Norma.uz

Йўллардаги ўзгаришлар

 

Мамлакатимизда йўл инфратузилмасига тааллуқли бўлган эски стандартлар янгиланади, йўл белгилари кўпаяди, йўл қурилишининг сифати оширилади ва йўл бўйи ҳудудлари кўкаламзорлаштирилади.

 

Ҳукуматнинг 26 июлдаги 584-cон қарори билан автомобиль йўллари инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизматида хабар берилди.

Ҳужжатда белгиланишича, 1970–80-йилларда ишлаб чиқилган амалдаги стандартлар, шу жумладан светофор билан тартибга солиш, йўлдаги тўсиқларни, йўл устига чизиқлар тортиш ва йўл белгиларини қўллашга доир стандартларни янгилаш талаб этилади. Хатлов натижаларининг кўрсатишича, мамлакатимиз автомобиль йўлларидаги 70 мингдан ортиқ эскирган йўл белгиларини алмаштириш ва 136 мингта қўшимча янги кўрсаткичларни ўрнатиш зарур.

Қарорда 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси доирасида йўл инфратузилмасини такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланган:

1) йўл устига чизиқлар тортишда, йўловчилар ўтиш жойларини, автомобиль йўллари кесишадиган ва туташадиган жойларни, автомобилларнинг қисқа муддат тўхтаб туриш ва тўхташ жойларини қуришда инновацион ишланмаларни ҳамда нур қайтарувчи материалларни қўллаш асосида йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш;

2) йўл ҳаракати иштирокчиларини йўналиш бўйлаб сифатли навигация билан таъминлайдиган йўл белгилари ва ахборот кўрсаткичларини, шу жумладан чет тиллардаги йўл белгилари ва ахборот кўрсаткичларини етарли миқдорда ўрнатиш орқали «гапирадиган йўл» принципи бўйича йўл ҳаракати иштирокчиларининг хабардорлигини ошириш;

3) автомобиль йўллари фойдаланувчиларига юқори даражада қулайлик яратиш учун зарур шарт-шароитлар барпо этиш, йўл бўйи ҳудудларини тўлиқ кўкаламзорлаштириш, обод қилиш ва меъморий-ландшафт лойиҳасини тузиш, мазкур ҳудудларда инфратузилма объектларини оқилона қуриш ҳисобига транспорт воситаларининг экологияга салбий таъсирини камайтириш;

4) ахборот-коммуникация технологияларини, техник воситалар ва дастурий маҳсулотларни автомобиль йўлларини қуриш, тўғрилаш ва улардан фойдаланиш жараёнига кенг жорий этиш;

5) йўлларни таъмирлаш ишлари сифатини ошириш ва ҳудудларни обод қилиш, шунингдек тартибга солишнинг техник воситаларига қўйилган замон талабларига жавоб берадиган, шунингдек, республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган замонавий чидамли материаллардан, бутловчи, таркибий қисмлардан фойдаланиш ҳисобига автомобиль йўлларидан фойдаланишда харажатларни камайтириш.

2019–2023 йилларда йўл белгилари ишлаб чиқаришни ва уларни республика автомобиль йўлларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этиш дастури тасдиқланди. 409,3 мингта белги ўрнатиш ва 170,7 минг км чизиқ тортиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 382,265 млрд сўм йўналтирилади.

2019 йилдан бошлаб магистраль автомобиль йўллари ва шаҳар марказий кўчаларида энергия тежовчи технологиялар ва қуёш энергияси манбаларидан фойдаланган ҳолда электрон ахборот-кўрсаткич ва огоҳлантириш белгиларини ўрнатиш мўлжалланган.

Жорий йилнинг охирига қадар замонавий стандартларни ва ранглар гаммаси тоифаланган ёндашувни, яъни яшил рангли ахборот-кўрсаткич белгиларидан кўпроқ фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини йўл белгилари билан жиҳозлаш, йўл устига чизиқлар тортиш ва йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа элементларни ўрнатишга қўйилган талабларни тасдиқлаш топширилди.

Йўл бўйидаги инфратузилма объектларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига ер участкалари беришда уларнинг зиммасига автомобиль йўллари атрофидаги ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва обод қилиш мажбурияти юкланмоқда, бунда давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш режалаштирилган.

2019 йилда узунлиги 5 км дан бўлган «Тошкент–Самарқанд» йўналиши бўйлаб М-39 ва «Гулистон–Даштобод» йўналиши бўйлаб автомобиль йўллари участкаларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича дастлабки лойиҳалар амалга оширилади. Бунда энергиянинг муқобил манбалари асосида кўча чироқлари ва йўлни тартибга солувчи техник воситаларни, светодиодлар ва нур қайтаргичлардан фойдаланган ҳолда йўл белгиларини, шунингдек, автомобиль йўллари атрофидаги ҳудудлар ландшафтини лойиҳалаштириш ва кўкаламзорлаштиришнинг замонавий элементлари ўрнатилади.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибида «Махсусйўлқурилиш» ДУК ташкил этилмоқда, у цементбетон қопламали автомобиль йўллари қурилишини ҳисобга олиб, замонавий илғор инновацион технологияларни жорий этади.

Дастурда бошқа тадбирлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, махсус йўналишлар бўйича техник кадрлар малакасини ошириш курслари ташкил этилади, йўл қопламасини шамол туфайли нурашидан, ер ости сувларидан, қор ва қум уюмларидан ҳимоя қилишни таъминлаш учун маҳаллий табиий-иқлим шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўллари бўйлаб дарахтлар экиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади ва бошқалар.

Муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш ва таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат қилиш, бунда, зарурат бўлса, ишлар сифатини бузганлик ва ишларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарликни қўллаш вазифалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилди.

 

gazeta.uz материали асосида.

Прочитано: 1061 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика