Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 34 / Амалий бухгалтерия

Қайтариладиган лизинг

 

Фирма қиймати 1 млрд сўмлик асбоб-ускуналарни лизинг ташкилотига сотади ва қайтариладиган лизинг шартномасига кўра ушбу асбоб-ускуналарни 2 млрд сўмга (лизинг бўйича фоизларни ҳисобга олмаганда асосий қарз суммаси) сотиб олади.

1. Лизинг компаниясига асбоб-ускуналарни сотиш қиймати билан қайтариладиган лизинг шартномаси бўйича асбоб-ускуналарни олиш қиймати ўртасидаги фарқ солиқ солинадиган даромад ҳисобланадими?

2. Қайтариладиган лизинг шартномасига кўра олинган асбоб-ускуналарни қайси нархда кирим қилиш керак?

А.Одилов, директор.

 

1

Йўқ, лизингга олувчида (асбоб-ускуналарнинг сотувчисида) лизинг компаниясига асбоб-ускуналарни сотиш қиймати билан қайтариладиган лизинг шартномасига кўра олинган ушбу асбоб-ускуналарнинг қиймати ўртасидаги фарқ солиқ солинадиган даромад ҳисобланмайди.

Қайтариладиган лизингда лизингга олувчида 2 та операция – мол-мулкнинг сотилиши ва уларнинг лизингга олиниши акс эттирилади.

Асбоб-ускуналарни сотишда солиқ солинадиган даромад ҚҚС, сотиш харажатлари ва қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуналарни сотишдан тушум билан унинг қолдиқ қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 133-моддаси; АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Асбоб-ускуналар лизинг шартномаси бўйича келиб тушганда мол-мулкни олувчида солиқ солинадиган даромад мавжуд бўлмайди.

Лизингга олувчига асбоб-ускуналарни бериш қиймати (2 млрд сўм) билан уни сотиб олиш қиймати (1 млрд сўм) ўртасидаги фарқ ҳисобидан лизингга берувчида даромад юзага келади. Ушбу фарқ кечиктирилган даромад сифатида (7230-счёт) акс эттирилади. У лизинг тўловининг ҳисобланишига қараб бир маромда (ойма-ой) асосий фаолиятнинг бошқа даромадларига ҳисобдан чиқарилади (АВ томонидан 1.06.2009 йилда 1961-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 9-банди).

 

2

Лизингга олувчида асбоб-ускуналарни 2 млрд сўм қийматда акс эттириш лозим. Лизингга олувчининг бухгалтерия ҳисобида асбоб-ускуналар актив сифатида жорий қиймати1 ёки минимал ижара (лизинг) тўловларининг дисконтланган қиймати2 бўйича, агар у паст бўлса, тан олиниши лозим (АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган 6-сон БҲМСнинг ­25-банди).

Лизингга олувчининг бухгалтерия ҳисобида асбоб-ускуналарнинг лизинг шартномаси бўйича келиб тушиши қуйидагича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма

 

Дебет

 

Кредит

 

Молиявий ижара (лизинг) объектлари келиб тушди

 

2 млрд сўм

 

0800-«Капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар»;

0700-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни ҳисобга олувчи счётлар»

7910-«Тўланадиган молиявий ижара»

 

Молиявий ижара (лизинг) объектлари фойдаланишга берилди

 

2 млрд сўм

 

0310-«Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар»

 

0800-«Капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар»;

0700-«Ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни ҳисобга олувчи счётлар»

 

 

Дарина Абухович, «Norma Online» эксперти.

___________________________________

1Ижара (лизинг) объектларининг жорий қиймати – ижара (лизинг) объектининг муайян бир санадаги бозор баҳолари бўйича қиймати ёки мазкур ижара (лизинг) объектини сотиб олиш учун ёки ушбу битимни амалга оширишни хоҳловчи бир-бирига боғлиқ бўлмаган хабардор томонлар ўртасидаги мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма (6-сон БҲМСнинг 16-банди).

2Минимал ижара (лизинг) тўловларининг дисконтланган қиймати – ижара (лизинг) шартномасида кўзда тутилган фоиз ставкаси ёки қарз капиталининг ўсиб борувчи фоиз ставкасига тенг дисконт ставкаси бўйича тузатилган ижара (лизинг) муддатининг бошланишидаги минимал ижара (лизинг) тўловларининг жорий қиймати (6-сон БҲМСнинг 22-банди).

Прочитано: 1586 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика