Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Бизнесга ноқонуний аралашув: жиноий санкциялар кучайтирилди

 

Янги Қонун (22.10.2018 йилдаги ЎРҚ–503-сон) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг XVI1-боби ва Жиноят кодексининг XIII1-бобига тузатишлар киритилди.

 

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Хусусан, тегишли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жарималарнинг аксарияти 2 баравар оширилди. МЖТКнинг XVI1-бобига кирувчи деярли барча моддаларга, яъни мазкур соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг барча турларига ўзгартиришлар киритилган.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар бу қадар кескин тусда эмас.

Биринчидан, барча моддаларга тузатишлар киритилмади: ЖКнинг 1929-моддаси (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), ЖКнинг 19210-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш) ва ЖКнинг 19211-моддасидаги (ННТда ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) санкциялар ўзгармади.

Иккинчидан, жиноий-ҳуқуқий санкцияларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар муқобил саналади, яъни содир этилган ҳаракат учун ҳар хил жазо турларини (масалан, жарима ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш) қўллаш имконини назарда тутади. Муайян модда санкциясида ҳар бир турдаги жазо миқдорлари «...дан ...гача» табақалаштириб кўрсатилади, моҳиятан олганда, унинг энг кам ва энг кўп миқдорлари белгиланади. Ҳар бир далил бўйича алоҳида жазонинг аниқ тури ва миқдори суд томонидан ишнинг ҳолатлари, айбланувчининг шахси, юмшатувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар ва бошқалардан келиб чиқиб белгиланади.

Шу муносабат билан айрим ҳолларда санкцияда назарда тутилган бошқа жазо турлари ўзгартирилмай, улардан бирининг (масалан, жариманинг) аҳамияти оширилди. Илгари озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмаган айрим моддаларга мазкур жазо тури жорий этилди. Жазонинг енгилроқ турлари (масалан, мажбурий жамоат ишлари) таркибидан чиқариб ташланган санкциялар ҳам мавжуд.

Шу тариқа, барча ҳолларда тузатишлар билан бизнес юритишга ноқонуний аралашув учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 23.10.2018 йилдан кучга кирди.

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1068 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика