Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 24-25 / Кадрлар бўлими

Сменали иш: нимадан бошлаш лозим

 

Ишлаб чиқариш фирмаси айрим ходимларни сменали иш графигига, яъни икки сутка ўтказиб бир сутка ишлаш тартибига ўтказмоқчи. Қолган ходимлар ҳафтасига 5 кун ишлайдилар.

1. Сменали иш графигига ўтишни қандай қилиб ҳужжатли расмийлаштириш мумкин?

2. Табелда ишланган соатларни (кунларни) қандай қайд этиш керак?

Ю.Дроздова.

 

Сменали иш – алоҳида иш режими. Шу сабабли меҳнат шартларини ўзгартирган ҳолда бундай режимга ўтиш МКнинг 88, 89-моддаларида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилган бўлиши керак.

Иш берувчи ускунадан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини ошириш мақсадида 2, 3 ёки 4 сменали иш режимини ташкил этиб, ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли.

Сменали ишнинг асосий тавсифлари МКнинг 114, 120, 127 ва 128-моддаларида келтирилган.

Сменали иш режими ишлаб чиқариш жараёнининг сутка давомида узлуксиз давом этишини назарда тутади (бир-бирининг ўрнига келувчи ходимлар гуруҳи ишни бажаради). Агар сутка давомида, бироқ турли вақтда ходимларнинг фақат бир гуруҳи иш бажарса, бундай режим сменали ҳисобланмайди.

 

Сменали иш режимига ўтаётганда маъмуриятнинг хатти-ҳаракатлари

 

1. Сменали иш режими жорий этилиши тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унда сменали режим белгиланадиган лавозимлар, сменали иш муддатлари ва жорий этиш таомили кўрсатилади. Агар ташкилотда сменали иш илк бор жорий этилаётган бўлса, у жорий этилишидан камида 2 ой олдин буйруқ чиқарилади.

Барча ходимлар сменали режимда ишлашга розилик билдирган ҳолда меҳнат шартномаларига қўшимча келишувлар расмийлаштирилгани заҳоти улар учун жорий этилиши мумкин.

2. Шартлар ички меҳнат тартиби қоидаларида мустаҳкамлаб қўйилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

► бундай режим белгиланадиган ходимларнинг тоифалари;

► суткадаги сменалар сони;

► иш ҳафтаси муддати;

► кундалик, шу жумладан тўлиқ бўлмаган смена муддати;

► ҳар бир сменада ишнинг бошланиш ва якунланиш вақти;

► ишдаги танаффуслар вақти;

► ишланадиган ва ишланмайдиган кунларнинг кетма-кетлиги;

► ходимларнинг бир сменадан бошқасидаги ишга ўтиш тартиби;

► сменачи келмаганда ходимнинг хатти-ҳаракатлари;

► жамланган иш вақтини жорий этиш тартиби (бундай ҳисоб жорий этилган ҳолда).

3. Сменали иш графиги тузилади. Бунда қуйидаги қоидаларни ҳисобга олиш зарур:

► смена муддати белгиланган норма – 12 соатдан ошмаслиги лозим ­(МКнинг 123-моддаси);

► кундалик иш муддати – байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида сменалар барча ходимлар учун 1 соатга қисқартирилади (МКнинг 121, ­131-моддалари);

► тунги вақтдаги смена муддати 1 соатга қисқартирилади (МКнинг ­122-моддаси);

► ходимни сурункасига 2 смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади (МКнинг 120-моддаси);

► ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 128-моддаси).

Сменали ишда ходимларнинг ҳар бир гуруҳи сменали иш графигига мувофиқ белгиланган иш вақти муддати давомида ишлаши керак.

Сменали ишда иш берувчи ходимларга қуйидаги қўшимча тўловларни тўлайди:

тунги вақтда (соат 22.00 дан 6.00 гача) ишлаганлиги учун. Ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МКнинг 122, 158-моддалари);

иш вақтидан ташқари (ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ортиқча) иш учун – камида икки ҳисса миқдорида (МКнинг ­157-моддаси);

дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун – камида икки ҳисса миқдорида (МКнинг 157-моддаси).

Агар иш графигига мувофиқ смена шанба ёки якшанбага тўғри келиб қолса, бу кун оддий иш куни ҳисобланади. Бинобарин, унинг учун бир ҳисса миқдорида иш ҳақи ҳисоблаб ёзилади.

4. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасига иш режими ўзгариши тўғрисида ўзгартиришлар киритилади (қўшимча келишув расмийлаштирилади) (МКнинг 73, 115-моддалари).

 

Иш вақти ҳисоби

Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт (МКнинг 125-моддаси).

Иш вақтини ҳисобга олиш табели бундай ҳисобни тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Иш вақтини ҳисоблаб чиқаришда ходим ҳақиқатда ишлаган кунларгина инобатга олинади.

Иш вақти ҳисобини бузганлик учун айбдор мансабдор шахслар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан маъмурий жавобгарликка тортилади.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи мутахассиси.

Прочитано: 3610 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика