Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 19 / Биз яшайдиган уй

Уй-жой инспекцияси ёрдамга келади

 

Яқинда фуқароларда турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланишдаги турли қонунбузарликлар устидан Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (бундан кейин – Инспекция, Уй-жой фонди инспекцияси) шикоят қилиш имконияти юзага келди. У Президентнинг 18.04.2017 йилдаги ПФ-5017-сон Фармонига мувофиқ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган эди. Инспекция кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни сақлаш соҳаси устидан давлат назоратини амалга оширувчи, ушбу соҳада фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояланишини таъминловчи ваколатли орган бўлди. У УКХ вазирлигининг бўлинмаси ҳисобланади, унга ҳисобот беради ва унинг бўлинмалари билан ҳамкорликда ишлайди. ПФ-5017-сон Фармон, Президентнинг 18.04.2017 йилдаги ПҚ-2900-сон қарори ҳамда ВМнинг 2.06.2017 йилдаги 340-сон қарори Инспекция фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи ҳудудий инспекциялар назорат органи таркибига киради. Унинг ташкил этилиши, УКХ вазирлиги ташкил этилиши қатори, мамлакатимизда УКХ соҳасида ўтказилаётган ислоҳот орқали қўлга киритилган ютуқлардан бири бўлди. Инспекция зиммасига жуда кенг доирадаги вазифа ва ваколатлар юклатилган. Уй-жой фонди инспекцияси бош юрисконсульти Дониёр Раҳимов кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолати устидан назорат иши қандай олиб борилаётганлиги ҳақида ҳикоя қилади.

 

Назорат иши

– Дониёр Бахтиёрович, Инспекция ташкил этиш, кўп хонадонли уй-жойлар сақланиши устидан назоратни кучайтириш заруратини нималар тақозо этди?

– Бизда уй-жой фонди сақланиши учун давлат масъул. Аҳоли учун қулай яшаш шароитини яратиш ижтимоий сиёсатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда 33 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйлар (КХУ) бор. Уларнинг аксарияти 1960 йилдан 1991 йилгача қурилган бўлиб, қўйилмаларни, белгиланган нормалар, қоидалар ва стандартларга мувофиқ таъмирлаш, техник жиҳатдан лозим даражада сақлаш ва тегишлича фойдаланишни талаб этади.

Кўп хонадонли уй-жой фондини лозим даражада сақлаш учун Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон қарорига 3-илова) риоя этилиши, КХУ режаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилишига йўл қўймаслик, кўп хонадонли уй-жойлар мулкдорларининг капитал таъмирлаш учун жамғариладиган маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва бошқалар устидан мунтазам назорат қилувчи давлат органига зарурат бор эди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими бошқарувини такомиллаштиришга йўналтирилган қатъий чоралар сирасида Уй-жой инспекциясини ташкил этиш ҳам бўлиб, у ўз вақтида иш бошлади.

Турар ва нотурар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкининг айрим қисмлари ҳолати устидан назорат қилиш вазифаси бир қатор идоралар зиммасига ваколатлари доирасига қараб юклатилган. Масалан, санитария ҳолатини – СЭС, лифтларнинг сақланишини – Котлован назорати, турар ва нотурар жойлар режаси ўзгартирилиши, ноқонуний иморатлар қурилишини – Бош АЛБ, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси органлари назорат қилади ва ҳоказо. Бироқ бунда тизимли ёндашув йўқ эди. Тузилмаларнинг тарқоқлиги уй-жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари бузилиши устидан лозим даражада назорат ўрнатиш, уларни бузувчиларга нисбатан қандай чоралар кўрилаётганлигини кузатиш имконини бермас эди. Умуман КХУ сақланиши устидан ягона давлат назоратини белгиловчи, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларига риоя этмаганлик учун жавобгарлигини оширувчи органни ташкил этиш зарурати юзага келди. Уй-жой фонди инспекцияси ана шундай орган бўлди.

Турли уй-жой коммунал муаммоларга тўқнаш келган мулкдорларга кўпинча ҳуқуқий билим етишмайди. Шу сабабли уларнинг саъй-ҳаракатлари натижа бермайди. Энди КХУдан фойдаланишда белгиланган норма ва қоидаларга риоя этиш уларга боғлиқ бўлган тузилмалар билан ҳамкорлик қилувчи назорат органи уларга ёрдамга келади. Бироқ бунинг бир шарти бор. Аввал уй аҳлининг ўзи нималаргадир ҳаракат қилиб кўришлари керак. Масалани ҳал қилишнинг уддасидан чиқа олмасалар, Инспекцияга мурожаат қилишлари мумкин.

 

Алло, Инспекция?

– Кўп хонадонли уй-жой фондининг ҳолати қандай назорат қилинади?

– Асосан бу фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва тасдиқланган ишлар режасига мувофиқ кўп хонадонли уйлар, туташ ҳудудларнинг техник ҳолатини ўрганишдан иборат. Ҳар куни Инспекцияга КХУни сақлашга доир турли масалалар юзасидан 30 дан ортиқ мурожаат қилиб тушади. Булар ишонч телефони орқали қўнғироқлар, фуқароларни қабул қилиш пайтида келиб тушувчи ёзма мурожаатлар (аризалар, шикоятлар, таклифлар); жавоб беришимиз учун бошқа тузилмалардан жўнатиладиган мурожаатлардир. Уй-жой соҳасидаги барча муаммоларни кўрсатувчи катта иш. Кўпинча фуқаролар томдан чакка ўтаётгани, ертулаларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, алмаштиришни талаб қилувчи муҳандислик компаниялари, хоналар яхши исимаслиги, қаровсиз йўлаклар ва уй атрофидаги ҳудудлар, турар жойдаги хоналар режалари ноқонуний ўзгартирилиши ва бошқалардан шикоят қиладилар. Кўп учрайдиган, ҳал этишни талаб этадиган муаммолар. 2017 йил августдан 2018 йил апрелгача бўлган даврда Уй-жой фонди инспекциясига барча каналлар орқали республика фуқароларидан 700 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.

 

– Инспекцияга қандай ваколатлар берилган?

– Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда, кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолатини режали мониторинг қилишда ҳар қандай зарур ахборотни сўрашга, ўрганилаётган масалага тааллуқли ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишишга ҳақлимиз. Инспекция носозликлар бартараф этилгунча одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи носоз техник жиҳозлардан фойдаланишни тақиқлаш ваколатига эга. У Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари бузилишини бартараф этиш учун ХУМШ, мулкдорларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларига эса – аҳолига хизмат кўрсатишда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш бўйича.

Бу ХУМШ, уй-жой фондининг техник ҳолати учун масъул бошқа тузилмаларнинг ишига аралашиш ҳисобланмайди. Қуйидагича ёндашиш лозим: кўп хонадонли фондни сақлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талаблар мавжуд. Уларга барча: уй-жой мулкдорларидан тортиб ХУМШ, бошқарувчи компаниялар, назорат ташкилотлари, коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар ва бошқаларгача сўзсиз риоя этишлари шарт.

 

Қоидабузарларга кўрсатмалар берилади

– Инспекция фуқароларнинг мурожаатларига қандай муносабат билдиради?

Инспекциянинг 235-31-00 ишонч телефони орқали келиб тушган муайян саволлар бўйича арз қилувчига дарҳол тушунтириш берилади. Мурожаат жойига чиқиб ўрганишни талаб этганда ишчи гуруҳ тузиш ҳақида буйруқ чиқарилади. Мониторинг ўтказишда ҳам худди шундай қилинади. Буйруқда арз қилувчининг (ёки ўрганиладиган объектнинг) манзили, муаммо, ўрганиш муддати, ишчи гуруҳ таркиби ва бошқалар кўрсатилади. Турар ва нотурар жойлар режаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилиши, ноқонуний қурилиш, коммунал хизматлар сифати параметрларига риоя этмаслик, бошқа қоидабузарликлар ҳақида сўз бораётган бўлса, ишчи гуруҳ таркибига бошқа тузилмалар; коммунал хизматларни етказиб берувчи корхоналар, СЭС, Бош АЛБ, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ва бошқалардан вакиллар киритилиши мумкин. Умумий мол-мулкни сақлаш тартиби, муҳандислик тузилмаларидан, лифтлардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва техник регламентлари бузилгани аниқланганда Инспекция ходимлари далолатномалар тузиб, 15 кун ичида қоидабузарликларни бартараф этиш талаб қилинган кўрсатмалар берадилар.

 

– Кўрсатмалар бажарилмаганда қандай ҳаракат қиласиз?

– Бундай ҳолларда кўрсатма талабларини мажбурий ижро этиш, жисмоний ёки юридик шахс фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатиб туриш ёхуд тақиқлаш тўғрисида даъво аризалари беришга ҳақлимиз. Инспекция маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича баённомалар тузиш ваколатига ҳам эга. Мурожаатни ўрганиш ёки мониторинг ўтказиш жараёнида жиноят аломатлари аниқланса, материаллар прокуратурага берилади. 8 ойда (2017 йил августдан 2018 йил апрелгача) КХУ ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра 854 та ҳолатда Инспекция ходимлари қоидабузарликлар тўғрисидаги материалларни жарима ундириш учун маъмурий судга топширдилар. Уларнинг 549 таси бўйича ижобий қарорлар чиқарилди. 38 та далил бўйича материаллар прокуратурага берилди.

 

– Фуқаролар ХУМШ қониқарсиз ишлаши натижасида кўп хонадонли уйлардаги умумий мол-мулкнинг ҳолати лозим даражада эмаслигидан кўп шикоят қилдилар. Уй аҳли нималардан шикоят қилади?

– Ҳа, бундай мурожаатлар асосли. Бунда бир нечта асосий сабабни ажратиб кўрсатиш мумкин. Булар ХУМШ раҳбарларининг малакасизлиги, ширкат аъзоларининг ҳуқуқий саводсизлиги, ўз уйларини яхшилашга лоқайд муносабати, тўловларни тўламасликдир. Раҳбарлар ишлар режаси, сметани тўғри тузиб, харажатларга мос мажбурий бадаллари миқдорини ҳисоблай олмайдилар, буни мулкдорларга тўғри етказа билмайдилар. Ширкат аъзолари унинг ишлари билан танишмайдилар, йиғилишларга бормайдилар, ишлар бажарилишини талаб қиладилар, бироқ бунинг учун ойлик мажбурий бадаллар миқдори оширилишини истамайдилар ёки уларни тўламайдилар, қилинаётган ишлар сифатини ва ўз маблағларининг сарфланишини назорат қилмайдилар ва ҳоказо.

Кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолати ўрганилганда шулар тасдиқланади. Масалан, уларнинг куз-қиш даврига тайёрлиги текширилганда. Қатор ширкатлар раҳбарлари бунга олдиндан тайёргарлик кўрмаганлар. Инспекция ходимлари иссиқ ва совуқ сув таъминоти тизимларининг техник ҳолати қониқарсиз эканлигини аниқладилар. Вентиллар ва задвижкалар фойдаланишга яроқсиз, ертўла сув билан тўла эди. Иссиқ ва совуқ сув таъминотига ноқонуний уланиш далиллари фош этилди.

Одатда фуқаролар ўз муаммоларини ХУМШнинг ёмон ишлаши билан боғлайдилар. Бироқ кўпинча ўзлари ва қўшниларига ўзлари зиён етказадилар. Масалан, яхши иситилмаётганлигидан шикоят қиладилар, аслида уй аҳлининг ярми иситиш тизимини ноқонуний «ёпиб ташлаган» бўлади, бу эса унинг бутун уйдаги ишига салбий таъсир кўрсатади. Шахтада муаммолар юзага келади, қувурларга ўтиб бўлмайди, сабаби қўшни уйини евротаъмирдан чиқарган, шахтага кириш йўлларини беркитиб ташлаган ва уни тиклашни истамаётган бўлиб чиқади.

Инспекция ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг алоҳида ҳуқуқи ҳисобланган масалаларга аралашишга ҳақли эмас – бунга раис, бошқарув аъзоларини сайлаш, ишлар режаси, сметани ишлаб чиқиш, ойлик мажбурий бадал миқдорини тасдиқлаш ва бошқалар киради. Бироқ унинг ходимлари томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришлари мумкин. Раис ёқмаяптими – уни қайта сайлаш мумкин. Бадаллар қаерга кетаётганини билмаяптиларми – раисдан ҳисобот беришни талаб қилишга ҳақлилар. Қандай ишлар режалаштирилгани ёки олиб борилаётганидан бехабармилар – умумий йиғилишларда қатнашиш лозим. Кишилар уйлари батартиб бўлишидан манфаатдор бўлсалар, доим ташаббусни қўлларига олишлари мумкин.

 

Назорат ва жавобгарликни кучайтириш

– Бизда оммавий тус олган ноқонуний қурилишлар, КХУдаги турар ва нотурар жойлар режаларини ўзгартириш устидан назорат қилиш – жуда жиддий масала. Бу соҳани тартибга солишнинг иложи борми?

– Бундай қоидабузарликлар устидан назорат ва унинг учун жавобгарликни кучайтириш йўли билан бунга эришса бўлади. Булар кўп хонадонли уйларда яшаш хавфсизлигига тааллуқли жиддий муаммолардир. Турар жой конструкциясига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш қонун ҳужжатлари билан тақиқланган. Бунга рухсатнома бўлмаса, аҳоли фикрига кўра хонадон режасининг бирозгина ўзгартирилиши ҳам қоидабузарлик саналиб, хавфсиз яшаш учун таҳдид солади. Ахир биз сейсмик жиҳатдан хавфли минтақада яшаймиз. Техник норма ва қоидаларга риоя этмасдан киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар уй конструкциясининг мустаҳкамлигига рахна солиб, авария ҳолати юзага келишига олиб келиши мумкин. Одамлар бу ҳақда ўйламайдилар. Таянч деворларни бузадилар, барча хоналарни биттага бирлаштирадилар, хонадонга кўчадан эшик очадилар, уйдаги умумий коммуникацияларни пешайвонга ўтказадилар, контурини ўзгартирадилар ва ҳоказо. Бунинг учун қатъий жавобгарлик ва назорат йўқ эди. Ушбу масала Инспекция ишининг муҳим компоненти ҳисобланади, бунда қатъий ёндашув зарур. Турар жойларнинг техник ҳолатини ўрганиш чоғида хонадон эгасида режани ўзгартиришга рухсатномаси бўлмаса, 15 кун ичида уни легаллаштириш учун тегишли ҳужжатларни олиш ёхуд хонани аввалги ҳолатига қайтариш ҳақида ёзма кўрсатма берилади.

Кўп хонадонли уйлардаги нотурар жойлар мулкдорлари билан ҳам худди шундай йўл тутилади. Улар кўпинча уйларга тақаб қандайдир хоналар соладилар, белгиланган нормалардан бир неча баробар катта соябонлар ўрнатадилар, объектлар қуриш учун ерларни ўзлаштириб оладилар. Кўп ҳолларда бунинг учун рухсатномалари бўлмайди. Махсус лойиҳасиз нотурар жой режасини ўзгартириш ҳам жуда хавфли. Бундай вазиятларни ўрганиш давомида БошАЛБ, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, «Тошлойиҳа» МЧЖ мутахассислари жалб этилади. Улар асосли хулоса тайёрлайдилар, унинг асосида далолатнома тузадилар, нотурар жой мулкдорига қоидабузарликларни албатта бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берадилар.

8 ой давомида Уй-жой инспекцияси томонидан бутун республикадаги 14 926 та кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолати ўрганилди. 4 357 та ҳолатда хоналар ноқонуний қурилгани, 5 034 тасида турар ва нотурар жойлар режаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилганлиги аниқланди. Мулкдорларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар берилди. Бажарилмаган кўрсатмалар бўйича материаллар маъмурий чора кўриш учун судга, жиноят аломатлари аниқланганда эса прокуратурага топширилди.

Хонадон сотиб олган киши аввалги соҳиби уйнинг режасини ноқонуний ўзгартиргани сабабли муаммога йўлиқади, бунинг учун янги мулкдор ҳақ тўлашига тўғри келади. Демак, кадастр хизмати ходими нотариал идорага ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотномани тақдим этган бўлади. Моҳиятан олганда, бундай ҳолатларда маълумотнома берган киши жавоб бериши зарур, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш лозим. Бироқ янги мулкдор ҳам уй олишдан аввал эътиборли бўлиши: квартира режасини кадастр ҳужжатлари билан солиштириб кўргани маъқул. Барча ўзгартиришлар уларда қайд этилган бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, бу қоидабузарлик саналади.  

 

– Инспекция кўп хонадонли уйлар мулкдорларининг капитал таъмирлаш учун жамғариладиган маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилади. Бунда қандай қоидабузарликларга тўқнаш келасиз?

– УКХни ислоҳ қилиш доирасида мамлакатимизда 2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури (24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарор билан тасдиқланган) амалга оширилмоқда. Уй-жой фонди инспекцияси турар жойлардаги умумий мол-мулкни таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишда белгиланган норма ва қоидаларга қандай риоя этилаётганлигини кузатади. Дастурга мувофиқ, ХУМШни молиялаштиришнинг асосий манбаи – банк кредитлари, уларни сўндириш манбаи эса уй-жой мулкдорларининг депозит счётларда жамғариладиган мажбурий бадаллари ҳисобланади. Бунда кредитлар ва мулкдорларнинг мажбурий бадаллар тарзидаги маблағларидан иложи борича тўлиқ ва мақсадли фойдаланилиши, таъмирлаш ишлари эса сифатли бажарилиши жуда муҳим. Кредит олишдан аввал тўғри тайёргарлик кўриш зарур. Аввал кредит олишга ХУМШ аъзоларининг розилигини олиш, буни умумий йиғилиш баённомаси билан тасдиқлаш лозим, ҳар доим ҳам шундай қилинмайди. Ширкат нуқсонлар далолатномасини тузиши шарт. Даромадлар ва харажатлар сметасини тўғри ҳисоблаб чиқиш ва тузиш, қарз маблағлари ўз вақтида қопланишини таъминловчи мажбурий бадал миқдорини аниқлаш даркор. Танлов асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари пудратчисини танлаш керак. 21 та ХУМШ фаолияти ўрганилганда 1 705,6 млн сўм миқдоридаги банк кредитлари, уй-жой мулкдорларининг капитал таъмирлаш учун жамғарилган маблағларидан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланди. Қоидабузарликлар сирасига КХУни капитал таъмирлашда пудрат ташкилотлари қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини 905,4 млн сўмга ошириб кўрсатганини киритиш мумкин. Шундан 235,4 млн сўми ундириб олиниб, ХУМШнинг ҳисоб-китоб счётларида тикланди. Ўрганиш натижалари бўйича 38 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик далиллари юзасидан материаллар прокуратурага топширилди.

 

– Суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдираман.

 

Уй-жой инспекциясининг ишонч телефони 235-31-00.

 

 

 

 

Вазир ўринбосарига учта савол

 

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш арафасида Миллий матбуот марказида ХУМШ фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров УКХ вазирлигининг ушбу йўналишдаги иш натижалари ҳақида сўзлаб берди, ОАВ вакиллари, шу жумладан махсус мухбиримизнинг саволларига жавоб берди.

 

 

 

Яқин орада мини-бадаллар жорий этилади

 

УКХ вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган уй-жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкини сақлашга мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорлари қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан кейин яқин орада амалда жорий этилади, – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Назиржон Назиров шу ҳақда хабар берди. – УКХ вазирлиги томонидан тайёрланган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг тегишли лойиҳаси Адлия вазирлигида кўриб чиқилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарори билан УКХ вазирлигига ХУМШ аъзолари учун мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорини ҳар йили тасдиқлаш вазифаси топширилган. Мамлакатимизда 2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури (24.04.2017 йилдаги ­ПҚ-2922-сон қарор билан тасдиқланган) амалга оширилмоқда. У асосан тижорат банкларининг кредитлари ва уй-жой мулкдорлари маблағлари ҳисобига бажарилмоқда. Шу сабабли капитал таъмирлаш харажатларига мувофиқ келадиган ва кредитлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдиган реал бадални белгилаш муҳим.

Мини-бадаллар УКХ вазирлигининг 31.01.2018 йилдаги 34-сон буйруғи билан мажбурий чора сифатида амалга жорий этилган эди, 16.02.2018 йилдаги 54-сон буйруғи билан эса қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилгунга қадар уларнинг амал қилиши вақтинча тўхтатиб қўйилди. Айни пайтда ишлаб чиқилаётган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси 2018 йил охирида Олий Мажлисга топширилади. Яқин орада мини-бадалларни жорий этиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда УКХ вазирлиги амалдаги Қонунга тузатишлар киритиш юзасидан иш бошлади.

 

Ер участкалари ширкатларга қайтарилади

 

Бир неча йил аввал аксарият ширкатлар ер участкаларидан асоссиз равишда маҳрум этилган, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган уларни сақлаш мажбурияти зиммаларида қолган эди. Ер участкаларининг ХУМШга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонун, Ер кодекси, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда уларнинг чегаралари кадастр ҳужжатларида белгиланган бўлиши лозим. Бироқ аксарият ХУМШда ер участкалари чегаралари уйнинг девори бўйлаб ўтади. Яъни амалда ер йўқ бўлса ҳам, қонун ҳужжатлари бўйича уни сақлаш мажбурияти юклатилган.

 

ХУМШнинг ер участкаларидан асоссиз маҳрум қилиниши қатор жиддий муаммолар ва зиддиятларни келтириб чиқарган қонунбузарлик саналади. Бизда ер эгаси давлат ҳисобланса, демак, у (ҳокимликлар ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармалари тимсолида) унинг сақланишини таъминлаши керак. Бироқ бундай қилинмайди. ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадали таркибида аслида уларга қарашли бўлмаган уй атрофидаги ҳудудни сақлаш ва ободонлаштириш харажатлари ҳам ҳисобга олинган. Моҳиятан олганда, бу мулкдорларнинг маблағларини ҳуқуққа зид равишда сарфлашдир. Бироқ уй атрофидаги ҳудудлар тозаланмаса, аҳоли норозилигининг чеки бўлмайди. Бундан ташқари, ширкатлар ихтиёрий-мажбурий тартибда ўзлари эгалик қилмайдиган ҳудудларни ободонлаштириш учун кредитлар олишга мажбур бўладилар. Тўғри, саранжом-саришта ва ободонлаштирилган ҳовлида яшаш истиқболига қарши ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Бироқ мажбурият бўлган жойда ҳуқуқлар ҳам белгиланиши даркор. Ушбу ҳудудларда хўжайинчилик қилиш ҳуқуқидан эса бошқалар фойдаланади. ХУМШни ер участкаларисиз қолдириш кимгадир фойда келтирганга ўхшайди.

Бу турар жой микрорайонларига ҳужум бошлаган хусусий қурувчиларга қўл келади. Ҳовлиларда ноқонуний равишда болалар ва спорт майдончаларини бузадилар, дарахтларни кесадилар, кўп хонадонли уйлар ўртасида уларга тақаб объектлар қурадилар. Ер участкалари ширкатларга тегишли бўлганда, эҳтимол, бундай ҳолатга гувоҳ бўлмасмидик. Қурилиш кўпинча шаҳарсозлик талаблари, санитария норма ва қоидаларини бузган ҳолда олиб борилади. Бу аҳоли, қурувчилар, давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ўртасида норозилик ва жиддий ихтилофларга сабабчи бўлади.

 

– Ер участкалари ХУМШ фойдаланишига бериладими? Уй-жой инспекцияси турар жой даҳаларидаги ноқонуний қурилишлар устидан назорат қиладими?

– Ширкатларнинг ер участкаларига доир масала жуда жиддий. У айни пайтда ишлаб чиқиш босқичида турган янги таҳрирдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида» ҳамда «Кўп хонадонли уйлардаги турар ва нотурар жойлар ҳамда умумий мол-мулкдан фойдаланиш, уларни сақлаш тартиби тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниши билан тартибга солинади, – дея хабар берди уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров. – Уларда давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида чегаралари белгиланадиган ер участкаларини ҳар бир ширкатга бириктириш назарда тутилган. Айни пайтда бу масала Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда. Турар жой даҳалари ҳудудидаги қурилишларга келсак, қурилиш учун техник шароит бўлмаганда, қонун ҳужжатлари бошқа тарзда бузилганда уй аҳли Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига мурожаат қилиб, тушунтириш олиш ҳуқуқига эга.

Сўнгги пайтда қабул қилинган ҳамда уй атрофидаги ҳудудларни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларнинг формулировкаларида «уй атрофидаги ҳудуд», «уйга туташ ҳудуд», «ер участкаси» тушунчалари аралаштириб юборилганлигига янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг эътиборини қаратмоқчиман. Натижада улар нотўғри талқин қилинади. Аслида Ўзбекистон Республикаси шароитида аҳоли яшайдиган ҳудудларни сақлаш ва ободонлаштиришга доир санитария қоидалари ва нормалари (6.05.2016 йилдаги 0329-16-сон) билан амалдаги қонун ҳужжатларига таянган ҳолда ушбу тушунчаларга ойдинлик киритилиб, аниқ таъриф берилган:

уй атрофидаги ҳудуд – кўп хонадонли уй жойлашган, давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида чегаралари белгиланган ер участкаси ёки кўп хонадонли уй жойлашган, техник паспортда кўрсатилган чегаралар режасига эга бўлган, таркибига майдончалар, боғлар, йўлкалар ҳамда мавзе ичидаги йўллар ва тор кўчалар кирадиган ер участкаси;

уйга туташ ҳудуд – асосий ҳудуд, қурилиш майдончаси, савдо объекти, жамоат транспортининг охирги тўхташ жойлари ҳамда мулкида, эгалигида, фойдаланишда бўлган, шунингдек ижара ҳуқуқидаги бошқа объектлар чегараларига бевосита ёндашган, эни 15 метрлик ёки майда чакана савдо тармоғи объектлари, кичик архитектура шаклидаги объектлар, алоҳида турувчи реклама конструкциялари асосий ҳудуди периметри бўйича эни 5 метрлик ҳудуд.

