МЧЖнинг асосий фаолият тури – кабелли телевидение. Бир нечта қўшимча фаолият турлари билан шуғулланамиз, улардан бири – бильярд клубини ташкил этиш. Бу қимор ўйинлари билан боғлиқ деган нотўғри фикр юзага келган.
МЧЖ бильярд клуби фаолиятини ташкил этиш билан шуғуллана оладими?
Д.Жабборов.
– Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси 1-қисми 2-хатбошиси).
2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари) тақиқланган (ВМнинг 16.08.2007 йилдаги 176-сон қарорининг 1-банди).
Бироқ бильярд жисмоний тарбия ва спорт турларига киритилган (АВ томонидан 6.03.2006 йилда 1550-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 15-банди). Давлат рақобат қўмитасининг ҳужжатларида эса бильярдхоналар маданий-кўнгилочар марказлар сифатида талқин қилинган (Давлат рақобат қўмитасининг 16.12.2016 йилдаги 377/01-14-сон хати билан тасдиқланган Энг кам ставкалар).
Шу тариқа, бу турдаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.
Эркин Ҳосилов,
«Norma Online» эксперти.