Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 35 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Бир суткагача муддатга чегарани кесиб ўтганлар алоҳида ҳисобга олинади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2018 йилдаги 682-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сектори статистикасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 3.04.2018 йилдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган) тегишли қўшимчалар киритилди.

Эслатиб ўтамиз, ташқи сектор статистикаси – тўлов баланси ва халқаро инвестиция позицияси, ялпи ташқи қарз ва қарзга хизмат кўрсатиш жадвали, халқаро захиралар, товарларнинг халқаро савдоси ва айирбошлаш курсларини ўз ичига олувчи маълумотлар тоифаси. Бошқалар қатори, мамлакатимизга кирувчи ва ундан чиқувчи Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларининг сони ҳисобга олинади.

Сервер ускунаси модернизация қилингандан кейин ДХХ Чегара қўшинлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази 2021 йил 1 январдан бошлаб 24 соатгача кетувчи/келувчи хорижий фуқаролар ва ҳамюртларимиз сони ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим этади. 

Маълумотлар бир ойда келувчилар/кетувчилар умумий сони ҳақидаги ахборотга қўшимча равишда тузилади. Қуйидагилар ҳисобга олинади:

► сафардан мақсад: хизмат, ўқиш, иш, туристик, қариндошларникига бориш, даволаниш, доимий яшаш учун, тижорат, транзит, бошқалар;

► фуқаролар ва хорижий фуқароларнинг жинси ва ёши тавсифи;

► чегарани кесиб ўтиш усули (аэропорт, темир йўл, автотранспорт), шу жумладан қаердан кесиб ўтганлиги: Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ёки Қирғизистон билан чегара орқали.

Шунга асосан солиштирма динамикада туристик хизматлар (сафар) экспорти ва импорти кўрсаткичлари шакллантирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 25.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 20.08.2018 йилда 2439-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди («СБХ»нинг келгуси сони ҳужжатлар пакетида чоп этилади).

 

Фойда солиғи бўйича (1-илова)

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича барча ҳисобот шаклларидан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғига тааллуқли кўрсаткичлар чиқариб ташланди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 январдан эътиборан ушбу солиқлар битта фойда солиғига бирлаштирилган.

Солиқ солинадиган база ва фойда солиғи суммаси иккита сумма билан акс эттирилади:

► 2018 йил I чораги учун алоҳида;

► қолган сумма.

Бу I чоракда солиқ бўйича қуйидаги имтиёзлар амал қилгани билан боғлиқ, улар II чоракдан бошлаб бекор қилинган:

► юридик шахсдан олиниб, унинг устав капиталига йўналтирилган дивидендлар бўйича;

► маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича;

► экспорт қилувчи корхоналар учун солиқ ставкасини пасайтириш бўйича.

9 ва 12-иловалар фақат 2018 йил I чораги учун тўлдирилади ва бутун солиқ даври мобайнида ўзгартиришсиз қолдирилади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илова (илгари – 2-илова) «Чегирилмайдиган харажатлар»га ўзгартириш киритилди, сабаби илгари чегирилмайдиган деб ҳисобланган солиқ тўловчининг айрим харажатлари 2018 йил 1 январдан бошлаб чегириладиганлар сирасига киритилди.

Масалан:

ёрдамчи хўжаликлар томонидан ишлаб чиқариладиган ва солиқ тўловчининг умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун бериладиган товарлар бўйича нархдаги фарқлар (зарарлар);

хўжалик бошқаруви органини сақлаш учун ажратмалар;

биргина ҳисобот даврида бир мартадан ортиқ ўтказиладиган йиллик молиявий ҳисобот аудитини ўтказиш харажатлари;

солиқ тўловчи фаолиятида талабгир бўлмаган касблар бўйича кадрларни тайёрлаш харажатлари;

пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир йўла тўланадиган нафақалар;

ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган саломатликни муҳофаза қилиш ва дам олишни ташкил этиш тадбирларига харажатлар;

шаҳарлар ва посёлкаларни ободонлаштириш ишларини бажаришга харажатлар;

тўлиқ эскирган, фойдаланишда бўлган асбоб-ускуна учун тўлов;

ишончли бошқарувчи хизматлари қийматига ҳақ тўлаш харажатлари.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига янги 14-илова – «Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг қўшимча суммасининг ҳисоб-китоб-маълумотномаси» қўшимча қилинди. Уни асосий фаолият тури автомобиль транспортида юк ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳисобланган юридик шахслар тўлдиради. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, солиқ солиш тизимидан қатъи назар, битта транспорт воситасига ҳисоблаганда ушбу корхоналар томонидан тўланаётган солиқлар ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг жами миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу фаолият тури бўйича тўлаётган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаслиги керак (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорнинг 8-банди).

 

ЖШДС бўйича (2-илова)

Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг 4.3-банди 010-сатрининг «Кўрсаткичлар» устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 181-моддасида кўрсатилган» деган сўзлар чиқариб ташланди. Ушбу сатрда ЖШДСнинг энг кам ставкаси бўйича солиқ солинадиган ­даромадлар кўрсатилади. Бироқ, Солиқ кодексининг 181-моддасида назарда тутилган даромадлардан ташқари, қуйидаги даромадларга ҳам 7,5%лик энг кам ставка бўйича солиқ солинади:

касаначиларнинг (24.05.2017 йилдаги ПҚ–2996-сон қарорнинг 3-банди);

Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича жисмоний шахслар томонидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги (30.06.2017 йилдаги ПФ–5099-сон Фармоннинг 8-банди).

Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотномада (I бўлим 5-банди) дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган даромадлар акс эттириладиган сатрга «2018 йил 1 апрелигача» сўзлари қўшимча қилинди. Шунингдек мазкур аниқлаштириш билан иловага қўшимча ҳаволалар киритилди. Жисмоний шахсларнинг бундай даромадларини солиқ солишдан озод қилиш бўйича имтиёз 2018 йил 1 апрелгача амал қилганлиги муносабати билан ушбу қўшимча киритилди.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда ҳам дивидендлар бўйича имтиёзлар бекор қилингани акс эттирилди (II бўлими 12-бандининг «д» кичик банди).

 

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ бўйича (7-илова)

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича барча ҳисобот шакллари Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштирилди. 2018 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади:

► кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк;

► норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари;

► белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар (Солиқ кодексининг 266-моддаси).

Ҳисоботда кўчмас мулкка нималар кириши ҳам аниқлаштирилган, булар:

► бинолар;

► иншоотлар;

► ер билан узвий боғлиқ узатиш қурилмалари;

► кўп йиллик дов-дарахтлар.

2018 йил 1 апрелдан экспорт қилувчи корхоналар учун, шунингдек маҳаллийлаштириш дастурларига киритилганлар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинганлиги муносабати билан Мол-мулкка солинадиган солиқ ҳисоб-китобига қуйидаги иловалар фақат 2018 йил I чораги якунлари бўйича тўлдирилади:

► маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган кўчмас мулкни акс эттирувчи 4-илованинг 0301-сатри;

► 5-илова «Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган мол-мулк ҳисоб-китоби»;

► 6-илова «Экспорт улушига боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ставкасига тузатиш киритиш».

Қуйидаги шакллар мол-мулкка солинадиган солиқ бўйича ҳисоботдан чиқариб ташланди, сабаби республика ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган норезидент юридик шахслар, доимий муассаса ташкил этилганидан қатъи назар, 2018 йил 1 январдан бошлаб мол-мулк солиғи тўловчилари ҳисобланади:

► Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентларида мавжуд асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати тўғрисида маълумотнома;

► Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширмаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари (юридик ва жисмоний шахслар)га мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк тўғрисида маълумотнома.

 

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича (8-илова)

Ер солиғи тўловчи юридик шахс тўғрисида маълумот юридик шахсга тегишли бўлган умумий ер майдони бўйича гектарда кўрсатиладиган маълумотлар билан тўлдирилди.

Қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлмаган ерлар учун тўланадиган ер солиғи ҳисоб-китобига 1-илова қурилиши тугалланмаган объектлар билан банд бўлган ер майдонлари бўйича кўрсаткичлар акс эттириладиган 3 та устун билан тўлдирилди. Бундай объектлар бўйича ер солиғи 3 баравар ставкада тўланади (Солиқ кодексининг 283-моддаси 3-қисми).

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг II чорагидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган юридик шахслар ҳам ер солиғини тўлайдиган бўлдилар. Улар Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекциялари (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси ўрнига ташкил этилган, 2.04.2018 йилдаги ПФ-5392-сон Фармоннинг 2-банди) томонидан аниқланган ер участкалари бўйича ер солиғини Солиқ кодексининг 283-моддаси 3-қисмида белгиланган тартибда тўлайдилар.

 

ҚҚС бўйича (3-илова)

Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби ва унга иловалардан аҳолига реализация қилинадиган табиий газ бўйича ҚҚСни умумий суммалардан ажратувчи кўрсаткичлар акс эттирилган сатрлар чиқариб ташланди. Бу билан ҳисобот Солиқ кодексига мувофиқлаштирилди – 2015 йил 1 январдан аҳолига реализация қилинадиган газ бўйича ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бекор қилинган (Солиқ кодексининг 217-моддаси; 4.12.2014 йилдаги ЎРҚ–379-сон Қонуннинг 4-моддаси 21-банди). Газ нархи давлат томонидан тартибга солинади ва ҚҚСни ўз ичига олади.

ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илова «Ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси ҳисоб-китоби»нинг 060-сатри Солиқ кодексининг 217-моддасига мувофиқ баён этилди. Аҳолига кўрсатиладиган ва ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган коммунал хизматлар рўйхатига идоравий уй-жой фонди уйларида яшаётган аҳоли учун Мудофаа вазирлигининг бўлинмалари томонидан олинадиган хизматлар қўшимча қилинди.

 

Акциз солиғи бўйича (4-илова)

Қатъий ставкалар қўлланиладиган акциз солиғи ҳисоб-китоби ­17-устун «Солиқ тўловчи ихтиёрида қолдириладиган акциз солиғи суммаси» билан тўлдирилди.

Унда солиқ тўловчининг ихтиёрида қолдириш мумкин бўлган акциз солиғи суммалари акс эттирилади. Ушбу устунни акциз солиғи бўйича мақсадли имтиёзлар берилган корхоналар тўлдиради.

Мақсадли фойдаланиш деганда солиқ ҳисобланиши, бироқ бюджетга тўланмай, корхона ихтиёрида қолдирилиши ва имтиёзларни бериш чоғида белгиланган мақсадлар учунгина фойдаланилиши кераклиги тушунилади. Бундай корхоналар сирасига, масалан, «Ўзтрансгаз» АК (АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2310-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2-банди), «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг нефтни қайта ишлаш заводлари (4.09.2017 йилдаги ПҚ–3253-сон қарорнинг ­4-банди), заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар (10.08.2017 йилдаги ПҚ–3199-сон қарорнинг 9-банди) киради.

Бунда 16-устунда акс эттириладиган сумма мусбат қийматга эга бўлиши керак.

 

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича (6-илова)

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобига илова «Солиқ солинадиган базадан камайтириладиган сув ҳажмлари» 0207-сатр билан тўлдирилди. Унда иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари томонидан қайта қуйиладиган сув ҳажми акс эттирилади.

2017 йил 1 октябрдан бундай сув ҳажми сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базани камайтиради (Солиқ кодексининг 261-моддаси 2-қисми 7-банди; 4.09.2017 йилдаги ПҚ–3253-сон қарорнинг 4-банди).

 

ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича (10-илова)

Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китоби 7 ва 8-устунлар билан тўлдирилди. Уларда умумбелгиланган (8%) ва имтиёзли ставкалар бўйича ҳисобланган фуқароларнинг суғурта бадаллари алоҳида-алоҳида акс эттирилади. 

Эслатиб ўтамиз, 1.01.2028 йилгача Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича жисмоний шахслар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга суғурта бадалларининг имтиёзли ставкаси (4,5%) қўлланилади (30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармоннинг 8-банди).

4 ва 4а-иловалар бирлаштирилди. Унда ҳар бир жисмоний шахс кесимида ҳисобланган фуқароларнинг ойлик суғурта бадаллари суммалари тўғрисида маълумотлар акс эттирилади. Шу муносабат билан 4а-илова ўз кучини йўқотди.

 

Мақсадли жамғармаларга ажратмалар бўйича (10-илова)

ДМЖга мажбурий ажратмалар бўйича ҳисоботнинг барча шакллари янгиланди. Бу илгари ушбу ажратмалар турлари бўйича – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғармасига – ҳисоботда акс эттирилганлиги билан боғлиқ.

2018 йил 1 январдан улар ягона тўлов – 3,2%лик ставка бўйича давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилди (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорнинг 4-банди). Бунда айрим корхоналар уларни 1,5%лик имтиёзли ставка бўйича тўлайдилар (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорга 24-иловага изоҳ). Янги ҳисобот шаклларида ДМЖга мажбурий ажратмалар қўлланиладиган ставкалар кесимида акс эттирилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 20.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ирина Ахметова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1137 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика