Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 12 / Юридик маслаҳатлар

Муддатсиз ногиронлик белгиланган бўлса...

 

Собиқ ходимга, ҳозир у пенсионер, 1998 йилда меҳнат жароҳати олганлиги туфайли ходимга етказилган зарарни қоплаш учун тўлов тайинланган. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси касб бўйича меҳнат лаёқатини йўқотганлик даражасини 60% деб белгилаган. 2011 йилда унинг муддатсиз III гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Барча тўловлар ўз вақтида тўлаб келинган.

2015 йилнинг октябридан бошлаб, ташкилот қайта ташкил этилгандан кейин иш берувчи-ҳуқуқий ворис тўловларни тўламай қўйди.

Иш берувчи зарарни қоплаш учун тўлов тўлашни давом эттириш тўғрисида асосли қарор қабул қилиш учун ТМЭКда қайта тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилмоқда.

Собиқ ходим иш берувчининг талабига кўра қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаганлиги сабабли қўшимча равишда ундан ўтмасдан, ўтган давр учун ҳам тўловларни тиклашни талаб қилмоқда.

Томонларнинг талаблари қанчалик қонуний?

О.Исмоилов, бош бухгалтер.

 

– Бу вазиятда иш берувчининг хатти-ҳаракатлари қонун ҳужжатлари талабларига зиддир.

Белгиланган тартибда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар деб эътироф этилган юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда зарарни тўлаш бўйича тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти учун унинг ҳуқуқий вориси жавоб беради. Зарарни тўлаш тўғрисидаги талаб ҳам унга берилади (Қоидаларнинг 42-банди, ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова).

Ўртача ойлик иш ҳақи (даромад) бўйича зарарни тўлаш меҳнат жароҳати туфайли жабрланувчи касб бўйича меҳнат лаёқатини йўқотганлик белгиланган муддат учун, қўшимча харажатларни тўлаш эса уларга муҳтожлик белгиланган муддат давомида амалга оширилади (Қоидаларнинг 53-банди).

Белгиланган муддатлардан олдин қайта тиббий кўрикдан ўтказиш:

√ соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда;

√ ногиронликни белгилашнинг тўғрилиги бош ТМЭК, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текширилганда;

√ ТМЭК қарорининг асоссизлиги ҳолатлари аниқланганда;

√ ТМЭК қарори сохта ҳужжатлар асосида чиқарилганда;

√ қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда амалга оширилади.

Муддатсиз ногиронлар деб эътироф этилган шахслар ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин (Низомнинг 33-банди, ВМнинг 1.07.2011 йилдаги 195-сон қарорига 1-илова).

Такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун ТМЭК ногиронга унинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи кўрсатилган билдиришнома юборади (Низомнинг 36-банди).

Собиқ ходим муддатсиз ногирон деб эътироф этилганлиги, ваколатли органлар уни қайта тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилмаётганликлари инобатга олинса, иш берувчида, шу жумладан унинг ҳуқуқий ворисида зарарни қоплаш учун тўлов тўлашни тўхтатиб қўйишга асос йўқ.

Собиқ ходим зарарни қоплаш учун тўловларни тиклаш зарурлиги ҳақидаги ёзма ариза билан корхона раҳбарига (собиқ иш берувчига) мурожаат қилиши лозим. Рад жавоби олганда у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси бўйича давлат инспекциясига ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1211 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика