Воситачи корхона кейинчалик ваколатли тайёрловчиларга топшириш учун воситачилик шартномаси бўйича темир-терсак олди.
Воситачи темир-терсакнинг фақат миқдорий ҳисобини (килограммда) балансдан ташқари счётда юритиши мумкинми ёки қийматини албатта кўрсатиши керакми?
Р.Р.
– Темир-терсакни миқдори ва қиймати бўйича ҳисобга олиш зарур.
Воситачи корхоналар комиссияга қабул қилинган товарларни 004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» счётида қабул қилиш-топшириш далолатномаларида кўрсатилган нархларда ҳисобга оладилар.
004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» счёти бўйича аналитик ҳисоб товарларнинг турлари ва корхона – комитентлар бўйича юритилади (Йўриқноманинг 439-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова). Воситачилик шартномаси бўйича комитентдан воситачига ўтган мол-мулк комитентнинг мулки бўлади (ФКнинг 838-моддаси).
Агар шартнома шартларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачилик нарсаси йўқолган тақдирда воситачи қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилган қиймат бўйича комитентга уни қоплаб бериши шарт.
Одатда темир-терсак ишлаб чиқариш жараёни чиқиндиси сифатида ёки мол-мулк тугатилиши натижасида ҳосил бўлади. Чунончи, машинасозлик корхоналари учун темир-терсак ўша корхонанинг ўзида асосий ишлаб чиқариш учун фойдаланиб бўлмайдиган чиқинди ҳисобланади. Бундай корхоналарда темир-терсак четга реализация қилинса, реализация қилиш нархида чиқинди сифатида баҳоланади (Солиқ кодексининг 142-моддаси).
Бошқа соҳадаги корхоналарда темир-терсак одатда мол-мулк тугатилаётганда ҳосил бўлади. Уни тиклашнинг имкони бўлмаганда ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаганда юзага келади. Корхона ва ташкилотларда мол-мулк тугатилиши муносабати билан уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун корхона раҳбарининг буйруғи билан раҳбар (раҳбар ўринбосари) ёки бош муҳандис раислиги остида комиссия тузилади. У тугатилаётган мол-мулкдан яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар олиниши устидан назорат қилади, уларнинг миқдори, вазнини аниқлайди ва тегишли омборга топширилишини назорат қилади.
Тугатиш чоғида ҳам темир-терсак қиймати комиссия томонидан ваколатли тайёрловчиларга эҳтимолий реализация қилиш нархида белгиланиши мумкин.
Бухгалтерия ҳисобида ишлаб чиқариш чиқиндилари ва мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган моддий қийматликларни ҳисобга олиш учун 1090-«Бошқа материаллар» счёти назарда тутилган (Йўриқноманинг 100-банди). Темир-терсак комитент корхонанинг балансдаги счётида (1090) номи (қора, рангли), муайян қиймати ва вазни бўйича ҳисобга олинади.
Бинобарин, комитент воситачилик шартномаси бўйича воситачига топширилаётган темир-терсак қиймати ва унинг вазнини қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатиши шарт.
Анжелика НАМ, «Norma» МЧЖ эксперти.