 

 

Лицензия бозорга «кириш чиптаси» сифатида

 

УКХ вазирлиги ташкил этилганда кўпчилик уй-жой соҳасида ишловчи хусусий бизнесни лицензиялаш масаласи ҳал этилишига умид қилган эди. Кадрларнинг мавжуд эмаслиги хусусий бошқарувчи компаниялар фаолиятидаги асосий муаммо саналади. Тошкент шаҳар ХУМШ уюшмаси БК аҳволини вақти-вақти билан мониторинг қилганда аксарият тижорат тузилмаларига маълумотсиз, шубҳали, уй-жой соҳасидан йироқ бўлган тасодифий кишилар: фаррошлар, сотувчилар, новвойлар, фельдшерлар раҳбарлик қилиши маълум бўлар эди.  

 

Бунинг оқибатида хизматлар сифати паст бўлган, турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйилган, аҳоли норозилик билдирган. Уй-жой соҳаси ходимлари УКХда ишловчи хусусий бизнес учун «кириш чиптаси» – лицензия масаласини бир неча бор кўтарганлар. Россия, бошқа мамлакатларда бу билан уй-жой инспекцияси шуғулланади. Бизда УКХ вазирлиги ҳузурида фаолият юритувчи Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хусусий БК фаолиятини назорат қилишга ҳақли. Бироқ унда аниқланган қонунбузарликлар лицензия мавжуд эмаслиги, тижорат тузилмалари устидан бошланғич назорат йўқлиги оқибатида юзага келган бўлади.

– Ҳозирча бошқарувчи компанияларни лицензиялаш масаласи кўрилмаяпти, – дея қайд этди уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров. – Бугун уй-жой хизматлари бозорида, хусусий бизнесдан ташқари, «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ва «Ягона ҳисоб-китоб маркази» ДУК тимсолидаги давлат тузилмалари ҳам ишлай бошлади. Давлат-хусусий шерикчилиги шаклланмоқда, хусусий бизнес давлат тузилмалари билан муваффақиятли рақобатлаша олиши учун сифатни ошириши зарур. БКни лицензиялаш масаласи устида кейинчалик иш олиб борилади. Бунинг учун лицензия талаблари, мезонлари, таомилларини ишлаб чиқиш зарур.

 

 

 

Истеъмолчи эътиборига

 

23 та «нима учун» ёки эскича фикрлашга барҳам бериш вақти келди

 

Ижтимоий тармоқлар ҳаётнинг виртуал акси эканлигига қўшилсангиз, уй-жой соҳасидаги барча кўнгилсизликларда фақат ХУМШ раҳбарлари айбдор бўлиб чиқади. Бироқ фош этувчилар орасида ўзгача фикр билдирувчилар ҳам бор. Раҳбарларнинг ҳам уй-жойлар мулкдорларига эътироз ва саволлари етарли, улар жуда асосли. Фикрлаб кўришга арзирли айримларини тилга оламиз.

 

«Аксарият мулкдорлар уйларининг қай аҳволдалиги билан қизиқмаслиги ХУМШ раҳбарларининг эмас, фуқароларнинг муаммоси. Нима учун бадаллар иложи борича камроқ бўлишини, яхшиси – умуман тўламасликни, бироқ шу билан бирга уйда ишлар бажарилишини истайдилар? Нима учун қанча пул бўлса, шунча иш қилинишини тушунишни истамайдилар? Нима учун ишлар бажарилишини талаб қилиб, бадални ошириш ёки кредит олиш кераклигини эшитишни ҳам хоҳламайдилар? Нима учун ХУМШ раисларига душман сифатида қараш урфга кирган? Бизни ёмонлашни ҳамма билади. Нима учун беғам ва масъулиятсиз, уйнинг иситиш схемасини бузадиган, ҳовлини ахлат пакетлари билан тўлдирадиган, умумий мол-мулкнинг аҳволини ёмонлаштирадиган, йиллаб мажбурий тўловларни тўламайдиган, ХУМШ ходимларига қўполлик қиладиган, уларга бўҳтон қиладиган қўшниларни фош этмайсиз? Нима учун тўламайдиганлар инсофли қўшнилар ҳисобига яшайди? Нима учун қарздорлар вақтида пул тўлаганда ширкатда бадаллар камроқ тўланиши, ишлар кўпроқ бажарилиши мумкинлигини ўйламайсиз? Нима учун уй аҳли бунда суд қарорлари бажарилмаганлиги сабабли тўламайдиганларга деярли таъсир ўтказа олмайдиган ширкатни айблашади?

Нима учун мулкдорлардан ёрдам ҳам, миннатдорчилик ҳам кутиб бўлмайди? Ҳатто оддий «раҳмат» деган сўзни эшитмайсан. Айтингчи, нима учун оддий фуқаро ХУМШ раиси бўлгани заҳоти душманга айланади? Нима учун қўшнилардан биронтаси ширкатга кириб: «Қандай муаммоингиз бор, қандай ёрдам беришим мумкин?» деб сўрамайди? Нима учун уй аҳли ширкат раҳбарияти билан мулоқотда прокуратурага, ҳокимликка, порталга ва бошқаларга шикоят қилишини айтиб пўписа қилади? Нима учун йиғилишларда муайян саволларни ҳал этиш борасидаги гапга қулоқ солмайдиган, бошқариб бўлмайдиган оломонга айланадилар? Нима учун ширкат ходимларининг орқасидан гапириб, тўғридан-тўғри ўзига, одобсизлик ва қўполлик қилмасдан муаммони айтмайсизлар? Нима учун ҳеч ким пули қаерга сарфланаётганини тушунишни истамайди? Нима учун директор томда ёки ертўлада бўлса, уни топиб бўлмайди дейсиз? Нима учун хонасида ўтирса, у томда ёки ертўлада бўлиши керак деб айтасиз? ХУМШда пулнинг тагида қолиб кетиш мумкин деган гапни қаердан олдингиз? Нима учун ХУМШдаги барча уйларнинг пули, сақлаш харажатлари қанчалиги билан ҳеч ким қизиқмайди? Нима учун ширкатлардаги ҳисобланган маблағларнинг энг яхши ҳолатда 30%дан 50%гача қисми депозит счётига, 30%и ходимларнинг иш ҳақига кетишини, қарздорлар туфайли уйга хизмат кўрсатишга арзимаган пул қолишини тушунишни истамайсиз? Нима учун ижтимоий тармоқларда ХУМШ раҳбарлари 3 қаватли кошоналарда яшаши, қимматбаҳо машиналарни бошқариши, Мальдив оролларида ҳордиқ чиқариши ҳақида ёзадилар? Бу ерда вақтида маош олганимизга хурсанд бўламиз. Нима учун раис ёки ижрочи директор тимсолида ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган қулни ёллаганмиз ёки сайлаганмиз, у тилимизга келган гапни индамай эшитиши керак деб ўйлайсиз? Нима учун ҳалол, инсофли раҳбарлар ХУМШда ишлашдан бош тортишлари ҳақида ўйлаб кўрмайсиз? Нима учун бу соҳа манфаатларингиз ҳақида қайғурмайдиган, қўли эгри кишилар учун жозибали бўлиб бормоқда? Бунда сизнинг ҳам айбингиз йўқми: бу бепарволигингиз, боқиманда кайфиятингиз, лоқайдлигингиз, сиз ва фарзандларингиз қандай уйда яшашига бефарқлигингиз, маиший турмушингизни яхшилашни зиммасига олганларга ҳурматсизлигингиз оқибати эмасми? Ҳаммаси кўп жиҳатдан сизга боғлиқлиги, ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсангиз, эскича фикрлашга барҳам бериш кераклиги ҳақида ўйлаб кўрмайсизми?».

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Сув ҳисоблагичлари уй эгалари манипуляциясидан ҳимояланди

 

Россия шаҳарларида иссиқ сув ҳисоблагичларига уй эгалари манипуляцияларидан ҳимоялаш тизимларини ўрната бошладилар.

 

Ҳимоя магнитга таъсирчан индикаторли пломбадан иборат. Ҳисоблагични кучли магнит ёрдамида «айлантиришга» уринганларида пломба рангини ўзгартиради, киши наклейкани олиб ташламоқчи бўлса, ювиб ташлаб бўлмайдиган из қолади. Пломбани шикастлаганлик учун истеъмолчига жарима солинади – коммунал хизматлар учун тарифдагига қараганда 10 баравар кўп ҳақ тўлашига тўғри келади.

Бироқ, пломбаларнинг камчилиги ҳам бор – уларни қўлда текшириш зарур. Кўп уйлардаги ҳисоблагичлар хонадон ичида жойлашган, текширувчиларни киритмаганлик учун эса жавобгарлик белгиланган. Бироқ жазо чоралари яна кўриб чиқилади. Мисол учун, Белгородда ҳисоблагични текширишга икки марта қўймаганлик учун иссиқ сув истеъмоли қиймати 50% қимматроқ ҳисобланади.

 

Интернет тармоғи материаллари асосида.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 3206 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика