Компания (ЯСТ тўловчи) импорт контракти бўйича маслаҳат хизматлари ҳақини уларни тақдим этувчи – ЎзР норезидентига тўлади. Хорижий ҳамкор резидентлик сертификатини (юридик шахс, Қозоғистон резиденти) тақдим этмади.
Контрактда айтилишича, хизматлар кўрсатиладиган жой Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида белгиланади, хизматларни реализация қилиш жойи эса Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади.
Компания ЎзР норезидентига тўловдан тўлов манбаида фойда солиғини ушлаб қолиши керакми?
Солиқни ушлаб қолмасдан хизматлар ҳақини тўлаш учун резидентлик сертификати керакми?
– Корхона юридик шахсларнинг фойда солиғи солинадиган даромадлар бўйича тўлов манбаи ҳисобланмайди, сабаби маслаҳат хизматлари ЎзР ҳудудидан ташқарида кўрсатилади. Бироқ унда хизматлар импортидан ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келади.
Тўлов манбаида фойда солиғини ушлаб қолиш тартиби Солиқ кодексида белгиланган.
ЎзР норезидентининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлардан олган даромадлари ЎзРдаги манбалардан олган даромадларига кирмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми). Тегишинча, фойда солиғи ушлаб қолинмайди. Бунинг учун юридик шахс Қозоғистон резиденти эканлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш керак эмас.
Бунда консалтинг хизматларини олувчи корхона хизматлар импортидан ҚҚС тўлаши керак.
Норезидент юридик шахс ЎзР резиденти бўлган юридик шахсга кўрсатадиган хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, уларни олувчининг солиқ солинадиган оборотига киритилади (Солиқ кодексининг 207-моддаси). Маслаҳат хизматларини реализация қилиш жойи, агар хизматларни сотиб олувчи фаолиятини Ўзбекистон ҳудудида амалга ошираётган бўлса, шу жумладан юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асосида ЎзРнинг ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиб турган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳисобланади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 4-банди).
ЎзР норезидентлари кўрсатадиган хизматлар бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти солиқ солиш тизимидан (умумбелгиланган солиқлар ёки ЯСТ) қатъи назар уларни олувчиларда юзага келади. Норезидентга даромад тўлайдиган корхонанинг ўз маблағлари ҳисобига, хизматларнинг контракт қийматидан 20%лик ставкада даромад амалда тўланганда ҚҚС тўланади. Олинган хизматлар ҳақи хорижий валютада тўланиши сабабли солиқ солинадиган оборот у амалга оширилган санада, яъни ҳисобварақ-фактура (бажарилган ишлар далолатномаси) ёзилган санада Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган курсда миллий валютага қайта ҳисобланади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.