Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 31 / Хўжалик юритиш қоидалари

Шартномасиз хизматлар кўрсатиш

 

МЧЖ стоматология хизматларини кўрсатади. ИФУТ коди – 86230, кичик бизнес тоифасига киради.

Ўзбекистон ҳудудида норезидентларга кўрсатиладиган стоматология хизматлари хизматлар экспорти ҳисобланадими? Бунда ушбу беморлар билан шартномалар тузиб, улардан валютадаги тўловни терминал орқали қабул қилиш зарурми?

И.Йўлдошева.

 

– Ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ишларни (хизматларни) экспорт қилиш ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси 11-хатбошиси; «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг ­11-моддаси 5-қисми). Экспорт ва импорт контрактлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши лозим (Низом, ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова).

Сиз кўрсатаётган хизматлар расман хизматлар экспорти тушунчасига мос келади. Бироқ қуйидаги асосларга кўра шартнома тузиш мажбурий эмас деб ҳисоблаймиз:

1) одатда, стоматология хизматларини кўрсатувчи корхона хизматлар нархлари прейскурантини тасдиқлаб, кўринарли жойга илиб қўяди, у оммавий оферта саналади (ФКнинг 426-моддаси). Агар бемор оммавий оферта шартларини қабул қилса ва тегишли хизматлар ҳақини тўласа, бу акцепт деб эътироф этилади (ФКнинг 370-моддаси);

2) тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади («Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси 4-қисми). Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам оғзаки битим тузилган ҳисобланади (ФКнинг 106-моддаси). Стоматология хизматлари беморга тарафлар хизматнинг муҳим шартлари юзасидан келишувга эришганлари заҳоти кўрсатилади;

3) банк пластик картаси (БПК) воситасида ҳақ тўлаш нақд пулсиз ҳисоб-китобга тенглаштирилади. БПКдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китоблар қоғозда (слип, электрон терминал квитанцияси) ёки электрон шаклда (банкомат ёки терминалнинг электрон ҳужжати) ёки бошқа маълумотномалар билан тасдиқланади (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 112-банди).

Шу тариқа, сизнинг ҳолатда ёзма шартнома тузишга зарурат йўқ деб ҳисоблаймиз.

Хизматлар ҳақи чет эл валютасида тўланишига келсак, норезидентдан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича чет эл валютасидаги тўловларни қабул қилишга ҳақлисиз («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 2-қисми).

 

Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1531 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика