Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 36 / Ташқи иқтисодий фаолият

Божхона юк декларацияси: тўғри тўлдирамиз

 

Божхона юк декларациясини расмийлаштиришдаги муайян жиҳатлар сабабли айрим графаларни тўлдириш борасида декларантларда саволлар юзага келади. Махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА уларнинг мурожаатлари асосида ДБҚ мутахассислари кўмагида жавоблар тайёрлади.

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби Йўриқнома (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. БЮД Божхона кодекси ҳамда Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган) талабларини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилади.

 

Консигнация контрактлари бўйича етказиб беришда товарларни «Экспорт» божхона режимига жойлаштираётганда БЮДнинг 20-графаси учинчи бўлмасида «50» рақамли кодини (экспорт бўйича) кўрсатиш талаби татбиқ этиладими?

– «Етказиб бериш шартлари» графасида ташқи савдо битими асосида товарларни етказиб бериш шартлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Бироқ қуйидаги ҳолатларда графанинг учинчи бўлмаси тўлдирилмайди:

► товарлар беғараз (тўловсиз) асосдаги битимлар бўйича етказиб берилаётганда;

► бартер операцияларида;

► ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга ошириладиган контрактларни (шартномаларни, келишувларни) ижро этишда;

товарларни консигнация контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича етказиб беришда (Йўриқноманинг 22-банди).

 

Маълумот учун. «Экспорт» божхона режимида БЮД тўлдираётганда юк жўнатувчи қандай маҳсулотни (ўзи ишлаб чиқарган ёки ўзи ишлаб чиқармаган, тегишинча, «1» ёки «0») экспорт қилаётганини БЮДнинг 1-графаси 3-бўлмасида эмас, балки 43-графасида кўрсатиши керак. 

Бу юкни қабул қилувчи маҳсулотнинг олиб кирилишидан мақсадни кўрсатаётганида «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарни расмийлаштиришга ҳам тааллуқли.

 

«Божхона омбори» режимида БЮД тўлдираётганда 45-графада қандай қиймат кўрсатилади?

– «Божхона омбори» режимида БЮД тўлдираётганда 45-графада божхона қиймати сифатида БЮДнинг 42-графасида кўрсатилган товарга илова қилинувчи ҳужжатлар асосида товарнинг фактура қиймати қабул қилинади. У математик қоидаларга кўра вергулдан кейинги икки белгигача аниқликда яхлитланади.

 

«Товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» режимидан «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига расмийлаштирилган товарларнинг қийматини тўлдириш учун графа етмаса, нима қилиш керак?

– БЮДда олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотлари «Товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимидан кейин «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилаётганда қиймат кўрсаткичлари қайд этиладиган графалар сони чекланганлиги сабабли қайта ишлаш бўйича операциялар қийматини БЮДнинг 31-графасида кўрсатиш мумкин. Бунда 42-графада қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати, 45-графада – қайта ишлаш бўйича операциялар қиймати ҳисобга олинган товарнинг божхона қиймати, 46-графада – божхона қиймати асосида ҳисобланган товарнинг статистик қиймати кўрсатилади (Йўриқноманинг 73-банди).

 

Маълумот учун. 42-графада ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) валютасида 31-графада декларацияланаётган товарни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати кўрсатилади, яъни қайта ишланган ёки қайта ишланмаганидан қатъи назар, контракт (шартнома, келишув)га мувофиқ товарни қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати кўрсатилади. Ушбу тартиб ТСОЯЭАТда контракт ижросини тўғри юритиш мақсадида жорий этилган (Йўриқноманинг 75-банди ­1-кичик банди).

 

Агар божхона қиймати декларацияси тўлдирилмаса, божхонада баҳолаш усули тўғрисидаги маълумотлар 44-графада 904 (усул) тартиб рақами остида кўрсатиладими?

– Божхона қиймати декларацияси тўлдирилмайдиган ҳолларда БЮДнинг 44-графасида ҳеч қандай маълумотлар кўрсатилмайди.

 

Тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар 36-графада қандай акс эттирилади?

– 36-«Преференция» графаси тўлдирилаётганда тақдим этилган преференциялар, имтиёзлар ва божхона тўловларини тўлашнинг бошқа хусусиятлари ҳарфли кодлари Йўриқномага 10-иловага мувофиқ кўрсатилади.

 

Божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари, божхона тўловларини тўлашдан озод қилинган товарларни «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштираётганда божхона қиймати декларацияси тўлдириладими?

Ҳа, тўлдирилади, сабаби божхона йиғимлари – божхона тўловларининг турларидан бири (БКнинг 289-моддаси). Бунда қуйидаги ҳолларда божхона қиймати декларацияси тўлдирилмайди ва божхона қиймати БЮДда маълум қилинади, агар:

► божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар туркумининг божхона қиймати 1 минг АҚШ долларига тенг эквивалент суммадан ошмаса, бундан битта контракт (шартнома, келишув) доирасида бир неча марта товар етказиб бериш, шунингдек турли контрактлар (шартномалар, келишувлар) бўйича айни ўша товарни бир жўнатувчи томонидан айни ўша битта олувчининг манзилига такрор-такрор етказиб бериш мустасно;

► олиб ўтиладиган товарлар божхона тўловларини тўлашдан озод этилган бўлса (БКнинг ­318-моддаси).

 

Товарлар «Вақтинча сақлаш» божхона режимига жойлаштирилганда ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарорига илованинг 26-бандида назарда тутилган ходим томонидан товарни белгиланган жойдан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари пайтларда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун йиғимлар ҳисобланиб, ундириладими?

– Вақтинча сақлаш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ҳар қандай товар тайинланган божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва танланган божхона режимига мувофиқ чиқариб юборилгунига қадар, божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда вақтинча божхона назорати остида сақланиши мумкин (БКнинг 83-моддаси). Ушбу божхона режимига жойлаштириладиган товарлар божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлашдан озод этилади (БКнинг 299-моддаси). Тегишинча, «Вақтинча сақлаш» божхона режимига жойлаштиришда ҳеч қандай божхона тўловлари ҳисобланмайди ва ундирилмайди. Шу жумладан, ходим томонидан товарни белгиланган жойдан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари пайтларда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун йиғимлар ҳам.

 

ТИФ қатнашчисининг эътиборига

Божхона юк декларацияларини расмийлаштираётганда Давлат божхона қўмитаси қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни тавсия этади.

1. Агар товарга илова қилинувчи ҳужжатларда лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ.к.) алфавитлардаги ҳарфлардан фойдаланилган ҳолда шахслар, товарлар, транспорт воситалари ва ҳ.к. номлари қайд этилганига тўқнаш келсангиз, бундай маълумотлар БЮДда лотин алфавити ҳарфлари билан, кириллчадаги номлар – кирилл алфавити ҳарфлари билан кўрсатилади.

2. «Экспорт» божхона режимида расмийлаштириладиган товарлар бўйича БЮД тўлдирилаётганда, агар экспортчи ва юкни жўнатувчи турли шахслар бўлса, яъни жўнатувчи товарни экспортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан жўнатаётган бўлса, ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда графада аввал экспортчининг (товарни етказиб бериш тўғрисида топшириқ берган шахснинг) қисқача номи, сўнгра жўнатувчи тўғрисида маълумотлар кўрсатилади. Бунда БЮДнинг 2-графаси Йўриқноманинг 22-банди 2-кичик бандига мувофиқ тўлдирилиши керак.

Ушбу қоида «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштириладиган товарларга ҳам татбиқ этилади. Агар импортчи ва юкни қабул қилувчи турли шахслар бўлса (қабул қилувчи товарни импортчи ёки бошқа шахснинг топшириғига асосан қабул қилиб олаётган бўлса) ёхуд шунга ўхшаш бошқа ҳолатларда аввал импортчининг қисқача номи, сўнгра қабул қилувчи тўғрисида маълумотлар кўрсатилади. БЮДнинг 8-графаси Йўриқноманинг 25-банди 6-кичик банди талабларига мувофиқ тўлдирилиши керак.

Товарлар «Вақтинча сақлаш» (ИМ70) ва «Божхона омбори» (ИМ74) божхона режимларига жойлаштирилганда товарнинг импортчиси (молиявий тартибга солиш учун масъул шахс, пировард истеъмолчи) тўғрисидаги маълумотлар номаълум бўлиши мумкин. Шу сабабли ушбу режимларда БЮДнинг 8-графасини тўлдираётганда товарнинг импортчиси тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиш шарт эмас.

3. Йўриқноманинг 25-банди 14-кичик бандига мувофиқ, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида 18-«Жўнатиш/етказиб бериш вақтидаги транспорт воситаси» графасини тўлдираётганда унда товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди бўйлаб, яъни Ўзбекистон чегарасидаги ўтказиш пунктидан божхона режимига жойлаштириш учун божхона органигача ташиган транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

4. 20-«Етказиб бериш шартлари» графасида маълумотларни қайд этаётганда географик пункт кўрсатилган ҳолда етказиб бериш шартининг рақамли ва ҳарфли коди билан бир қаторда ушбу географик пункт жойлашган мамлакатнинг ҳарфли кодини ҳам кўрсатиш зарур. Агар етказиб бериш пункти икки мамлакат чегарасида жойлашган бўлса, қавс ичида орасига чизиқча қўйилиб ушбу мамлакатларнинг ҳарфли кодлари кўрсатилади.

5. БЮДнинг 31-графасидаги маълумотлар товарларнинг ТИФ ТН коди, божхона қиймати тўғри аниқланиши, божхона тўловлари тўғри ҳисобланиши, товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга тааллуқли тақиқлар ва чекловларга риоя этилиши билан бевосита боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда унда товарнинг номи, товар белгиси, маркаси, модели, бренди, артикуллари, навлари, стандартлари ҳамда бошқа техник ва тижорат тавсифлари, товарнинг миқдорий ва сифат таркиби, маркировкалари, ўрамлари, товарларни ташиган контейнерлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек божхона тўловларини ҳисоблаш, иқтисодий сиёсат чораларини қўллаш учун зарур кўрсаткичлар ҳамда товар тўғрисидаги бошқа маълумотлар батафсил акс эттирилган бўлиши керак.

Прочитано: 2599 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика