Корхона ходимлар билан касаба уюшмаси тасдиқлаган жамоа шартномасини тузди.
Агар корхонада жамоа шартномаси амал қилса, касаба уюшмасига ажратмалар тўлаш мажбурийми ёки ихтиёрийми?
М.Саидаҳмедова.
– Жамоа шартномаси касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тўлаш мажбуриятини юкловчи ҳужжат ҳисобланмайди. Фуқаролар бирлашмасининг шакли сифатида касаба уюшмаси, унинг тузилмаси ва уни бошқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари шахсий ташаббусга, ихтиёрий хоҳишга ва, бинобарин, бундай бирлашмада ихтиёрий аъзоликка асосланган бўлиши керак (Конституциянинг 56, 59-моддалари).
Касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилиш ва ундан чиқариш касаба уюшмаси гуруҳи, цех, бошланғич ташкилот йиғилишида аъзо бўлувчининг шахсий аризасига биноан амалга оширилади (Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Уставининг 3.1-банди).
«Ихтиёрий» тушунчаси мажбуран эмас, балки ўз ихтиёрига кўра амалга ошириладиган ёки амал қиладиган ҳаракат дея талқин қилинади.
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.