Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 49 / Ходимлар билан ҳисоблашиш

Сарфланмаган хизмат сафари харажатлари қандай қайтарилади

 

Аванс ҳисоботи топширилгандан кейин хизмат сафарига юборилган шахснинг шахсий пластик карточкасида сарфланмаган маблағлар қолдиғи қолди.

Ушбу суммани шахсий пластик карточкадан корхонанинг ҳисоб-китоб счётига ўтказиш учун ходимни банкка жўнатмай, аризаси асосида унга ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкинми?

Р.Б.

 

Хизмат сафарига юборишда сарфланмаган аванс қолдиғини ҳисобланган иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин эмас – у банкка қайтарилиши керак. Хизмат сафари учун маблағлардан мақсадли фойдаланиш, уларни қайтариш муддати ва тартиби буни тақозо этади.

Норматив ҳужжатларда хизмат сафари бўйича фойдаланилмаган қолдиқни иш ҳақидан ҳисобга киритиш назарда тутилмаган. Банклардан олинган нақд пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютаси ­қатъий равишда мақсадга мувофиқ сарфланиши шарт (АВ томонидан 22.06.2015 йилда ­2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 5-банди; АВ томонидан 22.01.1999 йилда ­611-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 3-банди).

Ўзбекистон ичидаги хизмат сафарларида ходимлар билан ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидалари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарига юборилган ходимлар билан ҳисоб-китоблар Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахслар томонидан чет эл валютасида касса операцияларини юритиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Ходим хизмат сафаридан қайтиб келганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмай раҳбар томонидан тасдиқланган, хизмат сафари харажатларига берилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги аванс ҳисоботини бухгалтерияга тақдим қилиши шарт. Унга белгиланган хизмат сафарида ҳақиқатда қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади (Йўриқноманинг 15-банди). Ҳисобот аванс олинган валютада тақдим этилади (Низомнинг 43-банди).

Хизмат сафарлари бўйича фойдаланилмаган авансни топшириш муддатлари аванс тўлаш шакли ва валютасига қараб фарқланади. Принцип қуйидагича: хизмат сафарларига аванслар ходимга касса орқали нақд пул билан берилган бўлса, корхона кассасига нақд пул билан қайтарилади. Аванс ходимнинг пластик картасига ўтказиб берилган бўлса, терминал бўйича ёки банк орқали нақд пул билан – корхона кассасини четлаб ўтган ҳолда қайтарилади.

Хизмат сафаридан қайтганда нақд сўмда берилган маблағларнинг сарфланмай қолган қолдиғи бўлса, у хизмат сафари муддати тугаганидан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмасдан корхона кассасига қайтарилади.

Агар хизмат сафари харажатлари учун сўмдаги аванс маблағлари ходимнинг пластик картасига ўтказиб берилган бўлса, маблағларнинг сарфланмай қолган қисми тўлов терминали ёки ходимнинг аризасига асосан банк орқали 5 иш куни ичида қайтарилади (Қоидаларнинг 9-банди).

Хорижий хизмат сафаридан қайтганда фойдаланилмаган валюта аванс ҳисоботи топширилган кундан эътиборан 2 банк куни ичида корхона кассасига қайтарилиши керак. Хорижий валюта ЎзРнинг ички валюта бозорида сотиб олинган ҳолларда, ташкилот бир вақтнинг ўзида банкка ишлатилмаган валюта маблағларини сотишга талабнома тақдим қилади (Низомнинг 48-банди).

Шуни ҳисобга олиш зарурки, корхонанинг тўлов терминалидан фойдаланган ҳолда аванс қолдиғини қайтариш мақсадга мувофиқ эмас. Хизмат сафарига юборилган ходимлари билан эмас, балки аҳоли билан пуллик ҳисоб-китоб қилиш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари тўлов терминаллари билан жиҳозланади. Терминал бўйича оборот одатда савдо тушуми ҳисобланади.

Илгари олинган маблағлар бўйича ҳисобот топширилмасдан, кейинги хизмат сафари учун маблағлар берилиши тақиқланади.

 

Анжелика НАМ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1888 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика