Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 02 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Солиқ кодекси: 2018 йил ўзгаришлари

 

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар 29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонун билан киритилди («Норма маслаҳатчи»нинг ушбу сони ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).

 

Чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига тузатиш киритилди

Солиқ қонунчилигига мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база жами даромад билан чегириб ташланадиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.

Солиқ кодексининг 145-моддасида солиқ солинадиган базани аниқлашда чегириб ташланадиган солиқ тўловчиларнинг бошқа харажатлари рўйхати келтирилган. Солиқ кодексининг 147-моддасида эса солиқ солинадиган фойдани камайтирмайдиган чегириб ташланмайдиган харажатлар белгиланган.

Киритилган ўзгартишларга кўра, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегириб ташланиши лозим бўлган харажатлар рўйхати кенгайтирилди.

Солиқ солиш базасини аниқлашда чегириб ташланадиган бошқа харажатларга қуйидагилар киритилди:

√ ёрдамчи хўжаликлар томонидан ишлаб чиқариладиган ва солиқ тўловчининг умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун бериладиган товарларнинг нархларидаги фарқлар (зарарлар);

√ хўжалик бошқаруви органини сақлаб туриш учун ажратмалар ;

√ нодавлат пенсия жамғармаларига ажратмалар;

√ шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишларини бажариш харажатлари ;

√ ишлатиб келинаётган, тўлиқ эскирган асбоб-ускуна учун тўланадиган ҳақ;

√ ишончли бошқарувчилар хизматларининг қийматини тўлашга доир харажатлар.

Чегирилмайдиган харажатлар рўйхатидан қуйидагилар чиқариб ташланди:

√ ёрдамчи хўжаликлар томонидан ишлаб чиқариладиган ва солиқ тўловчининг умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун бериладиган товарларнинг нархларидаги фарқлар (зарарлар);

√ нодавлат пенсия жамғармаларига ажратмалар;

√ хўжалик бошқаруви органини сақлаб туриш учун ажратмалар ;

√ йиллик молиявий ҳисоботни бир ҳисобот даврида 1 мартадан ортиқ аудитдан ўтказиш харажатлари;

√ солиқ тўловчининг фаолиятида талаб этилмайдиган касблар бўйича кадрлар тайёрлаш харажатлари;

√ ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган соғлиқни сақлаш ва дам олишни ташкил қилиш тадбирларига харажатлар;

√ маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишларни (хизматларни) (шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш ва бошқа турдаги ишлар) бажаришга сарфланган харажатлар;

√ инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар, давлат ишончли бошқарувчилари ва давлат улушларини бошқариш бўйича ишончли бошқарувчилар хизматларининг қийматини ҳамда уларга мукофотлар тўлашга доир харажатлар;

√ ишлатиб келинаётган тўлиқ эскирган асбоб-ускуна учун тўланадиган ҳақ.

Шу тариқа, 2018 йилда солиқ тўловчиларга солиқ солинадиган фойдани ҳақиқий харажатларнинг каттароқ суммасига камайтириш имконияти тақдим этилади.

Бундан ташқари, ҳисобот даврининг солиқ солинадиган фойдадан келгусида чегириб ташланадиган қуйидаги харажатларини ҳисобдан чиқариш тартиби қайта кўриб чиқилди (Солиқ кодексининг ­146-моддаси):

√ янги ишлаб чиқаришлар, цехлар, агрегатларни, шунингдек серияли ва оммавий ишлаб чиқариладиган янги маҳсулот турларини ҳамда технологик жараёнларни ўзлаштириш харажатлари;

√ барча турдаги асбоб-ускуналар ва техник қурилмаларни, уларнинг ўрнатилиш сифатини текшириб кўриш мақсадида комплекс синаб кўриш (ишлаб турган ҳолатида) харажатлари;

√ ишчи кучлари қабул қилиш ва янги ишга туширилган корхонада ишлаш учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар.

Энди ушбу харажатлар жорий ҳисобот даврида вужудга келган пайтда чегириб ташланиши мумкин. Бироқ бу солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлиши керак.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектлари рўйхати қисқартирилди

2017 йилга қадар умумбелгиланган солиқларни тўловчи юридик шахслар уларнинг балансида бўлган асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашар эди.

Солиқ солинадиган асосий воситалар ўз ичига бинолар ва иншоотлар, машиналар ва ускуналар, узатиш қурилмалари, транспорт ва бошқа АВ, жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган АВни олар эди.

Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатадиган норезидентларга доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ АВга, шунингдек уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкка солиқ солинган.

Доимий муассаса орқали фаолият кўрсатмайдиган норезидентларга фақат Ўзбекистон ҳудудида бўлган уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкка солиқ солинган.

1.01.2018 йилдан бошлаб фақат юридик шахсларнинг кўчмас мулки, шу жумладан норезидентларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкка мол-мулк солиғи солинади. Шунингдек, молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулкка ҳам солиқ солинади.

Кўчар мулк (машиналар ва ускуналар, узатиш қурилмалари, транспорт ва бошқа АВ) солиқ солиш объектларидан чиқариб ташланди. Бундай мулк қийматидан солиқ тўланмайди.

Солиқ солиш объектлари рўйхатида норматив (белгиланган) муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар ва ишга туширилмаган асбоб-ускуналар қолди. Илгаригидек, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкдан икки баравар ставка бўйича тўланади.

2018 йил учун юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2017 йил даражасида сақланиб қолинди ва 5%ни ташкил этади ­(ПҚ-3454-сон қарорнинг 17-иловаси). Устав фондига йўналтириладиган дивидендлар бўйича имтиёз бекор қилинади

2017 йилда юридик шахсдан олиниб, унинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган дивидендлар тарзидаги даромадларга солиқ солинмаган (Солиқ кодексининг 156-моддаси 4-қисми).

Солиқ кодексининг 156-моддасига киритилган ўзгартишларга биноан имтиёз 2018 йил 1 апрелдан бекор қилинади.

Шу санадан бошлаб дивидендлар тарзидаги барча даромадлардан солиқ ундирилади.

 

Юридик шахслар ер солиғини ҳар ойда тўлайди

Ер солиғи тўловчилари бўлган юридик шахслар ҳар йили йил бошида ер солиғининг 1 январь ҳолатига йиллик суммасини аниқлайди.

Илгари мазкур солиқ ҳар чоракда тенг улушларда чоракнинг иккинчи ойи 15-санасигача тўланар эди. Мазкур солиқ бўйича ҳисоб-китоб жорий солиқ даврининг 15 февралигача ер участкаси жойлашган жой бўйича ДСИга топширилиши зарур эди.

Эндиликда ер солиғини тўлаш ҳар ойнинг ­10-санасигача ер солиғи йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида амалга оширилади.

Ер солиғи бўйича ҳисоб-китоб тақдим этиш муддатлари ҳам ўзгарди. 2018 йил учун ер солиғи бўйича ҳисоб-китобни 10 январгача тақдим этиш зарур. Шу санадан кечиктирмай бюджетга ер солиғи йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдоридаги биринчи тўловни тўлаш ҳам зарурдир.

 

Ердан ҳужжатсиз фойдаланганлик учун жарима оширилди

Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиш учун жарима солинади (Солиқ кодексининг 121-моддаси). Ер кодексининг 33-моддасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати келтирилган.

1.01.2018 йилдан бошлаб юридик шахслар учун жарима миқдори ер солиғининг 4 карра, жисмоний шахслар учун – 3 карра суммасига тенг.

Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда, унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ва бошқа жавобгарликдан озод этмайди (Солиқ кодексининг 108-моддаси). Шу боис, корхонанинг мансабдор шахслари ер солиғининг 4 каррасини тўлаш билан бирга МЖтКнинг 60-моддасига кўра ЭКИҲнинг 15 бараваригача жарима тўлашади.

 

ҚҚС бўйича имтиёзлар – ҳамма учун эмас

Солиқ кодексининг 208-моддасида ҚҚСдан озод этиладиган реализация қилиш оборотлари акс эттирилган. Улар орасида қуйидагилар келтирилган:

√ гидрометеорология ва аэрология ишлари;

√ геология ва топография ишлари;

√ босма маҳсулотлар, шунингдек босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш билан боғлиқ таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари);

√ Миллий телерадиокомпаниянинг, унинг таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг ҳамда Миллий ахборот агентлигининг асосий фаолиятига доир маҳсулот ва хизматлар;

√ ваколатли давлат органининг ихтисослашган экспертиза бўлинмалари ўтказадиган экологик экспертиза хизматлари.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб юқорида санаб ўтилган ишлар ва хизматлар турларини реализация қилиш оборотлари имтиёзланадиганлар жумласидан чиқариб ташланди. Улардан ҚҚС белгиланган тартибда тўланади.

Имтиёзлар босма маҳсулотлар учун сақланиб қолинди. Уларга миллий валюта (купюра), китоб маҳсулотлари, ОАВнинг даврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомлари киради.

Бундан ташқари, 2017 йилда қонунчилик билан белгиланган рўйхат бўйича импорт қилинган ёғоч-тахта материаллари ва ёғочнинг божхона расмийлаштирувида импорт қилувчилар ҚҚС тўламас эдилар. Бунда мазкур имтиёз ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар томонидан қўлланилиши мумкин эди.

Солиқ кодексининг 211-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра жорий йилнинг 1 апрелидан бу имтиёздан фақат юридик шахслар фойдалана олади.

Жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур товарлар импортида божхона қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда ҚҚС тўлашлари керак бўлади.

 

Доимий муассасалар учун соф фойдадан олинадиган солиқ бекор қилинди

Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига қўшимча равишда соф фойдасига ҳам 10%ли ставка бўйича солиқ (фойда солиғи суммаси айириб ташланган фойда) тўлашган (Солиқ кодексининг 154-моддаси 8-қисми).

Солиқ кодексининг 154-моддасига киритилган ўзгартишларга асосан эндиликда доимий муассасалар 2018 йилда олинган даромадларидан фақат фойда солиғини 14% ставка бўйича тўлашади. Улардан соф фойдадан олинадиган солиқ ундирилмайди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган солиқ солинадиган фойда миқдори камайтирилади.

Илгари солиқ солинадиган фойда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширишдан олинган даромадлари билан бевосита боғлиқ бўлган, улар мамлакатимизда ёки унинг ташқарисида қилинганлигидан қатъи назар, барча турдаги харажатларнинг камида 10%ини ташкил этган.

2018 йил 1 январдан бошлаб у кўрсатилган харажатларнинг камида 7%ини ташкил этади.

 

Музаффар Мирзағаниев, Самир Латипов,

«Norma Online» экспертлари.

 

Прочитано: 11151 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-11-22 10:21:14, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика