Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 47 / Солиқ солиш амалиёти

Етказиб берувчи кредит-нота билан қарздан кечишга тайёр

 

Импорт контракти бўйича товар олдик. 8 ой давомида валюта мунтазам қайта баҳоланиб, контракт бўйича ҳақ тўланмади. 8 ой ўтгач хорижий ҳамкор контракт қиймати миқдоридаги молиявий чегирмани назарда тутувчи кредит-нотани бизга тақдим этди.

Хорижий ҳамкор кредит-нота тақдим этганда бизда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Илгари ҳисобланган курс фарқини нима қилайлик?

Е.Реутова, МЧЖ бош бухгалтери.

 

КРЕДИТ-НОТАНИНГ ЎЗИ НИМА

Бу қандайдир вазият юз бергани муносабати билан муайян сумма счётнинг кредитига ёзилганлиги ҳақида етказиб берувчи харидорга жўнатадиган билдиришномали ҳисоб-китоб ҳужжати.

Кредит-нота тарафлар бундай ҳисоб-китоб дастагидан фойдаланиши имкониятини назарда тутувчи шартнома доирасидагина юзага келиши мумкин. Яъни бу ҳужжатли шакл бўлиб, унда шартномада назарда тутилган вазиятлар юзага келганлиги муносабати билан битимнинг дастлабки шартларини ўзгартиришга доир тарафларнинг келишуви расмийлаштирилади. У бир томонлама ҳужжат деб ҳисобланиши мумкин эмас, сабаби харидор шартномада муайян шароитларда уни тузишга олдиндан розилигини ифодалаган бўлади.

Кредит-нота асосан қуйидаги мақсадларни кўзловчи етказиб берувчиларнинг ташаббусига кўра шартномавий сиёсатда қўлланилади:

● товарларни харид қилганлиги учун доимий улгуржи харидорларга (дилерларга) чегирма бериш;

● сотувчи қўшимча харажатларни тўлаганда ҳисоб-китобларни тартибга солиш;

● товарлар қайтарилганда ҳисоб-китобларни тартибга солиш.

Сизнинг ҳолатда хорижий ҳамкорнинг кредит-нота тақдим этиши илгари етказиб берилган товарлар қиймати миқдоридаги молиявий чегирмани назарда тутади. Сиз буни импорт контрактига қўшимча битим билан расмийлаштиришингиз зарур. Контракт шартларидаги ўзгартиришлар Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

 

СОЛИҚ ОҚИБАТЛАРИ

Кредит-нота контрактнинг бутун суммасига чегирмани назарда тутади. Бошқача айтганда, хорижий ҳамкорингиз контракт бўйича қарзингиздан кечмоқда.

Етказиб берувчи олдидаги мажбуриятларнинг ҳисобдан чиқарилиши корхонангизга фойда, яъни даромад келтиради. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 16-банди).

Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар солиқ солинадиган фойдани аниқлаш чоғида бошқа даромадларни ҳисобга оладилар (Солиқ кодексининг 129-моддаси).

ЯСТ тўловчилар бошқа даромадларни солиқ солинадиган тушум таркибига киритадилар ва асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ставкада ЯСТ соладилар (Солиқ кодексининг 353, 355-моддалари).

 

ҚАРЗНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ

Хорижий валютада ифодаланган қарзни импорт контрактига қўшимча битим кучга кирган санадаги (яъни ТСОЯЭАТга ўзгартиришлар киритилган санадаги) МБ курси бўйича ҳисобдан чиқаришингиз керак бўлади.

 

МИСОЛ. Импорт контракти бўйича 2017 йил 15 февралда 1 000 АҚШ долларилик товарлар келиб тушган. 2017 йил 1 октябрда хорижий ҳамкор 1 000 АҚШ долларига кредит-нота тақдим этган. Контракт шартларига ўзгартиришлар ТСОЯЭАТга 2017 йил 15 октябрда киритилган.

 

Хорижий валютада ифодаланган кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқариладиган пайтгача ҳар ой ойнинг охирги санасида ва ҳисобдан чиқариш санасида МБ курси бўйича қайта баҳоланиши лозим (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 17-банди).

 

Етказиб берилган товарлар учун хорижий ҳамкор олдидаги қарз 1 000 АҚШ долларини ташкил этади. У 15 февралда МБ курси бўйича ($1 = 3 309,35 сўм) юзага келган. 15 октябрдаги ҳолатга кўра МБ курси бўйича ($1 = 8 052,08 сўм) қайта баҳолашни ҳисобга олганда у 8 052 080 сўмни ташкил этади.

 

Хорижий ҳамкорнинг кредит-нотаси асосида ушбу сумма ҳисобдан чиқарилади ва солиқ солишда бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади.

Хорижий валютадаги кредиторлик қарзини қайта баҳолашдан юзага келган курс фарқи:

тўғри олиб бориш усули қўлланганда – молиявий натижаларга ҳисобдан чиқарилади ва 9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар», ­9620-«Валюталар курслари фарқидан зарарлар» счётларида акс эттирилади – ҳар ойда ва ҳисобдан чиқариш пайтида;

жамғариш усули қўлланганда – 6230-«Бошқа кечиктирилган даромадлар», 3290-«Бошқа кечиктирилган харажатлар» счётларида акс эттирилади ва молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади – ҳисобдан чиқариш пайтида.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.  

Прочитано: 1319 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика