Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 06 / Профессионал ҳамжамият

Уюшма 2017 йил якунларини чиқарди

 

Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) ҳисобот-сайлов йиғилишини ўтказди. Ушбу профессионал ҳамжамият сўнгги йилларда барча ТИФ иштирокчилари ўзаро самарали муносабат ўрнатишларида божхона брокерларининг ролини ошира оладиган сифат жиҳатдан янги тузилмага айланди.

2017 йилда қилинган ишлар шундан далолат беради. Уюшма раиси Арсен Айрапетьянц унинг аъзолари (бугунги кунда улар 58 та) олдида ҳисобот билан чиқди.

 

 

Норма ижодкорлиги фаолияти

ББУ ташқи иқтисодий фаолият масалаларида, ТИФ ва божхона хизматлари маҳаллий бозоридаги муаммоларни муҳокама қилишда Ташқи савдо вазирлиги, ДБҚ ва ССП билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунда Уюшма ССПнинг иккита эксперт кенгашида – ташқи савдони янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш ва бизнес-муҳитни яхшилаш юзасидан иштирок этади. ББУ эксперт сифатида солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича эксперт комиссияси ишига ҳам жалб этилган.

Бундан ташқари, ББУ ТСВ ҳузуридаги «Божхона тартиботи» ишчи гуруҳи қатнашчиси ҳисобланади.

Президент ва Ҳукуматнинг сўнгги қарорларида маҳаллий бизнесни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланмоқда. Буни профессионал бирлашмалар орқали амалга ошириш самаралироқ. Шу сабабли ББУ ягона профессионал Божхона брокерлари уюшмаси сифатида ТИФ иштирокчилари ва божхона брокерларини ташвишлантирувчи масалаларни биргаликда ҳал этиш учун давлат органлари билан мунтазам алоқа ўрнатган. Уюшма норма ижодкорлиги ишида иштирок этибгина қолмай, ушбу йўналишда анча самарали иш қилмоқда. ТИФ соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, божхона брокерлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар фаолиятини тартибга солувчи ДБҚнинг идоравий қонуности ҳужжатларига унинг ташаббуси билан киритилган тавсия ва таклифлар уларнинг якуний таҳририда ҳисобга олинди.

Савдо-саноат палатаси билан самарали ҳамкорлик кўп жиҳатдан бунга имкон берди. Йиғилишда қатнашган ССП раисининг ўринбосари Ислом Жасимов 2017 йил июлидан бошлаб ССП янги форматда ишлаётганлигини қайд этди. Тадбиркорлик тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганда ёки уларга ўзгартиришлар киритилаётганда Палата хулосаси олиниши зарур.

2017 йилда ББУ кузатув кенгаши лойиҳа кўринишидаги ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганишга катта эътибор берди. Божхона брокерлари ва ТИФ иштирокчилари манфаатларини ҳисобга олган Уюшма аъзоларининг фаол позицияси туфайли қуйидаги таклифлар киритилди:

● мақсадли имтиёзларни қўллаган ҳолда олиб кириладиган товарлар бўйича божхона брокери номидан кафолат хатлари талаб қилиш тартибини бекор қилиш;

● такрор кўрикдан ўтказиш мажбуриятини бекор қилиш;

● Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ўзгартиришлар киритиш;

● ЯИДХПда янги хизмат тақдим этилишини жорий этиш – декларант ёхуд божхона брокерининг сўровномасига кўра расмийлаштирилган БЮД реестрини шакллантириш;

● Божхона кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари билан қарама-қаршиликларни бартараф этиш учун Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва Маълум қилинган товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатларнинг рўйхатига (АВ томонидан 14.03.2017 йилда 2868-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 3-илова) ўзгартиришлар киритиш. 

Шунингдек ББУ таклифлари божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг фаолият кўрсатиш шарт-шароитларини қатъийлаштирмаган ҳолда сақлаб қолиш имконини берди (АВ томонидан 21.07.2016 йилда 2814-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга ўзгартиришлар лойиҳаси). Шу билан бирга ББУ иштирокчиларининг сўровномаларига асосланган ва кенг доирадаги муаммоларни кўтарадиган божхона таомилларини мақбуллаштиришга доир тавсиялар ваколатли органлар эътиборига етказилди ва ССПнинг турли тадбирларида тилга олинди.

Ўтган йил давомида ББУ нафақат божхона хизматига, балки Ҳукумат, давлат органлари ва муассасаларига ҳам сўровномалар жўнатди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига – божхона таомилларини соддалаштириш тўғрисида. ТИАИСВга – Эркин савдо зонаси мамлакатларида берилган умумий шаклдаги сертификатларни қўллаш хусусида, ССПга – айни пайтда энг муҳим саналган 2868-сон Йўриқномага ўзгартиришлар киритиш масалаларини ўз ичига олувчи ТИФни яхшилашга доир комплекс таклифлар.

 

 

Ҳамкорлик

Ўтган йили ББУ раҳбарияти ДБҚ, Тошкент ва Тошкент вилоятидаги унинг бошқармалари ташкил этган очиқ мулоқотларда мунтазам иштирок этди. Минтақавий божхона органлари кўмагида Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги ТИФ иштирокчилари ва божхонага ёндош инфратузилма вакиллари учун бир қатор семинарлар ўтказилди. Буларнинг барчаси Уюшманинг оммалашишига, минтақалардаги божхона брокерлари билан алоқалар йўлга қўйилишига олиб келди. ББУни уларнинг таркибига киритиш иши олиб борилмоқда.

2017 йилнинг II ярмидан буён ББУ ССП билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишда ССПнинг аҳамиятга молик ишлари, Президентимиз ўтказаётган ислоҳотларни амалга оширишдаги унинг ҳиссаси қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистондаги Deutsche Gesellschaft fur Internationale Zusammenarbeit (GIZ) ваколатхонаси кўмагида ББУ раиси ва унинг кузатув кенгаши аъзолари хорижий уюшмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган турли халқаро ва минтақавий тадбирларда иштирок этди. Хусусан, Алмати, Тошкент ва Иссиқкўлдаги Марказий Осиё логистика ҳамкорлиги форумларида қатнашди.

Ноябрда Астанада Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик ниятлари тўғрисида баённома имзоланди. Ўшанда МО ББУ раҳбарлари Минтақавий кенгаши ташкил этилди. Божхона расмийлаштируви бўйича хизматларни тақдим этиш соҳасида ягона ахборот маконини шакллантириш ва унинг истиқболи тўғрисида; МОда божхона расмийлаштируви ва транзитга оид ахборотнинг очиқ-ошкоралигига эришиш тўғрисида; ТИФ иштирокчиларига кўрсатилаётган брокерлик хизматларини соддалаштириш ва бирхиллаштириш тўғрисидаги аҳдлашувга эришилди. Шунингдек тарафлар ўз ваколатлари доирасида фойдаланувчилар божхона хизматлари соҳасидаги долзарб ахборотдан фойдаланишларини таъминлашга йўналтирилган модулларни ишлаб чиқишда қатнашиш ва уларни уюшмаларнинг сайтларида сақлашга келишиб олдилар.

Ўтган даврда Баённомага илова ҳисобланган йўл харитасига мувофиқ ушбу минтақавий бирлашма доирасида Божхона брокерларини баҳолаш рейтинг тизимини юритиш асослари ишлаб чиқилди. Ҳужжат иштирокчилари рейтинг тизимини юритиш услубиятини миллий даражада божхона органлари кўриб чиқишига киритишлари ва етакчи ўриндаги компанияларга преференциялар бериш учун таваккалчиликларни бошқариш божхона тизимларида ҳисоб-китоблар натижаларидан фойдаланишни уларга таклиф этишлари керак. 

 

* * *

Фикр-мулоҳазалар ва тавсияларни инобатга олган ҳолда ҳисобот муҳокамаси якунлари бўйича Арсен Айрапетьянц 2019 йил 30 апрелгача ваколат муддати билан Божхона брокерлари уюшмаси раиси этиб қайта сайланди. Шунингдек айрим тузатишлардан кейин ББУнинг 2018 йилги бюджет лойиҳаси ва иш режаси тасдиқланди. Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари сайланди.

Хулоса ўрнида иштирокчилар Уюшма аъзоларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга, уни фаоллаштиришга қодир эканликларини қайд этдилар. Илгаригидек брокерлик хизматлари кўрсатиш ишида божхона брокерлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда барча қонуний усулларни қўллаб, ББУ аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятларини барча даражада намоён этадилар.

Ҳисобот-сайлов йиғилиши якунида «2017 йил якунлари: ТИФ ва божхона қонунчилигидаги янгиликлар» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларни қўллаш амалиётидаги баҳсли жиҳатлар, товарларни божхонада расмийлаштиришга оид айрим қоидалар талқинидаги зиддиятлар муҳокама қилинди.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1533 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика