Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 25 / Бухгалтерга тавсиялар

Ишлаб чиқариш харажатлари ҳисоби

 

Ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олишнинг бир нечта методи мавжуд. Метод харажатларни баҳолаш усули (ҳақиқий, норматив ёки режали таннарх), ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номенклатураси, ишлаб чиқариш хусусияти, тугалланмаган қурилишнинг мавжудлиги, ишлаб чиқариш циклининг давомийлиги ва бошқа омилларга қараб танланади.

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИНИНГ АСОСИЙ МЕТОДЛАРИ

 

Метод

 

Тавсифи

 

Оддий

 

Ҳисобот давридаги барча ишлаб чиқариш харажатлари ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига киритилади. Маҳсулот бирлиги таннархи ишлаб чиқариш харажатлари суммасини ишлаб чиқарилган маҳсулот бирликлари умумий сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

Битта турдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда ярим тайёр маҳсулотларга ва тугалланмаган ишлаб чиқаришга эга бўлмаган корхоналар томонидан қўлланилади.

Афзаллиги – ҳисоб-китобнинг оддийлигида.

Камчиликлари: фойдаланилган ресурслар сонини ва уларнинг нархларини назорат қилиш учун нормативларнинг мавжуд эмаслиги, фарқланишларни таҳлил қилиб бўлмаслик, харажатларнинг фақат ҳисобот даври сўнгида ҳисоб-китоб қилиниши ва б.

Норматив

 

Харажатлар хом ашё, материаллар, меҳнат ва ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишнинг белгиланган нормалари бўйича ҳисобга олинади. Нормативлар вақти-вақти билан таҳлил қилиниб, жорий шароитга қараб қайта кўриб чиқилади.

Оммавий ва серияли ишлаб чиқариш корхоналарида қўлланилади. Аввалгиси билан солиштирганда ушбу метод нафақат қандай харажатлар қилинганлигини, балки норма бўйича қанча бўлиши кераклигини ҳам баҳолаш имконини беради. Бунинг учун дастлаб маҳсулотнинг ҳар бир тури бўйича норматив калькуляция тузилади. У ҳисобот даври (одатда, ой) бошида амал қилувчи харажатлар нормалари асосида ҳисобланади. Давр якунида ушбу нормалардан фарқланишлар таҳлил қилинади – яъни тежам ёки ортиқча сарфиёт аниқланади.

Афзаллиги – харажатлар устидан самарали назорат, ҳақиқий харажатларнинг норматив харажатлардан фарқланиши сабабларини таҳлил қилиш имконияти, нафақат ҳисобот даври якунида, балки ишлаб чиқариш жараёнида ҳам оператив чора-тадбирлар кўриш имконияти ва б.

Камчиликлари: ҳисоб-китоб қийинлашиб боради, нормалар бўйича харажатлар ва улардан фарқланишлар ҳисобини ташкил этиш зарур

Қайта ишлов бериш

 

Технологик цикл давомида маҳсулоти кетма-кет бир нечта босқичдан (қайта ишлов беришдан) ўтадиган корхоналарда қўлланилади. Ҳар бир қайта ишлов бериш натижасида оралиқ маҳсулот (ярим тайёр маҳсулот) олинади, у кейинчалик ишлов бериш учун технологик занжир бўйича берилиши ёки четга сотилиши мумкин. Тегишинча, қайта ишлов берилишига қараб, уларнинг ичида эса – калькуляция моддалари ва маҳсулот турлари бўйича харажатлар ҳисоби юритилади. Бевосита харажатлар – ҳар битта қайта ишлов бериш бўйича, билвосита харажатлар эса цех, ишлаб чиқариш, умуман корхона бўйича, кейинчалик қабул қилинган базага мувофиқ тақсимлаган ҳолда ҳисобга олинади.

Методнинг 2 та – ярим тайёр маҳсулотли ва ярим тайёр маҳсулотсиз варианти мавжуд

Ярим тайёр маҳсулотли – ҳар бир олдинги қайта ишлов бериш маҳсулоти кейинги қайта ишлов беришлар учун ярим тайёр маҳсулот ҳисобланади ёки четга сотилиши мумкин. Ярим тайёр маҳсулотларни ҳақиқий ёки норматив таннархи бўйича ёхуд ҳисобдаги нархлари бўйича баҳолаш зарурати юзага келади. Маҳсулот ишлаб чиқариш харажатлари ҳар битта қайта ишлов бериш бўйича ортиб борган ҳолда белгиланади. Яъни сўнгги қайта ишлов бериш маҳсулотининг таннархи бутун тайёр маҳсулотнинг таннархи ҳисобланади

 

Ярим тайёр маҳсулотсиз – ишлаб чиқариш харажатлари фақат сўнгги қайта ишлов бериш бўйича белгиланади. Бунда ҳар битта қайта ишлов бериш бўйича фақат ишлов бериш харажатлари ҳисобга олинади. Тайёр маҳсулот таннархи хом ашё, материалларга харажатлар, барча қайта ишлов беришларнинг уларга ишлов беришга харажатлари ва умумишлаб чиқариш харажатлари суммаси сифатида белгиланади. Яъни ярим тайёр маҳсулотлар қиймати баҳоланмай, фақат тайёр маҳсулот таннархи калькуляция қилинади

 

Буюртма

 

Индивидуал, майда серияли ва тажриба-синов ишлаб чиқаришларда қўлланилади. Харажатлар битта буюм ёки бир хил буюмларнинг кичик туркумини тайёрлашга буюртмалар бўйича ҳисобга олинади. Ҳар бир буюртмага карточка очилиб, у бажариладиган бутун муддат мобайнида буюртма бўйича барча харажатлар ҳисобга олинади.

Бевосита харажатлар ҳар бир буюртмага алоҳида расмийлаштириладиган бошланғич ҳужжатлар асосида ҳисобга олинади. Билвосита харажатлар корхона қабул қилган базага мувофиқ тақсимлаш йўли билан таннархга киритилади.

Буюртма бажарилаётган даврда харажатлар тугалланмаган ишлаб чиқариш сифатида ҳисобга олинади. Буюртма бажарилгандан кейин карточка ёпилади ва уни бажаришга қилинган харажатлар ҳисобланади. Бир нечта бир хил буюмлар тайёрланган бўлса, харажатлар суммасини буюмлар сонига бўлиш йўли билан бирлик таннархи аниқланади

 

 

АСОСИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИ

 

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ҳақиқий таннархи 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида акс эттирилади. Ой давомида ушбу счёт дебети бўйича қуйидаги технологик жараён тақозо этган бевосита харажатлар жамланади:

● маҳсулот тайёрлашда бевосита иштирок этувчи асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси;

● маҳсулотга кирувчи материаллар қиймати;

● ишлаб чиқариш ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;

● ижтимоий суғуртага ажратмалар;

● технологик мақсадларга ёқилғи ва энергия.

Бошланғич ҳужжатларда (лимит белгиловчи карталар, нарядлар, рапортлар ва б.) харажатлар юзага келган жойлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номи ва тегишли харажатлар моддалари кўрсатилади.

Қуйидагилар ҳам 2010-счётга ҳисобдан чиқарилади:

● ёрдамчи ишлаб чиқаришлар харажатлари – 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» счётидан;

● асосий ишлаб чиқаришни бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ билвосита харажатлар – 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётидан;

● яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишлар – 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» счётидан.

2010-счёт кредити бўйича ишлаб чиқарилиши якунланган маҳсулотнинг ҳақиқий таннархи акс эттирилади. Унинг суммаси 2010-счётдан 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар» счёти дебетига ҳисобдан чиқарилади.

Ой охирида 2010-счётдаги қолдиқ тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг таннархини кўрсатади.

2010-счётда харажатлар турлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари бўйича аналитик ҳисоб юритилади. Счётларнинг алоҳида тизимида харажатларни гуруҳлаш ва калькуляцион ҳисоб юритиш мумкин. Ўз ишлаб чиқаришингиз, бошқарув тузилмаси ва уни ташкил этиш хусусиятларидан келиб чиқиб, унинг таркиби ва ундан фойдаланиш услубиятини мустақил равишда белгиланг.

