Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 29 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Cуд қарорлари Интернетда эълон қилиниши мумкин

 

Президентнинг ПФ–5482-сон Фармони ва ПҚ–3852-сон қарорида шу ҳақда сўз юритилган. Иккала ҳужжат 13.07.2018 йилда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, суд қарорларини веб-сайтларда жойлаштириш 2016 йил октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурида (26-банд) назарда тутилган эди. 2017 йилда тегишли дастурий таъминот устида иш бошланди.

Параллель равишда қонун нормаларини тайёрлаш устида иш олиб борилди. Масалан, Жиноят-процессуал кодексга киритиладиган, жиноят процессида ана шундай амалиёт жорий этилишини назарда тутадиган тузатишлар 19.10.2018 йилдан бошлаб кучга киради. Томонлар ошкор қилишга қарши бўлишлари мумкинлиги ҳисобга олиниб, уларнинг розилигини ҳам олиш талаб этилади. Агар розилик олинмаса, бироқ суд эълон қилишни зарур деб ҳисобласа, қарор суднинг веб-сайтида шахсни кўрсатмай (процесс иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатмай) жойлаштирилади. Ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини ҳар қандай ҳолатда эълон қилиш тақиқланган. Янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексдаги шунга ўхшаш нормалар кучга кирди. Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда бундай қоидалар ҳали мавжуд эмас.

Янги ҳужжатларга (ПФ–5482 ва ПҚ–3852) мувофиқ, суд қарорларини эълон қилиш масалаларини тартибга солишга доир ёндашувга бирмунча тузатиш киритилди.

Биринчидан, суд қарорлари марказлаштирилган тарзда, яъни ҳар бир суднинг веб-сайтида алоҳида эмас, балки Олий суд сайтида эълон қилинади.

Иккинчидан, иқтисодий судларнинг қарорлари учун эълон қилиш мажбурий ҳисобланади. Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича бунинг учун томонларнинг розилиги талаб этилади. Шу билан бирга, ёпиқ суд мажлислари бўйича қарорлар Интернетда жойлаштирилмайди. Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳаси 2018 йил сентябргача тайёрланади.

Зарур дастурий таъминотни жорий этиш бўйича икки йиллик иш 2018 йил ноябрда якунига етказилиши керак.

 

Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Бизнес-субъектлар ҳақида қандай маълумотларни Интернетдан билиб олса бўлади

 

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» («Doing Business») ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича «Йўл харитаси»да барча хоҳловчилар муассислар, раҳбарлар ва бизнес-субъектларнинг кўчмас мулки ҳақида Интернетдан билиб олиши мумкинлиги назарда тутилган. Ҳужжат Президентнинг 13.07.2018 йилдаги ПҚ–3852-сон қарори билан тасдиқланган.

 

Давлат тадбиркорлик субъектлари ҳақидаги қуйидаги маълумотларни Интернет тармоғида очиқ фойдаланиш учун жойлаштиришни режалаштирмоқда:

А) 2018 йил августгача – юридик шахслар тўғрисидаги асосий ахборотни:

► фирма номи;

► идентификация рақами;

► рўйхатдан ўтказилган санаси;

► ташкилий-ҳуқуқий шакли;

► манзили (жойлашган жойи);

► директорлар ва муассислар ҳақидаги маълумотларни, уларнинг улушларини кўрсатган ҳолда.

Шуни қайд этиб ўтамизки, умуман олганда бугунги кунда Давстатқўм сайтида бундай ахборот мавжуд. Фақат унда юридик шахсларнинг директорлари (раҳбарлари) ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас, муассислар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг улушларини кўрсатмаган ҳолда берилган.

Б) 2018 йил сентябргача – тадбиркорлик субъектларининг мол-мулки қисмида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар ҳақда тузилган битимларнинг давлат реестридаги ахборотни.

Бунда мазкур реестрдаги маълумотлар масофадан туриб электрон тарзда актуаллаштирилади (янгиланади). Бу кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисида қоғоздаги гувоҳномаларни бекор қилиш имконини беради. Яъни реестр тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ахборотнинг расмий манбаига айланади, унда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги эса давлат томонидан кафолатланади.

Кўчмас мулк билан битимлар реал вақт (онлайн) режимида бериладиган ҳамда ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган реестрдан кўчирмалар асосида расмийлаштирилиши режалаштирилмоқда. Кўчирмада нотўғри ахборот қайд этилган ҳолда нотўғри маълумотлар асосида виждонан битим тузган томонларга компенсация тўлаш масаласи кўриб чиқилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Электрон аукционда тадбиркорлик учун ерни қандай олиш мумкин

 

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 30.06.2018 йилдаги 493-сон қарорига 1-илова) эълон қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 20.04.2018 йилдаги ПҚ–3677-сон қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб «E-IJRO AUKSION» майдончаси орқали электрон аукционда (бошланғич нархни ошириш тартибида) тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер берилади.

Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома оператор веб-порталида у ўтказилишидан камида 30 календарь кун аввал жойлаштирилиши керак. Аукцион 2 шаклда ўтказилиши мумкин:

► ёпиқ аукцион – фақат ер участкаси жойлашган туманда (шаҳарда) рўйхатга олинган (доимий яшовчи) юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин;

► очиқ аукцион – барча юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин.

Электрон аукционда иштирок этишга буюртманомалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб автоматик тарзда қабул қилинади, аукционни ўтказиш кунидан 2 иш куни олдин (соат 13.00 да) якунланади. Буюртманома сайтда тўлдирилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади (махсус ЭРИ аукцион оператори – Мажбурий ижро бюроси қошидаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК томонидан берилади). Шунингдек участка бошланғич қийматининг 20%и миқдорида закалат киритиш ва буюртманомада тўлов ҳужжати реквизитларини кўрсатиш талаб этилади. Тўлов ҳужжатининг тўлов мақсадида лот рақами кўрсатилган бўлиши лозим, ҳар бир объект бўйича алоҳида тўлов ҳужжати талаб этилади.

Ер участкасининг бошланғич нархи қуйидагиларни ўз ичига олади:

► бир йиллик ер солиғи ставкаси миқдори;

► ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати: майдони 0,01 гектардан 0,05 гектаргача бўлганда – 2 ЭКИҲ; 0,05 гектардан 0,1 гектаргача бўлганда – 3 ЭКИҲ; 0,1 ва ундан кўп гектар бўлганда – 5 ЭКИҲ.

Аукцион иш куни мобайнида соат 9.00 дан 18.00 гача у якунлангунга қадар иштирокчилар шахсини ошкор қилмасдан ўтказилади. Бироқ бу иштирокчилар кун давомида ўзлари учун қулай пайтда ўз таклифларини билдиришга ҳақли эканликларини англатмайди. Гап шундаки, охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида ҳеч ким кейингисини тасдиқламаса, уни тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолибига айланади. Яъни аукцион соат 9.00 дан 18.00 гача давом этиши учун бошланғич нарх камида 54 марта 5%га (аукцион қадами) ошириб борилиши зарур. Шу тариқа, кун охирига келиб лот қиймати камида 270%га ошиши мумкин. Соат 18.00 бўлиши билан фаол савдо тўхтатилмай, соат 21.00 гача худди шу тарзда давом эттирилиши мумкин. Бу ҳолда соат 21.00 гача охирги таклифни билдирган иштирокчи ғолиб деб топилади.  

 

Бу – муҳим! Портал операторининг воситачилик ҳақи участкани сотиш суммасининг 5%игача миқдорини ташкил этиши мумкин.

 

Аукцион якунлангач, унинг натижалари порталда эълон қилинади, шунингдек аукцион ташкилотчиси унинг баённомасини тегишли ҳокимликка юборади. Ҳокимлик 3 кун давомида ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор чиқаради ҳамда уни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалига юборади, у ерда участканинг кадастр ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Мижозлар ҳуқуқлари ҳимояси учун

 

Марказий банк Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 2.07.2018 йилда 3030-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тасдиқланди.

Ҳужжат банклар мижозларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида қабул қилинган ва у жорий йил 4 октябрдан кучга киради.

Биринчидан, банк ходимларининг мижозлар билан ўзаро муносабатлари ва уларнинг мурожаатларига муносабат билдириш қоидалари белгиланди. Масалан, мижоз оғзаки савол билан мурожаат қилганда жавоб кутиш муддати 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Банк ходимлари фамилияси, исми ва лавозими қайд этилган визуал идентификация воситалари билан таъминланган бўлишлари шарт.

Иккинчидан, мижозлар билан тузиладиган хизматлар кўрсатиш шартномалари техник жиҳатдан расмийлаштирилишига доир талаблар белгиланган. Шартнома матни тушуниш учун аниқ ва содда тарзда баён этилиши, компьютер воситасида босиб чиқаришда «Times New Roman» 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Microsoft Word матн редакторидан фойдаланилиши лозим. Мижоз танловига кўра шартнома матни давлат ёки рус тилида бўлиши мумкин. 

Учинчидан, мижознинг талабига кўра, банк қуйидаги ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини бепул (битта хизмат бўйича бир марта) беришга мажбур:

► хизмат кўрсатиш шартномаси;

► мижознинг аризаси (хизмат кўрсатиш учун бундай аризани расмийлаштириш шарт бўлганда);

► кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ордер, тўлов топшириқномаси, электрон тўлов воситасига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома);

► кредит шартномаси бўйича мижоз томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома).

Кўрсатилган ҳужжатлар уларни тайёрлаш харажатларидан ошмайдиган ҳақ эвазига чекланмаган тарзда тақдим этилиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, мижозлар электрон шахсий кабинетида кўрсатиладиган хизматлар бўйича барча ахборотдан фойдаланиш имконияти билан таъминланган бўлиши лозим.

Тўртинчидан, мижозларга кредит бўйича хизмат кўрсатиш даврида улар учун очиқ ва содда маълумотлар берилиши кафолатланган. Чунончи, кредит олувчининг оғзаки ёки ёзма сўровига кўра 1 иш куни ичида унга қуйидаги ахборот ёзма шаклда ҳар ойда бепул тақдим этилади:

► кредитлаш лимити;

► кредит бўйича тўланган пул маблағлари суммаси;

► асосий сумма бўйича қарз қолдиғи;

► муддати ўтказиб юборилган қарздорлик миқдори ва ҳ.к.

Бешинчидан, кредит шартномаси бўйича қарз юзага келганда банкнинг мижозлар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш тартиби белгиланди. Бу ҳолда банк кредит олувчига қарз суммаси, ҳисобланган фоизлар, неустойка ва ҳ.к. тўғрисида қисқача ахборотни ўз ичига олган ёзма хабарнома юбориши керак. Хабарнома соат 20.00 дан 8.00 гача фақат мижознинг қўлига топширилади. Телефон орқали оғзаки эслатишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, муддати ўтказиб юборилган кредит қарзлари бўйича низони судгача ҳал қилиш шарт. Яъни судга даъво аризасини тақдим этишдан олдин банк мижозга қарзни қайтариш тўғрисида ёзма талабнома йўллаши лозим. У талабномада кўрсатилган муддатдан бошлаб 30 кун ичида тегишли мажбуриятларни бажармаганда, банк судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Олтинчиданбанкларнинг расмий веб-сайти қандай бўлиши кераклиги кўрсатилган. Банкларнинг мижозларга унда мавжуд ахборот билан танишиш учун қўшимча талаблар белгилаши, масалан: рўйхатдан ўтишни, шахсий маълумотларини беришни ва ҳ.к. сўраши тақиқланади. Мижознинг шахсий кабинетидаги ахборот бундан мустасно.

Еттинчиданвеб-сайтда, стендларда танишиш учун, шунингдек оғзаки маслаҳатлар бериш орқали мижозларга очиб берилиши керак бўлган банк хизматлари: омонатлар, кредитлар, хизматлар тарифлари, фоиз ставкалари ҳақидаги ахборот ва ҳ.к. беришга доир минимал талаблар санаб ўтилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.10.2018 йилдан кучга киради.

 

 

 

ТДЮУ қошидаги Марказнинг 6 ойлик курслари битирувчилари юриспруденция бакалаврлари сингари юридик хизматга раҳбарлик қила оладилар

 

Президентнинг 11.07.2018 йилдаги ПФ–5475-сон Фармони билан Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Илгари маълум қилганимиздек, Президентнинг 13.04.2018 йилдаги ПҚ–3666-сон қарори билан Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) қошида Халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил қилинган эди. Марказда бошқа 47 йўналиш бўйича олий маълумотга эга мутахассисларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари ташкил қилинди. Масалан, физиклар, социологлар, журналистлар янги касбни эгаллашлари мумкин.

Курслар – пуллик, ўқитиш 6 ой давом этади. Имтиҳон натижалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқини берувчи белгиланган намунадаги диплом берилади (ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида – бу ерда).

Ҳозирги кунга қадар Марказ битирувчилари қайси лавозимларда ишлашлари мумкинлиги ноаниқ эди. Қабул қилинган ҳужжат бу масалада уларни олий юридик маълумотга эга бўлган шахсларга тенглаштириб қўйди. Яъни 6 ойлик курсни тамомлагач, юрисконсульт, юрисконсульт ёрдамчиси ва ҳатто юридик хизмат раҳбари (бу лавозим учун юридик хизматда камида 2 йиллик меҳнат стажи талаб этилади) бўлиб ишлай оладилар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 970 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика