҳақи тўғрисидаги. Маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки улар тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда қабул қилинади.

Архив томонидан тасдиқланган ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, болани парваришлаш таътилида бўлиш даври қуйидаги даврларни ташкил этади:

♦ 1 йил – 1971 йил 1 январдан 1983 йил 1 ноябргача туғилган бола учун;

♦ 1,5 йил – 1983 йил 1 ноябрдан 1990 йил 1 июлгача туғилган бола учун;

♦ 3 йил – 1990 йил 1 июлдан кейин туғилган бола учун.

Болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалиги аъзосининг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини аниқлашда, агар жамоа хўжалиги аъзоси бўлган, бола туққан аёл жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини бажармаган бўлса, бола туғилган йил (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганнинг танлови бўйича) меҳнат стажининг тўлиқ йили, бироқ жами кўпи билан 3 йил сифатида ҳисобга олинади (252-сон Низомнинг 35-банди «ж» кичик банди).

 

 

Янгиликлар

 

Расмий алоқа каналлари орқали

 

Ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий таъминотда хизмат кўрсатиш сифатига оид халқаро интерактив семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

 

Кенгаш якунида Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Россия Федерацияси Пенсия жамғармаси ўртасида расмий алоқа каналлари орқали фуқароларнинг иш стажини тасдиқлаш тўғрисидаги сўровларни бериш ва олишда электрон ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Тегишли маълумотларни олиш ёки жўнатиш учун электрон алоқа каналларини қўллаш фуқароларнинг меҳнат қилган даврини тасдиқлашда маблағ ва вақтини тежаш имконини беради.

Шу билан бирга Қозоғистон Республикасининг «Ҳукумат фуқаролар учун» давлат корпорацияси билан иккала давлатда пенсия ва нафақа олувчиларга доир маълумотларни электрон айирбошлаш ва солиштириш ишини ташкиллаштириш юзасидан келишувга эришилди.

 

Манба: pfru.uz.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 291 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика