Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 49 / Паспорт масалалари

Қонуний никоҳ

 

Мен Тошкент вилоятида прописка қилинганман, бироқ Тошкентда яшайман. Вақтинча рўйхатдан ўтмаганман.

Боланинг отаси (қонуний никоҳдан ўтмаган турмуш ўртоғим) Тошкентда прописка қилинган бўлса, пойтахтда ҳомиладорлик бўйича ҳисобга қўйилсам бўладими?

Нурия А. Тошкент ш.

 

Сизнинг ҳолатда тиббий ҳисобга қўйила олмайсиз. Бунинг учун Тошкент шаҳрида вақтинча эмас, балки доимий пропискага эга бўлишингиз керак. Сабаби фуқароларни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан вақтинча (5 кундан 6 ойгача муддатга) ҳисобга олиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турар жой сотиб олишлари, шунингдек доимий ишга ва ижтимоий кафолатларга эга бўлишлари учун асос ҳисобланмайди (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2-банди).

Никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома мавжуд бўлгандагина турмуш ўртоғингизникида доимий пропискадан ўтишингиз мумкин (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг 5-банди), бу прописка қилинган жойда тиббий ҳисобга қўйилишингизга имкон беради. Никоҳингиз расман қайд этилмаган бўлса, Рўйхатнинг кўрсатилган банди асосида Тошкентда пропискадан ўтиб, тиббий ҳисобга қўйила олмайсиз.

 

 

Ҳисобга қўйиш тартибини бузмасдан

 

Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтганман. Тошкентда яшайман. Уй бекасиман. Ўғлим Тошкентдаги мактабда ўқийди.

Вақтинча рўйхатдан ўтишим шартми?

Р.А. Тошкент ш.

 

– Тошкент вилоятида пропискадан ўтган бўлсангиз, Тошкент шаҳрида 5 кундан ортиқ яшаш учун турган жойингиз бўйича ҳисобда туришингиз шарт (2804-сон Йўриқноманинг 2-банди).

Тошкент шаҳрида ҳисобда туришнинг кўрсатилган тартибини бузиш маъмурий жавобгарликка ва 10 ЭКИҲ миқдорида жарима солишга олиб келиши мумкин (МЖТКнинг 223-моддаси).

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган фуқаролар келган кунидан бошлаб 5 кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бўлинмасига) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

► ариза;

► паспорт;

► 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35 х 45 мм ўлчамли иккита фотосурат;

► уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги);

► турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;

► ҳисобга олинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (қариялар ва ногиронларнинг интернат-уйларида яшовчи қариялар ва ногиронлар, шунингдек мактаб-интернатлар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг тўлиқ давлат таъминотида бўлган ва ётоқхоналарда яшовчи ўқувчиларидан ташқари);

► турар жойни ёхуд унинг бир қисмини ижарага олиш ёки турар жойдан ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш тўғрисида нотариал тасдиқланган шартноманинг нусхаси.

 

 

Хабардор қилмасдан рўйхатдан чиқариб юбордилар

 

Тошкентда 1998 йилдан буён узоқ қариндошимникида доимий прописка қилинган эдим. Бироқ 2005 йилда янги паспорт олганимдан кейин у прописка қилинишимга рухсат бермади, бироздан сўнг эса мени хабардор қилмасдан уй дафтаридан умуман чиқариб юборди. Янги паспортим бор, бироқ унда прописка қилинганим тўғрисида штамп қўйилмаган.

Ота-онамникида ёки турмуш ўртоғим билан бирга яшайдиган, унинг номига расмийлаштирилган квартирада прописка қилинишим учун пропискани тиклашимга ёки ҳеч бўлмаса қонуний асосда рўйхатдан чиқишимга имкон борми? Фарзандларим ҳам ўша ернинг ўзида прописка қилинган.

А.Миронов. Тошкент ш.

 

– Биринчи навбатда Тошкент шаҳар манзил-маълумотнома бюросига мурожаат қилиб, прописка қилинган-қилинмаганингизни текшириб кўришингиз керак.

Манзил маълумотномасида рўйхатдан чиқишингиз санаси ва сабабини кўрсатсалар, узоқ қариндошингиз прописка қилинган жойдаги паспорт столи бошлиғига мурожаат қилиш ва розилигингизсиз рўйхатдан чиқарилганингиз тўғрисидаги манзил маълумотномасини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўласиз.

 

Маълумот учун. Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, фуқаролар рўйхатдан чиқиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

чиқиш сабаби ва жойини кўрсатган ҳолда ички ишлар органи раҳбарияти номига эркин шаклда ёзилган ариза;

паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

мудофаа ишлари бўлими ҳисобидан чиқарилгани тўғрисида белги қўйилган ҳарбий ҳисобда туриш ҳужжатлари;

уй дафтари ёки прописка карточкаси, квартира карточкаси (4 ва 5-шаклдаги);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

 

Фуқароларни улар ҳозир бўлмаганда рўйхатдан чиқариш турар жой майдонига бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, шахсни бедарак йўқолган деб тан олиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорига кўра, нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича, ички ишлар органларининг сўровига биноан ёки прокурорнинг маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги санкцияси асосида амалга оширилади.

Берилган манзил маълумотномасида узоқ қариндошингизникида ҳанузгача доимий пропискада деб қайд этилган бўлсангиз, паспорт хизмати раҳбари ёзма мурожаатингизга кўра унга уй дафтаридан чиқариш тартибини тушунтириши шарт. Турмуш ўртоғингизникида доимий пропискадан ўтишингиз учун паспортингизда аввал доимий пропискангиз, сўнг рўйхатдан чиқарилганингиз қайд этилади.

 

 

Меҳмонга келиши учун

 

ЖАРдаги қариндошимизга таклифномани расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?

Исатуллаев. Тошкент ш.

 

– Сиз яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига 2 нусхада тўлдирилган белгиланган шаклдаги анкета-ариза билан мурожаат қилишингиз зарур (Тартиб, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 1-илова).

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда бўлиш муддатини кўрсатган ҳолда хорижий фуқаронинг Ўзбекистон ҳудудига киришига рухсат берилганлиги ҳақида фуқарога хабар берилади. Ушбу хабарномани Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик бошқармасига тақдим этиш зарур, у ЎзРнинг чет элдаги консуллик муассасасига юборилади.

Хорижий фуқаролар кириш визаларини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаларига тўлдирилган белгиланган шаклдаги виза анкетасига таклифномани ва миллий паспортни илова қилган ҳолда мурожаат қиладилар.

 

 

Паспорт олиш учун уйга

 

Мен ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғиман, доимий пропискам йўқ, қисмда вақтинча ҳисобга қўйилганман. Паспортимнинг амал қилиш муддати тугаяпти. Доимий эмас, балки вақтинча пропискага эга бўлган ҳолда паспорт олишим мумкинми?

П.С.

 

– Фуқаро паспорт олиши учун доимий яшаш жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши ва қуйидагиларни тақдим этиши зарур (Низомнинг 18-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова):

► белгиланган шаклдаги ариза;

► илгари берилган паспорт;

► туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта расмийлаштирилаётганда);

► давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Ҳарбий хизматчининг вақтинча прописка қилинган оила аъзолари ҳарбий қисмда жойлашган жойида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини олишида истиснолар назарда тутилмаган.

Шу сабабли доимий прописка қилинган жойдаги паспорт столига мурожаат қилишингиз керак.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 84 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика