Оилавий ишимизни кенгайтирмоқчимиз. Опам трикотаж буюмлар, бахмал кўрпача ва тўнлар тикиладиган хусусий корхонага эга. У танишларимиз ишлайдиган Қозоғистонга маҳсулот туркумини сотиш учун олиб чиқишни таклиф қилди. Жисмоний шахс буни қилиши осонроқ деган қарорга келдик. Кейинчалик, харидорлар топилгач, опам тўғридан-тўғри етказиб бериш шартномаларини имзолайди. Буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш мумкин? Жисмоний шахс олиб чиқиш учун қанча суммада божхона божини тўлаши керак? Қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади? Бундай товарларни олиб чиқишга доир чекловлар мавжудми?
Р.Турдиева.
Тошкент вилояти.
– Жисмоний шахснинг кўп миқдордаги товарларни республикадан олиб чиқишига ташқи иқтисодий фаолият сифатида қаралади. Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир. Ташқи савдо фаолияти товарларни, ишларни (хизматларни) экспорт ва импорт қилиш йўли билан амалга оширилади («Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 11-моддалари).
Ташқи савдо операцияларининг божхона мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, экспорт қилувчилар – юридик шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар, – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига Ўзбекистон норезидентлари билан экспорт ва бартер контрактларини тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари. Экспорт қилувчи, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркор товарларни республикадан экспорт қилиш учун Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан тузилган, товарларнинг эркин алмаштириладиган валютага олиб чиқилишини назарда тутувчи экспорт контрактига эга бўлиши шарт.
Маълумот учун. Экспорт қилувчилар тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига тушгандан ва ушбу ахборот Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритилгандан сўнг экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Бунда 1 000 АҚШ долларигача тенг қийматли товарлар божхона юк декларацияси расмийлаштирилмасдан ва почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали экспорт қилиниши мумкин.
Тўловлар
Ўзбекистонда 1997 йил 1 ноябрдан бошлаб барча турдаги товарларга (ишларга, хизматларга) экспорт божхона божлари бекор қилинган. Бунда хўжалик юритувчи субъектлар (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар) 2002 йил 1 февралдан бошлаб олдиндан тўловни тўламасдан, аккредитив очмасдан, харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат хатарларидан суғурталаш полиси мавжуд бўлганда товарларни (ишларни, хизматларни) эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишлари мумкин (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармон).
Товарлар Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинганда қуйидаги божхона йиғимлари тўланади:
► «Экспорт» божхона режимида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун – божхона қийматининг 0,1%и, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам эмас;
► ходим «Экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлиги учун битта ходимнинг 1 соатлик иши ҳисобидан – ЭКИҲнинг 5%и (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори).
Маълумот учун. Тўловчининг шахсий счётидан божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначилик) тақдим этадиган маълумотлар ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида мавжуд бўлганда товарлар божхонада расмийлаштирилади.
Ҳужжатлар
«Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда божхона органларига қуйидагиларни тақдим этиш керак (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори):
► контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно;
► божхона юк декларацияси;
► товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.
Декларациялаш
Тадбиркорлик субъектлари ўз хоҳишларига кўра товарларни электрон шаклда декларациялашга ҳақли. Электрон декларация ва илова қилинувчи ҳужжатларни божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис тайёрлайди. Бунда уларга ўз электрон рақамли имзосини қўяди ва «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида уларни божхона органига йўллайди, унда товар электрон шаклда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Ваколатли органлар берадиган, товарларни божхонада расмийлаштириш учун зарур рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар билан ҳам шундай қилинади. Уларнинг рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармон; ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Тақиқлар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига асосан экспорт қилинадиган буюмлар ва маҳсулотлар рўйхатида (ПФ-1871-сон Фармонга 4-илова) сиз экспорт қилмоқчи бўлган товарлар кўрсатилмаган. Улар Фақат эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилиш учун рухсат берилган товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишнинг энг юқори меъёрларида (АВ томонидан 18.05.1999 йилда 731-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳам қайд этилмаган. Тегишинча, трикотаж буюмлар, бахмал кўрпача ва тўнларни олиб чиқиш учун ҳеч қандай чеклов йўқ.