Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 49 / Амалий бухгалтерия

Ташқи савдо операциялари: курс фарқлари ҳисоби

 

Корхонамиз импорт контрактлари бўйича хорижий ҳамкорлар олдида қарзга эга. Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармони юзасидан тушунтириш берсангиз.

1. Хорижий ҳамкорлар олдидаги кредиторлик қарзи 5.09.2017 йилдан кейин қандай ҳисобга олинади?

2. Валютадаги курс фарқи қандай акс эттирилади?

Р.Г.

 

1

Хорижий ҳамкорлар олдидаги кредиторлик қарзи 2017 йил 5 сентябрдан кейин Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармони қабул қилингунга қадар бўлганидек ҳисобда акс эттирилади.

ПФ-5177-сон Фармон нормалари фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифларга, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талабларга нисбатан татбиқ этилади. Улар фақат миллий валютада белгиланиши керак. Ушбу норма ташқи савдо операцияларига татбиқ этилмайди.

Ташқи савдо операциялари иштирокчилари бўлган корхоналар юзасидан операциялар маълумотларининг бухгалтерияда ҳисобга олиниши ўзгармади. Чет эл валютасидаги операцияларни амалга оширувчи корхоналар уларни илгаригидек улар амалга оширилган санадаги МБ курси бўйича сўм эквивалентида бухгалтерия ҳисобида акс эттиришлари керак.

Хўжалик юритувчи субъект томонидан қуйидагиларни амалга оширишни назарда тутувчи битимлар чет эл валютасидаги операциялар ҳисобланади:

а) мол-мулкни (асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захиралар ва бошқа активларни) чет эл валютасига сотиб олиш ёки сотиш;

б) чет эл валютасига ишлар, хизматлар кўрсатиш ва улардан фойдаланиш;

в) тўлаш ёки олиш суммаси чет эл валютасида белгиланган кредитлар ва қарзларни олиш ёки бериш;

г) чет эл валютасидаги мажбуриятларни ўзига қабул қилиш ёки мажбуриятларни қоплаш.

Хорижий ҳамкорлар олдидаги валютадаги қарз Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда 22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби»га (АВ томонидан 21.05.2004 йилда ­1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобга олинади.

 

2

Чет эл валютасида ифодаланган хўжалик операциялари, активлар ва мажбуриятларни (устав капиталини шакллантириш мажбуриятларидан ташқари) сўмга қайта ҳисоблашда чет эл валюталарининг сўмга нисбатан МБ томонидан белгиланган курсининг ўзгаришига қараб ижобий ёки салбий курс фарқи юзага келади.

Бевосита киритиш усулидан фойдаланганда курс фарқи ҳар ойда молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига ҳисобдан чиқарилади ва қуйидаги счётларда акс эттирилади:

а) ижобий курс фарқи – 9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар» счёти кредитида;

б) салбий курс фарқи – 9620-«Валюталар курслари фарқидан зарарлар» счёти дебетида.

Курс фарқи юзага келган пайтда жамғариб бориш усулидан фойдаланганда қуйидаги счётларда акс эттирилади:

а) ижобий курс фарқи – 6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар» – жорий қисми счёти ва (ёки) 7230-«Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган харажатлар» – узоқ муддатли қисми счёти кредитида;

б) салбий курс фарқи – 3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар» – жорий қисми счёти ва (ёки) 0990-«Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган харажатлар» – узоқ муддатли қисми счёти дебетида.

Кредиторлик қарзи сўндирилиб (ёки ҳисобдан чиқарилиб) боришига қараб молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади.

Курс фарқини киритиш усули корхонанинг ҳисоб сиёсатида албатта акс эттирилган бўлиши керак.

 

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1517 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика