Кичик корхона туризм хизматлари билан шуғулланади, ЯСТ тўлайди. Шунингдек болалар ўйнаши учун дам бериб шиширилган батутни ҳақ эвазига тақдим этади ва бундан кундалик тушум олади.
Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш керакми? Батутдан фойдаланишдан тушган тушумга қандай солиқ солинади? Батут ўйин автоматларига кирмайдими?
Н.Данаев.
– Кичик бизнес субъектлари бир нечта фаолият турини амалга оширганда ҳар бир фаолият тури бўйича бухгалтерия ҳисоби алоҳида-алоҳида юритилиши зарур (АВ томонидан 14.08.2013 йилда 2501-сон билан рўйхатдан ўтказилган 20-сон БҲМСнинг 7-банди).
Батут – сакраш учун мўлжалланган қурилма. Дам бериб шиширилган батутлар шаҳар кўчалари ва майдонлари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, халқ сайилгоҳлари, аквапаркларда жойлаштирилади. Улар бир гуруҳ болаларга мўлжалланган бўлиб, турфа хил шакл (тўгарак, тепалик, қаср, қандайдир персонаж ёки ҳайвон ва ҳ.к.), ҳажм ва рангда бўлиши мумкин.
Батутлар қатъий белгиланган солиқ тўланадиган ўйин автоматларига кирмайди (Солиқ кодексининг 370-моддаси).
ТИФ ТН бўйича ўйин автоматлари «Тангалар, банкноталар, банк карточкалари, жетонлар ёки шунга ўхшаш тўлов воситалари билан ишга тушириладиган бошқа ўйинлар, боулинг учун автоматик ускунадан ташқари» гуруҳига киритилган, коди – 9504 30.
Батут эса «Умумий жисмоний тарбия, гимнастика, енгил атлетика, бошқа спорт турлари (шу жумладан стол тенниси) билан шуғулланиш ёки очиқ ҳаводаги ўйинлар учун инвентарь ва ускуналар» гуруҳига киритилади, коди – 9506.
Ўйин аттракциони – батутни болаларга беришдан тушумга ЯСТ солинади.
Мазкур фаолият тури бўйича алоҳида солиқ ҳисоботини тақдим этиш керак эмас. Ушбу фаолиятдан олинган даромадларни (туризм хизматларидан ажратиб) Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобида (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бошқа турдаги фаолиятдан тушум сифатида акс эттиришнинг ўзи кифоя.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.