Ходим ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб ариза берди. Ариза 2018 йил 7 март куни ёзилган, унда уни шу куниёқ, яъни 7.03.2018 йилдан ишдан бўшатишлари сўралган эди. Директор «2 ҳафта ишлаб бериш шарти билан ишдан бўшатилсин» дея резолюция қўйди. Ушбу 14 кун қачон тугайди: 21.03.2018 йилдами ёки байрамларни (8 март ва 21 март) ҳисобга олган ҳолда 22.03.2018 ёки 23.03.2018 йилдами?
– Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (МКнинг 99-моддаси 1-қисми).
МК меҳнат ҳуқуқлари ва бурчларининг вужудга келиши ёки бекор бўлиши билан боғлайдиган муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан – яъни 8 мартдан эътиборан бошланади.
Йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар сўнгги йилнинг, ойнинг, ҳафтанинг тегишли кунида тугайди. Календарь бўйича ҳисобланадиган ҳафталар ёки кунлар муддатига ишланмайдиган кунлар (яъни 8 ва 21 март) ҳам қўшилади.
Башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади (МКнинг 13-моддаси).
Шу тариқа, ходим билан меҳнат шартномасини 22.03.2018 йилдан бекор қилиш керак эди.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma» МЧЖ бош эксперти.