Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 52 / Хўжалик юритиш қоидалари

Танлаш ҳуқуқи

 

Ташкилотимизда 2016 йил декабридан бошлаб ходимларнинг иш ҳақидан Миробод туман касаба уюшмасига тўловлар (МҲТФдан фоиз кўринишида) ажратилар эди. 2017 йил октябридан бошлаб ходимлар касаба уюшмасининг масъулиятсиз муносабати туфайли унга бадаллар ажратишдан бош тортдилар. Бироқ касаба уюшмасининг ходимаси ташкилотимиз ажратмалар тўлашдан бош тортишга ҳақли эмас деб айтди.

Касаба уюшмасига бадаллар ажратиш мажбурийми, буни қандай бошланғич ҳужжатлар билан расмийлаштириш зарур?

Ш.Хўжаева, бош бухгалтер.

 

Ташкилотингиз ходимлари касаба уюшмасига ажратмалар тўламай қўйишга ҳақли.

Касаба уюшмаси ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига кўра ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак манфаатлар билан боғланган фуқароларнинг жамоат бирлашмасидир («Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).

Касаба уюшмаси жамоат бирлашмаси ҳисобланиши сабабли унда иштирок этиш ихтиёрий тусга эга бўлиши керак. Муайян жамоат бирлашмасини тузган фуқаролар ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун ихтиёрий равишда бирлашадилар («Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси).

Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир (Конституциянинг 59-моддаси).

Касаба уюшмаси фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма ҳисобланиши сабабли ходим – касаба уюшмаси аъзоси ундан чиқиш учун ариза бериши ва аъзолик бадалларини тўлашни тўхтатишига ҳеч нима тўсқинлик қилмайди.

Ходим касаба уюшмасидан чиққанидан кейин касаба уюшмасига ажратмаларни тўхтатиш тўғрисида корхонангиз бухгалтериясига ариза бериши ва унга кўрсатилган ташкилотдан чиқиш ҳақидаги ариза нусхасини илова қилиши керак.

 

Александр Лобанов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1648 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика