Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Ифлослантирганлик учун компенсация янгича ҳисобланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 11.10.2018 йилдаги 820-сон қарори билан чиқиндилар жойлаштирилганлиги ва атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги учун компенсация тўловларининг базавий ставкалари, шунингдек ҳисоб-китобларнинг янги тартиби (820-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомга 1, 2, 4–7-иловалар) тасдиқланди.

 

Янги тартиб кейинги йилнинг 1 январидан амал қила бошлайди, аввалгиси шу санадан бошлаб ўз кучини йўқотади.

Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсацияни қуйидагилар тўлайдилар:

● республика ҳудудида ифлослантирувчи моддаларни атроф табиий муҳитга чиқариб ташловчи, оқава оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар;

● юридик шахслар, шунингдек юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари коммунал-канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизувчи жисмоний шахслар.

Бюджет ташкилотлари кўрсатилган компенсацияни тўламайдилар, бироқ ўзларининг асосий фаолиятидан ташқари бўлган ва атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолиятдан олинган даромад манбалари ҳисобидан компенсация тўловлари тўлайдилар. Бунда «бюджет ташкилотлари» тоифасига фақат давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган ташкилотлар киради.

 

Қандай ҳисобланади

Янги тартибга кўра, атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларининг базавий ставкалари ЭКИҲга нисбатан коэффициентларда қўлланилади. Қуйидагилар учун базавий ставкалар белгиланди:

ЭКИҲга нисбатан коэффициентлар ва ифлослантирувчи модданинг тури кўрсатилган ҳолда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаганлик учун;

● атмосфера ҳавосига 1 тн мотор ёқилғиси ёқилганда ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаганлик учун (шахсий транспортдан ташқари);

● сув объектлари, жой рельефи ва коммунал-канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун;

● чиқиндиларни жойлаштирганлик учун (заҳарли/заҳарсиз).

Тўловлар суммаси ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитга таъсир кўрсатиш тоифасининг қайси бирига мансублигига қараб ҳисобланади. Давлат экологик экспертизаси амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2001 йилдаги 491-сон қарори (2-илова) белгиланган. I тоифага (ўта хавфли) 40 та, II тоифага (ўртача даражада хавфли) – 47, III тоифага (паст даражада хавфли) – 53, IV тоифага (маҳаллий таъсир кўрсатиш) – 32 та фаолият турлари киритилган.

 

Қачон тўланади

I ва II тоифаларга мансуб субъектлар ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасигача аванс компенсация тўловини амалга оширадилар. Сумма олдинги чорак маълумотлари бўйича ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташланиши, оқизилиши ва чиқиндилар жойлаштирилишининг норматив ва нормативдан ортиқча амалдаги ўртача ойлик массасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

III ва IV тоифаларга мансуб субъектлар тўловларни йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 25 январигача тўлайдилар. Тўлов ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндилар жойлаштирилган жой бўйича тўланади.

Маблағлар ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун қарздорлик суммасининг 0,1%и миқдорида, бироқ қарздорлик умумий суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня ундирилади.

III ва IV тоифаларга мансуб субъектлар тўловларни ўтказиб юборса (ёки ўз танловига кўра), улар йилига белгиланган ЭКИҲнинг тегишли тарзда 4 ва 2 миқдорида тўлайдилар.

 

Ҳисоб-китоблар қаерга ва қайси муддатда тақдим этилади

Субъектлар тасдиқланган шаклдаги (Низомга 6 ёки 7-иловалар) компенсация тўлови суммалари ҳисоб-китобини 2 нусхада тузадилар. Иккала нусха субъект жойлашган экология ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органларига солиштириш ва келишиш учун тақдим этилади. Бир нусхаси топширилади, бошқаси эса ташкилотда қолади.

Қуйидаги субъектлар ҳисоб-китобларни экология органларига:

I ва II тоифаларга мансуб – ҳар чоракда 1 марта, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасигача;

III ва IV тоифаларга мансуб – ҳар йилда 1 марта, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 январигача топширадилар.

Ҳисоб-китоблар бевосита почта орқали ёки электрон шаклда (ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда) тақдим этилиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 12.10.2018 йилда эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1180 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика