Импорт қилинадиган товарлар божхона қийматини аниқлашнинг биринчи усули қандай ҳолларда аниқ қўлланилиши мумкин?
Гулфия Т., божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис.
– Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир (БКнинг 301-моддаси).
Ҳозир Божхона кодексининг янги таҳрири лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда, шу муносабат билан ишлаб чиқувчиларга мазкур нормани янада аниқ таърифлашни тавсия этмоқчимиз. Хусусан, товар чегарада ўз мақомини ўзгартириши сабабли товарнинг божхона қиймати – унинг ЎзР божхона ҳудудини кесиб ўтгунга қадар бўлган қиймати деган таърифни қўшимча қилиш лозим. Импортда – хорижий қийматдан ички қийматга, тегишинча, экспортда – ички қийматдан хорижий қийматга.
Божхона кодексида импорт қилинадиган товарлар божхона қийматини аниқлашнинг 6 босқичли услубияти назарда тутилган: 1 – олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича; 2 – айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича; 3 – ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича; 4 – қийматларни чегириб ташлаш асосида; 5 – қийматларни қўшиш асосида; 6 – захира усул.
Божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули олиб кириладиган товарга доир битимни қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда унинг учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх бўйича аниқлаш усули ҳисобланади. Шу сабабли баҳолашга киришишдан олдин ушбу усулни қўллай олиш параметрларини белгилаш лозим. Унинг моҳияти – товарнинг контракт қийматини тан олиш (БКнинг 302-моддаси).
Маълумот учун. Агар контракт қиймати учун аҳдлашувга кўра исталган етказиб бериш шартлари белгиланиши мумкин бўлса, импорт чоғида божхона қиймати учун фақат CIP – ЎзР божхона чегараси қўлланилади.
Битим нархига киритиладиган харажатлар
Олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса:
а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:
ташиш қиймати;
товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;
суғурта қиймати;
б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:
воситачилик ва брокерлик ҳақлари, товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари бундан мустасно;
контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;
ўров-жойлов қиймати, шу жумладан, ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;
в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;
г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;
д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.
Ушбу харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.
Юқорида кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди (БКнинг 304-моддаси).
Маълумот учун. Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.
Битим нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар
Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, башарти улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса, чиқариб ташланади:
● саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;
● товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари;
● товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистонда тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.
Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари бундан мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади (БКнинг 305-моддаси).
Биринчи усулдан фойдаланиш бўйича чекловлар
Олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан қуйидаги ҳолларда фойдаланилиши мумкин эмас, агар:
● сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар бундан мустасно;
● товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилган бўлса;
● сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);
● товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига БКнинг 304-моддасига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;
● товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;
● битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар бундан мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим (БКнинг 306-моддаси).
Аниқлик киритамиз
Шу тариқа, биринчи усулдан фойдаланганда амалдаги, яъни харидор ҳақиқатда тўлаган ёки тўлаши лозим бўлган нарх божхона қиймати сифатида қабул қилинади. Декларант эълон қилган божхона қиймати ва унинг таърифига тааллуқли маълумотлар ишончли ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши лозим.
Декларацияда кўрсатилган суммаларни харидор ҳақиқатда тўлаган ёки тўлаши лозим бўлган суммалар сифатида ҳужжатлар билан тасдиқлаш зарур. Бунда тўлов тўғридан-тўғри ёки билвосита, амалдаги қонунчиликка зид келмайдиган исталган шаклда амалга оширилиши мумкин. Сотувчининг харидор олдидаги қарзини қоплаш ҳисобига товарларнинг импорт етказиб берилишига билвосита тўловга мисол сифатида қаралиши мумкин.
Ушбу талабга мувофиқ, декларацияда кўрсатилган барча элементлар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолдагина божхона қийматини биринчи усул бўйича аниқлаш мумкин. Битим нархи – етказиб бериш ҳақини тўлаш учун ҳисобварақ-фактура билан, битим қийматига қўшимча ҳисобланмалар – тўлов, товарга илова қилинадиган, тижорат ҳужжатлари билан. Харажатларнинг ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) суммалари эса – тўлов, товарга илова қилинадиган, тижорат, божхона ҳужжатлари билан.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.