Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 11 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Ердан фойдаланганлик устидан назорат кучайтирилади

 

4.03.2019 йилдаги ЎРҚ–526-сон Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз ёки ҳужжатда кўрсатилганига нисбатан катта ҳажмдаги ер участкаларидан фойдаланилганлик ва ер участкасига бўлган эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳоллари ҳақида солиқчиларга маълум қилиши шарт. Бунга мазкур ҳоллар аниқланган кундан эътиборан 10 кунлик муддат берилади.

Эслатиб ўтамиз, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиш молиявий жазо чорасини қўллашга – жисмоний шахсларга ер солиғининг уч баравари миқдорида, юридик шахсларга эса тўрт баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Солиқ кодексининг 121-моддаси). Параллель равишда, айбдорлар ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликлари учун жавобгарликка тортилишлари мумкин (МЖТКнинг 60-моддаси; ЖКнинг 2291-моддаси).

Бундан ташқари, ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида ДСҚга ахборот тақдим этиш даврийлиги белгиланди: ҳар йили январь ойининг биринчи ўн кунлигида, йил давомида норматив қиймат ўзгарган тақдирда – янги норматив қиймат аниқланган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда. Ахборот ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар томонидан электрон шаклда тақдим этилади.

Ергеодезкадастр давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда ва иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Ўз ерида ўзбошимчалик билан қурилган иморатни расмийлаштирмайдилар

 

Уч ойдан кейин мамлакатимизда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби ўзгаради. 4.03.2019 йилдаги ЎРҚ–526-сон Қонун билан Фуқаролик кодексига тегишли тузатишлар киритилди.

 

Умумий қоидага кўра ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Бундай иморат суднинг қарорига биноан уни қурган шахс томонидан бузиб ташланиши лозим. Бироқ қоидадан иккита истисно аввалбошдан назарда тутилган.

Биринчиси – ўзига ажратилмаган ер участкасида шахснинг ўзбошимчалик билан қурган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини суд, башарти мазкур ер участкаси шу шахсга қурилган иморат учун белгиланган тартибда ажратиладиган бўлсагина, эътироф этиши мумкин. Яъни ер участкасини бериш тўғрисидаги ҳокимликнинг қарори билан ҳам судга мурожаат қилиш мумкин. Бу ҳолда суд ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида тақдим этилган даъвога бўлган муносабатини аниқлаш учун ҳокимликни арз қилинган талаб тўғрисида хабардор қилади. Бунинг устига, ҳокимлик ушбу иморат қурилган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, ариза берувчи ушбу қарор устидан суд тартибида низолашиши мумкин (ОСПнинг 24.09.2004 йилдаги 14-сон қарори ­24-банди).

Бироқ, бошқа томондан, ер участкаси «қурувчига» тегишли бўлмаса, участка ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлади. Ўзиники бўлмаган участкада иморат қуриб, сўнг ҳокимликдан уни ажратиб беришни талаб қилиш имконияти кам деганда қуйидагиларга зид келади:

♦ ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига доир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларига. Бунда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун санкциялар оширилибгина қолмай, бунга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун жавобгарлик ҳам жорий этилмоқда;

♦ якка тартибда уй-жой қуриш учун ёхуд тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўёбга чиқаришнинг белгиланган тартибига.

Ушбу очиқ-ойдин зиддиятларни бартараф этиш учун ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини кейинчалик ажратиб бериш ва, тегишинча, иморатнинг ўзига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш варианти чиқариб ташланмоқда.

Шу тариқа, иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқигина эътироф этилади.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олмаган – жазога тортилади

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтирувчи тузатишлар киритилди (4.03.2019 йилдаги ЎРҚ–526-сон Қонун). Улар уч ой ўтгач кучга киради.

 

Биринчидан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун жарималар оширилади. Фуқаролардан 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача (ҳозир – 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача), мансабдор шахслардан 20 ЭКИҲдан 30 ЭКИҲгача (ҳозир – 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача) жарима ундирилади. 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги муқобил вариант ҳам сақланиб қолди.

Ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этганлар, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласалар ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилсалар, жавобгарликдан озод этилади.

 

Маълумот учун: ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларининг эгаллаб олиниши тушунилади. 

 

Иккинчидан, хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиққанлик, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузганлик учун санкциялар оширилади (МЖТКнинг 68-моддаси):

2019 йил 6 июнгача

 

2019 йил 6 июндан

 

Тасдиқланган ер тузилиши лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш

 

фуқароларга – ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан 1 ЭКИҲгача

мансабдор шахсларга – 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача

фуқароларга – 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача

мансабдор шахсларга – 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса

 

фуқароларга – 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача

мансабдор шахсларга – 3 ЭКИҲдан 7 ЭКИҲгача

фуқароларга – 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача

мансабдор шахсларга – 7 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача

 

Учинчидан, ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш мақсадида ўз вақтида мурожаат этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Бунинг учун фуқароларга 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса – 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача миқдорда жарима солинади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар Ергеодезкадастр давлат қўмитаси органлари юритувида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш учун унга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар юзага келган, ўтган, чекланган ва бекор бўлган ёхуд унинг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой вақт берилади. Буни юридик ва жисмоний шахслар – мулкдорлар ёхуд ашёвий ҳуқуқлар эгалари ёки уларнинг ваколатли шахслари амалга оширишлари керак, улар ушбу муддатни ўтказиб юборганларида жавобгарликка тортиладилар. 

Тўртинчидан, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун маъмурий ва жиноий санкциялар жорий этилади. Бунинг учун ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ижарачилар жавобгарликка тортилади.

Фуқароларга 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса 20 ЭКИҲдан 30 ЭКИҲгача маъмурий жарима солинади. Бунда 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкин. Ишларни маъмурий судлар кўриб чиқадилар.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳаракатсизлик давом этса, жиноий жавобгарлик юзага келади. Санкция – 100 ЭКИҲдан 150 ЭКИҲгача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Бироқ ўша қилмиш такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса – 150 ЭКИҲдан 300 ЭКИҲгача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахслар, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласалар ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилсалар, жавобгарликдан озод этилади.

 

Маълумот учун: 2018 йилда Ер кодексига ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мажбуриятини белгиловчи норма киритилган (24.07.2018 йилдаги ЎРҚ–487-сон Қонун).

 

Бешинчидан, ер бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Айни пайтда бунинг учун МЖТКнинг 66-моддаси бўйича фақат маъмурий жазо чораси назарда тутилган.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида навбатдаги ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун 150 ЭКИҲдан 300 ЭКИҲгача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолайдилар.

Ўша ҳаракат такроран содир этилган бўлса ёки суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса, 300 ЭКИҲдан 600 ЭКИҲгача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Янгидан киритилган жиноятлар таркиблари бўйича дастлабки терговни прокуратура органлари терговчилари амалга оширадилар.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Аграр соҳа олимларига ерлар – фақат мақсадли фойдаланиш учун

 

Ер кодексига уч ойдан кейин кучга кирадиган қўшимчалар киритилди (4.03.2019 йилдаги ЎРҚ–526-сон Қонун).

 

Тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига ер участкаларини бериш тартиби белгиланди.

Уларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида берилади. Улар участкаларни ижарага ёки иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқига эга эмас, улардан илмий-тадқиқот ва таълим мақсадлари, товар қишлоқ хўжалигини юритиш ва илғор тажрибани тарғиб қилиш учун фойдаланишлари шарт.

Санаб ўтилган муассасаларга берилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда иморатлар ва иншоотлар қуришга Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

Конституциявий қонунларга тузатишлар киритилди

 

5.03.2019 йилдаги «Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–527-сон Қонун эълон қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб Ҳукумат фаолиятининг янги тартиби жорий этилади (28.01.2019 йилдаги ПФ–5644-сон Фармон):

♦ Бош вазирнинг ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланади;

♦ ушбу лавозимларга номзодларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёнида улар Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасида ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режаларини тақдим этадилар;

♦ Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Олий ­Мажлиснинг палаталарига Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Конституция билан бир қаторда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида» Конституциявий Қонунларига, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунларга тегишли тузатишлар киритилди.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.04.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Маиший истеъмолчилар – ярим йил, қолганлар – 2 ой коммунал хизматлар учун қўшимча тўлов тўламайдилар

 

Электр энергиясидан ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига тузатишлар киритилди (ВМнинг 28.02.2019 йилдаги 182-сон қарори).

 

Биринчидан, энергия ресурслари учун шартномавий ҳажмлардан ортиқ тўловга нисбатан қўлланиладиган оширувчи коэффициентлар ўзгарди:

♦ шартномада ҳисоб-китоб даври учун кўрсатилганидан 5%дан ортиқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилинганда, истеъмолчилардан (маиший истеъмолчилардан ташқари) «ортиқча ҳажм» учун белгиланган тарифнинг 1,15 баравари миқдорида (илгари – бир ярим баравари миқдорида) тўлов ундирилади;

♦ шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан табиий газ олинган тақдирда, истеъмолчидан (маиший истеъмолчилар, ш.ж. оилавий корхоналардан ташқари) шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган табиий газ қийматига нисбатан 1,4 (илгари – 2) коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади.

Иккинчидан, тарифлар ўзгарганда аванс тариқасида тўланган ҳажм учун истеъмолчилар билан янгича ҳисоблашиш тартиби жорий этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, илгари барча тоифадаги истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газнинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кейинги 12 ойдан ортиқ бўлмаган вақтда қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилган.

Энди қуйидаги шартлар қўйилмоқда:

а) электр энергияси – маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 6 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам, қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Қолган тоифадаги истеъмолчилар электр энергияси (шу жумладан актив ва реактив энергия)нинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кейинги 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда қўшимча тўлов тўлашдан озод этилади;

б) табиий газ – тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган қуйидаги истеъмолчилар қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади:

♦ маиший истеъмолчилар, шу жумладан оилавий корхоналар – тўлов кунидан бошлаб кейинги 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга;

♦ ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга истеъмолчилар, шунингдек коммунал-маиший истеъмолчилар – тўлов кунидан бошлаб кейинги 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга.

 

Бу – муҳим! 2019 йил 1 мартгача электр энергияси (шу жумладан актив ва реактив энергия) ва табиий газ учун аванс тариқасида тўлов тўлаган истеъмолчилар кейинги 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга, яъни илгари амал қилган тартибга кўра қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади.

 

Қоидаларда маиший истеъмолчилар сирасига кирмайдиган истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газ учун «50/50» (ярмини олдиндан, ярмини ой охиригача) тизими бўйича тўлов тўлаш имконияти ҳам қайд этилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Ишлаб чиқариш ва импорт номенклатураси тўғрисида портал яратилади

 

Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди (ВМнинг 1.03.2019 йилдаги 183-сон қарори).

 

Белгиланишича, марказ қуйидагилар билан шуғулланади:

♦ республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш учун мунтазам янгиланиб бориладиган электрон-ахборот порталини яратиш;

♦ ички ишлаб чиқариш қувватлари, товарларга бўлган талаб ва таклифнинг ҳажмлари, шунингдек ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган маҳсулотга ички бозорда нархларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш;

♦ товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларнинг ўзгариши динамикасини таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда шу асосда тегишли таклифлар тайёрлаш;

♦ тармоқ бозорлари конъюнктурасини республика ва ҳудудлар кесимида комплекс ўрганиш, уларнинг мувозанатли ривожланиши тўғрисида таклифлар тайёрлаш.

Тугатилаётган Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертиза қилиш республика марказининг асосий воситалари, мулки ва бошқа активлари, архив ҳамда бошқа ҳужжатлари Марказга берилади.

Бюджетдан ташқари Марказни ахборот билан таъминлаш ва моддий рағбатлантиришни ташкил этиш жамғармаси ташкил этилмоқда. Вазирлик ва хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари бўйича шартнома асосида товарлар ва хизматлар бозорини тадқиқ этиш борасида бажарилган ишлар учун олинган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар уни шакллантириш манбалари этиб белгиланди.

Марказ қуйидаги манзилда жойлаштирилади: Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 45 а.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Спортга хусусий инвестициялар керак

 

Ушбу соҳада давлат-хусусий шериклик шакллари, шунингдек уларни амалга ошириш, инвестиция лойиҳалари танловини ташкил этиш ва битимлар тузиш тартиби тасдиқланди (ВМнинг 1.03.2019 йилдаги 184-сон қарори).

 

Жисмоний ёки юридик шахслар хусусий шериклар бўлишлари мумкин, давлат ташкилотлари бундан мустасно. Давлат-хусусий шерикликнинг (бундан кейин – ДХШ) қуйидаги шакллари назарда тутилган:

♦ нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари биноларини қуриш ва улардан доимий фойдаланиш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш;

♦ давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмайдиган бинолари ёки корпусларини узоқ муддат бепул фойдаланиш учун хусусий шерикларга ўтказиш;

♦ мавжуд давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш;

♦ кейинчалик оталиққа олиш (ташкилотга жисмоний ёки юридик шахс томонидан молиявий, маданий, таълим ва б. беғараз ёрдам кўрсатиш) шарти билан нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари объектларини қуришга ер участкаларини бепул тақдим этиш;

♦ концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиш;

♦ хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларини моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;

♦ оталиқ шаклидаги филантропик фаолият.

Санаб ўтилган шаклларнинг ҳар бирини амалга ошириш бўйича аниқ механизм белгиланган.

Давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектлари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан хусусий инвесторларга берилади. Вилоятлар кесимидаги бундай иншоотлар рўйхати ҳужжатга иловада келтирилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги давлат шериги ҳисобланади. ДХШ тўғрисидаги битим унинг томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра тузилади. Бунинг учун махсус танлов комиссиялари шакллантирилади. Танловда иштирок этиш учун хусусий шерик қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

♦ ариза, юридик шахс рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспортнинг (жисмоний шахслар учун) кўчирма нусхаси;

♦ ариза тақдим этиладиган кундан камида 1 ой олдин солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида маълумотнома;

♦ спорт муассасаси биносини қуриш (қайта қуриш) юзасидан тегишли таклиф;

♦ спорт муассасаси биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

Таклифи ДХШ лойиҳасини амалга ошириш учун энг мақбул деб топилган иштирокчи ғолиб бўлади.

Вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга 3 ой муддатда ўзларига тегишли бўш турган спорт объектлари, шунингдек реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши зарур бўлган спорт муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Қимматбаҳо металларни биржада сотиб олиш мумкин

 

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 1.03.2019 йилдаги 186-сон қарори) тасдиқланди.

 

Биржада қимматбаҳо металлар уларни ишлаб чиқарувчилар ёки савдоларнинг бошқа иштирокчилари томонидан сотилади. Саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, шунингдек заргарлик буюмлари ва бошқа буюмларни ишлаб чиқарувчилар (юридик шахслар ва ЯТТ) харидорлар бўлиши мумкин. Улар савдоларда иштирок этиш учун биржага тегишли лицензияни тақдим этишлари шарт. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар Давлат асиллик палатаси томонидан бериладиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тақдим этадилар.

Буюртманомадан ҳамда бозордаги талаб ва таклиф конъюнктурасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металлардан қуйидаги ўлчов оғирлигидаги ўлчов пластиналари, қуймаларни ишлаб чиқарадилар:

♦ олтиндан – 5, 20, 50, 100, 250, 500 ва 1000 граммли;

♦ кумушдан – 100, 250, 500 ва 1000 граммли.

Юзасида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси бўлиши, соф қимматбаҳо металл ва лигатура массаси таркиби кўрсатилган бўлиши керак. Пластина ва қуймалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, шунингдек товар-хом ашё биржасининг талабларига мувофиқ бўлиши керак. Қимматбаҳо металлар гранулалари маҳсулотнинг таркиби ва сифатини кўрсатувчи тегишли ёзувлар киритилган оғирлиги ўлчанган ўрамга ўраб жойлаштирилади.

Биржа савдолари ҳар куни, душанбадан жумагача, биржа савдолари электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Биржа савдоларида сотиб олинган қимматбаҳо металларни экспортга сотиш мумкин эмас.

 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 октябрдан қимматбаҳо металлар тижорат банклари, МБ ва Қимматбаҳо металлар агентлиги иштирокида заргарларга сотилган. Жорий йил бошида Ҳукумат янги тартиб – тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ишлаб чиқишни топширди (ишлаб чиқиш муддати – 2019 йил 1 апрелгача, ВМнинг 10.01.2019 йилдаги 16-сон қарори). Юқорида кўрсатилган «биржа» тартиби параллель равишда ёки улар ўрнига ишлаш-ишламаслиги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилганидан кейин маълум бўлади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Олег Гаевой, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1166 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика