Юридик шахснинг раҳбари ички назорат тартибини таъминлаши шарт («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). У ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти самарадорлиги ва мол-мулк сақланиши учун зарур. Ушбу мақолада бухгалтерия хизмати ходимларининг ноқонуний тўловларини бартараф этишга қаратилган назорат усуллари ҳақида сўз юритамиз.
Илгари қандай эди
Онлайн-маълумотлар кенг тарқалгунга қадар юридик шахслар тўловларни амалга ошириш учун хизмат кўрсатувчи банкка тўлов топшириқномаларини тақдим этишлари шарт эди. Ушбу норма Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 30-бандида қайд этилган. Тўлов топшириқномаси хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки у белгилайдиган шахслар (масалан, ўринбосар) томонидан албатта имзоланган. Иккинчи имзо ҳуқуқи бухгалтерия ҳисоби вазифаларини амалга оширувчи шахсга тегишли бўлган (Қонуннинг 13-моддаси). Бухгалтернинг банк орқали ноқонуний тўловни амалга ошириш хатари юқори бўлмаган. Тўловни расмийлаштиришнинг бундай тартиби ўз кучини йўқотмади, бироқ электрон тўловлар тарқалиши муносабати билан иккинчи ўринга тушди.
Ҳозир қандай
«Банк-мижоз» ва «Интернет-банкинг» тўлов тизимларидан фойдаланганда тўловлар амалга оширилиши устидан раҳбарият назорати заифлашиши мумкин. Бухгалтер директорнинг иштирокисиз ва тўлов топшириқномаларини имзолаш учун унга тақдим этмасдан электрон тўловларни мустақил амалга оширишга ҳақли (Низомнинг 37-банди). Корхонанинг ҳисоб-китоб счёти устидан назоратни сақлаб қолиш учун раҳбар транзакция, тўлов тизимларининг хавфсизлигини таъминловчи техник имкониятлардан фойдаланиши зарур. Уларни банклар ишлаб чиқади ва қўшимча хизматлар сифатида ўз мижозларига таклиф этади.
Раҳбариятнинг тўловлардан хабардор бўлиб туриш талабига жавобан банклар қандай хизматларни таклиф этишларини кўриб чиқамиз.
1. «Интернет-банкинг» тизимидан фақат счёт ҳолатини, шунингдек счётдаги пул маблағлари ҳаракатини кўриб чиқиш мақсадида фойдаланиш. Бу ҳолда фақат олисдан кўриб чиқиш билан ҳисоб-китоб счётига кириш чекланади. Тўловни амалга ошириш учун иккита имзо бўлиши талаб этиладиган қоғоздаги тўлов топшириқномаларидан фойдаланилади. Тўғри, бунда корхона тўловларни тезкор амалга ошира олмайди, транспорт харажатлари ошади.
2. SMS-хабар бериш. Ҳар битта тўлов ёки корхонанинг ҳисоб-китоб счётига пул маблағлари келиб тушгани ҳақида раҳбар телефонига хабар юборилади. Бу хизматнинг ноқулай жиҳати – ахборот оқими катталиги, мобил алоқага ортиқча юк бўлиб тушишида. Яна бир камчилиги – пул жўнатилганидан кейин хабар келишида. Раҳбар учун эса кейин вазиятни тўғрилашдан кўра ноқонуний тўловнинг олдини олиш муҳим.
3. Икки марта авторизациялаш тизими. Бугунги кунда бу энг оммабоп ва самарали назорат усули. У қулайлиги ва ишончлилиги билан ажралиб туради. Унинг моҳияти шундаки, банк 2 та калит беради: бири – раҳбар учун, бошқаси эса – бош бухгалтер учун мўлжалланган. Бош бухгалтер ўз калити ёрдамида тўловни ташкил этишга ҳақли бўлади, тўловни тасдиқлашни (авторизация) фақат раҳбар амалга ошира олади. Ходимлари сони кўпчиликни ташкил этадиган йирик корхоналарда ушбу хизмат турига талаб катта, уларда кўп сонли ходимларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш муаммоси, бунинг натижасидаги фирибгарлик хавфи мавжуд.
Уларда қандай
Бошқа мамлакатлар, масалан, Россия банкларида раҳбарнинг телефонига паролли SMS-хабар жўнатиш усулидан фойдаланилади, усиз банк тўловни амалга оширишга ҳақли бўлмайди. Бироқ бундай сервис кундалик тўловлари кўп бўлмаган кичик корхоналар учунгина қулайдир.
Муқобил усуллар
Тўловларни, шу жумладан электрон тўловларни назорат қилиш учун долзарблигини йўқотмаган анъанавий усулларни қўллаш мумкин. Уларнинг қўлланиши корхона ҳажмига қараб фарқланади.
Ходимлари сони кўпчиликни ташкил этган йирик корхоналарда мажбуриятларни лавозимга кўра ажратиш усули қўлланади. Унинг моҳияти шундаки, атайин ёки билмай туриб ахборотни бузиб кўрсатган хизматчи ушбу далилни яшириш имкониятига эга бўлмаслиги керак. Кўриб чиқилаётган вазиятда ушбу усул қуйидагича намоён бўлади.
Бухгалтер-операционист корхона раҳбарияти тасдиқлаган тизимга тўловларни киритади. Ҳужжатни тўлиқ ва тўғри расмийлаштириш, тўловнинг қонунийлиги, киритилган ахборотда хатоларнинг мавжудлиги ва бошқа жиҳатларни бош бухгалтер текширади. Электрон рақамли имзо калитига эга бўлган корхона раҳбари эса киритиб бўлинган тўловларни кўриб чиқади, тасдиқлайди ва банкка жўнатади.
Мажбуриятларнинг лавозимига қараб ажратилиши кўриниб турибди. Тўловларни ҳисобга олиш билан шуғулланувчи шахслар авторизация қилишга ҳақли эмас. Яъни уларда раҳбар рухсат бермаган тўловни амалга ошириш имкони ҳам бўлмайди.
Мажбуриятларни лавозимига қараб ажратиш учун ходимлар етмайдиган кичик корхоналарда эса тўловларни шакллантириш ва жўнатиш билан бош бухгалтер шуғулланади. Бунда келгуси тўловларни тўсатдан текшириш усулини қўллаган маъқул. Корхона раҳбари жўнатиш учун тайёрланган тўловларни кутилмаганда текшириш жараёнини уюштиради, ҳар битта тўловни асослашни талаб этади: тўлов кимга тўланмоқда, нима учун, қандай шартнома ёки ҳисобварақ-фактура асосида, қанча суммада ва ҳ.к. Кўпинча ноқонуний тўловлар тўлов топшириқномасини олдиндан расмийлаштирмасдан амалга оширилади. Ҳужжатлар ўтиб кетган сана билан расмийлаштирилади. Бинобарин, тўловни шакллантиришга асос бўлувчи бошланғич ҳужжатларнинг йўқлиги ходимнинг фирибгарлигидан далолат беради.
Хулоса ўрнида
Пул маблағлари қандай сарфланаётганини назорат қилиш жуда муҳим. Бу ҳар қандай корхона раҳбари олдида турган асосий вазифалардан биридир. Амалга оширилган тўловларни назорат қилишнинг мақбул усули танланса, у муваффақиятли ҳал этилиши тайин. Бугунги кунда раҳбарият ҳам техникавий, ҳам бошқарув назорат усулларига эга. Назоратнинг танланган бир ёки бир нечта усуллари фирибгарлик далили содир бўлганидан сўнг вазиятни тузатиши эмас, балки инсофсиз бухгалтерларнинг ноқонуний тўловларни амалга оширишини бартараф этиши лозим.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.