Кооператив аъзоларининг фойдаланиш бадали аҳолига пуллик хизмат ҳисобланмайди. Пуллик хизматлар кўрсатилмаслиги боис НКМ ҳам йўқ. Квитанциялар ташкилотда тасдиқланган, рақамланган, ип билан тикилган. Илгари банк ҳам, ДСИ ҳам уларни қўшимча рўйхатдан ўтказишни рад этган.
Истеъмол кооперативи аъзолик бадалларини НКМсиз қабул қилиши мумкинми?
Светлана,
бош бухгалтер.
– Ҳа, истеъмол кооперативи аъзолик бадалларини НКМни қўлламай қабул қилишга ҳақли.
Савдони амалга оширишда ва товарларни сотишда, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар қилинганда НКМ мажбурий тартибда қўлланади (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова). Бошқача айтганда, хўжалик (тижорат) фаолияти натижалари учун аҳолидан нақд пул тушуми олинаётганда НКМ бўлиши шарт.
Аъзолик бадаллари кооперативнинг тижорат фаолиятидан тушган тушум ҳисобланмайди. Бу унинг иштирокчиларининг устав фаолиятини амалга ошириш учун бадалларидир. Шу сабабли аъзолик бадалларини олиш учун НКМ ўрнатиш талаб этилмайди.
Кооперативингиз аъзолари хизмат кўрсатувчи банкда нақд пул ёки пластик карталар билан аъзолик бадалларини тўлашлари мумкин.
Ольга ИГАМРАТОВА,
«Norma Online» эксперти.