Аналитик ҳисоб юритиш учун алоҳида счётлар тизими қўлланилмаётган бўлса, уни корхона бўлинмалари (цехлари, участкалари ва ҳ.к.) бўйича юритиш мумкин.

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 қуйидаги счётлар кредитидан 2010-счёт дебетига

 

2010-счёт кредити қуйидаги счётлар дебетига

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»;

0500-«Номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар»;

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

1600-«Материаллар қийматидаги фарқларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»;

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6500-«Суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

ва б.

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

 

Сальдо = тугалланмаган ишлаб чиқариш

 

 

 

 

ТУГАЛЛАНМАГАН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲИСОБИ ВА УНИ БАҲОЛАШ

 

Қисман тайёр бўлган, барча ишлов бериш босқичларидан ўтмаган ва техник назорат томонидан қабул қилинмаган маҳсулот тугалланмаган ишлаб чиқариш ҳисобланади.

Бундай маҳсулот қийматини баҳолаш ва уни тайёр маҳсулот қийматидан ажратиш учун тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқларига доим эга бўладиган ишлаб чиқариш корхоналари ҳар ой охирида уларни инвентарлашдан ўтказадилар. Тугалланмаган ишлаб чиқариш йиллик ҳисоботни тузиш олдидан, бироқ ҳисобот йилининг 1 октябридан кечиктирмай мажбурий инвентарлашдан ўтказилади (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган 19-сон БҲМСнинг 1.5-банди).

Инвентарлаш санаш, тарозида тортиш ва қайта ўлчаш йўли билан ўтказилади. Унинг натижалари инвентарлаш рўйхати (19-сон БҲМСга 8-илова) билан расмийлаштирилади. Айнан унинг асосида тугалланмаган ишлаб чиқаришга тааллуқли харажатлар аниқланади.

Харажатлар тайёр маҳсулот ва тугалланмаган ишлаб чиқариш ўртасида қуйидаги формула бўйича тақсимланади:

Тн = Т1 + Х – Я – Ч – Т2, бунда:

Тн – тайёр маҳсулотнинг таннархи;

Т1 ва Т2 – ой боши ва охиридаги тугалланмаган ишлаб чиқариш;

Х – ҳисобот ойидаги харажатлар;

Я – яроқсиз маҳсулотга харажатлар;

Ч – ишлаб чиқариш чиқиндиларининг қиймати.

 

Тугалланмаган ишлаб чиқаришни баҳолаш усуллари ишлаб чиқариш хусусиятига боғлиқ. Баҳолашнинг қуйидаги методлари мавжуд:

Метод

 

Тавсифи

 

Моддий харажатлар (хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар) қиймати бўйича

 

Хом ашё ва материаллар қиймати тайёр маҳсулот таннархининг катта қисмини (70–90%) ташкил этганда қўлланилади

 

Бевосита харажатларнинг моддалари бўйича

 

Моддий харажатлар улуши катта бўлмаган, маҳсулот тайёрловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари эса (ижтимоий ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда) салмоқли бўлганда қўлланилади. Материалларга ва меҳнатга ҳақ тўлашга (ижтимоий ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда) бевосита харажатлардан ташқари, ишлаб чиқариш ускунасининг амортизация ажратмалари ёки ижара қиймати ҳам бевосита тусга эга бўлиши мумкин. Бироқ ускунада бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган ҳолдагина ана шундай бўлади

 

Норматив (режали) ишлаб чиқариш таннархи бўйича

 

Ушбу методни қўллаш учун ишлаб чиқарилиши тугалланмаган буюмларнинг умумий сонини ва норматив таннарх миқдорини билиш лозим. У режалар ва белгиланган нормативлардан келиб чиқиб олдиндан белгиланади, яъни жорий ойдаги фаолиятнинг ҳақиқий натижаларига боғлиқ бўлмайди. Одатда, уни корхонанинг иқтисодий режалаштириш бўлими ҳисоблаб чиқаради

 

Ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатлари бўйича

 

Энг мураккаб, бироқ энг тўлиқ ва аниқ баҳолаш методи, нафақат бевосита, балки билвосита (умумишлаб чиқариш) харажатларни ҳам ҳисобга олади

 

 

 

Санаб ўтилган баҳолаш методларини битта бошланғич сонли мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

 

МИСОЛ. Ой бошида корхонада тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқлари йўқ эди.

Ой давомида маҳсулотнинг 20 000 бирлиги ишлаб чиқаришга қўйилди. Ҳақиқатда ой давомида 18 000 бирлик ишлаб чиқарилиб, омборга кирим қилинди. Демак, ой охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш 2 000 бирликни (20 000 – 18 000) ташкил этади.

Жорий ойда цех харажатлари қуйидагилардан ташкил топди:

хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар – 16 000 минг сўм;

ходимларнинг иш ҳақи ва ижтимоий суғуртага ажратмалар – 15 200 минг сўм;

ускуна амортизацияси – 800 минг сўм;

ой якунлари бўйича мазкур турдаги маҳсулотга тақсимланган цех харажатлари (ижтимоий ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда цехдаги хизмат кўрсатувчи ва бошқарув ходимларининг иш ҳақи, цех биноси амортизацияси, коммунал тўловлар ва ҳ.к.) – 3 600 минг сўм.

Бир ойдаги ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатларининг умумий суммаси 35 600 минг сўмни (16 000 + 15 200 + 800 + 3 600) ташкил этди.

 

Хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар қиймати бўйича баҳолаш

Ишлаб чиқаришга қўйилган маҳсулот бирлигига хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар сарфи 800 сўмни (16 000 / 20 000) ташкил этади.

Тугалланмаган ишлаб чиқариш 2 000 бирликни ташкил этиши боис унинг таннархи 1 600 минг сўм (2 000 х 800) деб баҳоланади.

Бошқача ҳисоблаш мумкин:

тугалланмаган маҳсулотнинг ишлаб чиқаришга қўйилган буюмлар умумий сонидаги салмоғи 10%ни (2 000 / 20 000 х 100) ташкил этади;

тугалланмаган ишлаб чиқаришга кирувчи хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар қиймати улуши – 1 600 минг сўм (16 000 х 10%).

Тегишинча, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий ишлаб чиқариш таннархи 34 000 минг сўмни (35 600 – 1 600) ташкил этади.

 

Бевосита харажатлар моддалари бўйича баҳолаш

Айтайлик, бизнинг ҳолатда бевосита харажатлар моддаси 3 та:

хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар;

ажратмалар билан бирга иш ҳақи;

ускуна амортизацияси.

Ишлаб чиқаришга қўйилган маҳсулот бирлиги ҳисобида улар 1 600 сўмни ((16 000 + 15 200 + 800) / 20 000) ташкил этади.

Шу тариқа, тугалланмаган маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги ҳам бевосита харажатлар моддалари бўйича 1 600 сўм деб баҳоланиши керак.

Демак, тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг бутун ҳажми 3 200 минг сўмни (2 000 х 1 600) ташкил этади.

Тегишинча, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳақиқий ишлаб чиқариш таннархи 32 400 минг сўмни (35 600 – 3 200) ташкил этади.

 

Норматив таннархи бўйича баҳолаш

Иқтисодий режалаштириш бўлимининг ҳисоб-китобига кўра, тайёр маҳсулот бирлигининг норматив таннархи 1 700 сўмни ташкил этади.

Тугалланмаган ишлаб чиқариш сон жиҳатдан 2 000 бирликни ташкил этар экан, унинг қиймат баҳоси 3 400 минг сўмни (2 000 х 1 700) ташкил этади.

Бу ҳолда тайёр маҳсулотнинг ҳақиқий таннархи 32 200 минг сўмни (35 600 – 3 400) ташкил этади.

