Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 30 / Бухгалтерга тавсиялар

Туризм корхонасининг даромади: тан олиш пайти

 

Туроператорда даромаднинг тан олиниши

Ўзбекистонда хизматларни тақдим этишдан олинган даромадлар улар кўрсатилганлиги далили бўйича тан олинади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси). Турлар ҳақи сифатида туристлардан келиб тушган суммалар аванс ҳисобланади ва туроператорнинг даромадини оширмайди. Оралиқ тўловлар асосида турни реализация қилишдан даромадлар ва туристлардан олинган аванслар тан олинмайди (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган 2-сон БҲМСнинг 18-банди). Аванслар туроператорнинг мажбуриятлари таркибида ҳисобга олинади ва ­6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар» счётида акс эттирилади.

Турга кирадиган барча хизматлар амалда туристга кўрсатилганидан кейингина туроператор даромадни тан олиши лозим. Бу айни турни тақдим этишдан даромадни тан олиш пайтидир. Даромад тур якунланган санада тузилган ҳар бир туризм шартномаси бўйича алоҳида тан олинади.

Бироқ туроператор хизматлар кўрсатиш якунланган пайтни ҳужжатлар билан тасдиқлаши мушкул бўлади:

● ҳужжатлар (йўлланма, бажарилган ишлар далолатномаси, ҳисобварақ-фактура) туризм корхонасида расмийлаштирилади;

● хизматлар, одатда, бошқа жойда кўрсатилади;

● турист турдан қайтганда кўпинча хизматлардан фойдаланганлиги далилини тасдиқламайди.

Шу сабабли туризм хизматларини кўрсатиш шартномаларида (оферталарда) нималар туроператорнинг мажбуриятлари бажарилганлиги далили деб ҳисобланишини аниқ қайд этиш зарур. Масалан, буюртмачи туризм хизматлари кўрсатилганлиги далили бўйича ижрочига эътироз билдирмаса, хизмат кўрсатилган ҳисобланади.

Туроператорнинг бухгалтери қуйидаги ҳужжатлар асосида даромадни тан олишга ҳақли:

1) туристик йўлланма (ваучер). У туристнинг ёки туристлар гуруҳининг тур таркибига кирувчи туристик хизматларга бўлган ҳуқуқини белгилайди ва улар кўрсатилганлиги далилини тасдиқлайди («Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси).

Ҳозирча ушбу ҳужжатнинг умуммажбурий шакли йўқ. Шу сабабли «Norma» МЧЖ экспертлари ишлаб чиққан шаклдан фойдаланинг ёки уни ўзингиз тузинг. Ҳар қандай ҳолда ҳам ҳужжат шаклини раҳбар буйруғи билан тасдиқлаш лозим.

Ваучерни 2 қисмга бўлишни тавсия этамиз. У туризм хизматлари комплексини кўрсатувчи ташкилотларга (меҳмонхона, қаҳвахона, транспорт ташкилоти ва ҳ.к.) тақдим этиш учун туристга берилади. Иккинчи қисмини турист улар кўрсатилганлиги далилини тасдиқлаш учун туроператорга қайтаради. Бу қисмда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда назарда тутилган барча реквизитларни акс эттириш мақсадга мувофиқ. Расмийлаштирилган ваучер ҳам ҳисобварақ-фактура, ҳам бажарилган ишлар далолатномасининг ўрнини босади;

2) ваучердан фойдаланмасангиз, 2 нусхада ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида далолатномани ёзинг.

Кўпинча тур якунлангач, турист одатда туроператор офисига қайтмайди ёки ҳужжатларни имзолаш учун келишга вақти бўлмайди.

Бу ҳолда туроператор даромадининг ҳужжатли тасдиғи бўладиган бухгалтерия маълумотномасини тузинг. Маълумотномани раҳбарга имзолатгач, унинг асосида ҳисобварақ-фактураларни ёзинг.

Даромадлар билан бир вақтда туроператор туризм хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар – реализация қилинган туристик маҳсулот таннархини ҳам тан олади. У ҳар бир туристик маҳсулот бўйича белгиланади. Таннарх даромад тан олинган даврда, яъни туризм хизматлари тақдим этилганлиги далили бўйича харажатларга киритилади. Бу қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан расмийлаштирилади:

Дт 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

Кт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш».

 

Туроператорнинг хатолари

Туроператорларнинг бухгалтерлари кўпинча турни реализация қилишдан даромадни мижозга йўлланма (ваучер) бериш пайтида тан оладилар. Бу бир қатор оқибатларга олиб келиши мумкин:

1) турни реализация қилишдан даромад туристик йўлланмани бериш пайтида тан олинган бўлса, ушбу ҳисобот даврида даромад сунъий равишда оширилади. Ҳақиқатда хизматлар кўрсатилган пайтда эса даромад пасайтирилади. Бу тақсимланмаган фойда ва, бинобарин, тегишли ҳисобот даврларидаги муассисларнинг даромадлари нотўғри ҳисобга олинишига олиб келади;

2) туристик йўлланмани сотишдан даромад бир солиқ даврида тан олинади, у бўйича хизматлар эса кейинги солиқ даврида (календарь йилда) кўрсатилади. Ушбу даврлардаги солиқ ставкалари турлича бўлса, тўловлар нотўғри ҳисобланади. Солиқ текширувида бу уларнинг қўшимча ҳисобланишига олиб келади. Фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб борганлик учун, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-моддаси 1, 2-қисмлари);

3) мижоз турдан воз кечганда ёки ундан қисман фойдаланганда, шартнома шартларида суммалар қайтарилиши назарда тутилган бўлса, нотўғри ҳисоб юритилади. Ҳатто турни реализация қилишдан даромад бир солиқ даврида тан олинган, мижоз эса бошқа солиқ даврида пулни қайтаришни сўраб мурожаат қилган бўлса ҳам, бухгалтерлар кўпинча қайтариладиган тур суммасига 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» счёти орқали тузатиш киритадилар. Бу нотўғри.

Қуйидагича тузатишлар киритилади:

● бир солиқ даврида даромад тан олинган ва мижоз турдан воз кечган ёхуд ундан қисман фойдаланган бўлса, 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» счётидаги тан олинган суммаларга тузатиш киритиш йўли билан хато тўғриланади;

● даромадлар бир солиқ даврида тан олинган, турдан воз кечиш ёхуд ундан қисман фойдаланиш бошқа солиқ даврида юз берган бўлса, муай­ян корхона учун ушбу сумманинг салмоғига қараб хато тузатилади. Салмоқли суммага тақсимланмаган фойда сальдоси (8700) орқали тузатиш киритилади. Сумма катта бўлмаса, у жорий йилда 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётига киритилади.

 

Турни реализация қилишнинг бухгалтерия ҳисоби

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Туристдан тур учун олдиндан тўлов келиб тушди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»;

5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари»;

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»;

5710-«Йўлдаги пул маблағлари (ўтказмалари)»

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»

 

Турни ташкил этишда чет ташкилотларнинг хизматлари қиймати ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Туристга қайтариладиган тур қийматининг бир қисми тан олинди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»

 

Тур қийматининг бир қисми қайтарилди

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»;

5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари»;

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

Туристик хизматларни кўрсатишдан даромад акс эттирилди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Илгари тур учун олинган аванс ҳисобга олинди

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

Реализация қилинган турнинг таннархи ҳисобдан чиқарилди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий
ишлаб
чиқариш»

 

 

Турагентнинг даромади ва унинг тан олиниши

Асосий принцип – турагент даромадига фақат унинг агентлик ҳақи киритилади. Зеро турлар ҳақини тўлаш учун туристлардан келиб тушадиган маблағлар турагент орқали транзит ўтади. Улар воситачи-турагентга тегишли бўлмайди, балки туроператорга ўтказилади. Бундай транзит суммалар турагентнинг даромадларига ҳам, харажатларига ҳам киритилмайди. Бироқ бу улар бухгалтерия ҳисобида умуман акс эттирилмайди дегани эмас. Акс эттирилади, бироқ молиявий натижа учун оқибатларсиз.

Яъни турагентда транзит суммалар қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан ўтади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ҳақи қуйидагича тўланган тур реализация қилинди:

нақд;

пластик карта орқали;

пул ўтказиш йўли билан

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»;

5710-«Йўлдаги пул маблағлари (ўтказмалари)»;

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

 

Турагент туроператорга реализация қилинган турлар бўйича ҳисобот тақдим этади. Ҳисоботга қуйидагилар киритилади:

● реализация қилинган турлар сони ва қиймати;

● турагент ҳақи суммаси, шу жумладан ҚҚС (турагент – ҚҚС тўловчиси бўлса);

● турагент ҳақини чегирган ҳолда агентлик келишувига кўра туроператорга тўланиши лозим бўлган сумма;

● агентлик шартномасида назарда тутилган ахборот.

Ушбу ҳисобот турлар сотилган ой якунлангандан кейин 5 банк кунидан кечиктирмасдан туроператорга тақдим этилади. Агентлик шартномасида камроқ муддат назарда тутилиши мумкин.

Воситачилик ҳақига келсак, турагент уни туроператор имзолаган ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатнома асосида ўз даромадига киритади (Тартибнинг 37-банди, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган 3-илова). Турагент агентлик шартномаси бўйича мажбуриятни бажарганидан, яъни турни сотганидан кейин ушбу ҳужжатлар тузилади. Яъни турагент даромадни дарҳол – турни сотиш чоғида тан олади. Туроператордан фарқли равишда унинг тур якунланишини кутишига зарурат йўқ. Турагент битта туроператорнинг турларини мунтазам сотса, ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатнома ушбу турлар сотилган ойнинг охирги санасида расмийлаштирилади. Турагентнинг даромади қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан расмийлаштирилади:

Дт 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

Кт 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар».

Муайян сабабга кўра турист турдан воз кечса, агар бу агентлик келишуви шартларида назарда тутилган бўлса, турагент туроператорга воситачилик ҳақини қайтаради. Турист турдан қисман фойдаланиши ва, агар бу шартномада қайд этилган бўлса, унинг фойдаланилмаган қисми учун қолган суммани қайтаришни сўраб турагентга мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳолда турагентнинг воситачилик ҳақи қисман туроператорга қайтарилиши мумкин.

Солиқ даври давомида олинган воситачилик ҳақи туроператорга қайтарилишини турагент қуйидаги проводка билан акс эттиради:

Дт 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

Кт 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

ёки 6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар» – агар туроператорда турагентга воситачилик ҳақи бўйича қарз бўлмаса.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1404 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика