Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 29 / Паспорт масалалари

Шартномада қайд этилган

 

Биз квартирани сотдик. Шартномада уни бўшатиш муддати – битим расмийлаштирилгандан кейин 30 кун ўтгач деб аниқ белгилаб қўйилган. Квартирада ҳеч ким прописка қилинмаган. Харидорларимиз квартирани илгарироқ бўшатишимизни талаб қилишаяпти.

Шундай қилишга ҳақлимилар?

А.Радько. Тошкент ш.

 

– Шартномада квартирани бўшатиш муддати қайд этилганлиги ҳисобга олинса, харидорларнинг талаблари ҳуқуққа зид. Кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб (ФКнинг 185-моддаси), яъни кадастр органида рўйхатдан ўтказилгандан кейин, бироқ бўшатиш муддати – томонлар имзолаган шартномага биноан вужудга келади.

 

Ўғлини кутмасдан

 

Қўшнимнинг ўғли 15 йилдан буён Юнонистонда яшайди. У қўнғироқ қилмайди, хат ёзмайди, пул жўнатмайди. Онаси уйини сотиб, қизиникига кетмоқчи, бироқ ўғли унинг уйида прописка қилинган. Уй онага тегишли.

Уни пропискадан чиқариш учун нима қилиш мумкин?

Н.Д.

 

– Айни пайтда қўшнингиз турар жойдан доимий фойдаланувчи ягона шахс ҳисобланади. У ўғлини турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши зарур (Уй-жой кодексининг 52, 54-моддалари). Суднинг ҳал қилув қарори ўғлини пропискадан чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Болаларнинг манфаати кўзланганми?

 

Танишим – Қозоғистон Республикаси фуқароси, илгари Ўзбекистонда яшаган, турмуш ўртоғининг розилиги билан 10 ва 12 яшар жиянларига (Мўйноқ шаҳрида прописка қилиниб, шу ерда яшайдилар) васийликни расмийлаштирган (Мўйноқ туман ҳокимининг қарори). Уларнинг ота-оналари вафот этган. Танишим уларни Қозоғистонга олиб чиқмоқчи бўлди, бироқ Нукус шаҳар ИИБ болаларга биометрик паспорт беришни рад этди. Бунда васий Қозоғистон фуқароси эканлиги боис болаларни олиб чиқишга ҳақли эмаслигини рўкач қилдилар. Фақат болалар фарзандликка олинганда уларга паспорт берилар экан.

Бундай қарор чиқарилиши тўғрими?

Эльвира К.

 

– Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ИИБ раҳбарияти васийликдаги болаларга биометрик паспортларни беришни ноҳақ рад этган.

Болаларга васийликни тайинлаш ҳақида туман ҳокимининг қарорини олган пайтдан бошлаб холаси уларнинг қонуний вакилига айланган. Айни пайтда болалар – ЎзР фуқароларининг ўз ҳужжати – 16 ёшга тўлмаган шахснинг биометрик паспортисиз ёки ота-онаси, васийси (ҳомийси)нинг паспортига ёпиштирилган ҳужжатсиз чиқишига йўл қўйилмайди.

Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ва берилади:

а) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетилаётганда;

б) бола чет элда туғилганда;

в) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугаганда;

г) шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганда;

д) ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганда;

е) рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан чиқариш), алоҳида маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифалари ишлатиб бўлинганда;

ж) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бланки яроқсиз бўлиб қолганда;

з) паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганда.

Фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати алмаштирилган ҳолларда маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади (Низом, ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарорига 1-илова).

Болаларга биометрик паспорт олиш учун уларнинг ота-оналари (васийлари, ҳомийлари), муассасалар ва ташкилотлар вакиллари фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий рўйхатдан ўтган жойидаги ЎзР ИИВнинг Миграция ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмаларига (маълумотларни йиғиш пунктларига) мурожаат қилишлари керак. Низомда васийнинг фуқаролиги ҳақида сўз юритилмаган.

Қозоғистонга чиқишни режалаштирганликлари сабабли рухсатнома ёзувини (стикер) киритиш ва чиқиш учун виза олиш керак бўлмайди.

Паспортлар олингандан кейин, агар васий Қозоғистонда доимий равишда истиқомат қилса, болаларни у ердаги доимий яшаш жойига рўйхатдан чиқариш зарур. Қозоғистонга келгач, ЎзР Элчихонасига мурожаат қилиб, болалар – ЎзР фуқароларини консуллик ҳисобига қўйиш лозим. Ўзбекистоннинг ҚРдаги консуллик муассасасида уларга виза қўйилади ва паспортлари алмаштирилади.

 

Онам учун маълумотнома

 

Нотариус квартирани 3 йил аввал унда пропискадан ўтказилган онамнинг номига расмийлаштиришни рад этди.

Унинг хатти-ҳаракатлари тўғрими?

Рўзи А. Тошкент ш.

 

– Тошкент шаҳрида олди-сотди битимларини, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи томон:

► Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлса;

► Тошкент шаҳри ҳудудида камида 3 йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган), Рўйхатнинг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ИИОнинг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 21-банди).

Шу тариқа, агар онангиз давлат нотариал идорасида кўчмас мулкни расмийлаштирмоқчи бўлса, камида 3 йил доимий пропискага эга бўлганлиги тўғрисида маълумотнома беришларини сўраб, доимий прописка қилинган жойидаги паспорт столига ариза билан мурожаат қилиши керак. Ушбу маълумотномани нотариал идорага тақдим этса, унга квартиранинг олди-сотдисини расмийлаштириб берадилар.

 

Хорижий фуқаронинг қачон рўйхатдан ўтиши талаб этилмайди

 

Хорижий фуқаро қайси ёшдан бошлаб ОВИРда вақтинча рўйхатдан ўтиши керак? У болага керак бўладими?

Лавигина. Тошкент ш.

 

16 ёшга тўлмаган хорижий фуқаролар вақтинча рўйхатдан ўтказишдан озод қилинадилар (Қоидаларнинг 12-банди «в» кичик банди, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 2-илова).

Тегишинча, сизнинг ҳолатда ҳам бола рўйхатдан ўтказилиши керак эмас.

 

 

Янги жойда яшай олмади

 

Холам илгари Тошкентда яшар, шу ерда прописка қилинган эди. Сўнг пропискадан чиқиб, Чирчиққа кетди.

У Тошкентдаги доимий пропискасини тиклаши мумкинми?

Н.П.

 

– Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий истиқомат қилган ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларига ёки хорижга чиқиб кетган фуқаролар, турли сабабларга кўра кетган жойлари бўйича прописка қилинмаган ҳамда бир йил ичида ЎзР ИИВ томонидан белгиланган шаклдаги жўнаб кетиш варағи билан қайтиб келган тақдирда, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида умумий асосларда доимий прописка қилинади (2358-сон Йўриқноманинг 33-банди).

Шу тариқа, холангиз Тошкентдаги пропискадан чиққач, бир йил ичида Чирчиқда прописка қилинмаган бўлса, жўнаб кетиш варағи бўлган тақдирда Тошкент шаҳрида умумий асосларда қайтиб яна прописка қилиниши мумкин бўлади.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1283 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика