Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 23 / Кадрлар бўлими

Ишловчи талаба – ўриндош эмас

 

Бошқа ташкилотда фармацевт ассистенти бўлиб ишлаган қизни фармацевтика компаниямизга ишга қабул қилдик. Даромадлари тўғрисидаги маълумотномага кўра, у ерда унга даромад ҳисобланган ва барча солиқлар тўланган. Бироқ ўша пайтда институтнинг кундузги бўлимида ўқиётганлигини (институт берган маълумотнома бор) рўкач қилиб, унга меҳнат дафтарчасини очишдан бош тортганлар. Ҳатто унга архив маълумотномасини ёзиб берганлар, унда у ўриндошлик асосида ишлаганлиги қайд этилган. Аслида меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида сақланадиган шахс ўриндош ҳисобланади, талабалар олий таълим муассасасида ўқишлари сабабли улар учун меҳнат дафтарчаларини юритмайди. 

Корхона олий таълим муассасасида ўқийдиган ва бошқа ҳеч қаерда ишламайдиган ходимга меҳнат дафтарчасини очиши керакми?

Л.Азимова.

 

Иш берувчидаги иш ўқишдан бўш вақтидаги асосий иш ҳисобланса, олий таълим муассасаси талабаси учун меҳнат дафтарчаси очилади.

Аввалги ташкилотда эса сиз ишга расмийлаштираётган ходим ўриндошлик асосида ишлаган. Иш берувчи олий таълим муассасасининг маълумотномасини асосий иш жойидан маълумотнома ўрнида хато равишда қабул қилиб, ходимда меҳнат дафтарчаси йўқлигига унча аҳамият бермаган.

Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кириш учун асосий иш жойидан бериладиган маълумотномада (АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2417-сон билан рўйхатдан ўтказилган) меҳнат дафтарчаси бўлиши кераклиги кўрсатилмаган.

Талабани ўриндошлик асосида ишга қабул қилганлик, у ерда меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш бўйича қилинган хатони тўғрилашнинг иложи йўқ – меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш учун белгиланган вақт ва муддат ўтиб кетган. Ходим ушбу хатони мустақил равишда, ҳатто судга мурожаат қилиб исботлашига тўғри келади. Сиз эса ўз навбатида уни талаб этиладиган ҳужжатларсиз ишга расмийлаштира олмайсиз.

Ходим билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномасини тузиб, унга меҳнат дафтарчасини очиш мумкин. Меҳнат дафтарчасини тўлдириш чоғида «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимида аввало олий таълим муассасасидаги ўқиши ҳақидаги ёзув қайд этилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2.17-банди). Сўнгра ташкилотингизга қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Ходим ўриндошлик асосидаги иш вақтини меҳнат дафтарчасига киритишни сўраса (ёзма равишда), сиз ишга қабул қилганлик тўғрисидаги ёзувдан кейин ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилган иш берувчининг буйруғига мувофиқ ушбу ёзувни меҳнат дафтарчасига қайд этишингиз керак бўлади. Ходимнинг ишдан бўшаганлиги тўғрисидаги ёзув ҳам худди шу тартибда киритилади (Йўриқноманинг ­2.12-банди). Бу ҳолда хронологик тартибнинг бузилиши (ўриндошлик асосидаги ишдан кейин асосий иш жойига қабул қилинган) аҳамиятга эга эмас.

Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, шунингдек олий таълим муассасаларида ўқиш қўшиб ҳисобланади. Бироқ кўрсатилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра фақат бир давр қўшиб ҳисобланади (Низомнинг 36-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига ­1-илова).

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

 

Прочитано: 1260 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика