Яқинда таътил мавсуми бошланишини эслатиб ўтамиз. Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Одатда, ташкилот бўйича умумий таътилларни бериш жадвалини ёки ҳар бир бўлинма бўйича алоҳида жадвалларни тузишга йўл қўйилади. Асосийси – йиллик таътилларни бериш навбати ва жадвални тасдиқлаш тартибини бузмаслик лозим.
Жадвалда ходим таътилга чиқмоқчи бўлган ойни эмас, балки аниқ санани кўрсатиш зарур, сабаби таътил бериш вақти ҳақида ходим у бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак (МКнинг 144-моддаси).
Ходимларнинг ўтган даврларда олмаган таътилларини жадвалга киритишни ҳам унутманг.
Агар ходим таътил бошланиши ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмаган бўлиб, у жадвал бўйича таътилга чиқмаган бўлса, бу иш берувчи йўл қўйган қонунбузарлик саналади. Шу сабабли ходимни таътилдан фойдаланиш ҳуқуқидан ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганда уни компенсациялашдан маҳрум қилиб, бундай қонунбузарлик учун уни жазолаш адолатсиз бўлибгина қолмай, балки ҳуқуққа зид ҳисобланади. Бундай хатти-ҳаракатлар Ўзбекистон Конституциясида ва ЎзР Меҳнат кодексининг VIII боби 2-параграфида белгиланган ходимнинг дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш ҳуқуқини поймол этади.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.