Бунда бухгалтерия ҳисобида ушбу тайёр маҳсулот 30 600 минг сўмлик (18 000 х 1 700) суммада норматив таннархи бўйича акс эттирилган бўлади.

 

Ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатлари бўйича баҳолаш

Ой охирида бухгалтер 2010-счётда акс эттирилган (шу жумладан 2510-счётдан ҳисобдан чиқарилган), ой давомида қилинган барча харажатларни қўшиб, бир ойдаги ҳақиқий ишлаб чиқариш харажатларининг умумий суммаси – 35 600 минг сўмни чиқарди.

Демак, ҳам тугалланган, ҳам тугалланмаган маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги ҳақиқий ишлаб чиқариш таннархи 1 780 сўмни (35 600 / 20 000) ташкил этди.

Тугалланмаган ишлаб чиқариш 3 560 минг сўм (2 000 х 1 780) дея баҳоланади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи эса 32 040 минг сўмни (35 600 – 3 560) ташкил этади.

 

Корхона тугалланмаган ишлаб чиқаришни баҳолаш методини мустақил равишда танлаб, уни ҳисоб сиёсатида акс эттириши керак.

 

ЁРДАМЧИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАР ХАРАЖАТЛАРИНИНГ ҲИСОБИ

 

Ёрдамчи ишлаб чиқариш корхонанинг асосий фаолиятига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Унинг харажатлари 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» счётида ҳисобга олинади.

Одатда, ёрдамчи ишлаб чиқаришлар асосий ишлаб чиқаришни қуйидагилар билан таъминлайди:

● ҳар хил турдаги энергия (электр энергияси, буғ ва б.);

● транспорт;

● таъмирланган асосий воситалар;

● тайёрланган асбоблар, штамплар, эҳтиёт қисмлар.

Бундан ташқари, корхонанинг балансидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик бўлинмаларининг харажатлари 2310-счётда акс эттирилиши мумкин.

Қуйидаги харажатлар 2310-счёт дебети бўйича акс эттирилади:

● ёрдамчи ишлаб чиқариш томонидан маҳсулот ишлаб чиқарилиши, ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган бевосита харажатлар;

● бошқарув ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ билвосита харажатлар;

● яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишлар.

Ишлаб чиқарилган маҳсулот, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий таннархи 2310-счёт кредити бўйича акс эттирилади. Ой охиридаги счётдаги қолдиқ тугалланмаган ишлаб чиқариш қийматини кўрсатади.

Харажатлар элементлари ва моддалари ҳамда маҳсулот турлари бўйича 2310-счётда аналитик ҳисоб юритилади.

Ёрдамчи ишлаб чиқаришлар корхонанинг турли бўлинмалари учун маҳсулот ишлаб чиқариши, ишларни бажариши ёки хизматлар кўрсатиши мумкин. Ёрдамчи ишлаб чиқариш айнан қайси бўлинмаларга хизмат кўрсатганини аниқ белгилашнинг имкони бўлмаса, унинг харажатлари улар ўртасида тақсимланади. Бевосита харажатлар, ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи, ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ва ҳ.к. тақсимлаш учун база бўлиб хизмат қилиши мумкин. Тақсимлаш тартиби ҳисоб сиёсатида қайд этилган бўлиши керак.

 

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

қуйидаги счётлар кредитидан 2310-счёт дебетига

 

2310-счёт кредити қуйидаги счётлар дебетига

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»;

0500-«Номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар»;

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

1600-«Материаллар қийматидаги фарқларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»;

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6500-«Суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

ва б.

1040-«Эҳтиёт қисмлар»;

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»;

2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»;

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»;

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»;

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»;

9200-«Асосий воситалар ва бошқа активлар чиқиб кетишини ҳисобга олувчи счётлар»;

9400-«Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар»

ва б.

Сальдо = тугалланмаган ишлаб чиқариш

 

 

 

 

МИСОЛ. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида назарда тутилишича, ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари ишлаб чиқаришлар ва маҳсулот турлари ўртасида бевосита харажатларга мутаносиб равишда тақсимланади.

Бир ойда асосий ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари 300 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

А буюмини ишлаб чиқаришга – 105 000 минг сўм;

Б буюмини ишлаб чиқаришга – 195 000 минг сўм.

Хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари – 75 000 минг сўм.

Ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари – 50 000 минг сўм.

 

1. Асосий ва хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари умумий суммаси – 375 000 минг сўм (300 000 + 75 000).

Хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқариш харажатларига киритилиши лозим бўлган ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари суммаси 10 000 минг сўмни (50 000 х 20%) ташкил этади.

Умумий суммада асосий ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари улуши – 80% (300 000 / 375 000 х 100).

Асосий ишлаб чиқариш харажатларига киритилиши лозим бўлган ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари суммаси 40 000 минг сўмни (50 000 х 80%) ташкил этади.

 

2. 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётига ҳисобдан чиқариладиган ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатларини (40 000 минг сўм) маҳсулот турлари бўйича тақсимлаш зарур.

Асосий ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари умумий суммасида А буюмини ишлаб чиқаришга бевосита харажатлар улуши 35%ни (105 000 / 300 000 х 100) ташкил этади.

А буюмининг таннархига киритилиши лозим бўлган ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатларининг суммаси 14 000 минг сўмга (40 000 х 35%) тенг.

Асосий ишлаб чиқаришнинг бевосита харажатлари умумий суммасида Б буюмини ишлаб чиқаришга бевосита харажатлар улуши 65%ни (195 000 / 300 000 х 100) ташкил этади.

Б буюмининг таннархига киритилиши лозим бўлган ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатларининг суммаси 26 000 минг сўмга (40 000 х 65%) тенг.

 

УМУМИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИ

 

Умумишлаб чиқариш харажатлари (УИХ) корхонанинг ишлаб чиқариш бўлинмаларини сақлаш, ташкил этиш ва бошқариш билан боғлиқ. Уларни муайян маҳсулот таннархига бевосита киритиб бўлмайди. Уларга қуйидаги харажатлар киради:

● машина ва ускуналарни сақлаш ва улардан фойдаланиш;

● ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асосий воситалар ва номоддий активларни амортизациялаш;

● ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асосий воситаларни таъмирлаш;

● ишлаб чиқариш мол-мулкини суғурталаш;

● ишлаб чиқариш биноларини иситиш, ёритиш ва сақлаш;

● ишлаб чиқариш бинолари, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган машина ва ускуналар, бошқа ижарага олинадиган воситалар учун ижара ҳақи;

● ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш билан банд бўлган ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш;

● ишлаб чиқариш хусусиятига эга бошқа харажатлар.

УИХ жамлаб-тақсимловчи счёт ҳисобланган ва ой охирида сальдога эга бўлмаслиги керак бўлган 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётида ҳисобга олинади. Харажатлар моддалари ва улар юзага келган жойлар (бўлинмалар, цехлар) бўйича счётда аналитик ҳисоб юритилади.

Ой охирида тўпланган УИХ маҳсулот турлари ёки ишлаб чиқаришлар ўртасида тақсимланиб, тегишли счётларга ҳисобдан чиқарилади. Корхона уларни тақсимлаш учун базани (масалан, асосий ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи, бевосита харажатлар) мустақил равишда танлайди ва ўз танловини ҳисоб сиёсатида қайд этади.

 

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

қуйидаги счётлар кредитидан 2510-счёт дебетига

 

2510-счёт кредити қуйидаги счётлар дебетига

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»;

0500-«Номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар»;

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

1600-«Материаллар қийматидаги фарқларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6500-«Суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

ва б.

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

 

 

Сальдо йўқ

 

 

 

 

МИСОЛ. Асосий ва ёрдамчи цехларнинг умумишлаб чиқариш харажатлари бир ойда 40 600 минг сўмни ташкил этди. Бу даврда бевосита харажатлар суммаси – 420 000 минг сўм, шу жумладан:

асосий ишлаб чиқариш бўйича – 298 200 минг сўм;

ёрдамчи ишлаб чиқариш бўйича – 121 800 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатига кўра корхона УИХни ҳар битта ишлаб чиқаришга тўғри келадиган бевосита харажатлар миқдорига мутаносиб равишда тақсимлайди.

Ишлаб чиқаришнинг ҳар бир тури бўйича уларнинг умумий суммасидаги бевосита харажатлар улушини (%) аниқлаймиз:

асосий ишлаб чиқариш бўйича – 71% (298 200 / 420 000 х 100);

ёрдамчи ишлаб чиқариш бўйича – 29% (121 800 / 420 000 х 100).

Ҳар бир ишлаб чиқаришга УИХ суммасини аниқлаймиз:

асосийсига – 28 826 минг сўм (40 600 х 71%);

ёрдамчисига – 11 774 минг сўм (40 600 х 29%).

 

ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ ХЎЖАЛИКЛАР ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИ

 

Хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқаришлар ва хўжаликлар корхонанинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмай, балки унинг ходимларининг у ёки бу эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилади. Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

● соғлиқни сақлаш объектлари (дам олиш уйлари, санаторийлар, пансионатлар, поликлиникалар);

● болалар боғчалари;

● уй-жой-коммунал хўжалик объектлари (турар жойлар, ётоқхоналар, кирхоналар, ҳаммомлар);

● маданият ва спорт объектлари (маданият уйлари, стадионлар, бассейнлар, соғломлаштириш марказлари);

● тикув ва маиший хизмат кўрсатиладиган бошқа устахоналар;

● ошхона ва буфетлар;

● корхона балансидаги илмий-тадқиқот ва алоҳида конструкторлик бўлинмалари.

Хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг маҳсулот ишлаб чиқариши, ишларни бажариши ва хизматлар кўрсатиши билан боғлиқ харажатлари 2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» счётида ҳисобга олинади. Счёт дебетида хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг маҳсулот ишлаб чиқариши, ишларни бажариши ва хизматлар кўрсатиши билан боғлиқ харажатлари акс эттирилади. Кредит бўйича маҳсулот, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий таннархи акс эттирилади. Ой охирида 2710-счётдаги қолдиқ тугалланмаган ишлаб чиқариш қийматини кўрсатади.

Ҳар бир хизмат кўрсатувчи хўжалик, харажатлар элементлари, моддалари ва маҳсулот турлари бўйича аналитик ҳисоб юритилади.

 

2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар»

қуйидаги счётлар кредитидан 2710-счёт дебетига

 

2710-счёт кредити қуйидаги счётлар дебетига

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»;

0500-«Номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар»;

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

1600-«Материаллар қийматидаги фарқларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»;

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6500-«Суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

ва б.

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»;

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»;

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»;

9400-«Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар»

ва б.

Сальдо = тугалланмаган ишлаб чиқариш

 

 

 

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш корхонаси балансида қуйидаги цехлар ишчиларининг махсус ва формали кийим-бошини ювиш билан шуғулланувчи кирхона бор:

1-цех – асосий;

2-цех – ёрдамчи;

3-цех – 1 ва 2-цехлардаги ускуналарни таъмирлаш ва созлаш билан шуғулланувчи.

Ой якунларига кўра 1–3-цехларнинг бевосита харажатлари 284 800 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

1-цехники – 170 880 минг сўм;

2-цехники – 42 720 минг сўм;

3-цехники – 71 200 минг сўм.

Кирхона шу ойнинг ўзида 6 100 минг сўм миқдорида харажат қилди, шу жумладан:

ходимларнинг иш ҳақи – 3 200 минг сўм;

ижтимоий суғуртага ажратмалар – 800 минг сўм;

материаллар (тозалаш ва ювиш воситалари) – 1 100 минг сўм;

ускуналар амортизацияси – 600 минг сўм;

бошқа харажатлар (сув, электр энергияси ва б.) – 400 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатида хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқаришларнинг харажатлари бевосита харажатларга мутаносиб равишда тақсимланиши назарда тутилган.

Кирхонанинг цехлар бўйича харажатлари қуйидагича тақсимланади:

1-цех – 3 660 минг сўм (170 880 / 284 800 х 6 100);

2-цех – 915 минг сўм (42 720 / 284 800 х 6 100);

3-цех – 1 525 минг сўм (71 200 / 284 800 х 6 100).

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШДАГИ ЯРОҚСИЗ МАҲСУЛОТЛАРНИНГ ҲИСОБИ

 

Ўз сифатига кўра белгиланган стандартларга ёки техник шартларга мувофиқ келмайдиган маҳсулот ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулот ҳисобланади. Ундан бевосита белгиланган мақсадда фойдаланиб бўлмайди ёки фақат қайта ишлов берилганидан ёхуд тузатилганидан кейин фойдаланиш имкони бўлади.

 

Яроқсиз маҳсулотларнинг айрим турлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари

Мезон

 

Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотларнинг турлари

 

Нуқсонларнинг хусусияти

 

Тузатиб бўладиган (қисман) – нуқсонлари тузатилгандан кейин бевосита белгиланган мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган маҳсулот, бунда уларни техник жиҳатдан тузатиш мумкин ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ

 

Тузатиб бўлмайдиган (узил-кесил, тўлиқ) – тузатиш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз ёки техник жиҳатдан имконсиз бўлган маҳсулот

 

Аниқланган жойи

 

Ички – маҳсулот омборга топширилгунча ёки харидорларга жўнатилгунча аниқланган

 

Ташқи – истеъмолчи йиғиш, монтаж қилиш ёки фойдаланиш жараёнида аниқлаган

 

Айбдорлар

 

Ходимнинг айби билан йўл қўйилган. Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган баҳолар бўйича ҳақ тўланади. Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот учун ҳақ тўланмайди (МКнинг 159-моддаси)

 

Ходимнинг айбисиз йўл қўйилган – масалан, ишлов берилаётган материалдаги яширин нуқсон натижасида, ускуна бузилиб қолганлиги, электр энергияси ўчиб қолганлиги сабабли ва ҳ.к. Ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг 159-моддаси)

 

 

Аниқланган яроқсиз маҳсулот далолатнома билан расмийлаштирилиши керак. Унинг шакли қонун ҳужжатлари билан тасдиқланмаган, шу сабабли корхона уни мустақил равишда ишлаб чиқиши ва ҳисоб сиёсати билан тасдиқлаши шарт.

Яроқсиз маҳсулот аниқланишининг ҳар бир далили юзасидан айбдорлар аниқланиб, яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишлар ва уни тузатиш учун харажатлар ҳисоб-китоби тузилади.

Яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишларни акс эттириш учун ҳисобда 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» счётидан фойдаланилади. Аниқланган яроқсиз маҳсулот бўйича харажатлар, шунингдек кафолатли таъмирлашга харажатлар счёт дебетида жамланади. Яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишларни камайтириш учун киритиладиган суммалар кредит бўйича акс эттирилади:

● яроқсизга чиқарилган маҳсулот қиймати эҳтимолий фойдаланиш нархида;

● яроқсиз маҳсулот айбдорларидан ушлаб қолиниши лозим бўлган суммалар;

● сифатсиз материаллар ёки ярим тайёр маҳсулотлар етказиб берилганлиги, улардан фойдаланиш натижасида яроқсиз маҳсулот чиқарилганлиги учун етказиб берувчилардан ундирилиши лозим бўлган суммалар ва ҳ.к., шунингдек яроқсиз маҳсулотдан кўрилган йўқотишлар сифатида ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқариладиган суммалар.

Корхонанинг алоҳида цехлари, маҳсулот турлари, харажатлар моддалари ва яроқсиз маҳсулот сабаблари бўйича 2610-счётда аналитик ҳисоб юритилади.

 

2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»

қуйидаги счётлар кредитидан 2610-счёт дебетига

 

2610-счёт кредити қуйидаги счётлар дебетига

 

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2110-«Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»;

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»;

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»;

6500-«Суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»;

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

ва б.

1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»;

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»;

4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»;

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

ва б.

 

Сальдо йўқ

 

 

 

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 13939 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика