Norma.uz

Стаж, иш ҳақи ва бадаллар ҳақида

 

Таҳририятимиз электрон почтасига қишлоқ аҳолисининг бўлажак пенсияси ҳақидаги саволлар кўпроқ кела бошлади. Далада, фермада, боғда ишловчилар қарилик чоғида ижтимоий ҳимоя олишга ҳақлидирлар. Бунинг учун айрим талабларни бажаришнинг ўзи кифоя.

 

– Одатда, деҳқон хўжаликлари ҳар хил турдаги фаолият билан шуғулланадилар. Бу пахта, буғдой ёки қорамол етиштириш, шунингдек чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Деҳқон хўжаликлари аъзоларини ижтимоий суғурталаш шартлари хўжаликнинг қандай фаолият тури билан шуғулланишига боғлиқми?

– Айни пайтда боғлиқ эмас. Барча деҳқон хўжаликлари учун ижтимоий суғурта шартлари, улар етиштирадиган маҳсулотдан қатъи назар, бир хил.

Бироқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига ЭКИҲнинг 1 баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади (26.04.2018 йилдаги ПҚ-3680-сон қарорнинг 14-банди).

 

– Деҳқон хўжалиги ходими келгусида пенсия олиши учун нималар қилиши керак?

– Деҳқон хўжалиги аъзоси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг ­37-моддаси 1-қисми «г» банди). У пенсия ёшига тўлганда ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда бошланади.

Деҳқон хўжалиги аъзоси суғурта бадалларини тўлай бошлаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўловчиси сифатида солиқ органларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши лозим.

 

– Суғурта бадаллари миқдори деҳқон хўжалигидаги ходимнинг эгаллаб турган лавозимига боғлиқ бўладими?

– Йўқ, боғлиқ бўлмайди. Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг барча аъзолари, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, суғурта бадалларини йилига ЭКИҲнинг 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди. Белгиланган миқдордаги суғурта бадалларининг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 311-моддаси).

Юқорида айтилганидек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки қорамол ёхуд парранда парваришлаётганлар йилига ЭКИҲнинг 1 баробари миқдорида суғурта бадали тўлашлари керак. Мазкур йил меҳнат стажига киритилади.

Бунда деҳқон хўжалигининг бошлиғи уларни мажбурий тартибда, бошқа аъзолари эса, ихтиёрийлик асосида тўлайди. Белгиланган миқдордаги суғурта бадалларининг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Шуни қайд этиш лозимки, тайинланадиган пенсия, шунингдек ижтимоий суғурта бўйича нафақалар миқдори деҳқон хўжалиги аъзосининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлаган суғурта бадаллари миқдорига ва меҳнат стажи давомийлигига боғлиқ. Суғурта бадалининг белгиланган миқдордан ортиқ тўланиши ходимнинг пенсия тўловлари миқдорини ҳам оширишга имкон беради.

 

– Суғурта бадалларини бир йўла тўлаш керакми ёки бутун йил давомида тўласа бўладими? Уларни тўлаш муддатлари қандай?

– Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини ҳисобот йилининг 1 октябригача тўлайдилар. Бунда уларнинг миқдори тўлов кунига белгиланган ЭКИҲ миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 311-моддаси 4-қисми).

Кўриб турганингиздек, суғурта бадалларини бир йўла тўлаш талаб қилинмайди. Уларни бир йўла ёки қисмларга бўлиб, бироқ 1 октябргача тўлаш мумкин.

 

– Деҳқон хўжалигида ишловчилар учун иш стажи қандай тартибда ҳисоблаб чиқилади?

– Деҳқон хўжалиги аъзосининг иш стажини ҳисоблаб чиқишда Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдори тўланганда иш стажига бир йил қўшилади (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 35-банди).

Бошқа барча ҳолатларда иш стажи Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган ойларга мутаносиб равишда ҳисобга олинади (46-сон Низомнинг 37-банди).

 

– Деҳқон хўжалиги аъзоси касал бўлган вақт меҳнат стажига қўшиладими?

– Деҳқон хўжалиги аъзосининг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, башарти бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

 

– Пенсия миқдорини аниқлашда деҳқон хўжалиги аъзосининг иш ҳақи қандай ҳисоблаб чиқилади?

– Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун деҳқон хўжалиги аъзосининг даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик) суғурта бадали суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ЯИТ (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва суғурта бадалларининг умумий ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади (46-сон Низомнинг 39-банди).

МИСОЛ. Деҳқон хўжалиги аъзоси 775 080 сўм (ЭКИҲнинг 4,5 баравари) миқдоридаги суғурта бадалларини тўлади. Деҳқон хўжалиги аъзосининг йиллик даромади миқдори 3 369 913,043 сўмни (775 080 х 100 / 23 (15 – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ЯИТ) + 8 – суғурта бадаллари), ёки ойига 280 826,09 сўмни (3 369 913,043 сўм / 12) ташкил этади.

Агар деҳқон хўжалиги аъзоси 1 550 160 сўм (ЭКИҲнинг 9 баравари) миқдорида суғурта бадалларини тўласа, унинг йиллик даромади 6 739 826,09 сўмга (1 550 160 х 100 / 23), ёки ойига 561 652,17 сўмга (6 739 826,09 сўм / 12) тенг бўлади.

 

Бинобарин, суғурта бадаллари суммаси қанча кўп бўлса, пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори шунча юқори бўлади. Тегишинча, бўлажак пенсия миқдори ҳам катта бўлади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Архив маълумотлари МАВЖУД БЎЛМАГАНДА ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИ 2005 йилдан кейинги давр учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиқиб аниқланади.

 

Расмий жавоб

 

Бир йилдан ортиқ эмас

 

Пенсионер бошқа давлатга кетганда бошқа киши унинг учун пенсия тўловларини ишончнома бўйича неча ой олиши мумкин?

Зиёдуллаев. Тошкент ш.

 

Пенсия қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича, 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда тўланиши мумкин.

Ишончнома Ўзбекистон ташқарисида расмийлаштирилган бўлса, унга ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенциясининг (Минск шаҳри, 22.01.1993 йил) иштирокчи давлатлари – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар бундан мустасно.

Ишончнома пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасида тасдиқланади. Бундан кейин ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун муддатда бўлинманинг асосий муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган унинг нусхаси Ўзбекистон Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига юборилиши шарт.

Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт.

Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига 1 йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Пенсионер муайян сабабга кўра (соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан руҳий касаллар учун стационар даволанишда бўлган ва б.) шахсан кела олмаса, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсионер турган жойга чиқишлари мумкин.

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда у Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва ушбу хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 160-банди).

 

Вақти келган бўлса

 

Мен пенсияни расмийлаштирдим. ШЖБПҲда жамғарилган маблағни олмоқчиман.

Буни исталган вақтда амалга ошириш мумкинми ёки қандайдир алоҳида тўлов саналари белгиланганми? Бунда қандай ҳужжатларни тақдим этишим керак?

Рожков. Тошкент ш.

 

– Жамғариб бориладиган пенсия тизимида олувчилар сифатида иштирок этувчи барча фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келганда, яъни пенсия ёшига тўлганда ва пенсияни расмийлаштирганда пенсия жамғармаларини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Сиз яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимидан жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани олишингиз керак бўлади. Ушбу ҳужжат асосида яшаш жойингиздаги Халқ банки филиали томонидан ШЖБПҲда жамғарилган маблағлар тўланади. Мазкур тўловлар уларни олиш учун мурожаат этилган ойдан кейинги ойдан эътиборан, бироқ олувчида давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келгач, тўланади. Ушбу тўловларни амалга ошириш даври ва даврийлиги олувчи томонидан белгиланади ва чекланмайди (Низомнинг 11-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон қарорига 3-илова).

ШЖБПҲдан маблағларни қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ҳужжатлар асосида ишончли шахслар орқали ҳам олиш мумкин («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 16, 18–20-моддалари).

 

Ҳамма қатори

 

Киши диний ташкилотда ишлаган бўлса, мазкур иш вақти унинг стажига қўшиб ҳисобланадими?

А.Р. Тошкент ш.

 

– Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси).

Диний ташкилотларда ишлаш даври ҳам, агар бу даврда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса, стажга қўшиб ҳисобланади (252-сон Низомнинг 47-банди).

 

Устама ҳақ олиш ҳуқуқи

 

Турмуш ўртоғим ички ишлар органларининг ходими бўлган. Яқинда у вафот этди. Эшитишимча, бундай ходимларнинг оилаларига пенсияга устама ҳақ тўланар экан.

Шу тўғрими?

Гулсара И. Тошкент ш.

 

– Афсуски, мурожаатингизда турмуш ўртоғингиз қандай сабабга кўра вафот этганини ёзмагансиз. Шуни ҳисобга олиш лозимки, вафоти ҳарбий хизмат ёки ички ишлар органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ва янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари) пенсияга устама ҳақ – ЭКИҲнинг 30%ини олиш ҳуқуқига эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси).

Тегишинча, турмуш ўртоғингиз хизмат мажбуриятларини бажараётиб вафот этган бўлса, пенсияга устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўласиз.

 

Маълумот учун!

Барча ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР билан бирга тақдимнома ёки ариза ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН кун пенсия сўраб мурожаат этилган КУН ҳисобланади.

 

Чет эл фуқароси учун пенсия

 

Бошқа давлат фуқаросиман, яшаш гувоҳномам бор. Тошкентда яшаган вақтимда ишлаганман, тегишинча, меҳнат стажига эгаман. Ўзим фуқароси бўлган давлат ташкилотларидан бирида ҳам ўриндошлик асосида (масофадан туриб) ишлаганман. Ушбу маълумотлар асосида пенсияни расмийлаштирганман, уни пул ўтказиш йўли билан оламан.

Доимий яшаш жойида, яъни Ўзбекистонда пенсияни қайта расмийлаштиришим мумкинми? Бунинг учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?

Ангелина. Тошкент ш.

 

– Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимнинг (Москва, 13.03.1992 йил) 6-моддаси 1-бандига мувофиқ, Битимга аъзо давлатлар фуқароларига пенсиялар яшаш жойи бўйича тайинланади.

Пенсионер Битимга аъзо давлатлар чегарасида кўчганда, агар пенсионернинг янги яшаш жойидаги давлат қонунчилигида худди шу турдаги пенсия назарда тутилган бўлса, аввалги яшаш жойида пенсия тўлаш тўхтатилади.

Пенсия миқдори пенсионернинг янги яшаш жойида Битимга аъзо давлат қонунчилигига мувофиқ Битимнинг 6-моддаси 3-бандида назарда тутилган шартларга риоя қилган ҳолда қайта кўриб чиқилади (Битимнинг 7-моддаси).

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар рўйхати 252-сон Низомнинг 12-бандида келтирилган. Унга мувофиқ, қуйидагилар тақдим этилиши керак:

► иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

► иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

► ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин).

Тайинланадиган пенсиянинг ўзига хос хусусиятига қараб тасдиқловчи маълумотномалар ҳам тақдим этилиши зарур.

Шунингдек рўйхатда маълумоти тўғрисидаги, болани парвариш қилиш бўйича таътилда бўлганлиги тўғрисидаги маълумотномалар кўрсатилган. Бунда болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва ундан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилиниши лозим (252-сон Низомнинг 12-банди «а»–«п» кичик бандлари).

Шуни қайд этиб ўтмоқчиманки, рўйхатда 16 та ҳужжат бор, сабаби пенсия сўраб мурожаат қилган ҳар бир шахсга алоҳида ёндашилади.

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Тўлиқ давлат таъминотида

 

Ўғлим – болаликдан ногирон. Айни пайтда у «Меҳрибонлик» уйида яшамоқда. Илгари ўғлим учун нафақа олардим. Ҳозир унга нафақа тўланмайди дейишди. Шу тўғрими?

Н.Иброҳимова.

 

– Афсуски, ҳа. Болаликдан ногирон боланинг «Меҳрибонлик» уйида яшаши нафақа тўлашни тўхтатиш учун асослардан бири ҳисобланади.

Чунончи, нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади ёки тикланади (Низомнинг ­15-банди 4-хатбошиси, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги ­107-сон қарорига 1-илова).

 

Қўшнига ишонса

 

Қўшним – ёлғиз кекса аёл. Унинг юриши қийин.

Мен (қариндоши бўлмаган ҳолда) унинг учун ҳар ой пенсия олишим мумкинми?

Резнова. Тошкент ш.

 

Ҳа, қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича қўшнингиз учун пенсия олишингиз мумкин. Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига 1 йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсионернинг келиши имконияти мавжуд эмаслиги (соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан руҳий касаллар учун стационар даволанишда бўлиш) тўғрисида маълумотлар олинганда, унинг ходимлари тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсионер турган жойга чиқишлари мумкин (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 160-банди).

 

Ўтган йиллардаги иш ҳақи

 

Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти нима ўзи, у нималардан таркиб топади?

Р.Йўлдошева, бухгалтер.

 

– Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти – тегишли ой учун пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг айнан шу ой учун энг кам ойлик иш ҳақи нисбати сифатида аниқланадиган миқдор.

Ўтган йиллардаги иш ҳақини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига мувофиқлаштириш мақсадида иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентидан пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини қайта ҳисоблаб чиқиш учун фойдаланилади.

Шахс олган иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти, ишдаги мавжуд танаффусларидан қатъи назар (пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг танлашига кўра), меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили мобайнидаги исталган кетма-кет 60 ойидан ҳар бир ойи учун аниқланади, бунда шахснинг пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи тегишли ойдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига бўлинади ва қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқилади:

 

ИКЗi = ФЗi / МЗПi, бунда:

ИКЗi – i ой учун иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти;

ФЗi – i ой учун иш ҳақи, сўм;

МЗПi – i ой учун энг кам ойлик иш ҳақи, сўм (Низом, ВМнинг 252-сон қарорига 2-илова).

 

МИСОЛ. 2006 йил май ойидаги иш ҳақи 72 000 сўмни ташкил этади. Энг кам иш ҳақи 9 400 сўмга тенг. Бу ҳолда иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти 7,6596 ни (72 000 / 9 400) ташкил этади.

 

Регламентсиз тартиб

 

Вафот этган муайян яшаш жойига эга бўлмаган фуқаронинг дафн маросимини уюштирган киши дафн этганлик учун нафақа олишга ҳақлими? Агар ҳақли бўлса, бунда қандай ҳужжатлар керак бўлади ва қаерга мурожаат қилиш зарур?

Н.Пак. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс нафақа олиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун марҳумнинг (доимий ёки вақтинча) яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига нафақа тайинлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш лозим. Яшаш жойи аниқланмаган бўлса, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Аризага қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

► ФҲДЁ органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси;

► ариза берувчининг паспорти.

Марҳум қариндоши ҳисобланмаса, Пенсия жамғармаси бўлимлари айнан ариза берувчи марҳумни дафн этганлигини тасдиқловчи қўшимча ариза (ёки ҳужжат) талаб қилишлари мумкин. Бироқ мазкур тартиб норматив ҳужжатларда белгиланмаган (Низомнинг 7, 16, 17-бандлари, ВМнинг 14.06.2011 йилдаги 174-сон қарорига 1-илова).

 

Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобига

 

Қандай ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорга ижтимоий суғурта бўйича нафақа тайинланиши мумкин?

Рустем К. Тошкент ш.

 

– Суғурта қилинган ходимлар, тегишли ҳолларда эса, уларнинг оилалари ҳам давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан:

► вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари;

► бола туғилганда бериладиган нафақалар;

► давлат томонидан бериладиган ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари;

► қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар билан таъминланадилар.

Давлат ижтимоий суғуртаси маблағларидан санаторий-курортларда даволаниш, дам олиш, суғурта қилинган ходимларнинг шифобахш (парҳез) таомлари учун ҳақ тўлаш, болаларнинг соғломлаштириш лагерларини таъминлаб туриш, давлат ижтимоий суғуртасига доир бошқа тадбирлар учун ҳам белгиланган тартибда фойдаланилади (МКнинг 284-моддаси).

Якка тартибдаги тадбиркорларга давлат ижтимоий суғуртаси маблағларидан нафақалар:

► бола туғилганда;

► дафн этиш учун – у амалга оширилган ҳолда;

► ёшга доир ва ногиронлик нафақаси – ёшга доир давлат пенсияси ёки ногиронлик пенсиясига ҳуқуқ мавжуд бўлмаган ҳолда (Низом, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги ­107-сон қарорига 2-илова);

► болаликдан ногиронлик бўйича (Низом, ВМнинг ­107-сон қарорига 1-илова) тайинланиши мумкин.

 

Хизматдан кейин – ишга

 

Пенсия ёшидаги собиқ ҳарбий хизматчини МЧЖдаги ишга қабул қилмоқчимиз.

1. Унга пенсия қандай миқдорда (100 ёки 50%) тўланади, уни қаердан олиши керак – ташкилотдами ёки яшаш жойи бўйичами?

2. Ишга қабул қилиш чоғида қандай ҳужжатлар (ШЖБПҲ дафтарчаси, меҳнат дафтарчаси ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома) талаб этилади?

Р.Е., КБ инспектори.

 

1

Сўнгги вақтда айрим бюджет ташкилотларида меҳнат фаолияти юритаётган ишловчи пенсионерлар – собиқ ҳарбий хизматчиларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланишига доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг рўйхати қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган (айримлари АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомда келтирилган).

Ташкилотингиз МЧЖ шаклида эканлигини ҳисобга олсак, пенсия 50% миқдорида тўланиши керак.

ЎзР Мудофаа вазирлиги, ФВВ ва ДХХ ҳисобида турган ишловчи пенсионерларга пенсиялар уларнинг ҳақиқий яшаш жойи бўйича Халқ банки филиаллари томонидан тўланади.

ИИВ ва ДБҚ ҳисобида турган ишловчи пенсионерларга пенсиялар уларнинг ҳақиқий яшаш жойи бўйича ички ишлар органлари ва божхона органлари томонидан тўланади.

Бунда шуни ёдда тутиш зарурки, ташкилотлар раҳбарлари пенсионерни ишга қабул қилганлари тўғрисида (шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузганлари тўғрисида) 5 кун муддат ичида унга пенсия тайинлаган Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ДХХ ва ДБҚга хабар бериб, ишга қабул қилганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома нусхасини) тақдим этишлари шарт.

 

2

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни:

► паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни;

► меҳнат дафтарчасини. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;

► ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий билетни;

► қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади (МКнинг 80-моддаси).

Бироқ амалиётда иш берувчилар СТИР ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасининг нусхалари, аввалги иш жойидан тавсифнома, фотосуратларни тақдим этишни сўрайдилар.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

ЭКИҲнинг 100%и миқдоридаги пенсияга УСТАМАЛАРНИ «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганлар ва олий нишон – «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланганлар олишга ҳақлидирлар.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 3756 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика