Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 17 / Божхона

ББУ халқаро даражага чиқмоқда

 

Ўзбекистон Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) МДҲ мамлакатлари уюшмалари орасида биринчи бўлиб Божхона брокерлари уюшмалари халқаро федерацияси (IFCBA) иштирокчилари таркибига қабул қилинганлиги ҳақида расмий тасдиқнома олди. 2018 йилнинг 1 апрелидан ББУ IFCBAнинг расмий аъзоси ҳисобланади.

ЎзР Божхона брокерлари уюшмаси раиси Арсен Айрапетьянц ушбу халқаро ташкилотга киришнинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.

 

– IFCBA қандай ташкилот, унга аъзо бўлиш ББУга қандай афзалликлар беради?

– IFCBA – божхона брокерлари халқаро бирлашмалари орасида Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) билан Аҳдлашув меморандумини имзолаган ягона ташкилот. У Экспедиторлик уюшмалари халқаро федерацияси (FIATA), Ҳаво транспорти халқаро уюшмаси (IATA), Автомобиль транспорти халқаро иттифоқи (IRU) сингари бошқа халқаро бизнес-ташкилотлар қатори WCOнинг расмий ҳамкори.

Божхона брокерлари уюшмалари халқаро федерацияси Жаҳон божхона ташкилоти тадбирларида мунтазам қатнашади, шунингдек WCO вакиллари иштирок этадиган ўз анжуманларини ташкил этади ва ўтказади.

ББУ учун IFCBAга аъзолик илғор халқаро тажриба билан кенгроқ танишиш, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларга самарали кўмаклашиш, божхона таомилларини уйғунлаштириш ва соддалаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек божхона брокерларининг ишбилармонлик нуфузини ошириш ва бизнес-манфаатларини илгари суришда ёрдам бериш имконини беради.

Жаҳон божхона ташкилоти доирасида концентрацияланадиган божхона расмийлаштируви амалиёти божхона брокерлари профессионал ташкилоти бўлган жойда давлат ва бизнес биргаликда яхши ишлаши тамойили кузатилишини, ТИФ иштирокчилари божхонанинг функцияларини кўпроқ тушунишини, импортчи ва экспортчиларга тақдим этиладиган хизматлар сифати оширилишини ҳамда бизнес-муҳит яхшиланишини кўрсатади.

Дунёнинг турли мамлакатларидаги божхона брокерлари 1990 йилдан буён Божхона брокерлари уюшмалари халқаро федерациясига ўз вакилларини юборадилар. 2009 йил май ойидан буён IFCBA унинг назарида энг яхши деб топилган малакали божхона вакиллари иш амалиётини эълон қилади.

 

– Гапингизга қараганда, IFCBAда бу йиллар давомида салмоқли тажриба тўпланган. Ушбу ташкилот бугунги кунда қандай мақсадларни кўзламоқда?

– IFCBA тажрибаси ҳақиқатан қимматли. Ривожланган мамлакатларда божхона брокерлиги институти мавжуд бўлган ўнлаб йиллар давомида улар катта йўлни босиб ўтдилар. Ушбу тажрибани ўрганиш кераксиз хатолардан қочишда ёрдам бериши мумкин. IFCBA мақсади – бутун дунё бўйича божхона сиёсатида глобал яхшиланишга эришиш. Халқаро савдо ҳамжамияти божхона брокерлари уюшмаларининг хизматларини эътироф этади, уларга жаҳон савдо тизимида муҳим роль ажратади.

Ривожланган коммуникациялар тизими ва ўз аъзоларини хабардор қилиши туфайли IFCBA бутун дунёдаги савдо ва божхона сиёсатидаги сўнгги ўзгартиришлардан доим хабардор. Мунтазам ўтказиладиган учрашув ва анжуманларда уюшмалар иштирокчилари савдо таомилларини соддалаштириш ва савдо занжирлари хавфсизлигини оширишга доир ҳаётий муҳим масалаларда бир-бирларига энг мақбул йўлларни тавсия этадилар. Турли мамлакатлардаги божхона брокерлари вакилларининг биргаликдаги иши янги иштирокчиларга бу соҳада ўз бизнесларини очишда ёрдам беради, божхона хизматлари кўрсатиш бозорида фаолият юритиб келаётган иштирокчилар нуфузини оширади ва глобал етказиб бериш занжирини таъминлашларига имкон беради.

 

– IFCBA Жаҳон божхона ташкилоти қарорларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Уларнинг ҳамкорлиги қанчалик самара бермоқда?

– Халқаро савдо таомилларини яхшилаш фаолияти доирасида IFCBA божхона брокерлари вакиллари ва уларнинг мижозларига сифатли таълим бериш ва ўқитиш хусусий сектор билан амалий ҳамкорлик ўрнатиш имконини беришини эътироф этади, у божхона расмиятчиликлари хавфсизлиги ва соддалаштирилиши соҳасида ҳамкор бўлиши мумкин. IFCBA ва унга аъзо уюшмалар хусусий сектор вакилларини божхона соҳасига ўқитишда етакчи роль ўйнайди.

IFCBAнинг фикрича, давлат ва хусусий сектор ўртасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш зарур. У ўзаро фойда келтириши, шу жумладан хавфсизлик, давлат манфаатларига риоя этиш, божхона таомиллари соддалаштирилиши ва божхона расмийлаштируви билан боғлиқ харажатлар камайтирилиши ўртасидаги мувозанатга олиб келиши керак.

 

– Божхона брокерларига тааллуқли IFCBAнинг амалий тавсиялари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Қисқача айтадиган бўлсам, IFCBAнинг умумлаштирилган амалиёти қуйидаги тавсияларни ўз ичига олади:

● ТИФ иштирокчилари божхона билан муносабатлардаги учинчи тараф сифатида фақат божхона вакилларидан (брокерларидан) фойдаланишлари мумкин;

● божхона расмийлаштирувида ўз номидан ҳаракат қилувчи ТИФ иштирокчилари божхона брокерлари вакиллари сингари билим стандартларига мувофиқ бўлишлари шарт;

● лицензия олган* божхона вакиллари (брокерлари) божхонада декларациялаш вазифаларини бажарувчи ёки бухгалтерия функцияларини амалга оширувчи ТИФ иштирокчилари бўлган компаниялар ходимларини йўналтиришлари ва ишини назорат қилишлари мумкин.

Умуман олганда бу соҳада Ўзбекистонда қўлланаётган амалиётни энг яхши амалиёт моделига киритиш мумкин.

 

– Божхона брокерлари риоя этиши керак бўлган муайян умумий халқаро қоидалар ёки тавсиялар мавжудми?

– Божхона брокерлари фаолиятининг илғор амалиёти модели бир қатор принципларга риоя этишни талаб қилади.

1. Мижоз манфаатларини ҳимоялаш мақсадида божхона брокерлари миллий ишбилармонлик амалиёти ва қонунчиликка мувофиқ келувчи профессионал амалиёт стандартларини белгилашлари керак. Ушбу принципни амалга ошириш учун, масалан, Уюшмамиз Ўзбекистондаги божхона брокерларини баҳолаш рейтинг тизими тўғрисидаги ББУ Низомига мувофиқ жорий йилнинг 2 апрелидан 2 майигача рейтинг баҳосини олиш истагини билдирган божхона брокерларидан 2018 йилги ББУ рейтингини беришга аризалар қабул қилмоқда.

2. Божхона брокери зарур билим ва кўникмаларни мунтазам профессионал ривожланиш жараёнида олади ва оширади. Бу соҳадаги профессионал таълим Уюшма ўтказадиган курслар, семинарлар ва тақдимот маросимларини, иш ёки фаолият юритиш жойидаги корпоратив ёки норасмий таълимни, шунингдек миллий таълим муассасаларидаги олий таълимни ўз ичига олиши мумкин.

3. Божхона брокерлари молиявий барқарорликларини доим намойиш этишлари шарт.

4. Божхона брокерлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этишлари шарт.

5. Божхона брокерларини, шу жумладан электрон ўқитиш имкони бўлиши лозим. Биз ушбу принципга мувофиқ келишга уринмоқдамиз. ДБҚ ходимларини жалб этган ҳолда мунтазам равишда семинарлар ўтказилмоқда. ББУ сайти (atb.uz) божхона брокерларини хабардор қилишда катта ёрдам бермоқда. Telegram мессенжерида гуруҳлар тузилган: божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун (очиқ) ва ББУ аъзолари учун (ёпиқ). Ушбу сервис ёрдамида кенг доирадаги божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва божхона брокерларига онлайн режимда ахборот етказилади. Facebook ижтимоий тармоғида ҳам саҳифа очилган.

Энг яхши жаҳон амалиётларидан четланиш ва мамлакатнинг жаҳондаги жараёндан узилиши бутун божхона расмийлаштируви жараёнига ва божхона брокерлари профессионал ҳамжамиятига, ўз божхона брокерлари хизмат кўрсатиши даражасига боғлиқ бўлган минглаб импортчи ва экспортчиларга салбий таъсир кўрсатади.

 

– Президентнинг «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама этилаётганлиги муносабати билан тадбиркорлар ва божхона ўртасида воситачилик қиладиган божхона брокерларини тугатиш ғояси мавжудлиги ҳақида миш-миш тарқаяпти. Электрон декларацияни эса бир нечта устунга етказиб соддалаштиришни таклиф этмоқдалар, уни экспортчи ва импортчилар бевосита тақдим этадиган бўладилар. Бу борада нима дейсиз?

– Божхона брокерлари институти мамлакатимизда нисбатан яқинда – иқтисодий муносабатларнинг янги тизимига ўтиш билан бирга шаклланган. Дарҳақиқат, айрим экспертлар давлат ўзи билан бизнес ўртасидаги ортиқча воситачилардан қутулиш учун ҳамма чорани кўриши керак, дея фикр билдирмоқдалар. Бироқ воситачилик ва консалтинг ташкилотлари неча асрлардан буён мавжуд, ҳар бир ТИФ иштирокчиси божхона органлари билан мулоқот қилиш юкини зиммасига олишга тайёр деб ҳам бўлмайди.

Бизнес билан божхона ҳамкорлигини янада соддалаштириш, шу жумладан ТИФ иштирокчиларига мустақил декларациялаш ҳуқуқини бериш заруратини ҳеч ким инкор этмайди. Умуман олганда ушбу жараён икки йўналишда ривожланиши лозим. Эҳтимол, божхонадаги чуқур назорат ўрнига трансчегаравий савдо иштирокчилари янада ошкора ва инсон омилига камроқ даражада боғлиқ бўлган божхона таваккалчиликларини шакллантириш тизимига эга бўлишни истарлар. Божхона қийматини арз қилиш учун қўшимча ҳужжатлар сўраш механизми ишга тушадиган ўша «ўтиш нархи»ни тайинловчи адолатлироқ тизим керакдир. Бироқ бунинг учун бизнес давлат билан виждонан ҳамкорлик қилиши даркор.

Бизнес билан давлат ҳамкорлиги тўлиқ йўлга қўйилганда ҳам божхонага доир муносабатларда божхона брокерлари ёки вакиллари институти аввалгидек оммабоплигини сақлаб қолади. Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, божхона брокерлари кўп йилдан буён импортчи ва экспортчиларга маслаҳат бериб, хизмат кўрсатиб келмоқда.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 


*Мақола чоп этишга тайёрланаётганда Президентнинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон) қабул қилинди. Унга 1-илованинг II бўлими 10-банди билан 2018 йил 1 июндан бошлаб божхона брокери сифатида фаолият юритишга рухсатнома бериш бекор қилинади.

Прочитано: 1120 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика