Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Товарларни махсус маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилади

 

Президентнинг 30.11.2018 йилдаги «Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

2019 йилнинг 1 августидан бошлаб, товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган ва мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилади.

Қуйидаги хатти-ҳаракат принципи белгиланди. Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхати тасдиқланди. Унга киритилган позицияларни кўрсатилган санадан бошлаб бундай маркировкасиз сотиш тақиқланади. Бироқ Вазирлар Маҳкамаси ЛБМА билан келишган ҳолда ушбу рўйхатни тўлдиради. Унга янгидан қўшилган товарларни улар рўйхатга киритилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида маркировкасиз сотишга рухсат этилади.

Товарларни, шу жумладан акцизли товарларни маркировкалашга доир хизматларни ягона етказиб берувчи амалга оширади. Уни ЛБМА энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан белгилайди. Танлаб олинган етказиб берувчи билан музокаралар ўтказилади. Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қиймати ошишининг олдини олиш учун шартноманинг бутун муддати давомида (5 йилдан 10 йилгача) у кўрсатадиган хизматлар баҳоси қатъий белгилаб қўйилади.

Яқин орада қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, товарларни ҳимояланган белги ва нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш тартиби ишлаб чиқилади:

 маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчиси, тадбиркорлик субъектлари ва товарларни мажбурий маркировкалашга доир талаблар бажарилиши устидан назоратни таъминловчи органларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини;

 маркировкалаш тартиби ва тартиботларини, маркировкалаш, ш.ж. акцизли маркировкалаш хизматларининг баҳоси ва сотиб олиш тартибини;

 маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчиси маълумотлар базасидан фойдаланадиган давлат органлари рўйхатини;

 маркалар, ш.ж. акциз маркалари сотилиши ва маркировкалаш бўйича хизматлар кўрсатилиши устидан мониторинг қилиш тартибини.

 

Бу – муҳим! Товарларни маркировкасиз сотганлик учун жавобгарлик белгиланади. Амалдаги жарима санкциялари миқдорлари оширилади (масалан, савдо қоидаларини бузганлик учун, МЖТКнинг 164-моддаси, ЖКнинг 189-моддаси ва бошқалар). Икки ой муддатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳаси киритилади.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Сув таъминотини тарификациялашнинг янги механизмлари ва канализация хизматлари учун устама пули жорий этилади

 

Президентнинг 30.11.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4040-сон қарори имзоланди.

 

Биринчидан, 2019 йил 1 апрелга қадар Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Унда истеъмолчилар учун тарифлар хизмат кўрсатиш таннархини тўлиқ қоплаши, шунингдек сув таъминоти ва канализация корхоналарини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш харажатларини ҳисобга олиш имконини бериши назарда тутилади.

 

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилмоқда. Ҳисобга олиш прибори (ҳисоблагич) мавжуд бўлганда охирги уч ойнинг ўртача сарфи бўйича, у мавжуд бўлмаганда эса ойлик истеъмол нормаси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш амалга оширилади. 22 ноябрдан сув таъминоти хизматлари тарифлари индексацияланди.

 

Иккинчидан, канализация хизматлари учун тарифларга махсус устама пули белгиланади. Унинг миқдори ҳудудлар кесимида, тегишинча, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимликлари томонидан ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Махсус устама пули суммаси мақсадли тушум ҳисобланади ҳамда барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиқ солинадиган базага киритилмайди, шунингдек сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди. У Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбаи ҳисобланади (18.04.2017 йилдаги ПФ–5017-сон Фармонга мувофиқ ташкил этилган, шунингдек 18.04.2017 йилдаги ПҚ–2900-сон қарорга 8-илова).

 

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ичимлик суви таъминоти хизматлари учун тарифларга махсус устама пули қўлланилади. Унинг миқдори худди шундай тартибда тасдиқланади. Пойтахт ҳокимининг қарорига (12.01.2018 йилдаги 69-сон) кўра 2018 йилда у 1 м3 учун 100 сўмни ташкил этади. 

 

Учинчидан, икки ой муддатда оқава сувлар нормадан ортиқ ташланишини ҳисобга олиш тизими, тўловчилар тўлиқ қамраб олингани, шунингдек белгиланган йиғим миқдорлари танқидий таҳлил қилинади ҳамда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар киритилади.

Кейинги йилнинг июнигача 2019–2021 йилларда ичимлик сувини ҳисобга олишнинг замонавий асбоблари ва тегишли ускуналарни харид қилишнинг молиялаштириш манбалари аниқланади, июлигача эса аҳоли пунктлари ва сув таъминоти объектлари кесимида уларни ўрнатиш графиклари тасдиқланади.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 30.11.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 145 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика