Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 32 / Мавзуни ўқувчи белгилади

Ташвишга тушманг: «тариф режаси» «ҳаводан» олинган

 

Газетамиз ўқувчиси Анатолий Бурнаевнинг мурожаатидан сатрларни келтирамиз. Унинг хатида кўтарилган кўпгина саволларга бугунги мавзувий сонимиздаги материалларда жавоб берганмиз. Қуйида эса «тариф режаси» хусусида фикр юритамиз.

 

«Яхшилаб ўйлаб кўрилса, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ХУМШ тушунчасини ва унинг асосий принципларини йўққа чиқариш бўйича тажриба олиб борилаётганга ўхшайди. Бизнинг «Nastarin Kommunal» ХУМШда содир бўлаётган ишларга қараб туриб, бошқача фикрга келиб бўлмайди.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 4-моддасида ХУМШ ўз фаолиятини ихтиёрийлик; ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик; ўзини ўзи бошқариш; очиқлик ва ошкоралик; ўз ишини бозор механизмларига мувофиқ шартнома асосида ташкил этиш; коммунал хизматлар ва таъмирлаш хизматлари бозоридаги рақобат; уй-жой мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобот бериш принципларига асосан қуриши белгиланган. Ушбу принциплардан лоақал биттасига амал қилмаслик ХУМШ фаолиятининг асосига путур етказади. Бу қоидаларнинг ҳаммаси бузилганда эса ширкат ва хусусий мулк ҳуқуқи поймол қилинди деяверинг.

Яқинда бизни «Obod Uy» дастурига киритиб қўйишди. Бошқарув аъзоларини хабардор қилмаган ҳолда ширкатга аллақандай «штаб» раҳбарлик қила бошлади. Бошқарув раиси ХУМШ фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиш, мажбурий бадаллар миқдорини ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан бош тортмоқда. Нима масала бўлса, бухгалтерия ва муҳр ноқонуний тарзда, умумий мажлис қарорисиз топширилган «штаб»га мурожаат қилинглар демоқда. Қайси шартларда шундай бўляпти, бу қандай тузилма ўзи, кимнинг вакили у – ҳеч ким билмайди. Аллақандай ягона ҳисоб-китоб маркази ёки унинг филиали ҳақида гап кетяпти деб гумон қилиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси Қонуннинг бир қатор қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Натижада бизнинг ХУМШдаги вазият, ширкат аъзолари ва бошқарув ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди.

2017 йилнинг 1 ноябридан сметани тасдиқламасдан, батафсил калькуляцияни қилмай туриб, умумий майдоннинг 1 м2 учун 600 сўм миқдоридаги бадални елкамизга юклаб қўйишди. «Obod Uy» тизимидаги шахсий кабинетда бизнинг сирли «штабимиз» аллақандай «тариф режаси»ни тақдим этди. Бу сметага ўхшаш нарса бўлса керак, ҳойнаҳой. Уни ким ишлаб чиққан, нимадан келиб чиқиб тайёрланган – тушуниб бўлмайди. Мутлақо бемаъни, реал воқелик бузиб кўрсатилган.

 

Тариф режаси:

ойига 1 м2 учун 600 сўм (умумий майдондан)

Ҳудудларни тозалаш                               – 150 сўм.

Коммунал мутахассисларнинг хизматлари     – 180 сўм.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фонди                              – 90 сўм.

Кредитлар бўйича қайтариш суммаси            – 120 сўм.

ХУМШнинг 1.07.2017 йилдаги қолдиғи             – 60 сўм.».

 

Ҳовли супурувчилар миннатдор бўлган бўларди

Биринчидан, аслида «тариф режаси» тушунчасининг ўзини ХУМШга нисбатан қўллаш нотўғри. Бу жойда даромад ва харажатларнинг сметаси бўлиши лозим. Тарифларни давлат коммунал хизматлар учун белгилайди. Ширкатда умумий мол-мулкни сақлаб туриш учун мажбурий бадаллар хусусида сўз кетмоқда. Буларнинг ўртасида муҳим ҳуқуқий фарқлар бор.

