Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 23 / Божхона

Тажрибали божхоначининг тавсиялари

 

Жорий йилнинг баҳор ойида божхона амалиёти учун аҳамиятли бўлган бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кирди. Улар божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ТИФ иштирокчилари учун тўсиқларни камайтиришга йўналтирилган. Мустақил эксперт Холида УСМОНОВА «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) билан киритилган янгиликларга доир ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

 

– Божхона органларида кўп йил ишладим, шунинг учун Президентнинг 12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармонини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

Республикамиз раҳбарияти муҳим давлат тузилмаларидан бирига бу қадар эътибор қаратаётгани, унинг ходимлари ишида салбий ҳолатлар аниқлангани ва бу ҳақда очиқчасига баёнот берилгани таҳсинга сазовордир.

Касб байрами – Давлат божхона хизмати органлари ходимларининг куни белгиланганлиги яхши бўлди. Фармонда нима учун айнан 26 январь эканлиги айтилмаган. Балки бу Халқаро божхоначилар куни шу санада нишонланиши билан боғлиқдир.

Давлат божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиларини тасдиқлаш мавриди аллақачон етиб келгани ҳам рост, бу «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунда ҳам назарда тутилган.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини назорат қилиш ва ҳисобини юритишни тартибга солиш зарурлигини қўллаб-қувватлайман. Лекин шуниси тушунарсизки, жисмоний шахслар сотувчи уларга навбатдаги посилкада нима юбориши мумкинлиги тўғрисидаги электрон ахборотни олдиндан қандай тақдим эта олишлари мумкин?

Идоралараро божхона-тариф кенгашини ёдга олганларидан хурсанд бўлдим. Ўз вақтида мен бу Кенгашнинг аъзоси бўлганман, республика юқори даражадаги раҳбариятининг ҳар бир ҳужжат лойиҳаси бу ерда пухта экспертизадан ўтказилар эди.

Яна бир нечта ижобий жиҳатлар бор. Яққол кўзга ташлангани учун улар хусусида батафсил тўхталиб ўтирмайман.

Шу билан бирга Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг (ПФ-5414-сон Фармон билан тасдиқланган) айрим қоидалари савол туғдиради.

 

11-бандда ташувчилар томонидан автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида улар божхона ҳудудига ҳақиқатда етиб келгунга қадар божхона органларини олдиндан хабардор қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш назарда тутилган. Эслатиб ўтмоқчиманки, Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил 30 октябрда «Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг электрон тарзда олдиндан хабардор қилинишини жорий этиш тўғрисида»ги 307-cон қарорини қабул қилган. У ҳозирда муаммосиз амал қилиб турибди. Турли хил транспорт воситаларида ўтказишда олдиндан хабардор қилиш нимаси билан фарқ қилишини тушунмай турибман. Умид қиламанки, бу масалага Ҳукуматнинг кейинги қарори ойдинлик киритади.

Импорт қилинадиган товарларнинг бевосита чегарадаги ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқарилишини назарда тутувчи 15-банд тушунарсиз. Балки товарни харидор қабул қилиб олмас, уни чегарада божхона расмийлаштирувидан ўтказишдан не наф? Қолаверса, зарур ҳужжатларсиз (Ўзбекистонда бериладиган рухсатнома ва сертификатларсиз) бу ишни қандай амалга ошириш мумкин? Ахир Божхона кодексининг 271-моддасига биноан божхона органига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ёки халқаро шартномаларига мувофиқ товарларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, бошқа давлат органларининг рухсатномаларини тақдим этиш тўғрисидаги шартларга риоя этилиши товарлар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш учун асослардан бири бўлиб ҳисобланади.

Эрондан Тошкентга товар олиб келишяпти дейлик. Ташувчи Бухоро вилоятида чегарани кесиб ўтади. Товар бу ерда расмийлаштирилади ва эркин муомалага чиқарилади. Лекин товарнинг эгаси Тошкентда, товар шу ерга етказиб берилиши ва тасарруф этилиши керак бўлади. Бу ишларнинг ҳаммасини Тошкентда амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмасми?

 

17-банд билан ДБҚга хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 14.11.1975 йил) қоидаларини қўллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва бундай ҳуқуқни янгилаш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бироқ, Конвенцияга биноан ХЙТ дафтарчасини бериш масалалари божхона органларининг ваколатига кирмайди. Бу иш билан бугунги кунда Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи ­(ХАТИ) – ХЙТ Маъмурий қўмитаси томонидан тасдиқланган шартномавий мажбуриятларга мувофиқ миллий кафолат бирлашмалари ўртасида ХЙТ дафтарчаларини марказлаштирилган тарзда тайёрлаш ва тарқатиш ҳуқуқини олган (ХЙТнинг Ижроия кенгаши назорати остида) ягона халқаро ташкилот шуғулланади. Ўз навбатида ҳар бир миллий кафолат бирлашмаси ўз давлатининг ташувчиларига декларация – ташувчининг мажбуриятида белгиланган шартларда ХЙТ дафтарчаларини беради.

 

21-банд билан бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида экспорт ёки импорт қилинадиган айнан бир хил товарларни (физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий божхона юк декларацияларини тақдим этиш орқали божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги қоидани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш назарда тутилган. Ўйлашимча, хусусан, ҳам ўхшаш, ҳам айнан бир хил товарлар учун қўлланилиши мумкин бўлган даврий божхона юк декларацияси тўғрисида ягона қоидани ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ўхшаш товарларни ўтказаётганда даврий БЮДни қўллаб бўлмайдими?

 

22-бандда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва декларациялаш тартибини бекор қилиш назарда тутилмоқда. Фикримча, бу таклиф экспорт чоғида божхона тўловлари мавжуд эмаслиги мулоҳазасидан келиб чиқиб киритилган. Лекин импорт товарларнинг божхона қиймати бўйича, экспорт эса контракт қиймати бўйича ҳисобланадиган бўлса, ташқи савдо сальдоси қай тарзда белгиланади? Импорт ва экспортни ҳисоб-китоб қилишнинг халқаро қоидалари бор-ку.

 

24-бандда БЮД ТИФ иштирокчилари томонидан тўлдирилиши қайд этилган. Бу жиҳатни профессионал ҳамжамият жуда қизғин муҳокама қилмоқда. Бу иш амалиётда қандай рўёбга чиқишини вақт кўрсатади. Қолаверса, ҳужжатда товарлар бевосита ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан реал вақт режимида, ўқиш ва малака аттестатини олиш мажбуриятларига риоя этмасдан расмийлаштирилаётганда божхона юк декларациясини тўлдириш имконияти тўғрисида сўз бормоқда. Бундан чиқди, ким уддаласа – ўзи тўлдиради, буни эплай олмаганлар мутахассисларга мурожаат қилади.

 

25-бандда рухсат берувчи ҳужжатларни бериш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши қайд этилган. Унга кўра битта ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларга карантин рухсатномаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озонни емирувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқишга рухсатнома, мувофиқлик сертификати, ветеринария, гигиена ва экология сертификатлари бир маротаба, бироқ 1 календарь йилидан ошмаган муддатга берилади. Бир контракт доирасида бир маротаба тақдим этилиши – жуда мунозарали ечим. Йил бошида қорамол олиб кирилди, ветеринария сертификати олинди, йил ўртасида мол қутуриши касалига чалинган ҳайвонлар олиб кирилди, дейлик. Бундан чиқди, касал ҳайвонлар эски сертификат бўйича божхона расмийлаштирувидан ўтадими?

Импорт қилинадиган истеъмол товарларига нисбатан божхона божи ва акциз солиғининг комбинацияланган ставкалари (божхона қийматидан фоизларда, бироқ солиқ солинадиган товар бирлиги учун белгиланган миқдор ставкасидан кам эмас) бекор қилиниши тўғрисидаги 26-бандни ҳам мулоҳазали деб ҳисоблайман. Уларнинг нимаси ёмон? Нима учун Солиқ кодексига кўра Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарларга нисбатан комбинацияланган ставкаларни қўлласа бўлади, импорт бўйича эса қўллаш мумкин эмас?

29 ва 30-бандлар саволлар туғдиради. 29-бандда божхона органларига хос бўлмаган, уларга риоя этиш экспорт-импорт товарларини божхонада расмийлаштириш муддатларини анча чўзиб юборадиган вазифа ва функцияларни уларнинг зиммасидан олиб ташлаш назарда тутилган. Лекин 30-банднинг ўзидаёқ чегарадаги постларда фито– ва ветеринария назорати функциялари божхона органларига юклатилиши белгиланган.

34-бандда Давлат божхона қўмитасида мурожаатларни қабул қилиш бўйича куну тун ишлайдиган ягона қисқа рақамли ишонч телефони ўрнатилиши назарда тутилган. ДБҚда куну тун ишлайдиган ишонч телефони доим бўлган, унинг рақамларини яхши биламан – 120-76-00 ва 120-76-31.

Сўзимнинг охирида VII «Божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш» бўлимини божхона органлари ходимларининг пенсия таъминоти тўғрисидаги қоидани ишлаб чиқишга доир 45-банд билан тўлдиришни таклиф қиламан.

Ишлаб чиқувчилар билан бошқа мулоҳазаларим билан ҳам ўртоқлашишга тайёрман. Шу билан бирга Фармон ижросини амалга оширишда қурбим етганча ёрдам бераман.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1276 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика