Дастурдаги узилиш сабабли ҳисобварақ-фактураларнинг рақамлари чалкашиб кетди.
Дастурдаги техник узилиш сабабли ўтказиб юборилган ҳисобварақ-фактураларнинг рақамларини буйруқ билан бекор қилиш мумкинми?
Ҳисобварақ-фактураларнинг тартиб рақамларига риоя этиш мажбурийми?
– Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби ҳамда Олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрини юритиш тартиби қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида келтирилган (3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ҳисобварақ-фактура рақами – унинг мажбурий реквизити.
Сотиб олувчиларга тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар Тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида хронологик тартибда сақланади ва Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида (Сотиш реестри) рўйхатдан ўтказилади. Тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналига тикилган ҳисобварақ-фактуралар рақамланган бўлиши керак.
Сиз ҳисобварақ-фактураларни ёппасига рақамлайсиз. Сотиш реестрини электрон кўринишда юритасиз.
Бу ҳолатда ҳисобот йили тугаши билан, бироқ кейинги йилнинг 20 январидан кечиктирмасдан Сотиш реестри қоғозга чиқарилади, варақлари рақамланади, ип билан тикилади ва муҳр билан (у мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади (Тартибнинг 24-банди).
Ушбу талабни бажараётганда ҳисобварақ-фактураларнинг айрим рақамлари йўқлигининг сабаблари тушунтирилган бухгалтерия маълумотномасини расмийлаштиришнинг ўзи етарли деб ҳисоблаймиз.
Қонун ҳужжатларида ҳисобварақ-фактураларни ягона рақамлаш тўғрисида талаб мавжуд эмас. Уларни рақамлаш тартиби турлича бўлиши мумкин. Ёппасига рақамлаш, маҳсулотнинг (товарнинг, лойиҳанинг) ҳар бир тури бўйича, бўлинмалар бўйича ёки шартнома рақамига боғлаб ва ҳ.к. рақамлаш имкони бор. У буйруқ билан тасдиқланиши, ҳисоб сиёсатида ёки махсус низом билан белгиланиши мумкин.
Ҳар қандай турда рақамлаганда хронологияга, ҳисобварақ-фактураларни Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказишга ва уни юритиш талабларига риоя қилиш шарт.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.