«Тариф режаси»га мувофиқ ҳудудни тозалаш учун харажатлар умумий мол-мулкни сақлаш учун умумий йиғимларнинг 25%ини ташкил этади!!! Ширкатлар турар жойларининг умумий майдони 40 148 м2 ни ташкил этади. Шунда яшовчилар ҳудудни тозалаш учун ойига 150 сўм х 40 148 м2 = 6 022 минг сўм тўлашади!!! Ширкатда, дейлик, икки нафар ҳовли супурувчи бўлса, солиқ ва ижтимоий тўловларни чиқариб ташлаганда ҳам ҳар бир супурувчининг меҳнат ҳақи 1,5 млн сўмдан кўп бўлиши мумкин эмас. Улар фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишга қабул қилинган тақдирда ҳам шундай.

Ташқи шахслар томонидан зўрлаб жорий этиладиган «клондайк», «лохотрон» ёки истиқбол учун «ишлаб чиқариш хамиртуруши». Бу фақат ҳудудни тозалаш учун. Бу турдаги калькуляциянинг бошқа намуналари ҳам аҳолидан, шу жумладан пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган фуқароларнинг киссасидан пулни суғуриб олишга асослангандир...» деб таърифлайди вазиятни Анатолий Бурнаев.

Ҳар қандай ўртамиёна дастур фойдаланувчиси ҳам унчалик мураккаб бўлмаган арифметик ҳисоб-китоблар ёрдамида раиснинг ўта саводсизлиги ёки маблағларни ўзлаштириш чизмаси ёхуд дастурнинг номукаммаллигига баҳо бериб, «тариф режаси»дан ҳайратга тушади. Унинг тагида ҳаволаси ҳам бор: «ХУМШнинг харажатлари бўйича аниқ маълумотларни яқин вақт оралиғида кўрсатамиз». Қизиқ, деярли 8 ой ишлайдиган дастурга ноаниқ маълумотлар киритилган экан-да?

Яна бир жиҳат. ХУМШнинг тасарруфида кадастр ҳужжатлари билан мустаҳкамланган ер участкаси мавжуд бўлмаса, қандайдир ер участкасини сақлаб туриш тўғрисида гап бориши мумкинми? Ҳудудни ХУМШнинг штатдаги супурувчиси тозалаётган бўлса, унинг маоши алоҳида таркиб сифатида кўрсатилмасдан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондида акс этиши керак эмасми? Лекин «тариф режаси»да супурувчига қилинадиган харажатлар бошқа ҳамма харажатлардан аниқ ўтиб тушади ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди параметрларига ҳеч мос тушмайди.

Бадал миқдоридан ташқари, «тариф режаси»нинг барча кўрсаткичлари – шунчаки сурат эканлиги, дастурчилар шахсий кабинетда мазкур блок қандай кўриниши кераклигини кўрсатмоқчи бўлганлари билан изоҳланишини билгач, ҳайратимиз янада ошди. Ундаги маълумотлар айнан «ҳаводан» олинган бўлиб, ХУМШдаги реал воқеликни акс эттирмас эди. Мана бу кутилмаган ҳолат бўлди!!! Фойдаланувчиларнинг қайси бири бу ҳақда билади? Ахир улар «тариф режаси»ни унинг кўрсаткичлари билан бирга жиддий қабул қилишган ва ундаги бемаъниликни ХУМШ раҳбарияти ёки «Obod Uy»нинг маъмурияти билан боғлашади. Бироқ энг муҳими – даромадлар ва харажатлар сметаси параметрлари тўғрисидаги ишончли ахборотсиз, бадал таркибисиз дастур ўз қиммати ва фойдалилигини йўқотади.

Нима қилиш керак? ХУМШ раислари сметани мустақил ёки дастурчи ёрдамида жойлаштира олиши учун ушбу блокни қайта ишлаш лозим бўлади.

 

Ишонч йўқотилган

 

«ХУМШ раисининг сўзларига кўра, банкдан кредит олинибди, ваҳоланки, ширкатда кредит шартномасининг ўзи мавжуд эмас. У гўё банкда бўлиб, барча пул оқимлари билан эса аллақандай «штаб» шуғулланаётган эмиш, – деб ёзади Бурнаев. – Лекин кредит олиш учун ХУМШ барча аъзоларини бундан хабардор қилиши, умумий мажлис қарорини олиши керак эди, бу ишлар эса қилинган эмас. Демак, ташқи шахслар бизни хабардор қилмаган ҳолда киссамизга қўл суқиб, ширкат аъзолари бутун умр тўлаб боришлари керак бўлган қарз маблағларини зиммамизга юклаб қўйишибди-да?».

«Кредит олиш хусусидаги қарор ХУМШнинг ички иши, – дея қайд этишди ягона бухгалтерияда, – биз бу ишга таъсир кўрсата олмаймиз. «Nastarin Kommunal» ХУМШ тўртта кредитни тўлаб келмоқда. Улардан иккитаси – 70 млн сўм ва 72 млн сўмлиги 2016 йилда олинган. Улар ҳар ойда қуйидагича сўндириб борилади: 2 296 минг сўм + 1 065 минг сўм (фоиз тўловлари) = 3 361 минг сўм.

Кейинги иккита кредит 2017 йилда олинган: 370 млн сўм ва 251 млн сўм. Яъни 10 йил муддатга 621 млн сўм (ярим миллиарддан кўпроқ!), уни қайтарадиган аҳоли эса қарздорлигидан ўзи бехабар?! Бу икки кредит бўйича имтиёзли муддат – 2019 йилгача. Тўланадиган ойлик фоизлар – 4 654 500 сўм. Тўрттала кредитни сўндириш учун ойига 8 018 500 сўм кетади ёки бу ҳар ойлик бадаллар тушумининг 1/3 қисмини ташкил этади. Аслини олганда, бошқа ширкатлар билан солиштирганда бу унчалик катта сумма эмас.

Бу ахборотни мурожаат муаллифи бемалол ягона бухгалтериядан ола биларди. Қолаверса, у «штаб»га ўхшаб «Nastarin Kommunal» ХУМШ билан ёнма-ён жойлашган. Вазиятни ўрганаётган жараёнимда ХУМШда яшовчилар ва уларнинг раҳбарларига «Obod Uy»нинг ишига доир тушунарсиз жиҳатлар ва марказлаштирилган бухгалтерия томонидан кўрсатиладиган хизматларни тушунтириб бераётганлари устидан чиқдим. ХУМШ устидан яшовчиларнинг назорати ўрнатилмаган жойда кредитлар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинади. У ҳолда раис, ижрочи директорни алмаштириш, прокуратура, суд, турар жой инспекциясига мурожаат қилган ҳолда вазият устидан назоратни қўлга олиш зарур. Кредит миқдори билан боғлиқ масала – ХУМШ аъзолари учун ўта жиддий масала. Чунки кредитни қайтариш ва улар бўйича фоизлар тўлаш ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари таркибига киритилади. Бунда кредит айнан қайси уй учун, қайси ишлар учун олингани, мақсадли фойдаланилиши, ишларнинг сифатли бажарилганлиги шарт қилиб қўйилмайди.

«ХУМШ фақат қонунлар асосида иш юритиши керак, ҳеч қандай тузилмаларнинг улар фаолиятига аралашишга ҳақи йўқ, деб ёзади ўқувчи. Ширкатлар хизматларни бошқарувчи компанияларга ёки умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларига буюртма бериши мумкин, лекин бу иш фақат танлов асосида бўлади. Бу умумий мажлис қарорига биноан мустаҳкамлаб қўйилган уларнинг ихтиёрий иши бўлиши керак, мажбурияти эмас. Мажбурий бадаллар миқдорини четдаги ташкилотлар эмас, балки фақат ХУМШ аъзолари даромадлар ва харажатлар сметаси асосида, умумий мажлис қарорига кўра тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Бизда эса бошқа воқелик ҳукмронлик қилмоқда: ўз хатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай жавобгарликни зиммасига олмайдиган, ўзини ўзи бошқаришни тўлиқ бир қолипга солишга уринаётган, мажбурий юкланаётган ва ХУМШнинг назоратида бўлмаган ташкилот тиқиштириляпти. Буни Қонун билан ўйнашишдан бошқа нарса деб бўлмайди. Лекин бу «ўйинлар» учун жавобгарлик муқаррарлигини ҳали ҳеч ким бекор қилмаган»...

 

Мулкдорнинг ушбу мулоҳазасига қўшилмай илож йўқ.

 

Ирина Гребенюк, ўз махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 1051 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика