Бугунги кунда коррупция дунё мамлакатларини безовта қилаётган муаммолардан бирига айланган. Бу салбий воқеликка қарши курашиш борасида Ўзбекистонда ҳам муайян қонунчилик базаси яратилган.
Хусусан, республикамиз 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилган. 2010 йилда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракат дастурига қўшилган. 3.01.2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. 2.02.2017 йилда эса Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 2017–2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланди.
Давлат статистика қўмитасида бўлиб ўтган семинарда коррупцияга қарши курашиш бўйича Қўмита томонидан қабул қилинган чора-тадбирларни барча даражадаги статистика органларида сўзсиз таъминлаш масалалари муҳокама этилди, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши юзасидан талаблар қўйилди. Статистика тизими раҳбар ва ходимларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишига йўл қўймаслик, ўз касбига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш, юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажаришда ҳалоллик, холислик, беғаразлик тамойилларига риоя қилиш, ҳар қандай кўринишдаги сансалорлик, ўзбошимчалик, лоқайдлик ва бошқа салбий ҳолатларга қатъий чек қўйиш ва бошқа одоб-ахлоқ меъёрлари тушунтирилди ва бу борада масъул ходимларга тегишли тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, тизим органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлиги, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида соҳага оид янгиликлар, электрон шаклдаги статистика ҳисоботларини тўлдириш қоидалари, давлат статистика органлари фаолиятининг очиқлигини ёритиб берувчи маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини, хусусан ЎРҚ-418-сон Қонуннинг давлат статистика соҳасига оид талабларини фаолият кўрсатаётган ҳамда янги ташкил топган тадбиркорлик субъектларига тушунтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича тизимли кўрсатмалар берилди.
Ш.Джанимов,
Давлат статистика қўмитаси бўлим бошлиғи.